Хасталар Рисоласи

 

 ЙИГИРМА БЕШИНЧИ ЁҒДУ.

Йигирма беш даводир

 

Хасталарга бир малҳам, бир тасалли, маънавий бир рецепт ҳамда хастани зиёрат этиш ва унга шифо тилаш мақомида ёзилган.

 

ЭСЛАТМА ВА УЗРХОҲ

 Бу маънавий рецепт ёзилган бошқа рисолаларимиздан кўра тезроқ* таълиф этилганидан, ҳамда улардан фарқли ўлароқ, диққат билан кўриб чиқиш ва тузатишга вақт топилмаганидан, таълифи каби ғоят суръатла, бир мартагина кўздан кечирилди. Демак, қоралама ҳукмида, бетартиб ҳолда қолгандир. Қалбга фитрий бир тарзда келган нарсани тузатиб, чиройли қиламан дея бузиб қўймаслик учун қайта ишлов беришни лозим топмадик. Ўқиган кишилар, хусусан хасталар, баъзи нохуш иборалардан ва ёҳуд оғир калималардан ва ифодалардан сиқилиб хафа бўлмасинлар, менга ҳам дуо қилсинлар

 بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

اَلَّذِينَ اِذَآ اَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوۤا اِنَّا ِللهِ وَاِنَّآ اِلَيْهِ رَاجِعُونَ

وَالَّذِى هُوَ يُطْعِمُنِى وَيَسْقِينِ * وَاِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ

Бу Ёғдуда инсониятнинг ўндан бир қисмини ташкил этувчи мусибатзада ва хаста инсонларга ҳақиқий бир тасалли ва фойдали бир малҳам бўла оладиган Йигирма беш Давони қисқача тарзда баён этамиз.

 БИРИНЧИ ДАВО

Эй бечора хаста!

Изтироб чекма, сабр қил. Сенинг хасталигинг сенга дард эмас, балки бир нави дармондир. Чунки умр бир сармоядир, кетади. Мева бермаса зое бўлади. Ҳамда роҳат ва ғафлатда кечса, жуда тез ўтиб кетади. Хасталик сенинг у сармоянгни улкан фойдалар билан мевадор қилади. Ҳам умрнинг тез ўтишига йўл бермайди, тутиб туради, узайтиради... Токи меваларини бергандан сўнг кетсин.

Хуллас, умрнинг хасталик билан узун бўлишига ишора қилган ушбу зарбулмасал тилларда достондир. Яъни: "Мусибат даври жуда узундир, шодлик вақти эса жуда қисқа бўлади".

ИККИНЧИ ДАВО

Эй сабрсиз хаста!

Сабр қил, балки шукр қил. Сенинг бу хасталигинг умрнинг ҳар дақиқасини бир соатлик ибодат ҳукмига айлантириши мумкин. Чунки ибодат икки қисмдир.

Бири мусбат ибодатдирки, намоз, ниёз каби маълум ибодатлардир.

Иккинчиси манфий ибодатдирки, хасталиклар, мусибатлар воситаси ила мусибатзада ожизлигини, заифлигини ҳис қилади, Холиқи Раҳиймига илтижо этади, ёлворади. Холис, риёсиз маънавий ибодатга сазовор бўлади.

Ҳа, хасталик ила ўтган бир умр, Аллоҳдан шикоят қилмаслик шарти билан, мўмин учун ибодат ҳисоблангани ҳақида саҳиҳ ривоят бор. Ҳатто баъзи собир ва шокир хасталарнинг бир дақиқалик хасталиги бир соат ибодат ҳукмига ўтгани ва баъзи комилларнинг бир дақиқаси бир кун ибодат ҳукмига ўтгани саҳиҳ ривоят ва авлиёларнинг содиқ кашфиётлари ила собитдир.

Умрингнинг бир дақиқасини минг дақиқа ҳукмига келтириб, сени узун бир умрга эриштирадиган хасталикдан шикоят эмас, ташаккур эт.

УЧИНЧИ ДАВО

Эй бардошсиз хаста!

Инсон бу дунёга хурсандчилик ва лаззат олиш учунгина келмаганига далил, тинимсиз равишда келувчиларнинг кетиши ва ёшларнинг кексайиши ва давомли тарзда завол ва фироққа дуч келишидир.

Ҳам инсон жонзотларнинг энг мукаммали, энг юксаги ва аъзолар жиҳатидан энг бойи, балки жонзотларнинг султони ҳукмида экан, ўтиб кетган лаззатларни ва келажакда келадиган балоларни ўйлаш билан ҳайвондан ҳам паст даражада, қайғули, машаққатли бир ҳаёт кечиради.

Демак, инсон бу дунёга фақат гўзал яшаш ҳамда роҳат ва хурсандчилик билан умр кечириш учунгина келмаган, балки қўлида улкан сармояси бўлган инсон бу ерга абадий, доимий ҳаётнинг саодатини тижорат ила қозониш учун келган. Унинг қўлига берилган сармоя эса умрдир. Агар хасталик бўлмаса сиҳат-саломатлик ғафлат беради, дунёни ёқимли кўрсатади. Охиратни унутдиради... Қабрни ва ўлимни хотирлашни истамайди... Умр сармоясини ҳавога совуради, бехудага сарф қилади.

Хасталик эса бирдан унинг кўзини очади. Вужудига ва жасадига дейдики: "Лоямут (мангу) эмассан, бебош эмассан, бир вазифанг бор. ўурурни ташла, сени яратганни ўйла, қабрга киришингни бил, шунга кўра ҳозирлан". Хуллас, хасталик бу нуқтаи назардан ҳеч алдамайдиган бир насиҳатчи ва танбеҳ берувчи йўлбошчидир. Ундан шикоят эмас, балки бу жиҳатда унга ташаккур этмоқ, агар жуда оғир келса сабр истамоқ даркор...

ТЎРТИНЧИ ДАВО

Эй шикоятчи хаста!

Сенинг ҳаққинг шикоят эмас, шукрдир, сабрдир. Чунки сенинг вужудинг ва аъзо ва жиҳозларинг сенинг мулкинг эмас. Сен уларни ясаб олмагансан, ёки бирор жойдан сотиб олмагансан. Демак, бошқа бировнинг мулкидир. Уларнинг молики(1) мулкини истаганидек тасарруф(2) этади.

Йигирма Олтинчи Сўзда айтилганидек, масалан, ғоят бой, ғоят моҳир бир санъаткор гўзал бир санъатини, қийматдор сарватини(3) намойиш этиш учун мискин бир одамни маълум бир ҳақ эвазига моделликка ёллаб, келишилган муддат ичида безакли ва ғоят моҳирона тиккан ҳуллани (яъни, кўйлакни) у фақирга кийдиради. Унинг устида ишлайди ва ҳар хил вазиятга солади. ғаройиб санъатининг навларини кўз-кўз қилиш учун кесади, алмаштиради, узайтиради, қисқартиради.

Ажабо, кирага ёлланган шу мискин одам у зотга: "Менга заҳмат бераётирсан... ҳадеб эгилтириб-турғизавериб мени қийнаб юбординг... бу кўйлак менга ярашган эди, уни кесиб-қисқартириш билан гўзаллигимни бузяпсан," дейишга ҳаққи бўладими? "Марҳаматсизлик, инсофсизлик қилдинг," дейиши мумкинми?

Хуллас, айнан шу мисол сингари, Сониъи Зулжалол сенга, эй хаста!, кўз, қулоқ, ақл, қалб каби нурли туйғулар билан безаб кийдирган жисм кўйлагини Асмои Ҳусносининг нақшларини намойиш этиш учун ҳар хил холатларга солиб, сени айлантиради ва турли вазиятларда ўзгартиради. Сен очлик туфайли унинг ризқ бергувчи Раззоқ исмини таниганинг каби, шифо бергувчи Шофий исмини хасталигинг орқали бил.

Аламлар, мусибатлар айрим исмларининг аҳкомини кўрсатганлари учун уларда ҳикматдан ёғдулар ва раҳматдан шуълалар ҳамда у шуълалар ичра кўп гўзалликлар бўлади. Агар парда очилса, сен қўрққан ҳамда нафратланган ўша хасталик пардасининг ортида ёқимли ва гўзал маъноларни топасан.

БЕШИНЧИ ДАВО

Эй дардга мубтало хаста!

Бу замонда тажрибаларла қаноат ҳосил қилганманки, хасталик баъзиларга бир эҳсони Илоҳийдир, бир ҳадяи Раҳмонийдир. Сўнгги саккиз-тўққиз йилдир, лойиқ бўлмасам ҳам, баъзи ёшлар хасталиги туфайли олдимга дуо сўраб келдилар. Шуниси диққатимни торттики, қайси касалманд ўсмир билан кўришмай, бошқа ёшлардан фарқли ўлароқ, охиратини ўйлай бошламоқда. Ёшлик сархушлиги йўқ. ғафлат босган ҳайвоний ҳаваслардан бир даража ўзини тийган. Мен ҳам уларнинг бардош берса бўладиган бу хасталиклари бир эҳсони Илоҳий эканини уларга хотирлатар эдим. Дердим:

"Қардошим, сенинг бу хасталигингга қарши эмасман. Хасталигинг учун сенга шафқат ҳис этиб ачинмаяпманки, дуо қилсам. Хасталик сени батамом уйғотгунгача сабр қилишга интил. Хасталик ўз вазифасини битиргандан сўнг Холиқи Раҳийм, иншоаллоҳ, шифо беради".

Яна дердим:"Сенинг айрим тенгдошларинг соғлиқ балоси ила ғафлатга тушиб, намозни тарк этиб, қабрни ўйламай, Аллоҳни унутиб, дунё ҳаётининг бир соатлик зоҳирий лаззати ила ҳадсиз бўлган абадий ҳаётини бузаётир, балки хароб этаётир. Сен хасталик кўзи билан, ҳар қандай ҳолда ҳам борадиган бир манзилинг бўлмиш қабрингни ҳамда орқасидаги охират манзилларини кўряпсан ва шунга кўра ҳаракат қиляпсан. Демак, сенинг учун хасталик бир сиҳатдир, баъзи тенгдошларингдаги сиҳат эса, бир хасталикдир".

ОЛТИНЧИ ДАВО

Эй аламдан шикоят қилаётган хаста!

Сендан сўрайман, ўтган умрингни эсла ва у умрда ўтган лаззатли, хурсандчилик кунларингни, қайғули ва аламли дамларингни хотирла. Ҳар ҳолда ё "Эҳ!", ё "Оҳ!" дейсан. Яъни, қалбинг ва тилинг ё "Алҳамдулиллоҳ, шукр" дейди, ёхуд "Эй воҳ, афсус!" дейди.

Эътибор бер, сенга "Оҳ, алҳамдулиллоҳ, шукр," дегизган, сенинг бошингдан ўтган аламлар ва мусибатларнинг ўйидир. Булар бир маънавий лаззатни қўзғайдики, сенинг қалбинг шукр этади. Чунки аламнинг заволи лаззатдир. У аламлар, у мусибатлар завол топиши билан руҳда бир лаззатли мерос қолдирганки, уни эслаб қўзғасанг, руҳдан лаззатли шукрлар сизиб чиқади.

Сенга "Эй воҳ, эй афсус" дегизган нарса эса, бир вақтлар кечирган шундай лаззатли ва сурурли ҳолларингдирки, заволлари билан сенинг руҳингда доимий бир алам қолдириб, қачон ўйласанг, у алам яна қўзғалиб, надомат ва ҳасрат оқизади.

Модомики бир кунлик ношаръий лаззат баъзан бир йиллик маънавий алам чектирар экан ва вақтинча бўлган бир кунлик хасталик туфайли келган алам кўп кунлик маънавий лаззатни, яъни савобни берар экан, ҳамда заволидаги халос ва қутулишдан туғилувчи маънавий лаззатни ҳам берар экан, демак, бошингдаги ҳозирги бу вақтинчалик хасталикнинг натижасини ва савобини ўйла. "Бу ҳам ўтар, ё Ҳу!" де, шикоят ўрнига шукр қил.

ОЛТИНЧИ ДАВО (Изоҳ)

-------------------------------------------------------

(Изоҳ) Бу "Ёғду" фитрий бир тарзда хотирлатилганидан, олтинчи мартабада икки даво ёзилган. Фитрийлигини бузмаслик учун ўшандайлигича қолдирдик; балки бир сир бордир дея ўзгартирмадик.

---------------------------------

Эй дунё завқини ўйлаб, хасталикдан изтироб чекаётган қардошим!

 Бу дунё агар доимий бўлсайди;

 ва йўлимизда ўлим бўлмасайди;

 ва фироқ ва заволнинг шамоллари эсмасайди;

 ва мусибатли, тўфонли истиқболда маънавий қиш мавсумлари бўлмасайди, мен ҳам сен билан бирга сенинг ҳолингга ачинган бўлардим.

Аммо модомики бир кун келиб дунё бизга: "Қани, ташқарига!" деб, фарёдимизни тингламас экан, у бизни ташқарига қувмасдан бурун биз бу хасталик танбеҳи ила ҳозирданоқ унинг ишқидан воз кечмоғимиз керак. У бизни тарк этмасдан аввал, қалбан уни тарк этишга интилмоғимиз лозим.

Ҳа, хасталик бу маънони бизга хотирлатиб дейдики: "Сенинг вужудинг тошдан, темирдан эмас. Балки доимо парчаланмоққа мойил хилма-хил моддалардан таркиб топган. ўурурни ташла, ожизлигингни тан ол, моликингни тани, вазифангни бил, дунёга нима учун келганингни ўрган," дея, қалб қулоғига яширин шивирлайди.

Ҳам модомики дунёнинг лаззати, завқи давомли эмас экан ва хусусан ҳалол бўлмаса, ҳам давомсиз, ҳам аламли, ҳам гуноҳли экан, у завқни йўқотганингга хасталикни баҳона қилиб йиғлама. Аксинча, хасталикдаги маънавий ибодат ва охиратга оид савоб жиҳатини ўйла, ундан завқ олишга интил.

ЕТТИНЧИ ДАВО

Эй сиҳатининг лаззатини йўқотган хаста!

Сенинг хасталигинг сиҳатдаги Илоҳий неъматнинг лаззатини қочирмайди, аксинча, тоттиради, зиёдалаштиради. Чунки бир нарса давомли бўлса, таъсирини йўқотади. Ҳатто ҳақиқат аҳли бир овоздан дейдики: اِنَّمَا اْلاَشْيَاۤءُ تُعْرَفُ بِاَضْدَادِهَا   Яъни, "Ҳар нарса зидди ила билинади".

Масалан, қоронғилик бўлмаса, ёруғлик билинмайди, лаззатсиз қолади.

Совуқ бўлмаса, ҳарорат англашилмайди, завқсиз қолади.

Ташналик бўлмаса, сув ичиш лаззат бермайди.

Дард бўлмаса, саломатлик завқсиздир.

Касаллик бўлмаса, сиҳат лаззатсиздир.

Модомики, Фотири Ҳакийм инсонга турли ҳил эҳсонини билдиришни ва ҳар бир неъматини тоттиришни ва инсонни доимо шукрга ташвиқ қилишни истаётганини бу коинотда хилма-хил, беҳисоб неъмат навларини тотадиган, танийдиган даражада ғоят кўп аъзолар билан инсонни жиҳозлагани кўрсатаётган экан, албатта сиҳат-саломатликни бергани каби, хасталикларни, иллатларни, дардларни ҳам беражак.

Сендан сўрайман: "Бу хасталик сенинг бошингда ё қўлингда ёки меъдангда бўлмасайди, сен бошинг, қўлинг ва меъдангнинг сиҳатидаги лаззатли, завқли неъмати Илоҳияни ҳис этиб шукр қилармидинг?"

Албатта, шукр у ёқда турсин, ҳатто ўйламас ҳам эдинг, шуурсиз ҳолда у сиҳатни ғафлатга, балки гуноҳларга сарф этган бўлардинг.

САККИЗИНЧИ ДАВО

Эй охиратини ўйлаётган хаста!

Хасталик совун каби гуноҳларнинг кирларини ювади, тозалайди. Хасталиклар гуноҳларга каффорат экани саҳиҳ ҳадис ила собитдир. Ҳамда ҳадисда борки: "Меваси пишган дарахтни силкитганда мевалари қандай тўкилса, иймонли бир хастанинг титраши ҳам худди шундай гуноҳларни тўкади".

Гуноҳлар абадий ҳаётда доимий хасталиклардир, бу дунё ҳаётида эса қалб, виждон ва руҳ учун маънавий хасталиклардир. Сен агар сабр этиб шикоят қилмасанг, ушбу вақтинчалик бир хасталик эвазига доимий бўлган жуда кўп хасталиклардан қутуласан.

Агар гуноҳ қилишдан қўрқмасанг ёхуд охиратни билмасанг ё Аллоҳни танимасанг, сенда шундай даҳшатли бир хасталик борки, сендаги бу кичик хасталикдан миллион марта каттароқдир. Ўшандан фарёд қил.

Чунки қалбинг, руҳинг ва нафсинг дунёнинг барча мавжудоти ила алоқадордир. Давомли суратда фироқ ва завол ила у алоқа кесилиб, сенда ҳадсиз яралар очилади. Хусусан, охиратни билмаганинг ва ўлимни абадий йўқлик деб ўйлаганинг учун гўё яра-чақа босган, дунё қадар хаста бир вужудинг бор.

Хуллас, энг аввал, ҳадсиз ярали ва беҳисоб хаста бу буюк маънавий вужуднинг ҳадсиз хасталикларига қатъий бир дори ва қатъий шифобахш бир дармон бўлмиш иймон дорисини изламоқ ва эътиқодини тузатмоқ керакдирки, у дорини топишда энг қисқа йўл бу моддий хасталик йиртган ғафлат пардаси остида сенга ожизлигинг ва заифлигинг орқали ўзини кўрсатаёган бир Қодийри Зулжалолнинг қудратини ва раҳматини танимоқдир.

Ҳа, Аллоҳни танимаганнинг бошида дунё тўла бало бор. Аллоҳни таниганнинг дунёси нур ва маънавий сурур ила тўладир. Ҳар ким даражасига кўра, иймон қуввати ила ҳис этади. Бу иймондан келган маънавий сурур ва шифо ва лаззат остида жузъий моддий хасталикларнинг алами эзилиб, эриб кетади.

ТЎҚҚИЗИНЧИ ДАВО

Эй Холиқини таниган хаста!

Хасталиклардаги алам ва таваҳҳуш ва қўрқинч хасталик баъзан ўлимга сабаб бўлгани учундир. Ўлим ғафлат назарида ва зоҳиран даҳшатли бўлгани учун, унга сабабчи бўлиши мумкин бўлган хасталиклар ҳам инсонни қўрқитади, ташвишга солади.

Аввало, бил ва қатъий иймон келтирки: Ажал тақдир қилингандир, ўзгармайди. Оғир хасталарнинг бошида туриб йиғлаган қанча соғлом кишилар вафот этган, у оғир хасталар эса соғайиб кетиб яшаганлар.

Иккинчидан, ўлим суратан кўринганидек даҳшатли эмас. Кўп рисолаларда ғоят қатъий, шак-шубҳасиз бир тарзда, Қуръони Ҳакийм берган нур ила исбот этганмизки:

Аҳли иймон учун ўлим ҳаёт вазифаси юкидан озод этилишдир.

Ҳам имтиҳон бўлган бу дунё майдонида таълим ва таълимот бўлган ибодатлардан бўшатилишдир.

Ҳам нариги оламга кетган юздан тўқсон тўққиз аҳбоб ва ақрабосига қовушмоқ учун бир воситадир.

Ҳам ҳақиқий ватанига ва абадий саодат маконига кириш учун бир воситадир.

Ҳам дунё зиндонидан жаннатлар бўстонига бир даъватдир.

Ҳам Холиқи Раҳиймнинг фазлидан ўз хизмати эвазига ажр олиш учун бир навбат кутишдир.

Модомики ўлимнинг моҳияти ҳақиқат нуқтасида бу экан, унга даҳшат билан эмас, билъакс, роҳат ва саодатнинг бошланиши деб қараш керак.

Ҳам Аллоҳнинг дўстларидан бир қисмининг ўлимдан қўрқишлари, ўлимнинг даҳшатидан эмас. Балки янада кўпроқ хайр қозонаман дея, ҳаёт вазифасининг давом этишидан қозонадиган хайр-ҳасанотлари учундир.

Ҳа, аҳли иймон учун ўлим раҳмат эшигидир, залолат аҳли учун абадий зулматлар қудуғидир.

ЎНИНЧИ ДАВО

Эй беҳуда ташвиш чекаётган хаста!

Сен хасталикнинг оғирлигидан хавотирдасан. Бу хавотиринг сенинг хасталигингни оғирлаштиради. Хасталигингнинг енгиллашишини истасанг, хавотир олмасликка интил. Яъни, хасталикнинг фойдаларини, савобини ва тез ўтишини ўйла, хавотирни қўй, хасталикнинг илдизини кес.

Ҳа, хавотир хасталикни икки баробар кучайтиради. Моддий хасталик соясида, қалбингга маънавий бир хасталик беради; моддий хасталик унга таянади, давом этади. Агар таслимият билан ва ризо ва хасталикнинг ҳикматини ўйлаш ила у хавотир кетса, моддий хасталикнинг муҳим бир илдизи кесилади, енгиллашади, қисман кетади. Хусусан, бир дирҳам моддий хасталик баъзан ваҳима ила хавотирланса ўн дирҳамчалик катталашади. Хавотир хасталикни зиёдалаштирганидек, ҳикмати Илоҳияга туҳмат ва раҳмати Илоҳияни танқид ва Холиқи Раҳиймдан шикоят ҳукмидадир. Шу боис ҳам мақсадининг акси бўлиб, таъзирини ейди, хасталиги кучаяди.

Ҳа, шукр неъматни зиёдалаштирганидек, шикоят хасталикни, мусибатни кучайтиради.

Бунинг устига, хавотирнинг ўзи ҳам бир хасталикдир. Унинг чораси хасталикнинг ҳикматини билмоқдир. Модомики ҳикматини, фойдасини билдинг, у малҳамни хавотирга сурт, қутул. "Вой" ўрнига "Оҳ" де, "Эҳ афсус!" ўрнига "Алҳамдулиллоҳи ала кулли ҳол," де.

ЎН БИРИНЧИ ДАВО

Эй сабрсиз хаста биродар!

Хасталик ҳозир сенга алам бериши билан бирга, хаста бўлган илк кунингдан бугунга қадар у хасталикнинг заволидаги маънавий бир лаззат ва савобидаги руҳий бир лаззатни ҳам беради. Бугундан, балки бу соатдан эътиборан энди хасталик йўқ. Албатта, йўқдан алам йўқ. Алам бўлмаса изтироб ҳам бўлмайди. Сен янглиш бир суратда ваҳима этаётганинг учун сабрсизлик қиляпсан.

Чунки бугунгача бутун хасталик пайтингнинг моддий томони кетиши билан бирга, алами ҳам кетган, ўзидан савоб ва заволидан лаззат қолдирган. Сенга фойда ва сурур бериши лозим бўлар экан, уларни ўйлаб алам чекмоқ ва сабрсизлик қилмоқ девоналикдир. Келажак кунлар ҳали келмаган экан, уларни ҳозирдан ўйлаб ҳали келмаган бир кунда, ҳали йўқ бир хасталикдан, ҳали йўқ бир аламни олдиндан ўйлаб алам чекиш, сабрсизлик кўрсатиб, уч мартаба йўқ нарсага вужуд рангини бериш девоналик бўлмаса, нима?

Модомики, бу соатдан аввалги хасталик пайтлари сурур бермоқда экан ва модомики, бу соатдан кейинги замон йўқ, хасталик йўқ, алам йўқ экан, сен Жаноби Ҳақнинг сенга берган бутун сабр қувватини бундай ўнгу-сўлга совурма, ҳозирги нақд бўлган аламга қарат, "Ё Собур!" де, таян.

ЎН ИККИНЧИ ДАВО

Эй хасталик туфайли ибодат ва зикрларини қилолмай қолган ва у маҳрумиятдан афсусланаётган хаста!

Билки, ҳадисда собитдирки, "Тақводор бир мўмин хасталик туфайли қилолмай қолган доимий зикрининг савобини хасталик вақтида ҳам қозонаверади". Фарзни мумкин қадар адо этган бир хаста, агарда уларни сабр ва таваккул ила адо этса, у оғир хасталик вақтидаги бошқа суннатларнинг ўрнини, бўлиб ҳам холис бир суратда, хасталик тўлдиради.

Ҳам хасталик инсонга ожизлигини, заифлигини ҳис эттиради. Унга ўзининг ҳамда ожиз ва заиф ҳолатининг тили ила бир дуо қилдиради. Жаноби Ҳақ инсонга ҳадсиз бир ожизлик ва бениҳоя бир заифлик берган, токи доимо даргоҳи Илоҳияга илтижо қилиб ниёз этсин, дуо қилсин.

 قُلْ مَا يَعْبَؤُا بِكُمْ رَبِّى لَوْلاَ دُعَاۤؤُكُمْ  , Яъни "Агар дуоингиз бўлмаса, нима аҳамиятингиз бор?"  оятининг сирига кўра, инсон яратилишининг ҳикмати ва қийматининг асоси бўлган дуо ва ниёзга хасталик бир сабаб бўлганидан, бу нуқтаи назардан шикоят эмас, Аллоҳга шукр қилиш ва саломатликка эришганда хасталик очган дуо чашмасини беркитмаслик керак.

ЎН УЧИНЧИ ДАВО

Эй хасталикдан шикоят этувчи бечора одам!

Хасталик баъзилар учун муҳим бир хазинадир, ғоят қийматдор Илоҳий бир ҳадядир. Ҳар бир хаста ўз хасталигини шу хилдан деб тасаввур қилиши мумкин.

Модомики ажал вақти муайян эмас ҳамда Жаноби Ҳақ инсонни мутлақ умидсизлик ва ғафлатдан қутқариш учун хавф ва рижо (умид) ўртасида, ҳамда дунёю-охиратни муҳофаза этиш нуқтасида тутиб туриш учун ҳикмати ила ажални яширган ва модомики ҳар вақт ажал келиши мумкин экан, агар инсонни ғафлат ҳолида босса, абадий ҳаётига кўп зарар бериши мумкин. Хасталик ғафлатни аритади, охиратни ўйлаттиради, ўлимни ёдга солади, инсон унга кўра ҳозирланади. Баъзан шундай бир фойдаси бўладики, йигирма йилда эришолмаган бир мартабага йигирма кунда эришади.

Жумладан, дўстларимиздан √ Аллоҳ раҳмат қилсин √ икки йигит бор эди. Бири Иломалик Сабрий, иккинчиси Исломкўйлик Вазирзода Мустафо. Булар иккиси талабаларим ичида ёзишни билмагани ҳолда, самимиятда ва иймон хизматида энг олдинги сафда туришларини ҳайратла кузатардим. Ҳикматини билмасдим. Вафотларидан сўнгра англадим. Ҳар иккисида ҳам жиддий бир хасталик бор экан. У хасталик туфайли бошқа ғофил, фарзларни тарк этган ёшлардек қолмай, жуда тақводор ҳолда ва энг қийматдор бир хизматда ва охиратга фойдали бир вазиятда бўлдилар. Иншоаллоҳ, икки йиллик хасталик заҳмати абадий ҳаётнинг миллионлаб йил саодатига сабаб бўлди.

Ҳозир англаяпманки, мен уларнинг сиҳати учун қилган баъзи дуоларим дунё эътибори ила баддуо бўлган. Иншоаллоҳ, у дуоим охират сиҳати учун қабул бўлган.

Хуллас, эътиқодимча, бу икки зот икки йил ичида, тақво ила ўн йилда қўлга киритиладиган ютуқчалик бир савоб топдилар. Агар иккови, баъзи бир ёшлар каби, сиҳат ва ёшлигига ишониб ғафлат ва сафоҳатга отилсайдилар, ўлим ҳам уларни кўзлаб, пойлаб, том гуноҳларнинг ифлосликлари ичида ёқаласайди, у нурлар хазинаси ўрнига қабрларини чаёнлар ва илонлар инига айлантирган бўлар эди.

Модомики хасталикларнинг бундай манфаати бор экан, ундан шикоят эмас, таваккул ва сабр, балки шукр қилиб, раҳмати Илоҳияга таянмоқ керак.

ЎН ТЎРТИНЧИ ДАВО

Эй кўзига парда тушган хаста!

Агар аҳли иймоннинг кўзига тушган парданинг остида қандай нур ва маънавий бир кўз борлигини билсанг, "Юз минг шукр Рабби Раҳиймимга!" дердинг. Бу малҳамни изоҳлаш учун бир ҳодиса сўйлайман. Яъни:

Менга саккиз йил камоли садоқат-ла ҳеч ранжитмай хизмат қилган Барлалик Сулаймоннинг аммасининг бир вақт кўзи кўрмай қолди. У солиҳа аёл мен ҳақимда ҳаддимдан юз даража ортиқ ҳусни зон1 (яхши гумон) қилиб, "Кўзимнинг очилиши учун дуо эт," дея жоме масжиди эшигида мени тўхтатди. Мен ҳам у муборак ва мажзуба аёлнинг салоҳатини дуоимга шафоатчи қилиб, "Ё Раббий, унинг салоҳати ҳурматидан унинг кўзини оч," дея ёлвордим. Иккинчи кун Бурдурлик бир кўз ҳакими келди, кўзини очди. Қирқ кундан кейин кўзи яна кўрмай қолди. Мен жуда ачиндим, кўп дуо қилдим. Иншоаллоҳ, у дуо охирати учун қабул бўлган. Йўқса, менинг дуоим унинг учун ғоят янглиш бир дуои-бад бўларди. Чунки ажалига қирқ кун қолган эди. Қирқ кун сўнгра √ Аллоҳ раҳмат қилсин √ вафот этди.

Хуллас, у марҳума қирқ кун Барланинг маҳзун боғларига кексаликнинг маъюс кўзи ила боқолмади, аммо бунинг эвазига қабрида жаннат боғларини қирқ минг кунларда сайр этадиган бўлди. Чунки иймони қувватли, салоҳати шиддатли эди.

Ҳа, бир мўминнинг кўзига парда тушса ва кўзи кўр ҳолда қабрга кирса, даражасига кўра, қабр аҳлидан кўра кўпроқ у нур оламини томоша эта олади. Бу дунёда кўп нарсаларни биз кўриб, кўр бўлган мўминлар кўрмаганидек, қабрда у кўрлар, иймон ила кетган бўлса, даражаларига кўра қабр аҳлидан зиёда кўради. Энг узоқни кўрсатадиган дурбинлар билан қарагандек, даражасига кўра, қабрида жаннат боғларини кино каби кўриб томоша этадилар.

Хуллас, кўзингга тушган бу парда остида шукр ила, сабр ила бундай ғоят нурли ва тупроқ остида бўлган ҳолда кўкларнинг устидаги жаннатни кўра оладиган ва томоша қиладиган бир кўзни топишинг мумкин. Ана ўша пардани сенинг кўзингдан олиб ташлайдиган, у кўз билан сени боқтирадиган кўз табиби, Қуръони Ҳакиймдир.

ЎН БЕШИНЧИ ДАВО

Эй оҳу-фиғон чекаётган хаста! Хасталикнинг суратига боқиб "Вой" дема, маъносига боқ "Оҳ!" де. Агар хасталикнинг маъноси гўзал бир нарса бўлмаса эди, Холиқи Раҳийм энг севган бандасига хасталикларни бермас эди. Ҳолбуки, саҳиҳ ҳадисда борки: اَشَدُّ النَّاسِ بَلاَءً اَ ْلاَنْبِيَاۤءُ ثُمَّ اْلاَوْلِيَاۤءُ، ثُمَّ اْلاَمْثَلُ فَاْلاَمْثَلُ (Ав камо қол). Яъни, "Энг зиёда мусибат ва машаққатга гирифтор бўлганлар, инсонларнинг энг яхшиси, энг комилларидир". Бошда Ҳазрати Айюб алайҳиссалом, анбиёлар, сўнгра авлиёлар ва сўнгра аҳли салоҳат чеккан хасталикларини ҳар бири биттадан холис ибодат, ҳар бири биттадан Раҳмоний ҳадя деб қараганлар, сабр ичида шукр этганлар, Холиқи Раҳиймнинг раҳматидан келган бир амалиёти жарроҳия (яъни, операция) навидан деб билганлар.

Сен, эй оҳу-фиғон чекаётган хаста! Бу нуроний жамоатга қўшилишни истасанг, сабр ичида шукр эт. Агар шикоят этсанг, улар сени жамоатларига олмайдилар. Аҳли ғафлатнинг жарликларига тушасан. Қоронғи бир йўлда кетасан.

Ҳа, хасталикларнинг бир хили борки, агар ўлим билан натижаланса, маънавий шаҳид ҳукмига ўтади, шаҳидлик каби бир валийлик даражасига эришишга сабабчи бўлади. Жумладан, бола туғишдан келган хасталиклар (Изоҳ) ва қорин санчиғидан ёки чўкиб ва ёниб ва вабо ила вафот топган одамлар маънавий шаҳид бўлганидек, кўп муборак хасталиклар борки, валийлик даражасига ўлим билан эриштиради.

Ҳамда хасталик дунё ишқини ва алоқасини сусайтирганидан, вафот ила аҳли дунё учун ғоят аламли ва аччиқ бўлган дунёдан ажралишни енгиллаштиради, баъзан эса севдиради.

(Изоҳ): Бу хасталикнинг маънавий шаҳидлик қозонтириши нифос даври бўлган қирқ кунга қадардир.

ЎН ОЛТИНЧИ ДАВО

Эй қийинчиликдан шикоят этаётган хаста!

Хасталик инсонларнинг ижтимоий ҳаётида энг муҳим ва ғоят гўзал бўлган ҳурмат ва марҳаматни юзага чиқаради. Чунки инсонни ваҳшатга ва бағритошликка йўлиқтиргувчи бепарволикдан қутқаради. Чунки, 

 اِنَّ اْلاِنْسَانَ لَيَطْغٰى * اَنْ رَاٰهُ اسْتَغْنٰى  сирига кўра, сиҳат ва саломатликдан туғилувчи беғамликда бўлган нафси аммора, ҳурматга лойиқ бўлган кўп биродарларга ҳурматни ҳис қилмайди, марҳамат ва шафқатга лойиқ бўлган мусибатзадаларга ва хасталарга марҳамат туймайди.

Қачонки хасталанса, у хасталикда ожизлигини ва фақирлигини англайди, ҳурматга лойиқ бўлган дўстларига эҳтиром кўрсатади. Зиёратига келган ёки унга ёрдам қилган мўмин қардошларига нисбатан ҳурматни ҳис қилади. Ҳамда ҳамжинсига ачинишдан пайдо бўлувчи инсоний шафқат ва энг муҳим бир Исломий ҳислатни, яъни, мусибатзадаларга нисбатан марҳамат туйғуларини ҳис этиб, уларни ўз нафсига қиёслаб, уларга том маънода ачинади, шафқат кўрсатади, қўлидан келса ёрдам беради. Ҳеч бўлмаса дуо қилади, ҳеч бўлмаса шаръан суннат бўлган ҳолини сўраш учун зиёратига боради, савоб қозонади.

 

ЎН ЕТТИНЧИ ДАВО

Эй хасталик туфайли яхшиликлар қила олмаганидан шикоят этаётган хаста!

Шукр эт, хасталик сенга хайрли ишларнинг энг холисининг эшигини очди. Хасталик хастанинг ўзига ва Аллоҳ учун хастага қаровчиларга давомли савоб келтиришидан ташқари, дуонинг мақбулияти учун ҳам энг муҳим бир воситадир.

Ҳа, хасталарга боқишнинг аҳли иймон учун кўп савоби бор. Хасталарнинг ҳолини сўраш, фақат хастани қийнамаслик шарти ила, зиёрат қилиш суннати саниядир, каффоратуз-зунуб (яъни, гуноҳларга каффорат) бўлади. Ҳадисда борки: "Хасталарнинг дуосини олингиз, уларнинг дуоси мақбулдир."

Хусусан, хаста ўзининг қариндошидан бўлса, билхосса падар ва волида бўлса, уларга хизмат қилиш муҳим бир ибодатдир, муҳим бир савобдир. Хасталарнинг қалбини хушнуд этиш, тасалли бериш муҳим бир садақа ҳукмига ўтади.

Бахтиёрдир у авлодки, падар ва волидаси хасталик чоғларида уларнинг ғоят таъсирчан қалбларини мамнун этиб, хайрли дуоларини олади!

Ҳа, ижтимоий ҳаётда энг муҳтарам бир ҳақиқат √ падар ва волиданинг шафқатларига жавобан, хасталанган вақтларида, уларга камоли ҳурмат ва фарзандона шафқат ила муомала қилишдир. Ва бундай муомала қилган одобли авлоднинг ҳолатини ва инсониятнинг юксаклигини намоён этгувчи у вафодорона лавҳани ҳатто малоикалар ҳам "Мошоаллоҳ, Боракаллоҳ," деб олқишлайдилар.

Ҳа, хасталик вақтида, хасталик аламини йўққа чиқарадиган ғоят хуш ва севинчли лаззатлар бор. Бу лаззат унга кўрсатилаётган шафқатлардан, ачиниш ва марҳаматлардан келади.

Ҳамда хаста дуосининг мақбулияти аҳамиятли бир масаладир. Мен ўттиз-қирқ йилдан бери қулунч дейилган хасталигимдан шифо тилаб дуо қилардим. Мен англадимки, хасталик дуо учун берилган. Дуо эса дуони кетказмайди, яъни, дуо ўзини ўзи бекор қилмайди. Шундан англадимки, дуонинг натижаси охиратга қаратилган (Изоҳ). Ўзи ҳам бир нави ибодатдир. Зеро, инсон хасталик туфайли ожизлигини англаб, даргоҳи Илоҳийга илтижо қилади. Шунинг учун ўттиз йилдан бери шифо учун дуо қилганим ҳолда, дуоим зоҳиран қабул бўлмаганлиги учун дуони тарк этиш хаёлимга ҳам келмади. Зеро, хасталик дуонинг вақтидир, шифо дуонинг натижаси эмас. Балки Жаноби Ҳакийми Раҳийм шифо берса, фазлидан беради.

-------------------------------------------------

Изоҳ. Ҳа, айрим хасталиклар дуонинг вужудга келишига сабаб экан, дуо хасталикнинг йўқолишига сабаб бўладиган бўлса, дуонинг вужудга келиши ўзининг йўқолишига сабаб бўлади, бунинг эса бўлиши мумкин эмас.

 Ҳамда, дуо исталган тарзда қабул бўлмаса, мақбул бўлмади дейилмайди. Холиқи Ҳакийм яхшироқ билади, манфаатимиз учун охиратимизга қаратади, шундай қабул қилади. Нима бўлса ҳам, хасталик туфайли холис бўлган, хусусан заифлик ва ожизлик ва ночорлик ва муҳтожликда қилинган дуонинг мақбуллиги кўпроқдир. Хасталик шундай холис бир дуонинг сабабчисидир. Диндор бўлган хаста ҳам, хастага қараган мўминлар ҳам бу дуодан истифода қилишлари керак.

 

ЎН САККИЗИНЧИ ДАВО

Эй шукрни тарк этиб, шикоятга ўтган хаста!

Шикоят бир ҳақдан келади. Сенинг бирор ҳаққинг зое бўлмаганки, шикоят қилсанг. Балки сенинг зиммангдаги ҳақ бўлган кўп шукрлар бор, қилмадинг. Жаноби Ҳақнинг ҳаққини бермай, ҳақсиз бир суратда ҳақ истаётгандек, шикоят этаётирсан.

Сен ўзингдан юқори мартабалардаги соғломларга қараб шикоят этолмайсан. Балки сен ўзингдан сиҳат жиҳатидан паст даражаларда бўлган бечора хасталарга қараб шукр қилишга буюрилгансан. Сенинг қўлинг синган бўлса, кесилган қўлларга боқ! Бир кўзинг бўлмаса, иккала кўзи кўрларга боқ! Аллоҳга шукр эт!

Ҳа, неъматда ўзидан юқорига боқиб шикоят этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳар мусибатзаданинг ҳаққи эса, ўзидан мусибати зиёдароқ бўлганларга боқмоқдирки, шукр этсин. Бу сир баъзи рисолаларда бир мисол ила изоҳланган, қисқачаси шуки:

Бир зот бир бечорани бир минорага чиқаради. Миноранинг ҳар поғонасида биттадан турли хил эҳсон, биттадан ҳадя беради. Миноранинг энг юқорисида эса, энг катта бир ҳадяни беради. У турли хил ҳадяларга жавобан ундан ташаккур ва миннатдорлик исталгани ҳолда, у тажанг одам у поғоналарда кўрган ҳадяларни унутиб ва ёхуд кам кўриб, шукр этмай, юқорига боқиб, "Кошки бу минора баландроқ бўлсайди, янада юқорига чиқсайдим! Нима учун у тоғ каби ва ёхуд нариги минора каби жуда баланд эмас?" деб шикоят қила бошласа, нақадар куфрони неъматдир, бир ҳақсизликдир!

Шунингдек, бир инсон йўқдан вужудга келиб, тош бўлиб эмас, дарахт бўлиб қолмай, ҳайвон бўлиб эмас, инсон бўлиб, мусулмон ўлароқ, кўп вақт сиҳат-саломатлик кўриб, неъматнинг юксак бир даражасини қозонгани ҳолда, баъзи нуқсонлар етганда, сиҳат-саломатлик каби неъматларга лойиқ кўрилмагани учун ёки ихтиёрини суиистеъмол қилиш билан қўлидан чиқаргани ёхуд қўли етишмагани учун шикоят этиш, сабрсизлик кўрсатиш, "Эй воҳ, нима қилдимки, бу иш бошимга келди?" дея Рубубияти Илоҳияни танқид қилишдек бир ҳолат, моддий хасталикдан мусибатлироқ бўлган бир маънавий хасталикдир. Синган қўл ила урушганда баттар бўлганидек, шикояти ила хасталигини зиёдалаштиради.

Оқил удирки, اَلَّذِينَ اِذَآ اَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوۤا اِنَّا ِللهِ وَاِنَّآ اِلَيْهِ رَاجِعُونَ  сирига биноан, таслим бўлиб сабр қилади, то у хасталик вазифасини битирсин, кетсин.

 

ЎН ТЎҚҚИЗИНЧИ ДАВО

Жамийли Зулжалолнинг бутун исмлари, "Асмо ул-ҳусно" дейилган Самадоний ибора ила кўрсатадики, гўзалдирлар. Мавжудот ичида энг латиф, энг гўзал, энг жомеъ Сомадият ойнаси ҳам ҳаётдир. Гўзалнинг ойнаси гўзалдир. Гўзалнинг гўзалликларини кўрсатган ойна гўзаллашади. У ойнанинг бошига у гўзалдан нимаики келса, гўзал бўлганидек, ҳаётнинг бошига ҳам нимаики келса, ҳақиқат нуқтасида гўзалдир. Чунки гўзал бўлган нарса ул Асмо ул-Ҳуснонинг гўзал нақшларини кўрсатади.

Ҳаёт доимо сиҳат-саломатликда бир текис кечса, ноқис бир ойна бўлади. Балки бир жиҳатда адам, яъни йўқлик ва ҳечликни ҳис эттириб сиқади, ҳаётнинг қийматини туширади, умрнинг лаззатини қийинчиликка айлантиради. Вақтимни тез ўтказай дея сиқилишдан ё гуноҳларга, ё бемаъни машғулотларга берилади. Қамоқ муддати каби, қийматли умрига душманлик этиб, тезроқ ўлдириб тугатишни истайди.

Аммо ўзгаришда ва ҳаракатда ва ҳар турли ҳолатлар ичра оқиб кетаётган ҳаёт эса қийматини ҳис эттиради, умрнинг аҳамиятини ва лаззатини билдиради. Машаққатда ва мусибатда бўлса ҳам, умрнинг ўтишини истамайди. ╚Э, қуёш ботмаяпти ё кеча битмаяпти╩, дея сиқилиб: "Уф, уф!" демайди.

Ҳа, ғоят бой, лекин ишсиз, истироҳат тўшагида ётган ва ҳар нарсаси мукаммал бир жанобдан: "Аҳволинг қандай?" деб сўра. Албатта: "Э, вақт ўтмаяпти, кел, бир нарда ўйнаймиз. Ва ёхуд вақтни ўтказиш учун бир овунчоқ топамиз," каби алам аралаш сўзларни ундан эшитасан. Ва ёхуд узундан-узун орзуларга берилганликдан туғилувчи: "Бу нарсам кам, кошки шу ишни қилсайдим," каби шикоятлар эшитасан.

Энди сен бир мусибатзададан ёки ишчидан, қийин ҳолга тушиб қолган бир фақирдан:

"Не ҳолдасан?" деб сўра. Ақли жойида бўлса, айтадики:

"Шукрлар бўлсин Раббимга, яхшиман, ҳаракат қилаётирман. Кошки қуёш тез ботмасайди, бу ишни ҳам битирсайдим! Вақт тез ўтаётир, умр тўхтамай кетаётир. Воқеъда заҳмат чекаётирман, лекин бу ҳам ўтар кетар. Ҳар нарса шундай тез ўтаётир," дея умри маънан нақадар қийматли эканини, унинг ўтаётганига афсусланиш билан билдиради.

Демак, машаққат ва ҳаракат қилиш билан умрнинг лаззатини ва ҳаётнинг қийматини англайди. Истироҳат ва сиҳат эса аксинча, умрни аччиқлаштирадики, тезроқ ўтишини орзу этади.

Эй хаста қардош!

Билки, бошқа рисолаларда қатъий бир суратда батафсил исбот этилганидек, мусибатларнинг, ёмонликларнинг, ҳатто гуноҳларнинг асли ва асоси йўқликдир. Йўқлик эса ёмонликдир, қоронғиликдир. Бир текисда ўтувчи истироҳат, сукут, сукунат, турғунлик каби ҳолатлар йўқликка, ҳечликка яқинлиги учун инсонга йўқликдаги қоронғиликни ҳис эттириб сиқади. Ҳаракат ва ўзгариш эса борликдир, борликни ҳис эттиради. Борлик эса холис яхшиликдир, нурдир.

Модомики ҳақиқат будир, сендаги хасталик қийматли ҳаётингни покламоқ, кучайтирмоқ, тараққий эттирмоқ ва вужудингдаги бошқа инсоний аъзоларни ул хаста аъзонинг атрофига ёрдам учун тўпламоқ ҳамда Сониъи Ҳакиймнинг бошқа-бошқа исмларининг нақшларини кўрсатмоқ каби кўп вазифалар учун сенинг вужудингга мусофир ўлароқ жўнатилган. Иншоаллоҳ, тез вазифасини битиради, кетади. Ва саломатликка:

"Сен кел, менинг ўрнимда доимий қол, вазифангни адо эт. Энди бу хона сеникидир, саломат бўл," дейди.

 

ЙИГИРМАНЧИ ДАВО

Эй дардига дармон излаётган хаста!

Хасталик икки қисмдир: Бир қисми ҳақиқий, бир қисми ваҳмийдир.

Ҳақиқий қисми шуки: Шофийи Ҳакийми Зулжалол ер курраси бўлмиш улкан дорихонасида ҳар дардга бир давони тайёрлаб қўйган. У даволар дардларни истайдилар. Яъни ҳар дардга бир дармон яратган. Даволаниш учун дориларни олиш, истеъмол этиш тўғри, аммо таъсирни ва шифони Жаноби Ҳақдан деб билмоқ керак. Дармонни У берганидек, шифони ҳам У беради.

Мутахассис, диндор табибларнинг тавсияларига амал қилиш аҳамиятли бир доридир. Чунки аксар хасталиклар суиистеъмоллардан, парҳезсизликдан ва исрофдан ва гуноҳлардан ва сафоҳатдан ва диққатсизликдан келади. Диндор табиб, албатта ҳалол бир доирада насиҳат қилади ва тавсиялар беради. Суиистеъмоллардан, исрофлардан ман этади, тасалли беради. Хаста ўша тавсия ва тасаллига амал қилса, хасталиги енгиллашади, қийинчилик ўрнига бир енгиллик беради.

Аммо ваҳмий хасталик қисмининг эса энг таъсирли дориси, аҳамият бермасликдир. Аҳамият берилган сари у катталашади, шишади. Аҳамият берилмаса, у кичраяди, тарқаб кетади. Ариларга ҳужум қилинса, улар тўпланиб инсоннинг бошини талайдилар, парво қилинмаса, тарқаб кетадилар. Ҳам қоронғиликда хиёл тебраниб турган бир ипнинг кўринишидан пайдо бўлган хаёлга аҳамият берилса, ип катталашади. Ҳатто баъзан, одамни даҳшатга солади. Аҳамият бермаса, у оддий бир ип эканини, асло илон эмаслигини кўради, фикридаги ваҳимасига кулади.

Бу ваҳмий хасталик кўп давом этса, ҳақиқатга айланади. Ваҳимачи ва асабий инсонларда у ёмон бир хасталикдир; пашшадан фил ясайди, маънавий кучи синади. Хусусан, марҳаматсиз чала табибларга ва ёхуд инсофсиз дўхтирларга рўбарў келса, ваҳималарини янада зиёдалаштиради. Бой бўлса, моли кетади, бўлмаса, ё ақли ё соғлиғи кетади.

 

ЙИГИРМА БИРИНЧИ ДАВО

Эй хаста қардош!

Сенинг хасталигингда моддий алам бор. Лекин у моддий аламнинг таъсирини маҳв этадиган аҳамиятли бир маънавий лаззат сени ўраб турибди. Чунки падар ва волиданг ва ақраболаринг бор бўлса, сен кўпдан бери унутган ғоят лаззатли шафқатлари сенинг атрофингда янгидан уйғонади, болалик вақтида кўрган ул ширин назарларни яна кўрасан. Шу билан бирга, кўп яширин, пардали қолган атрофингдаги дўстликлар хасталикнинг жозибаси ила яна сенга нисбатан муҳаббаткорона боқадиларки, албатта сенинг бу моддий аламинг бундай муносабатлар олдида жуда арзимас бўлиб қолади.

Ҳам сен ифтихор ила хизмат этган ва илтифотларини қозонишга интилган зотлар хасталикнинг ҳукми ила сенга марҳаматкорона хизматкорлик қилганидан, сен ҳурмат қилган зотлар сени ҳурмат қилади.

Ҳамда инсонлардаги одамзодга ачиниш ҳиссини ва шафқатни ўзингга жалб этганингдан, йўқ жойдан кўп ёрдамчи аҳбоб ва шафқатли дўст топасан.

Ҳамда кўп машаққатли хизматлардан озод бўлиш амрини хасталик туфайли оласан, истироҳат этасан. Албатта, сенинг жузъий аламинг бу маънавий лаззатлар олдида сени шикоятга эмас, ташаккурга ундамоғи керак.

 

ЙИГИРМА ИККИНЧИ ДАВО

Эй фалаждай оғир хасталикларга мубтало бўлган қардош!

Аввало, сенга мужда, яъни хушхабар бераманки, мўмин учун фалаж муборак ҳисобланади. Буни кўпдан бери авлиёлардан эшитардим, сирини билмасдим. Бир сири қалбимга шундай келмоқда:

Аҳлуллоҳ (яъни, валий зотлар) Жаноби Ҳаққа восил бўлиш ва дунёнинг азийм маънавий таҳликаларидан қутулиш ва абадий саодатга эришиш учун икки асосни ихтиёран таъқиб этган.

Бири: Робитаи мавтдир (Ўлимни доим ёдда тутиш). Яъни, дунё фоний бўлгани каби, ўзи ҳам шу дунё ичида вазифадор фоний бир мусофир эканини ўйлаганлар ва шу ҳолати билан абадий ҳаётларига интилганлар.

Иккинчиси: Нафси амморанинг ва кўр ҳиссиётнинг таҳликаларидан қутулиш учун чилла ўтириш ила, риёзатлар ила нафси амморани ўлдиришга ҳаракат қилганлар.

Эй ярим вужудининг сиҳатини йўқотган қардош! Сенга ихтиёрсиз, қисқа ва қулай ва саодатга сабаб бўлгувчи икки асос берилганки, доимо вужудингнинг вазиятини, дунёнинг заволини ва инсоннинг фоний эканини ёдингга солиб туради. Бундан кейин дунё сени бўға олмайди, ғафлат сенинг кўзингни тўсолмайди. Ва яримжон ҳолатидаги бир зотни нафси аммора разил ҳаваслар ила ва нафсоний иштаҳа қўзғовчи нарсалар ила алдай олмайди. Нафснинг у балосидан осонгина қутулади.

Хуллас, мўмин сирри иймон, таслимият ва таваккул ила фалаж каби ул оғир хасталикдан оз бир вақтда авлиёларнинг чиллалари каби истифода этиши мумкин. Шунда ул оғир хасталик ниҳоятда арзимас бўлиб қолади.

 

ЙИГИРМА УЧИНЧИ ДАВО

Эй кимсасиз, ғариб, бечора хаста!

Хасталигинг билан бирга ёлғизлик ва ғурбат сенга нисбатан энг тошбағирларни ҳам юрагини юмшатса ва шафқат назарини жалб этса, ажабо, барча Қуръон сураларининг бошида ўзини "Раҳмонир Раҳийм" сифати ила бизга тақдим этган; ва шафқатининг бир шуъласи ила умум гўдакларга нисбатан барча волидаларни ул ажиб шафқати ила тарбия этдирган; ва ҳар баҳорда бир жилваи раҳмати ила замин юзини неъматлар-ла тўлдирган; ва абадий ҳаётдаги жаннат бутун гўзалликлари ила бир жилваи раҳмати бўлган Холиқи Раҳиймингга сенинг иймон ила боғланишинг ва Уни таниб, хасталикнинг ожизона тили ила ёлворишинг, албатта, сенинг бу кимсасиз ғурбатдаги хасталигингда сенга буларнинг ҳаммасини ўрнини босадиган Унинг раҳмат назарини жалб этади.

Модомики У бор ва сенга боқаётган экан, сен учун ҳар нарса бор. Асл ғурбатда ва ёлгизликда қолганлар, иймон ва таслимият билан Унга боғланмайдиган ёҳуд боғланишга аҳамият бермайдиганлардир.

 

ЙИГИРМА ТЎРТИНЧИ ДАВО

Эй маъсум хаста болаларга ва маъсум болалар ҳукмида бўлган кексаларга хизмат қилаётган касалбоқувчилар!

Сизлар муҳим бир охират тижорати қаршисида турибсизлар. Шавқ ва ғайрат ила у тижоратни қозонингиз.

Аҳли ҳақиқат исбот этганки, маъсум болаларнинг хасталиклари у нозик вужудлар учун бир машқ, бир риёзат ва келажакда дунёнинг изтиробларига дош бера олиши учун бир эмлаш ва тарбияи Раббония сингари, боланинг дунёдаги ҳаётига оид кўп ҳикматлари бор. Айни чоғда, руҳий ҳаётига ва ҳаётининг покланишига сабаб бўладиган катталардаги каффоратуз-зунуб (гуноҳларга каффорат) ўрнига маънавий ва келажакда ёхуд охиратда маънавий тараққиётига сабаб бўлажак эмлаш навидаги хасталиклардан келган савоб, падар ва волидаларининг амал дафтарига, билхосса, шафқат сири ила боланинг соғлиғини ўз соғлиғидан устун қўйгувчи волидасининг ҳасанотлари саҳифасига ёзилади.

Кексаларни парвариш қилиш эса, ҳам улкан савоб олиш билан бирга, у кексаларнинг, хусусан падар ва волида бўлса, дуоларини олиш, қалбларини хушнуд этиш, вафодорона хизмат қилиш ҳам бу дунёдаги саодатга, ҳам охират саодатига сабаб бўлиши саҳиҳ ривоят ила ва кўп тарихий воқеалар ила собитдир. Кекса падар ва волидаларга тўлиқ итоат қиладиган бахтиёр бир фарзанд ўз фарзандларидан ҳам айни муносабатни кўради. Бадбахт бир фарзанд эса, агар ота-онасини ранжида этса, охират азобидан ташқари, дунёда ҳам кўп фалокатлар билан жазосини кўради. Ҳаётда бундай ҳодисалар кўп содир бўлган.

Ҳа, кексаларни, маъсумларни парвариш қилиш фақатгина қариндошлардан бўлсагина эмас, балки аҳли иймондан бири уларга рўбарў келса √ модомики иймон сирига кўра ҳақиқий биродарлик бор экан √ муҳтарам хаста кекса унга муҳтож бўлса, руҳу жон ила унга хизмат этиш Исломиятнинг тақозосидир.

 

ЙИГИРМА БЕШИНЧИ ДАВО.

Эй хаста қардошлар!

Сиз ғоят фойдали ва ҳар дардга даво ва ҳақиқий лаззатли муқаддас бир дармон истасангиз, иймонингизни ўстирингиз. Яъни, тавба ва истиғфор ила ҳамда намоз ва ибодатлар ила ул муқаддас дармон бўлмиш иймонни ва иймондан ҳосил бўлган дорини истеъмол қилингиз.

Ҳа, дунёга муҳаббат ва боғланиш туфайли, ғафлат аҳлининг дунёдек катта, хаста маънавий бир вужуди бордир. Иймон эса дунёдек улкан завол ва фироқ зарбаларидан яра-чақа ичида бўлган ул маънавий вужудига бирдан шифо бериб, яралардан қутқариб, ҳақиқий шифо беришини жуда кўп рисолаларда қатъий исбот этганмиз. Бошингизни оғритмаслик учун гапни қисқа қиламан.

Иймон дориси эса, фарзларни мумкин қадар адо этиш билан таъсирини кўрсатади. ғафлат ва гуноҳлар ва нафсоний ҳаваслар ва шариатга зид кўнгилхушликлар у дармоннинг таъсирини кесади. Хасталик модомики ғафлатни йўқотиб, иштаҳани кесар экан, ҳаром лаззатларга берилиб кетишга тўсиқ бўлар экан, ундан фойдаланиб қолингиз. Ҳақиқий иймоннинг муқаддас дориларидан ва нурларидан тавба ва истиғфор ила, дуо ва ниёз ила истеъмол этингиз.

Жаноби Ҳақ сизларга шифо берсин, хасталикларингизни каффоратуз-зунуб қилсин. Омийн, омийн, омийн!

وَقَالُوا الْحَمْدُ ِللهِ الَّذِى هَدٰينَا لِهٰذَا وَمَا كُنَّا لِنَهْتَدِىَ لَوْلاَ اَنْ هَدٰينَا اللهُ لَقَدْ جَاۤءَتْ رُسُلُ رَبِّنَا بِالْحَقِّ

سُبْحَانَكَ لاَعِلْمَ لَنَاۤ اِلاَّ مَاعَلَّمْتَنَاۤ اِنَّكَ اَنْتَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ

اَللّهُمَّ صَلِّ عَلٰى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ، طِبِّ الْقُلُوبِ وَدَوَاۤئِهَا وَعَافِيَةِ اْلاَبْدَانِ وَشِفَاۤئِهَا وَنُورِ اْلاَبْصَارِ وَضِيَاۤئِهَا وَعَلٰى اٰلِهِ وَصَحْبِهِ وَسَلِّمْ

 

 

* * *

  

Ўн еттинчи Мактуб

Бола вафоти таъзияномаси

 

بِسْمِهِ * وَاِنْ مِنْ شَىْءٍ اِلاَّ يُسَبِّحُ بِحَمْدِهِ 

Азиз қиёматли дўстим Ҳофиз Холид афанди!

 بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ * اَلَّذِينَ اِذَاۤ اَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قاَلوُاۤ اِنَّا ِللهِ وَاِنَّاۤ اِلَيْهِ رَاجِعُونَ

Қардошим! Фарзандингнинг вафоти мени изтиробга солди. Бироқ,  اَلْحُكْمُ ِللهِ "Алҳукму лиллоҳ", қазога ризо, тақдирга таслим Исломиятнинг бир шиоридир. Жаноби Ҳақ сизларга сабри жамил ато этсин. Марҳумни эса, сиз учун захираи охират ва шафоатчи қилсин. Сизга ва сиз каби тақводор мўминларга буюк бир хушхабар ва ҳақиқий бир тасалли берадиган "Беш Нуқта"ни баён этамиз.

Биринчи Нуқта: Қуръони Ҳакиймдаги  وِلْدَانٌ مُخَلَّدُونَ нинг сири ва маъноси шуки, мўминларнинг балоғатга етмай вафот этган фарзандлари:

жаннатда абадий, севимли ва жаннатга лойиқ бир тарзда доимий бола ҳолида қолишини;

ва жаннатга кирган падар ва волидаларининг қучоқларида сурурларига абадий сабабчи бўлиб юришини;

ва фарзандни суйиш ва уни эркалашдек энг латиф бир завққа ота-онасини муяссар этишга сабабчи бўлишини;

ва ҳар бир лаззатли нарсанинг асли жаннатда мавжудлигини;

╚Жаннат насл кўпайтирадиган жой бўлмагани учун у ерда фарзандни суйиш ва эркалатиш бўлмайди, деганларнинг ҳукмлари ҳақиқат эмаслигини;

ва дунёда ўн йиллик қисқа бир вақт ичида аламу-изтиробларга қоришиқ фарзанд суйиш ва эркалатиш ўрнига соф, аламсиз миллион йиллар абадий фарзандни суйиш ва эркалатиш бахтига муяссар бўлмоқ аҳли иймон саодатининг энг катта бир сабабчиси эканига бу ояти карима жумласи ила ишора этади ва севинчли хушхабар беради.

Иккинчи Нуқта: Бир пайтлар бир одам зиндонда экан. Унинг севимли фарзанди ёнига юборилган. У бечора маҳбус ҳам ўзининг аламларини чекар, ҳам боласининг истироҳатини таъмин этолмагани учун баттар эзилар эди. Шунда марҳаматкор ҳоким унинг ёнига бир одамни юбориб дейдики:

"Шу бола гарчи сенинг фарзандинг бўлса ҳам, лекин менинг раиятим ва менинг халқимдандир. Шунинг учун мен уни оламан ва гўзал бир саройда парвариш қиламан."

У одам эса йиғлаб-сиқтайди: "Менинг овунчимнинг сабабчиси бўлган боламни бермайман," дейди.

Биродарлари унга дейдиларки:

"Сенинг хафа бўлишинг маъносиздир. Агар сен болага ачинаётган бўлсанг, шу гўдак бу ифлос, бадбўй, сиқувчи зиндоннинг ўрнига севинчли, саодатли бир саройга кетса, сен учун яхши эмасми?

Бордию сен нафсинг учун ачинаётган ва манфаатингни ўйлаётган бўлсанг, боланг бу зиндонда қолса, сенга вақтинча манфаати бўлиши ҳам гумон, аммо манфаат топган тақдирингда ҳам, боланинг бу ерда қийналишидан қайғу ва алам чекасан.

Агар болангни у ерга юборсанг, сен учун минг манфаати бор. Чунки подшоҳнинг раҳм-шафқатини жалб этишга сабаб бўлади, сен учун эса бир шафоатчи ҳукмига ўтади. Подшоҳ уни сен билан кўриштиришни истайди. Албатта, кўриштириш учун зиндонга юбормайди. Балки сени зиндондан чиқариб, у саройга чақиради, боланг билан кўриштиради. Аммо буларнинг юзага чиқишининг шарти шуки, подшоҳга ишончинг ва итоатинг бўлиши зарур."

Хуллас, мана шу мисол каби, азиз дўстим, сенингдек мўминларнинг фарзандлари вафот этганида, аввало шуни фикр қилмоқ лозим: Бу гўдак маъсумдир. Унинг Холиқи эса, Раҳийм ва Кариймдир. Менинг нуқсонли тарбия ва шафқатимнинг ўрнига, ўзининг ғоятда комил бўлган иноят ва раҳматига олди. Дунёнинг аламли, мусибатли, машаққатли зиндонидан халос этиб, Жаннатул-Фирдавсга юборди. У гўдак қандай бахтли! Шу дунёда қолса эди, ким билсин, қандай одам бўларди. Шунинг учун мен унга ачинмайман, уни бахтиёр деб биламан.

Нафсимнинг фойдасини ўйлайдиган бўлсам... ўзимга ҳам ачинмайман, аламли афсус чекмайман. Чунки дунёда қолса эди, ўн йиллик вақтинча, аламларга қоришиқ фарзанд муҳаббатини бахш этарди холос. Агар солиҳ, дунё ишларига ҳам чаққон бўлса эди, балки менга ёрдам қиларди. Аммо вафоти билан мен учун абадий жаннатда ўнлаб миллион йил фарзанд муҳаббатига сабабчи ва абадий саодатга васила бўладиган бир шафоатчи ҳукмига ўтади. Албатта ва албатта, шубҳали ва даргумон бўлган бир фойдадан айрилган, лекин муҳаққақ ва тайин минг фойдага эришган инсон аламли афсус чекмайди ва маъюсона фарёд қилмайди.

Учинчи Нуқта: Вафот этган бола Холиқи Раҳиймнинг махлуқи, мулки ва бандаси, бутун борлиғи ила Унинг санъати ва унга оид бўлиб, ота-онасига эса бир ўртоқ эдики, вақтинчалик уларнинг назоратига берилган эди. Падар ва волида унга хизматкор қилинган эди. Ота-онанинг у хизматларига жавобан нақд бир ҳақ тарзида уларга лаззатли бир шафқат ато этган.

Энди, мингдан тўққиз юз тўқсон тўққиз ҳисса соҳиби бўлган ул Холиқи Раҳийм раҳмат ва ҳикматининг тақозосига кўра, у гўдакни сенинг қўлингдан олиб, хизматингга хотима берса, оз бир ҳисса ила ҳақиқий минг ҳисса соҳибидан шикоят этаётгандай маъюсона қайғуриб фарёд этиш, аҳли иймонга ярашмайди, балки бу иш аҳли ғафлат ва аҳли залолатга муносибдир.

Тўртинчи Нуқта: Агар дунё абадий бўлсайди, инсон дунёда абадий қолсайди ҳамда фироқ абадий бўлса эди, аламли изтироб ва маъюсона эзилишнинг бир маъноси бўларди.

Бироқ, модомики дунё бир меҳмонхона экан; вафот этган гўдак қаерга кетган бўлса, сиз ҳам, биз ҳам у ерга йўл олурмиз. Ҳамда бу вафот фақатгина унга хос эмас, балки умумий бир йўлдир... Ҳам модомики, фироқ ҳам абадий эмас, келажакда ҳам қабрда, ҳам жаннатда кўришилар экан, дейиш лозим. "Ўзи берди, ўзи олди", "Алҳамдулиллоҳи ала кулли ҳол!" деб сабр ила шукр этмоқ лозим.

Бешинчи Нуқта: Раҳмати Илоҳиянинг энг латиф, энг гўзал, энг хуш, энг ширин жилваларидан бўлмиш шафқат, бир нуроний дармондир. Ишқдан кўра ўткирдир. Тезда Жаноби Ҳақнинг висолига эриштиради. Худди ишқи мажозий ва ишқи дунёвий жуда кўп мушкулотлар билан ишқи ҳақиқийга айланиб, Жаноби Ҳақни топганидек, шафқат ҳам √ бироқ мушкилотсиз янада қисқа, янада соф бир тарзда √ қалбни Жаноби Ҳаққа боғлайди. Хоҳ ота, хоҳ она бўлсин, ўз фарзандини бутун дунёчалик севади. Фарзанди қўлидан олинган вақт, агар бахтиёр ва ҳақиқий аҳли иймондан бўлса, дунёдан юзни ўгириб, Мунъими Ҳақиқийни топади. Дейдики: "Демак, дунё фоний экан, кўнгил қўйишга арзимайди". Фарзанди қаерга кетган бўлса, ўша ерга нисбатан қалбида бир алоқа пайдо этади. Буюк маънавий бир ҳолга ноил бўлади.

Аҳли ғафлат ва аҳли залолат юқорида зикр этилган шу беш ҳақиқатдаги саодат ва башоратдан маҳрумдирлар. Уларнинг ҳоли нақадар аламли эканини шу мисолдан қиёс қилинг. Бир киши жуда ҳам яхши кўрган суюкли биргина боласини сакаротда (жон берар ҳолида) кўриб, ўзини абадий деб ўйлаганидан, ғафлат ёки залолат натижасида ўлимни йўқлик ва абадий фироқ деб тасаввур қилганидан, юмшоқ тўшаги ўрнида қабрнинг тупроғини ўйлаб, ғафлат ёки залолат туфайли, Арҳамур-роҳимийннинг жаннати раҳматини, фирдавси неъматини ўйламаганидан, нақадар маъюсона бир қайғу ва алам чекишини қиёслай олурсан.

Бироқ икки дунё саодатининг сабабчиси бўлган иймон ва Исломият мўминга нидо қилиб дейдики: Шу жон талвасасидаги фарзандингнинг Холиқи Раҳийми уни бу ифлос дунёдан олиб, жаннатига олиб кетажак. Ҳам сенга шафоатчи ҳамда абадий бир фарзанд қилажак. Фироқ вақтинчадир, қайғурма де, сабр қил

 Саид Нурсий.

* * *

 

ИККИНЧИ ЁҒДУ

   بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

اِذْ نَادٰى رَبَّهُ اَنِّى مَسَّنِىَ الضُّرُّ وَاَنْتَ اَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ

 

Сабр қаҳрамони Ҳазрати Айюб Алайҳиссаломнинг бу муножоти ҳам мақбул, ҳам таъсирлидир. Бизлар эса, оятдан иқтибос суратида ўз муножотимизда

رَبِّى اَنِّى مَسَّنِىَ الضُّرُّ وَاَنْتَ اَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ

дейишимиз керак.

Ҳазрати Айюб Алайҳиссаломнинг машҳур қиссасининг хулосаси шуки: Жуда кўп яра-чақа ичида анча муддат қолгани ҳолда, у яраларнинг азийм мукофотини англаб, камоли сабр ила таҳаммул этган, яъни бардош берган..

Сўнгра яраларидан пайдо бўлган қуртлар юрагига ва тилига ҳужум қилган вақтда, зикр ва маърифати Илоҳиянинг маконлари бўлмиш қалб ва тилига илашганлари учун, у ибодат вазифасига халал беради деган тушунча ила, ўз истироҳати учун эмас, балки ибодати Илоҳия учун: "Ё Раб! Менга зарар келди. Тилдаги зикримга ва қалбан ибодатимга халал бермоқда," дея муножот1 қилган. Жаноби Ҳақ у холис ва соф, ғаразсиз, Аллоҳ учун қилинган муножотни ғоят ажиб бир суратда қабул этган. Камоли соғлиғини эҳсон этиб, марҳаматининг турли хил навларига сазовор айлаган. Ушбу Ёғдуда Беш Нукта (яъни, нозик маъно) бор.

 

БИРИНЧИ НУКТА:

Ҳазрати Айюб Алайҳиссаломнинг зоҳирий ярали хасталигининг ўрнида бизнинг ботиний ва руҳий ва қалбий хасталикларимиз бор. Ичимиз ташимизга, ташимиз ичимизга бир ўгирилса, Ҳазрати Айюбдан ҳам кўпроқ ярали ва хаста кўринамиз. Чунки қилган ҳар бир гуноҳимиз, бошимизга кирган ҳар бир шубҳа қалб ва руҳимизда яралар очади.

Ҳазрати Айюб Алайҳиссаломнинг яралари қисқагина дунёвий ҳаётига хавф солар эди. Бизнинг маънавий яраларимиз эса, жуда узун бўлган абадий ҳаётимизга хавф солмоқда. Ул муножоти Айюбияга у Ҳазратдан минг марта кўпроқ бизлар муҳтожмиз.

Хусусан, у Ҳазратнинг яраларидан ўсиб чиққан қуртлар қалб ва тилига қандай ҳужум қилган бўлса, худди шунингдек, гуноҳларимиздан пайдо бўлган яралар ва яралардан ҳосил бўлган васвасалар, шубҳалар √ наъузу биллаҳ (Аллоҳ сақласин) √ иймоннинг макони бўлмиш қалбнинг ичига ҳужум қилиб иймонни задалайди ва иймоннинг таржимони бўлмиш тилнинг руҳоний завқига илашиб, зикрдан нафраткорона узоқлаштиради, овозини ўчиради.

Ҳа, гуноҳ қалбни қорайтира-қорайтира, то нури иймонни чиқаргунга қадар қаттиқлаштиради. Ҳар бир гуноҳ ичида куфрга элтадиган бир йўл бор. У гуноҳ истиғфор ила тезликда йўқ қилинмаса, қурт эмас, балки маънавий кичик бир илон бўлиб қалбни чақади.

Масалан, уятли бир гуноҳни яширин қилган бир одам бошқаларнинг хабар топишидан жуда уялгани учун малоика ва руҳларнинг борлиги унга жуда оғир келади. Салгина бир нарса ила уларни инкор этишни орзу қилади.

Ҳам, масалан, натижаси жаҳаннам азоби бўлган буюк бир гуноҳни қилган одам, жаҳаннам хусусидаги таҳдидларни эшитган заҳотиёқ истиғфор ила унга қарши қалқон тутмаса, бутун руҳи ила жаҳаннамнинг йўқ бўлишини орзу этгани учун, кичик бир аломат ва бир шубҳа унга жаҳаннамни инкор этишга жасорат беради.

Ҳам, масалан, арзимас бир вазифани бажармагани учун кичик бир бошлиғидан олажак жазодан қўрқадиган одам, фарз намозини ўқимаган ва ибодат вазифасини адо этмаган вақт, Султони Азал ва Абаднинг такрор-такрор буйруқларига хилоф ўлароқ фарзида қилган танбаллиги қаттиқ бир изтироб беради ва у изтироб туфайли шундай орзу қилади ва маънан: "Кошки у ибодат вазифаси бўлмасайди," дейди. Бу орзудан эса бир маънавий адовати Илоҳияни эслатадиган инкор орзуси уйғонади. Аллоҳнинг мавжудлигига доир бир шубҳа қалбга келса, қатъий далил каби унга ёпишишга майл кўрсатади. Унга буюк бир ҳалокат эшиги очилади. У бадбахт билмайдики, инкори туфайли ибодат вазифасини адо этишда ғоят жузъий бир қийинчиликка дуч келса, инкорда эса у қийинчиликдан миллион баробар кўпроқ маънавий сиқилишларга ўзини дучор қилади. Чивиннинг чақишидан қочиб, илоннинг чақишини қабул этади ва ҳоказо... Бу уч мисолга қиёсланса, بَلْ رَانَ عَلٰى قُلوُبِهِمْ сири англашилади.

 

ИККИНЧИ НУКТА:

Тақдир сирига доир Йигирма олтинчи Сўзда баён этилганидек, мусибат ва хасталикларга учраганда инсонларнинг уч жиҳатла шикоятга ҳақлари йўқ.

Биринчи Жиҳат: Жаноби Ҳақ инсонга кийдирган вужуд либоси билан санъатини намоён этади. Инсонни эса, модел қилганки, ул вужуд либосини у модел устида кесади, бичади, алмаштиради, ўзгартиради, мухталиф исмларининг жилвасини кўрсатади. Шофий исми хасталикни истаганидек, Раззоқ исми очликни тақозо этади ва ҳоказо...

مَالِكُ الْمُلْكِ يَتَصَرَّفُ فِى مُلْكِهِ كَيْفَ يَشَاۤءُ

Иккинчи Жиҳат: Ҳаёт мусибатлар ва хасталиклар билан софлашади, камол топади, қувват топади, тараққий этади, натижа беради, мукаммаллашади, ҳаётий вазифасини бажаради. Истироҳат тўшагида бир текисда кечадиган ҳаёт тамоман хайрли бўлган мавжудликдан кўра кўпроқ батамом ёмонлик бўлган йўқликка яқиндир ва унга олиб боради.

Учинчи Жиҳат: Бу дунё имтиҳон майдонидир ва хизмат еридир. Лаззат ва ажр ва мукофот жойи эмас Модомики хизмат ери ва ибодат макони экан, хасталиклар ва мусибатлар, агар диний бўлмаса ва уларга сабр этилса, у хизматга ва у ибодатларга жуда мувофиқ бўлади ва қувват беради. Ҳамда ҳар бир соатни бир кунлик ибодат ҳукмига келтиради. Шу боис шикоят эмас, шукр этмоқ керакдир.

Ҳа, ибодат икки қисмдир.

Бир қисми мусбат, бошқаси манфий.

Мусбат қисми маълумдир.

Манфий қисми эса, хасталиклар ва мусибатлар-ла мусибатзада ўзининг заифлигини ва ожизлигини ҳис этиб, Рабби Раҳиймига илтижокорона юзланиб, Уни ўйлаб, Унга ёлвориб, холис бир ибодат қилади. Бу ибодатга риё киролмайди, холисдир.

Агар сабр қилса, мусибатнинг мукофотини ўйлаб шукр этса, у вақт ҳар бир соати бир кунлик ибодат ҳукмига ўтади. Қисқагина умри узун бир умр бўлади. Ҳатто яна бир қисми борки, бир дақиқаси бир кунлик ибодат ҳукмига ўтади.

Бир охират қардошим Муҳожир Ҳофиз Аҳмад исмли бир зотнинг мудҳиш бир хасталигига кўп ташвишландим. Қалбимга: "Уни табрикла. Ҳар бир дақиқаси бир кунлик ибодат ҳукмига ўтмоқда," дея хотирлатилди. Зотан у зот сабр ичра шукр этарди.

 

УЧИНЧИ НУКТА:

Бир-икки Сўзларда баён этганимиздек, ҳар инсон ўтмиш ҳаётини ўйласа, қалбига ва тилига ё "Эҳ!" ва ё "Оҳ!" келади. Яъни, ё афсус қилади, ё "Алҳамдулиллоҳ" дейди.

Афсуслантирган нарса, ўтган замондаги лаззатларининг завол ва фироқидан туғиладиган маънавий аламлардир. Чунки лаззатнинг заволи, аламдир. Баъзан вақтинчалик бир лаззат доимий алам беради. Эслаш эса у аламни қўзғайди, афсусларга йўл очади.

Аввал кечирган вақтинчалик аламларнинг заволидан ўсиб чиқувчи маънавий ва доимий лаззат "Алҳамдулиллоҳ" дегизади. Бу фитрий ҳолат билан бирга, мусибатларнинг натижаси бўлмиш савоб ва охиратдаги мукофот қозонилади. Демак, қисқа умрни мусибат воситаси ила узун бир умр ҳукмига ўтишини ўйласа, одам сабрдан зиёда шукр этади.

اَلْحَمْدُ ِللهِ عَلٰى كُلِّ حَالٍ سِوَى الْكُفْرِ وَالضَّلاَلِ

,дейишини тақозо этади.

Машҳур бир сўз борки, "Мусибат замони узундир". Ҳа, мусибат замони узундир. Аммо одатда инсонлар ўйлаганидек, қийинчилиги бор бўлганидан узун эмас, балки узун бир умрдай ҳаётий натижалар бергани учун узундир.

 

ТЎРТИНЧИ НУКТА:

Йигирма Биринчи Сўзнинг Биринчи Мақомида баён этилганидек, агар инсон Жаноби Ҳақ берган сабр қувватини ваҳималар йўлида совуриб юбормаса, ҳар мусибатга дош бера олади. Аммо ваҳиманинг устунлиги ва инсоннинг ғафлати ва фоний ҳаётни боқий деб ўйлаши билан сабр қувватини ўтмиш ва келажакка сочиб, ҳозирги дақиқадаги мусибатга жавобан сабри дош беролмайди, шикоятга тушади. Гўё, худо кўрсатмасин, Жаноби Ҳақни инсонларга шикоят қилгандек бўлади. Ҳам жуда ҳақсиз бир суратда ва девоналарча шикоят этиб, сабрсизлик кўрсатади.

Ҳолбуки, ўтган кун ўтди, мусибатининғ эса заҳмати кетиб роҳати қолган, алами кетиб заволидаги лаззати қолган, қийинчилиги кетиб савоби қолган. Бундан шикоят эмас, балки роҳат билан шукр этмак лозим бўлади. Уларга нафрат эмас, билъакс, муҳаббат кўрсатиш керак. Унинг у ўтган фоний умри мусибат туфайли бир нави боқий ва саодатли умр ҳукмига ўтади. Улардаги аламни ваҳм ила ўйлаб, сабрининг бир қисмини уларга сарф этиш, девоналикдир.

Аммо келажак кунлар модомики ҳали келмаган экан, у кунларда чекадиган хасталик ва ё мусибатни ҳозирдан ўйлаб сабрсизлик кўрсатиш, шикоят этиш, аҳмоқликдир. "Эртага оч қоламан, сувсиз қоламан," дея бугун давомли суратда сув ичиш, нон ейиш нақадар бир девоналик бўлса, келажак кунлардаги ҳозирда йўқ бўлган мусибат ва хасталикларни ўйлаб, ҳозирдан алам чекиш, сабрсизлик кўрсатиш, ҳеч бир мажбурият бўлмай туриб ўзига ўзи зулм этиши шундай бир нодонликдирки, ўзига нисбатан шафқат ва марҳаматга лойиқ бўлмай қолади.

Ал-ҳосил: Шукр неъматни зиёдалаштирганидек, шикоят мусибатни зиёдалаштиради. Ҳам раҳм-шафқатга лаёқатни йўқотади.

Биринчи Жаҳон урушининг биринчи йили Эрзурумда муборак бир зот мудҳиш бир хасталикка гирифтор бўлди. Ёнига бордим. Менга деди: "Юз кечадир бошимни ёстиққа қўйиб ётолмадим," дея ачинарли бир шикоят қилди. Мен жуда ачиндим. Бирдан хотиримга келди ва дедим: "Қардошим, қийинчиликда ўтган юз кунинг ҳозир сурурли юз кун ҳукмидадир. Уларни ўйлаб шикоят қилма. Уларга боқиб шукр қил. Келажак кунлар эса, модомики ҳали келмаган экан, Раббинг бўлмиш Раҳмонир-Раҳиймнинг раҳматига таян. Ҳам калтак емай туриб йиғлама, ҳечдан қўрқма, йўққа мавжуд рангини берма. Бу соатни ўйла. Сендаги сабр қуввати бу соатга кифоя. Девона бир қўмондон каби иш тутмаки, чап қанот душман кучи унинг ўнг қанотига қўшилиб, унга янги бир куч бўлгани ҳолда ва чап қанотидаги душманнинг ўнг қаноти ҳали келмагани ҳолда, у марказ кучларини олади-да, ўнгу-сўлга сочиб юборади, марказни заифлаштиради, душман арзимас бир куч ила марказни хароб этади".

Дедим: "Қардошим, сен бундай қилма. Бор кувватингни шу соатга қарат. Раҳмати Илоҳияни ва охиратдаги мукофотини ҳамда фоний ва қисқа умрингни узун ва боқий бир суратга айлантирганини ўйла. Бу ачинарли шикоят ўрнига роҳатланиб шукр эт".

У ҳам бутунлай енгил тортиб: "Алҳамдулиллоҳ, хасталигим ўндан бирга тушди," деди.

 

БЕШИНЧИ НУКТА:

Уч масаладир.

Биринчи масала: Асл ва зарарли мусибат динга келган мусибатдир. Диний мусибатдан ҳар вақт даргоҳи Илоҳияга илтижо этиб фарёд қилмоқ керак.

Аммо диний бўлмаган мусибатлар эса, ҳақиқат нуқтасида мусибат эмас. Бир қисми Раҳмоний эслатмадир. Дейлик, бировнинг даласига кириб кетган қўйларига чўпон тош отса, улар у тошни зарарли бир ишдан қутқариш учун бир эслатма эканини ҳис этиб, мамнунона ортга қайтадилар. Шунга ўхшаб, кўп зоҳирий мусибатлар борки, Илоҳий бир эслатма, бир танбеҳдир. Бир қисми эса гуноҳларга каффоратдир. Бир қисми эса ғафлатни аритиб, инсоний бўлган ожизликни ва заифликни билдириб, бир нави ҳузур беришдир.

Мусибатнинг хасталик нави, юқорида ўтганидек, мусибат эмас, балки бир илтифоти Раббонийдир, бир поклашдир. Ривоятда бордирки, "Меваси пишган бир дарахт силкитилганда мевалари қандай тўкилса, безгакнинг титроғидан гуноҳлар шундай тўкилади".

Ҳазрати Айюб Алайҳиссалом муножотида нафсининг истироҳати учун дуо қилмаган. Балки тилдаги зикри ва қалб тафаккурига моне бўлган вақт, ибодат қила олиш учун шифо талаб қилган.

Биз у муножотдан биринчи ўринда гуноҳлардан келган маънавий, руҳий яраларимизнинг шифосини ният қилишимиз керак.

Моддий хасталикларнинг шифоси учун эса ибодатга моне бўлган вақт илтижо этишимиз мумкин. Аммо эътирозкорона, шикоятомуз бир суратда эмас, балки ўзни паст олиб ва мадад истаб илтижо этмоғимиз лозим. Модомики Унинг Рубубиятига(1) рози эканмиз, у Рубубияти нуқтасида берганига ҳам ризо лозим.

Қазо ва Қадарига эътирозни билдирадиган бир тарзда "Эҳ!" "Уф!" деб шикоят этиш қадарни танқид қилишдир, Раҳиймиятини туҳматга қўйишдир.

Тақдирни танқид этган, бошини сандонга уриб ёради. Раҳматга туҳмат қилган раҳматдан маҳрум қолади. Синган қўл билан интиқом олмоқ учун у қўлдан фойдаланиш, уни баттар синдирганидек, мусибатга гирифтор бўлган одам уни эътирозкорона шикоят ва ташвиш ила қаршилаши, мусибатни икки баробар кучайтиради.

Иккинчи масала: Моддий мусибатларни катта кўрсанг катталашади, кичик кўрсанг кичраяди.

Масалан, кечалари инсоннинг кўзига бир хаёл илашади. Унга аҳамият берган сари шишади, аҳамият берилмаса йўқолади. Ҳужум этган ариларга илашилса янада кўпроқ ҳужум қилишлари, бепарво бўлинса тарқаб кетиши каби, моддий мусибатларга ҳам катта деб аҳамият берилса катталашади. Хавотир туфайли у мусибат жасаддан ўтиб қалбда ҳам илдиз отади, ҳам натижада бир маънавий мусибатни беради, унга суянади, давом этади.

Қачонки у хавотирини қазога ризо ва таваккул воситаси ила кетказса, бир дарахтнинг илдизи кесилгани каби, моддий мусибат енгиллаша-енгиллаша, илдизи кесилган дарахтдек қурfди$ кеа&ди17Буиҕат#1 идОдалаш учун бир вақт бундай деган эдим:

Ташла, эй бечора, фарёдни, балодан қил таваккул,

Зеро, фарёд бало-андар(1), хато-андар балодир, бил.

Агар бало берганни топсанг, сафо-андар, ато-андар балодир, бил.

Агар топмасанг, бутун дунё жафо-андар, фано-андар балодир, бил.

Жаҳон тўла бало бошингда бор экан, нега бақирурсан кичик бир балодан? Кел, қил таваккул.

Таваккул ила бало юзига кул, токи у ҳам кулсин. У кулса, кичраяр, этар табаддул(2).

Жанжал пайтида даҳшатли бир душманига табассум қилса, адоват сулҳга, хусумат ҳазилга айланиб, адоват кичрайиб йўқ бўлиб кетганидек, мусибатни таваккул ила қаршилаш ҳам шунинг кабидир.

Учинчи масала: Ҳ масала: Ҳар замоннинг бир ҳукми бор. Бу ғафлат замонида мусибат шаклини ўзгартирган. Баъзи замонда ва баъзи шахсларга келган бало, бало эмас, балки бир лутфи Илоҳийдир.

Мен бу замонда касалга чалинган мусибатзадаларни √ мусибатлари динларига халал бермаса √ бахтиёр деб билганимдан, хасталик ва мусибатга қарши бўлиш фикри менда асло туғилмайди. Ҳамда уларга ачиниш ҳисси пайдо бўлмайди. Чунки қайси бир ёш хаста ёнимга келган бўлса, кўряпманки, тенгдошларига нисбатан бир даража диний вазифа ва Охиратга алоқа пайдо қила бошлаган. Шундан англайманки, улар учун у хил хасталиклар мусибат эмас, бир нави Илоҳий неъматдир. Чунки, гарчи хасталик унинг дунёвий, фоний, қисқагина ҳаётига бир заҳмат берса-да, аммо унинг абадий ҳаётига фойдаси тегади. Бир нави ибодат ҳукмига ўтади.

Агар сиҳат топса, ёшлик сарҳушлиги ила замоннинг кайфу сафоларига берилиб, албатта хасталикдаги ҳолатини муҳофаза этолмайди, балки гуноҳларга отилади.

* * *

 

Хотима

Жаноби Ҳақ чексиз қудрати ва бениҳоя раҳматини кўрсатмоқ учун инсонда ҳадсиз бир ожизлик, бениҳоя бир фақирлик берган.

Ҳамда исмларининг ҳадсиз нақшларини кўрсатиш учун инсонни шундай бир суратда, шундай бир ускуна ҳукмида яратганки, ҳадсиз жиҳатлардан алам чекканидек, ҳадсиз жиҳатлардан лаззат ҳам ола олади. Ҳамда инсон деб аталган у ускунада юзлаб аъзолар бор, ҳар бирининг алами бошқа, лаззати бошқа, вазифаси бошқа, мукофоти бошқа. Гўёки, бутун Илоҳий исмлар инсони-акбар бўлмиш оламда намоён бўлганидек, кичик бир олам бўлмиш инсонда ҳам у исмларнинг барча жилвалари бор.

Бунда сиҳат-саломатлик ва лаззатлар каби фойдали ишлар қандай шукр қилдирса, у ускунани кўп жиҳатлар билан вазифаларига ундаса ва инсон ҳам бир шукр фабрикаси каби бўлса; шунга ўхшаб, мусибатлар, хасталиклар ва аламлар билан ҳамда бошқа ҳаяжон берувчи ва ҳаракатга келтирувчи иллатлар ила у ускунанинг бошқа чарҳларини ҳаракатга келтиради, ҳаяжонга солади. Инсон моҳиятида жойлаштирилган ожизлик, заифлик ва фақирлик маъданини ишлаттиради. Бир тил билан эмас, балки ҳар бир аъзонинг тили билан бир илтижо, бир мадад сўраш вазиятини беради.

Гўё инсон у иллатлар ила, алоҳида-алоҳида минглаб қаламни ўз ичига олиб ҳаракат қилаётган бир қалам бўлади. Ҳаёт саҳифасида ва ёхуд Лавҳи Мисолийда ҳаётининг тақдирини ёзади, Илоҳий Исмларга бир эълоннома бўлади ва бир қасидаи манзумаи Субҳония ҳукмига ўтиб, фитрий вазифасини адо этади.

 * * *

 

 Нур Рисолаларига жуда муштоқ ва

уларнинг мутолаасидан руҳи уйғонган

бир докторга ёзилган мактуб.

 

Марҳабо, эй ўз хасталигини ташхис эта олган бахтиёр доктор самимий ва азиз дўстим!

Сенинг ҳароратли мактубингдан кўринадики, сенда бир руҳий уйғониш бошланибди ва бу ҳолинг табрикка лойиқ.

Билингизки, мавжудот ичра энг қийматлиси ҳаётдир. Ва вазифалар ичра энг қийматлиси ҳаётга хизматдир. Ва ҳаётий хизматлар ичра энг қийматлиси, фоний ҳаётни боқий ҳаётга айланиши учун ҳаракат қилишдир.

Бу ҳаётнинг бутун қиймати ва аҳамияти эса боқий ҳаётга уруғ ва асос ва манба бўлганидадир. Йўқса, абадий ҳаётни заҳарлайдиган ва бузадиган бир тарзда шу фоний ҳаётгагина назарни қаратиш, оний бир чақмоқни мангу бир қуёшдан устун қўйишдек бир девоналикдир.

Аслида, ҳар кимдан зиёда хасталар моддапараст ва ғофил докторлардир. Агар улар, Қуръоннинг муқаддас дорихонасидан шифобахш иймоний дориларни олабилсалар, ҳам ўз хасталикларини, ҳам инсониятнинг яраларини даволай оладилар. Иншоаллоҳ, сенинг бу уйғонишинг сенинг ярангга бир малҳам бўлганидек, сени ҳам бошқа докторларнинг касалига бир дори қилади.

Ҳамда биласанки, маъюс ва ноумид бир хастага маънавий бир тасалли, баъзан мингта доридан афзалроқдир. Ҳолбуки, табиатпарастлик ботқоқлигида бўғилган бир табиб у бечора хастанинг аламли тушкунлигига яна бир зулмат қўшади. Иншоаллоҳ, бу уйғонишинг сени ундай бечораларга тасалли бергувчи ва нурли бир табиб қилади.

Биласанки, умр қисқадир, зарурий ишлар жуда кўпдир. Ажабо, мен каби сен ҳам хотирангни тафтиш этсанг, маълумотинг ичра қанчадан-қанча кераксиз, фойдасиз, аҳамиятсиз, ўтин ғарамлари каби жонсиз нарсаларни топасан. Чунки мен тафтиш этдим, кўп кераксиз нарсаларни топдим. Ана ўша илмий маълумотни, у фалсафий маорифни фойдали, нурли, руҳли қилишнинг чорасини излаш лозимдир. Сен ҳам Жаноби Ҳақдан қалбингни очишини истаки, сенинг фикрингни Ҳакийми Зулжалол тарафига бурсин. У ўтинларга бир оташ бериб, нурлантирсин. Кераксиз илмий маориф, қийматдор маърифати Илоҳияга айлансин.

Заковатли дўстим! Аҳли фандан иймон нурларига ва Қуръон сирларига иштиёқ даражасида эҳтиёжини ҳис этишда Хулусий бейга ўхшайдиган одамларнинг майдонга отилишини қалбим кўп орзу этарди.

Ҳам модомики "Сўзлар" сенинг виждонинг билан сўзлаша оларкан, ҳар бир "Сўз"ни ўз шахсимдан эмас, балки Қуръоннинг даллолидан сенга бир мактуб ва Қуръоннинг муқаддас дорихонасидан рецепт дея фараз қил. Ёнма-ён бўлмасак ҳам, ҳозирона бир суҳбат доирасини оч.

Ҳамда хоҳлаган вақтингда менга мактуб ёз. Мен жавоб бермасам ҳам хафа бўлма. Чунки эскидан бери кам мактуб ёзаман. Ҳатто уч йилдан бери укамнинг кўп мактубларига биргина жавоб ёздим.

Саид Нурсий.

 

-----------------------------------------------------

(*) Бу рисола тўрт ярим соат ичида таълиф этилган.

Тасдиқловчилар: Рушдий, Раъфат, Ҳусрав, Саид.