Ҳақиқат Уруғлари
Ҳақиқат Уруғлари
(Ўттиз беш йил аввал чоп этилган "Ҳақиқат Уруғлари" номли рисоладан важиза (мўжаз жумла)лардир.)
1. Касал бир асрнинг, хаста бир унсурнинг, иллатли бир аъзонинг шифоси -- Қуръонга тобе бўлишдир.
2. Азаматли бахтсиз бир қитъанинг, шонли толесиз бир давлатнинг, қийматли соҳибсиз бир қавмнинг чораси -- Иттиҳоди Исломдир. (Исломий Бирдамликдир.)
3. Ер куррасини ва барча юлдузлар ва қуёшларни тасбеҳ доналари каби кўтариб айлантирадиган қувватли бир қўлга эга бўлмаган зот, коинотни яратиш ва ижод этишни даъво қилолмас. Чунки ҳар нарса, бир-бири ила боғлиқдир.
4. Аллоҳнинг қудрати учун маҳшарда барча руҳ соҳибларининг қайта тирилиши, ўлимга ўхшаш бир уйқу ила қишда увушган бир чивиннинг баҳорда қайта тирилиб тикланишидан кўра оғир эмас. Чунки Аллоҳнинг Азалий Қудрати зотийдир, ўзига хосдир, ўзгариб кетмайди, бунга ҳалал берувчи ожизлик йўқ, тўсиқлар ичига киролмас. Унда мартабалар бўлмайди, ҳар нарса унга нисбатан бир хил даражададир.
5. Чивиннинг кўзини ким яратган бўлса, Қуёшни ҳам у яратган.
6. Бурганинг ошқозонини ким низомга солган бўлса, Қуёш системасини ҳам у танзим этган.
7. Коинотнинг ижод қилинишида шундайин бир мўъжизавийлик борки, агар барча табиий сабаблар, амри-маҳол бўлсада, иқтидорли биттадан ихтиёр эгаси деб фараз қилинса, барибир камоли ожизлик ила мўъжиза қаршисида сажда этиб дейдилар.
8. Сабабларга таъсири ҳақиқий берилмаган, Ягоналик ва Ҳайбат шуни истайди. Локин мулк жиҳатида сабаблар дасти қудратга парда бўлган. Иззат ва Азамат шуни истайди. То юзаки қарашда, дасти қудрат мулк жиҳатидаги умури ҳасиса (арзимас ишлар) билан машғул бўлиб кўрилмасин.
9. Қудратга тааллуқли бўлган ҳар нарсанинг малакутият* жиҳати шаффофдир, покдир.
10. Олами Шаҳодат Ғайб Оламлари устидаги тантанали пардадир.
11. Бир нуқтани том ўрнида ижод этмоқ учун бутун коинотни ижод этадиган ниҳоясиз бир қудрат лозим. Зеро, шу улкан коинот китобининг ҳар бир ҳарфининг - бохусус жонли ҳар бир ҳарфининг - ҳар бир жумласига қараган бирор юзи, назорат этган бирор кўзи бор.
12. Машҳур воқеа борки, ийд ҳилолини кўриш учун осмонга боқадилар. Ҳеч ким бир нарса кўрмайди. Кекса бир зот қасам ичиб: "Ҳилолни кўрдим," дейди. Ҳолбуки кўргани ҳилол эмас, кипригининг қавс шаклидаги оқ бир қили бўлади. У қил қаёқда-ю... Ой қаёқда? Зарраларнинг ҳаракатлари қаёқда-ю... Ҳар навга шакл берувчи Фоил қаёқда?
13. Табиат - бамисоли бир матбаадир, матбаачи эмас...
Нақшдир, наққош эмас...
Қобилдир, бажарувчи эмас...
Қолипдир, ҳосил қилгувчи эмас...
Низомдир, низомловчи эмас...
Қонундир, қудрат эмас...
Шариати иродиядир, ҳақиқати хорижия эмас!...
14. Онгли мавжудотнинг фитратида бор бўлган виждондаги ўзига жалб этиш ва жозиба, бир жозибадор ҳақиқатнинг жазбаси биландир.
15. Фитрат ёлғон сўйламас. Бир данакдаги ўсиш майли: "Мен сунбулланаман, мева бераман," дейди. Тўғри сўйлайди.
Тухумда бир ҳаёт майли бор. "Жўжа бўламан," дейди. Аллоҳнинг изни ила жўжа бўлади, рост сўйлайди.
Бир ҳовуч сув музлаш майли ила: "Кўп жойни эгаллайман" дейди. Метин темир уни ёлғонга чиқармас, сўзининг тўғрилиги темирни парчалайди.
Шу майллар иродадан келган коинотдаги амрларнинг намоён бўлишидир, жилваларидир.
16. Чумолини амирсиз, арини подшоҳсиз қўймаган Қудрати Азалия, албатта, инсониятни пайғамбарсиз қолдирмайди. Олами шаҳодатдаги инсонларга ойни иккига бўлиниши бир мўъжизаи Аҳмадия (А.С.М.) бўлгани каби, Меърож ҳам Олами Малакутдаги малоика ва руҳларга қаратилган бир мўъжизаи куброи Аҳмадиядирки, Пайғамбарликнинг валийлик жиҳати бу машҳур каромат ила исбот этилган. Ва у Порлоқ Зот чақмоқ ва ой каби малакутда шуъла таратган.
17. Калимаи шаҳодатнинг икки каломи бир-бирига шоҳиддир. Биринчиси иккинчисига лиммий* далилдир, иккинчиси биринчисига инний* далилдир.
18. Ҳаёт ваҳдат тажаллисининг кўплаб туридан биридир. Шунинг учун иттиҳодга чорлайди. Ҳаёт бир нарсани ҳар нарсага соҳиб қилади.
19. Руҳ, устки вужудга эга бўлган бир қонундир, онгли бир номусдир. Собит ва доимий фитрий қонунлар каби, руҳ ҳам Олами Амрдан келган, қудрат унга ҳиссий бир вужуд кийдирган. Сайёл бир туйғуни у гавхарга шаффоф бир ғилоф қилган.
Мавжуд руҳ маъқул қонуннинг қардошидир. Иккиси ҳам доимий, ҳам Олами Амрдан келган. Шояд, навлардаги қонунларга Қудрати Азалия устки бир вужуд кийдирсайди, руҳ бўларди. Агар руҳ онгни бошидан чиқариб ташласа, яна ўлмас бир қонун бўларди.
20. Зиё ила мавжудот кўринади, ҳаёт ила мавжудотнинг тириклиги билинади. Ҳар бири биттадан кашшофдир.
21. Насроният, ё сўнажак ва ё софлашиб, Исломият қаршисида қуролини тарк этажак.
Насроният бир неча марта йиртилди, протестантликка келди. Протестантлик ҳам йиртилди, тавҳидга яқинлашди. Такрор йиртилмоққа ҳозирланмоқда. Ё ажраб чиқиб сўнажак ва ё ҳақиқий Насрониятнинг асосини ўзида жамлаган Ислом ҳақиқатларини ўз қаршисида кўриб, таслим бўлажак.
Ушбу азим сирга Ҳазрати Пайғамбар Алайҳиссалоту Вассалом ишора қилиб деганларки: "Ҳазрати Исо нозил бўлиб келажак, умматимдан бўлажак, шариатимга амал қилажак."
22. Авомларнинг аксариятини таслимга чорлайдиган нарса, далилдан кўра кўпроқ, манбадаги муқаддасликдир.
23. Шариатнинг юздан тўқсони, диннинг ўзгармас ва соғломлиги шубҳасиз бўлган биттадан олмос устунларидир. Ихтилофли ижтиҳодий масалалар эса юзтадан ўнтасидир. Тўқсон олмос устун, ўн олтинни ҳимоя қилиш учун берилмас.
Китоблар ва ижтиҳодлар Қуръонга дурбин бўлмоги лозим, ойна бўлмоғи керак, соя ва вакил бўлмаслиги керак.
24. Ҳар истеъдод эгаси ўз нафси учун ижтиҳод қилиши мумкин, аммо шариатга татбиқ қилишга ҳаққи йўқ.
25. Бир фикрга даъват қилиш, уламолар жамоатининг қабул қилишига боғлиқдир. Акс ҳолда у даъват бидъатдир, рад қилинади.
26. Инсон фитратан мукаррам бўлганидан ҳақни излайди. Баъзан ботил нарсалар қўлига тушса, ҳақ деб ўйлаб қўйнида сақлайди. Ҳақиқатни қазиётганда ихтиёрсиз бошига залолат тушади, ҳақиқат деб ўйлаб бошига кияди.
27. Қудратнинг бири-биридан шаффоф ва латиф кўп ойналари бор. Сувдан ҳавога, ҳаводан асийрга, асийрдан Олами Мисолга, Олами Мисолдан Олами Арвоҳга, ҳатто замонга, фикрга турланиб кетади. Бир калима ҳаво оламида миллионлаб калималар бўлиб кетади. Қудрат қалами бу турланиш сирини жуда ажиб бир тарзда кўпайтиради.
Ойна ўзида, бир нарсанинг аслини ва ё асли билан бирга моҳиятини акс этдиради. Нурсиз нарсаларнинг тимсоллари, биттадан ҳаракатдаги маййитлардир. Бир нуроний руҳнинг ўз ойналаридаги тимсоллари, биттадан тирик эгизагидир, айни ўзи бўлмагани билан ғайри ҳам эмасдир.
28.- Қуёш ўз ўқи атрофидаги ҳаракати ила силкинса, мевалари тўкилмайди; силкинмаса, емишлари бўлган сайёралар тушиб тарқалиб кетади.
29.- Нури фикр, қалб зиёси ила ёришиб қўшилиб кетмаса, зулматдир, ундан зулм пишқириб чиқади. Кўзнинг музлим наҳори абёзи, музийн (Изоҳ) лайлаи сувайдо ила бирга бўлмаса, басорсиз, яъни кўрмас бўлгани каби, порлоқ фикрларда қалб қорачиғи бўлмаса, басиратсиздир, кўрдир.
----------------------
(Изоҳ): Мазмуни: Кўзнинг кундузга ўхшаган оқи, кечага ўхшаган қорачиғи билан бирга бўлмаса, кўз кўздек бўлмайди.
------------------
30.- Илмда қалбнинг тасдиқи бўлмаса, нодонликдир. Лозим деб топиш бошқадир, эътиқод қилиш бошқадир.
31.- Ботил нарсаларни яхшилаб тасвирлаш, соф зеҳнларни булғаш бўлади.
32.- Олими муршид қўй бўлмоғи лозим, қуш бўлмаслиги керак. Қўй қўзисига сут, қуш боласига қайт беради.
33.- Бир нарсанинг борлиги, барча қисмларининг бор бўлишига боғлиқдир. Йўқ бўлиши учун эса, бир қисмининг йўқ бўлиши кифоя қилганидан; заиф одам иқтидорини кўрсатмоқ учун бузғунчилик тарафдори бўлади, мусбат ўрнига манфий ҳаракат қилади.
34. Ҳикмат дастурлари, ҳукумат қонунлари ила; қонунлар, қувватли муносабатлар ила пайвандланмаса, аксарият авом орасида самара бермас.
35. Зулм, бошига адолат кулоҳини кийган; ҳамият, ҳиёнат либосини кийган; жиҳодга исён исми берилган; асирликка ҳуррият номи берилган!.. Зидлар суратларини алмаштириб олганлар.
36. Манфаат устига қурилган сиёсат, йиртқичдир.
37. Оч йиртқичга муҳаббат кўрсатишлик, раҳмини эмас, иштаҳасини очади. Ҳамда тиш ва тирноқларининг ҳаққини ҳам сўрайди!..
38. Замон шуни кўрсатдики, Жаннат арзон эмас, Жаҳаннам ҳам кераксиз эмас...
39. Дунёда хослар деб танилган инсонлардаги фазилатлар, тавозу ва камтарликка сабаб бўлиш ўрнига, ҳукмронлик ва такаббурга сабаб бўлган. Фуқаронинг ожизлиги, авомнинг фақирлиги, раҳм-шафқат ва эҳсонга сабаб бўлмоғи лозим экан, асорат ва маҳкумиятлари билан натижаланди.
40. Бир нарсада фазилат ва шараф ҳосил бўлган сари, хосларга пешкаш қиладилар, ёмонлик бўлса авомга тақсимлайдилар.
41. Хаёллар ғоясиз бўлса ва ёҳуд унутилса ва эсдан чиқарилса; зеҳнлар ўз атрофида манмансираш билан овора бўлиб қоладилар.
42. Барча қўзғалонлар ва фасодларнинг асл манбаи ва барча разил ахлоқларни ҳаракатга келтирувчи манба, икки калимадан иборат.
Биринчи Калима: "Мен тўқ бўлсам, бошқалар очликдан ўлса менга нима!"
Иккинчи Калима: "Истироҳатим учун заҳмат чек; сен ишла, мен ейман."
Биринчи калиманинг ирқини кесадиган ягона бир давоси борки, у ҳам бўлса закотнинг шартлигидир.
Иккинчи калиманинг давоси, рибони (судхўрликни) ҳаром қилишдир. Адолати Қуръония олам эшигида туриб, рибога қарата: "Таъқиқлангандир, киришга ҳаққинг йўқдир," дейди. Инсоният бу амрни тингламади, буюк бир тарсаки еди. Янада даҳшатлироғини емай туриб, қулоқ солиши лозим!..
43. Давлатлар ва миллатлараро жанглар, инсоният табақалари ўртасидаги курашларга ўрнини бўшатмоқда. Зеро башар асир бўлишни истамаганидек, қарам бўлишни ҳам истамас.
44. Ношаръий йўллар билан бир мақсадни таъқиб этган, кўпинча мақсадининг зидди билан жазо кўради. Оврўпа муҳаббати каби, ношаръий муҳаббатнинг оқибатидаги мукофотлари, маҳбубнинг ғаддорона адоватидир.
45. Ўтмишга, мусибатларга тақдир назари билан; келажакка ва гуноҳларга эса, жавобгар тарзида боқмоқ лозим. Жабрийлик* ва мўътазилалик* бу ерда бирлашадилар.
46. Чораси топиладиган ишда ожизликка, чорасиз ишда жазога илтижо қилмаслик керакдир.
47. Ҳаётнинг яраси битиб кетар, аммо Ислом иззатининг ва номуснинг ва миллат иззатининг яралари жуда чуқурдир.
48. Баъзан шундай бўладики, бир калима бир қўшинни ҳароб қилади, бир замбарак ўқи, ўттиз миллионнинг маҳв бўлишига сабаб бўлади. (Изоҳ)
-------------------------------------
(Изоҳ) Бир серб аскарининг Австрия Валиахтига отган бир замбарак ўқи, Биринчи Жаҳон урушини портлатди, ўттиз миллион инсонни маҳв бўлишига сабаб бўлди.
Бундай шароит остида баъзан озгина бир ҳаракат, инсонни Аълои Иллийинга чиқаради ва баъзан шундай ҳолат бўладики, оз бир амал инсонни асфали софилийнга туширади.
------------------------------------------
49. Бир дона тўғрилик, бир хирмон ёлғонни ёқиб юборади. Бир дона ҳақиқат, бир хирмон хаёллардан устун. "Ҳар сўзинг тўғри бўлмоғи шарт, бироқ ҳар тўғрини сўйлаш тўғри эмас."
50. Гўзал кўрган, гўзал фикрлайди. Гўзал фикрлаган, ҳаётидан лаззат олади.
51. Инсонларни жонлантирувчи нарса умиддир, ўлдирувчи эса умидсизликдир.
52. Қадимдан бери иълои Калиматуллоҳ*ни ва истиқлолнинг бардавомлигини ва Ислом учун фарзи кифоя бўлган жиҳодни деруҳта қилишлик билан ўзини яквужуд Ислом оламига фидо қилишга вазифадор бўлган ва ҳалифаликка байроқдорлик қилиб келган бу давлати Исломиянинг фалокати, Олами Исломнинг саодати ва келажакдаги ҳуррияти билан тугалланади. Чунки бу мусибат, ҳаётимизнинг асоси бўлган Исломий бирдамликнинг тараққий топиб майдонга чиқишини ҳориқулода бир тарзда тезлаштириб юборди.
53. Христианликнинг моли бўлмаган маданият ютуқларини унинг моли қилиб ва Исломиятнинг душмани бўлган қолоқликни унга дўст қилиб кўрсатмоқ, фалакнинг терс айланиб кетишига далилдир
54. Устини кир қоплаган мислсиз бир олмос, доимо порлоқ шишадан афзалдир.
55. Ҳар нарсани моддада излаганларнинг ақллари кўзларидадир. Кўз эса маънавиятда кўрдир.
56. Мажоз (ўхшатма), илмнинг қўлидан нодонликнинг қўлига тушса, ҳақиқатга айланади, хурофотга эшик очади.
57. Эҳсони Илоҳийдан ортиқ эҳсон, эҳсон эмас. Ҳар нарсани борича таърифламоқ керак.
58. Шуҳрат инсоннинг моли бўлмаган нарсаларни ҳам инсонга мол қилади.
59. Ҳадис ҳаётнинг маъдани ва ҳақиқатнинг илҳомидир.
60. Диннинг ҳаёт топиши миллатнинг ҳаёт топишидир. Дин ҳаёти ҳаётнинг нуридир.
61. Инсониятга раҳмат бўлган Қуръон фақатгина барчанинг, лоақал аксариятнинг саодатини ўзида жамлаган бир маданиятни қабул қилади. Ҳозирги ғарб маданияти эса беш манфий асос устига қурилган.
1- Таянч нуқтаси, қувватдир. Унинг иши эса тажовуздир.
2- Қасд қилган мақсади, манфаатдир. Унинг иши эса бир-бирига заҳмат етказишдир
3- Ҳаётдаги дастури, курашдир. Унинг иши эса низо чиқаришдир.
4- Жамият мобайнидаги боғловчиси, бошқаларни ютиш билан озиқланувчи ирқчилик ва манфий миллатчиликдир. Унинг иши эса мудҳиш урушларни чиқаришдан иборат.
5- Жозибадор хизмати ҳавои-нафс ва ҳавасни шижоатлантириш ва орзуларни таъминлашдир. У ҳавои нафс эса инсоннинг маънавий бузулишига сабабдир.
Шариати Аҳмадия (А.С.М.) ўз ичига олган ва амр этган маданиятга келсак:
Таянч нуқтаси, қувват ўрнига ҳақдирки, шаъни адолат ва тенгликдир.
Мақсади эса фазилатдирки, шаъни муҳаббат ва яқинликдир.
Бирлаштирувчи жиҳати эса ирқчилик ва миллатчилик ўрнига, диний ва ватаний ва синфий алоқалардирки, шаъни самимий биродарлик ва ўзаро тотувлик ва хорижий тажовузларга қарши, фақатгина мудофаа қилишдир.
Ҳаёт учун кураш дастури ўрнига кўмаклашиш дастуридирки, шаъни бирдамлик ва бир-бирини қўллаб қувватлашдир.
Ҳавои-нафс ўрнига ҳидоятдирки, шаъни инсоний тараққийга ва руҳий камолотга эришмоғидир.
Борлиғимизнинг ҳомийси бўлган Исломиятдан қўлингни узма, тўрт қўл билан ёпиш, йўқса маҳв бўласан.
62. Оммавий мусибат кўпчиликнинг хатосидан келиб чиқади. Мусибат жиноятнинг натижаси, мукофотнинг муқаддимасидир.
63. Шаҳид ўзини тирик деб билади. Жончиқар ҳолатни кўрмагани учун фидо қилган ҳаётини давом этаётган ва боқий ҳолда кўради. Фақат аввалгидан кўра соф деб билади.
64. Қуръоннинг том адолати, бир маъсумнинг ҳаётини ва қонини, ҳатто умум инсоният учун бўлса ҳам поймол этмайди. Қудрат назарида иккиси ҳам тенг бўлгани каби, адолат назарида ҳам бирдир. Худбинлик туфайли инсон шундай бир ҳолга келадики, эҳтиросига монелик қилган ҳар нарсани, ҳатто қўлидан келса бутун дунёни хароб ва инсониятни йўқ қилишни истайди.
65. Хавф ва заифлик ташқи таъсирларни шижоатга келтиради.
66. Муҳаққиқ (аниқ) манфаат мавҳум зарарларни деб фидо қилинмайди.
67. Истамбулнинг ҳозирги сиёсати грипп касаллиги каби бир хасталикдир.
68. Телба одамга "Яхшисан, яхшисан" дейилса яхшилашгани, яхши одамга "ёмонсан, ёмонсан" дейилса ёмонлашиш ҳодисалари оз эмасдир.
69. Душманнинг душмани, душман қолгунча дўстдир. Душманнинг дўсти, дўст қолгунча душмандир.
70. Қайсарликнинг иши шуки, шайтон унга ёрдам берса, "Фариштадир" дейди, раҳмат ўқийди. Қарши тарафда фариштани кўрса, "либосини ўзгартирган шайтон" дейди, лаънат ўқийди.
71. Бир дарднинг дармони бошқа дардга заҳар бўлиши мумкин. Бир дармон ҳаддидан ўтиб кетса, дард келтиради.
72. - - -
73. Жамоатда холис бирлик бўлмаса, қўшилиш ва кўпайиш, касрда кўпайтирилгани каби кичраяди (Изоҳ.)
--------------------------
(Изоҳ): Маълумдирки, ҳисобда кўпайтирув сонларни катталаштиради. Тўрт карра тўрт ўн олти бўлади. Бироқ касрли сонларни кўпайтириш, аксинча кичрайтиради. Учдан бирни учдан бирга кўпайтирса, тўққиздан бир бўлади. Айнан шунинг каби, инсонлар холислик ва тўғрилик асосида бирлашмаса, жамоат кўпайган сари, кичрайиб, бузулиб кетади, қиймати қолмайди!..
----------------------
74. Қабул қилмаслик, йўқни қабул қилиш билан чалкаштирилади. Қабул қилмасликнинг далили - яққол кўрсатувчи далилнинг йўқлиги. Йўқни қабул қилиш учун эса йўқлигига далил керак бўлади. Биринчиси шак, иккинчиси инкордир.
75. Иймоний масалалардаги шубҳа, бир далилни, ҳатто юз далилни қабул қилмаса ҳам, исботланаётган масалага ҳеч зарар етказолмайди. Чунки бундан бошқа минглаб далиллари бор.
76. Ҳақ йўлда кўпчиликка эргашмоқ керак. Аксариятга ва кўпчиликка таяна бошлагандан сўнг лоқайд Умавийлик энг ниҳоят Аҳли Суннат жамоатига қўшилди. Сон жиҳатидан озчиликда қолган салобатли Алавийлик (Шиалик) охири бориб оз бир қисми Рофизийликка тақалди.
77. Ҳақда иттифоқ, жуда ҳақда ихтилоф келиб чиқса, баъзан ҳақ жуда ҳақдан кўра ҳақдир... Гўзал жуда гўзалдан кўра гўзалдир.
Ҳар ким ўз маслагини "Ҳува ҳақ" (Шу ҳақ) дейиши мумкин, "Ҳувал ҳақ" (Шуни ўзигина ҳақ) демаслиги керак. Ва ёҳуд "Ҳува ҳасан" (Шу гўзал) дейиши мумкин, "Ҳувал ҳасан" (Шуни ўзигина гўзал) демаслиги керак.
78. Жаннат бўлмаса, Жаҳаннам азоб бермас.
79. Замон кексайган сари Қуръон ёшариб бораётир, рамзлари равшанлашиб бораётир.
Нур, нор (яъни олов) бўлиб кўрингани каби, баъзан шиддатли балоғат ҳам муболаға бўлиб кўринади.
80. Ҳароратдаги мартабалар совуқнинг халал беришига кўрадир; гўзалликдаги даражалар хунукнинг аралашганига кўрадир. Қудрати Азалия зотийдир (ўзигагина хосдир), лозимдир, зарурийдир; ожизлик аралашиб халал беролмас, бунда мартабалар бўлолмас, ҳар нарса унинг олдида тенгдир.
81. Қуёшнинг файзли жилоси бўлган тимсоли, денгизнинг сатҳида ва денгизнинг қатрасида айни хусусиятни кўрсатади.
82. Ҳаёт, тавҳиднинг жилвасидандир. Унинг охири ҳам ваҳдат (яъни бирлик) касб этаётир.
83. Токи инсонларнинг орасида - валий, Жумада - дуолар ижобат бўладиган дақиқа, Рамазонда - Лайлатул Қадр, Аллоҳнинг Гўзал Исмлари ичида - Исми Аъзам, умр ичида - ажал яширин қолар экан; бошқалари ҳам қийматда қолаверади, уларга аҳамият берилаверади.
Йигирма йиллик охири аниқ бўлмаган бир умр, ниҳояси тайин бўлган минг йиллик умрдан афзалдир.
84. Гуноҳларнинг дунёдаги оқибати, охиратдаги шиддатли азобига далилдир.
85. Қудрат назарида ризқ ҳаёт қадар аҳамиятлидир. Қудрат чиқаради, тақдир кийдиради, иноят озиқлантиради.
Ҳаётнинг натижаси зоҳирдир, кўринади. Ризқнинг ҳосили ноаниқ, чиқиши босқичма-босқичдир, ўйлатади. Очликдан ўлиш йўқ. Чунки баданда шаҳм (ички ёғлар) ва бошқа кўринишда тўпланиб турувчи ёғлар битмасдан аввал ўлади. Демак тарки одатдан келиб чиққан хасталик ўлдиради, ризқсизлик эмас.
86. Гўштхўр йиртқичларнинг ҳалол ризқлари, ҳайвонларнинг ҳадсиз мурдаларидир. Ҳам рўйи заминни тозалайдилар, ҳам ризқларини топадилар.
87. Бир луқма қирқ сўм, бошқа бир луқма ўн тийиндир. Оғизга кирмасдан аввал ва оғиздан ўтгандан кейин бирдирлар.
Фақат оғизда бир неча сония фарқлари бор. Текширувчи дарвозабон бўлган там билиш сезимига илтифот қилиб, уни мамнун этмоқ учун бир ўрнига ўнни сарфламоқ, исрофнинг энг ёмонидир.
88. Лаззатлар чақирган сари, "егандек бўлдим" демоқ лозим. "Егандек бўлдим"ни дастур қилган бир одам, "Егандек бўлдим" номли бир масжидни ейиши мумкин эди, емади.
89. Авваллари аксар мусулмонлар оч эмасди, тўкин-сочин яшашга имконият бор эди. Ҳозир очдир, лаззатланишга ҳам ихтиёр йўқ.
90. Вақтинчалик лаззатдан кўра, вақтинчалик аламга табассум қилмоқ, хуш келдинг демоқ керак. Ўтиб кетган лаззатлар "Эйвоҳ" дедиради. "Эйвоҳ", яширин аламнинг таржимонидир. Ўтган аламлар, "Шукр!" дедиради. Ул "Шукр!" пинҳоний бир лаззат ва неъматнинг хабарчисидир.
91. Нисён (унитишлик) ҳам бир неъматдир. Фақатгина бир кунлик аламларни чектиради, аввалдан тўпланиб ётганларини унуттиради.
92. Ҳароратнинг даражаси каби, ҳар бир мусибатда ҳам неъматнинг даражаси бор. Янада каттасини ўйлаб, кичик мусибатнинг неъматлик даражасини кўриб, Аллоҳга шукр этмоқ лозим. Йўқса катта деб билиб уф тортилса шишади, қайғурса икки баробар катталашади. Қалбдаги хаёлий сурати ҳақиқатга айланади. Ва бу тарзда қалбни эзади.
93. Ҳар бир одамнинг жамият ичра кўринмоқ ва кўрмоқ учун, мартаба дейилган деразаси бўлади. У дераза бу одамнинг қийматининг қоматидан юксак бўлса, такаббурлик билан бўйнини чўзади. Агар қийматининг қоматидан пастда бўлса, тавозе билан қавсдек эгилади. Токи, ўша савияда кўринсин ва кўрсин.
Инсонда буюкликнинг миқёси кичикликдир, яъни тавозедир. Кичикликнинг меъзони буюкликдир, яъни такаббурликдир.
94. Заифнинг қувватлига нисбатан иззат-нафсини сақлаши агар қувватлида бўлса, такаббурлик бўлади. Кучлининг заифга нисбатан тавозеси, агар заифда бўлса, хорликдир.
Бир бошлиқнинг ўз мансабидаги жиддияти - виқордир; камтарлиги - пасткашликдир. Уйидаги жиддияти - кибрдир; камтарлиги - тавозедир.
Шахс мутакаллими ваҳда* бўлса, ўзгалар қусуридан кўз юммоқ ва фидокорлик кўрсатмоғи, солиҳ амалдир. Мутакаллими маалғайр* бўлса, хиёнатдир, ярамас амалдир. Бир шахс ўзи учун ҳазми нафс қилса бўлади, фахрланишга ҳаққи йўқ. Миллатига келганда фахрланса бўлади, ҳазми нафс қилишга ҳаққи йўқ.
95. Иш жараёнидаги кетма-кетликни Аллоҳга топшириб қўйиш танбалликдир. Натижа чиқмоғида Аллоҳга топшириш эса таваккулдир.
Меҳнатнинг самарасига ва қисматига ризо, қаноатдир. У меҳнатга бўлган хоҳишни кучайтиради. Борига қаноат қилмаган ҳимматсиздир.
96. Шариат амрларига итоат ва исён борлиги каби, коинот қонунларига ҳам итоат ва исён бор. Биринчисида мукофот ва жазонинг аксарияти охиратда, иккинчисида кўпи дунёда бўлади.
Масалан, сабрнинг мукофоти зафардир. Дангасаликнинг жазоси қашшоқликдир. Меҳнатнинг савоби сарватдир. Саботнинг мукофоти ғалабадир.
Ҳамма учун тенг бўлмаган адолат, адолат эмас.
97. Ўхшашлик зиднинг сабабидир. Уйғунлик ўзаро таянчнинг асосидир. Кичиклик такаббурнинг манбаидир. Заифлик ғурурнинг маъданидир. Ожизлик мухолифатнинг манбаидир. Қизиқиш илмнинг муаллимидир.
98. Қудрати Фотира эҳтиёж орқали, хусусан очлик эҳтиёжи орқали, аввало инсон ўлароқ бутун ҳайвонотни жиловлаб низом остига тиққан. Ҳам оламни остин-устунликдан халос қилиб, ҳам эҳтиёжни маданиятга устод қилиб, тараққиётга замин ҳозирлаган.
99. Зерикиш сафоҳат (яъни маишатпарастлик)нинг муаллимидир. Умидсизлик фикр залолатининг; қалб зулмати руҳ сиқилишининг манбаидир.
100. - - -
Биродарлар мажлисига гўзал бир аёл кирса, риё, рақобат, ҳасад томири уйгонади. Демак аёлларнинг очиқ-сочиқликка чиқиши оқибатида, маданий инсонларда ёмон хулқлар намоён бўлади.
101.- Инсониятнинг ҳозирги гуноҳолуд тажанг руҳида, табассумкор кичик жанозалар бўлмиш суратларнинг ўрни катта.
102.- Тақиқланган ҳайкал - ё тошга айланган бир зулм, ё бир жисмлашган ҳавас ва ё бир жасадлашган риёдир.
103.- Исломиятнинг соғломлигини тамоман қабул қилиб, ҳақиқий маънода унинг доирасига кирган зотда, кенгайиш майли - такомил майлидир. Лоқайдлик ила четда турган зотда бу кенгайиш майли - бузиш майлидир. Бўрон ва зилзила пайтида ижтиҳод эшигини очиш тугул, балки деразаларни ҳам беркитиш зарурдир.
Лоқайдлар рухсатлар ила эркалатилмайди, балки азиматлар билан шиддатла танбеҳ этилади.
104.- Бечора ҳақиқатлар қийматсиз қўлларда қийматсиз бўлиб қолади.
105.- Куррамиз ҳайвонга ўхшайди, ҳаёт асарларини кўрсатмоқда. Ажабо тухум қадар кичрайса, бир нави ҳайвон бўлмайдими? Ва ё бир микроб куррамиз қадар катталашса унга ўхшаб қолмайдими? Ҳаёти бўлса, руҳи ҳам бор. Олам инсон қадар кичрайса, юлдузлари зарралар ва биттадан гавҳарлар ҳукмига ўтса, у ҳам бир онгли ҳайвон бўлиб қолмайдими? Аллоҳнинг бундайин кўп ҳайвонлари бор.
106. Шариат икки хилдир:
Биринчиси: кичик олам бўлган инсоннинг фаолият ва аҳволини низомга солган ва калом сифатидан келган биз билган Шариатдир.
Иккинчиси: буюк инсон бўлган оламнинг ҳаракатларини ва олам ичидагиларни низомга солган, ирода сифатидан келган фитрий шариати кубродирки, баъзан янглиш ўлароқ табиат деб номланади.
Малоикалар бир азим умматдирки, ирода сифатидан келган ва фитрий шариат деб аталувчи коинот қонунларининг ижрочилари ва вакиллари ва тимсолларидирлар.
107. - - -
108. Моддапарастлик маънавий вабодирки, инсониятга бу мудҳиш безгакни туттирди, ғазаби Илоҳийга дучор қилди. Талқин ва танқид қобилияти кучайган сари, у вабо ҳам кенгайиб боради.
109. Энг бадбахт, энг кўп изтироб чекувчи, энг сиқилувчи одам - ишсиз одамдир. Чунки дангасалик йўқликнинг биродаридир. Меҳнат вужуднинг ҳаёти ва ҳаётнинг уйғоқ ҳолатидир.
110. Рибонинг эшик ва дарвозалари бўлган банкларнинг нафи, инсониятнинг фано қисми бўлган кофирларга ва уларнинг энг золимларига ва буларнинг энг бузуқларигадир. Олами Исломга эса мутлақо зарардир. Бутун инсониятнинг манфаати назарга олинмайди. Чунки кофир жангари ва тажовузкор бўлса, ҳурматсиздир, исматсиздир.
111. Жума хутбаси зарурий ва ўзгармас асосларни зикр қилишдир, назарияни таълим бериш эмасдир. Ибораи арабия буни энг олий шаклда хотирлатади. Ҳадис ила Оят қиёсланса кўринадики, инсоннинг энг етуги ҳам Оятнинг балоғатига етишолмайди, унга ўхшамайди.
Саид Нурсий.