ХОНИМЛАР РАҲБАРИ
АҲЛИ ИЙМОН ОХИРАТ ҲАМШИРАЛАРИМ
БЎЛГАН АЁЛЛАР ТОИФАСИ БИЛАН
БИР СУҲБАТДИР
بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
يَا اَيُّهَا النَّبِيُّ قُلْ لاَزْوَاجِكَ وَبَنَاتِكَ وَنِسَاءِ الْمُؤْمِنِينَ يُدْنيِنَ عَلَيْهِنَّ مِنْ جَلاَبِيبِهِنَّ
Баъзи вилоятларда аёллар тарафидан самимий ва ҳароратли бир суратда Нурларга бўлган алоқаларини кўрган ва уларнинг Нурларга оид дарсларимга ҳаддан зиёд ишончларини билган вақтимда, муборак Испартага ва маънавий Мадрасатуз-Заҳрога учинчи марта келганимда эшитдимки, ул муборак охират ҳамшираларим бўлган аёллар тоифаси мендан бир дарс кутаётган экан. Гўёки ваъз суратида масжидларда бир дарсим бўлса.
Холбуки, мен тўрт-беш тарафлама хастаман. Ҳамда паришон, ҳатто гапиришга ва ўйлашга иқтидорсиз бўлганим ҳолда, бу тунда шиддатли бир эслатма тарзида қалбимга келдики:
Модомики ўн беш йил аввал ёшларнинг хоҳишлари билан "Ёшлик Раҳбари"ни улар учун ёздинг ва жуда кўп истифода этилди. Ҳолбуки, хонимлар тоифаси, бу замонда шундай бир раҳбарга ёшлардан кўра зиёда муҳтождирлар.
Мен ҳам бу эслатмага биноан, ғоят паришон ва заиф ва ожизлигим асносида "Уч Нукта (нозик маъно)" орқали, ғоят мухтасар тарзда, баъзи зарур моддаларни ул муборак ҳамшираларимга ва маънавий ёш авлодларимга баён этаман:
БИРИНЧИ НУКТА: Рисолаи Нурнинг энг муҳим бир асоси шафқат бўлганидан, аёллар тоифаси эса шафқат қаҳрамонлари бўлгани туфайли, Рисолаи Нур билан янада зиёда фитратан боғлиқдирлар. Ва лиллаҳилҳамд, бу фитрий боғлиқлик кўп ерларда ҳис қилинмоқда. Бу шафқатдаги фидокорлик, ҳақиқий бир ихлосни ва беминнат бир фидокорликни ифода этганидан, ҳозирги замонда жуда катта аҳамиятга эга.
Ҳа, бир волида фарзандини таҳликадан қутқармоқ учун ҳеч қандай ҳақ талаб қилмай руҳини фидо этиши ва ҳақиқий бир ихлос билан фитрий вазифаси эътиборига кўра ўзини фарзанди учун қурбон қилиши кўрсатадики, хонимларда ғоят юксак бир қаҳрамонлик бор. Бу қаҳрамонликнинг юзага чиқиши билан, унинг ёрдамида ҳам дунёвий ҳаётини, ҳам абадий ҳаётини қутқара олади. Лекин баъзи ёмон жараёнлар таъсирида ул қувватли ва қийматли хислат юзага чиқмай қолади. Ёки суиистеъмол этилади. Юзлаб намуналаридан бир кичик намунаси шуки:
Ул шафқатли волида боласининг дунё ҳаётида таҳликага тушмаслиги, манфаат ва фойда кўриши учун ҳар фидокорликни назарда тутади, уни шундай тарбиялайди. "Ўғлим амалдор бўлсин" дея, бутун молини беради. Қуръон Мактабидан олиб Оврупага юборади. Лекин ул боланинг абадий ҳаёти таҳликага кирганини ўйламайди. Дунё ҳибсидан қутқаришга ҳаракат қилади, аммо жаҳаннам ҳибсига тушишини назарда тутмайди. Фитрий шафқатга тамоман зид ўлароқ, ул маъсум боласини охиратда ўзига шафоатчи қилиш ўрнига, ўзига даъвогар қилади. У бола: "Нима учун менинг иймонимни қувватламай, бу ҳалокатимга сабабчи бўлдинг?" дея шикоят қилади. Дунёда ҳам Исломий тарбияни тўлиқ олмагани учун, волидасининг хориқо шафқатига яраша лойиғича жавоб қайтаролмайди, балки жуда кўп камчиликларга йўл қўяди.
Агар ҳақиқий шафқат суиистеъмол этилмай, бечора фарзандини абадий ҳибс бўлмиш жаҳаннамдан ва абадий қатл бўлмиш залолатда ўлиб кетишдан қутқариш учун, ул шафқат сирига кўра ҳаракат қилса, ул фарзанднинг барча қилган ҳасанотининг бир мисли волидасининг номаи аъмолига ёзилиши туфайли, волидасининг вафотидан сўнгра ҳар вақт ҳасанотлари билан руҳига нурлар етказиб туриши билан бирга, охиратда ҳам даъвогар эмас, балки бутун руҳу жони билан шафоатчи бўлиб, абадий ҳаётда унга муборак бир фарзанд бўлади.
Ҳа, инсоннинг энг биринчи устози ва таъсирли муаллими, унинг волидасидир. Бу муносабат билан мен ўз шахсимда қатъий ва доимо ҳис қилган шу маънони баён этаман:
Мен бу саксон йиллик умримда минглаб зотлардан дарс олганим ҳолда, қасам ичиб айтаманки, энг асосли ва бузилмас ва ҳамиша менга янгитдан берилаётгандек бўлган дарслар, марҳум волидамдан олган талқинот ва маънавий дарслардирки, ул дарслар фитратимга, худди моддий вужудимдаги уруғлар ҳукмида жойлашган. Бошқа дарсларимнинг ўша уруғлар устига бино этилганини айнан кўряпман. Демак бир ёшимда фитратимга ва руҳимга берилган марҳум волидамнинг дарс ва талқинотларини, ҳозир бу саксон ёшимда кўрган улкан ҳақиқатлар ичра биттадан асосий уруғ эканлигининг гувоҳи бўляпман.
Азжумла: Маслак ва машрабимнинг тўрт асосидан энг муҳими бўлган "шафқат қилмоқ" ва Рисолаи Нурнинг ҳам энг буюк ҳақиқати бўлган "ачиниш" ва "марҳамат кўрсатиш"ни, ул волидамнинг шафқатли феъл ва ҳолидан ва ул маънавий дарсларидан олганимни яққол кўряпман. Ҳа, бу ҳақиқий ихлос ила ҳақиқий бир фидокорликка эга бўлган волидалик шафқати суиистеъмол қилиниб, маъсум боланинг олмос хазинаси ҳукмида бўлган охиратини ўйламай, ўткинчи, фоний шишалар ҳукмида бўлган дунёга, ул боланинг маъсум юзини буриш ва бу шаклда унга шафқат кўрсатиш, ул шафқатни суиистеъмол қилишдир.
Ҳа, аёлларнинг шафқат жиҳатидан келган бу қаҳрамонликларини, ҳеч қандай бир ҳақ ва эвазига ҳеч нарса истамай, ҳеч бир шахсий фойда, ҳеч риё қилмаган ҳолда руҳини фидо этишларини, ул шафқатнинг кичкинагина бир намунаси бўлган товуқнинг, жўжасини қутқариш учун арслонга ташланиши ва руҳини фидо этиши исботлайди.
Ҳозир Исломий тарбиянинг ва охират амалларининг энг қийматли ва энг зарурий асоси ихлосдир. Бу шафқатдаги қаҳрамонликда ул ҳақиқий ихлос бор.
Агар бу икки нуқта ул муборак тоифада ривожлана бошласа, Ислом доирасида жуда буюк бир саодатга сабаб бўлади. Ҳолбуки, эркакларнинг қаҳрамонлиги беминнат бўлмайди, балки юз жиҳатда эвазига бир ҳақ истайдилар. Ҳеч бўлмаса шон-шараф истайдилар. Лекин афсуски, бечора муборак аёллар тоифаси, золим эркакларнинг шарридан ва зўравонлигидан қутулиш учун бошқа бир тарзда, заифликдан ва ожизликдан келиб чиққан бошқа бир нав риёкорликка кирадилар.
ИККИНЧИ НУКТА: Бу йил ёлгизликда бўлган чоғим ва ижтимоий ҳаётдан тортилганим ҳолда, баъзи Нурчи дўстларимнинг ва ҳамшираларимнинг хотири учун дунёга боқдим. Мен билан кўришган аксар дўстларимдан ўз оилавий ҳаётларидан шикоятлар эшитдим. "Эй воҳ!" дедим. "Инсоннинг, хусусан мусулмоннинг паногоҳи ва бир нав жаннати ва кичик бир дунёси, оила ҳаётидир. Бу ҳам бузула бошлабдими?" дедим. Сабабини изладим, билдимки: Исломиятнинг ижтимоий ҳаётига ва бу орқали Дини Исломга зарар бериш учун ёшларни йўлдан уриш ва ёшлик ҳавасоти ила гуноҳларга етаклаш учун бир-икки қўмита ҳаракат қилаётган экан. Айнан шунингдек, бечора аёллар тоифасининг ғофил қисмини ҳам янглиш йўлларга етаклаш учун, бир-икки қўмитанинг таъсирли бир суратда яширин ҳолда ҳаракат қилаётганини сездим ва билдимки:
Бу Ислом миллатига бир даҳшатли зарба ўша жиҳатдан келяпти. Мен ҳам сиз ҳамшираларимга ва ёшларингиз бўлган маънавий авлодларимга қатъиян баён этаманки: Аёлларнинг охиратдаги саодати каби, дунёвий саодатларининг ҳам ва фитратларидаги олий хислатларни ҳам бузилишдан қутқаришнинг ягона чораси Исломий доирадаги диний тарбиядир. Бундан бошқа чора йўқдир! Русияда ул бечора тоифанинг қай ҳолда эканини эшитяпсизлар.
Рисолаи Нурнинг бир қисмида дейилганки: Ақлли бир одам рафиқасига бўлган муҳаббатини ва севгисини беш-ўн йиллик фоний ва зоҳирий ҳусни жамолига бино қилмайди. Балки севгисини, аёллар ҳусни жамолининг энг гўзали ва доимийси бўлган, унинг шафқатига ва аёлликка хос ҳусни сийратига, яъни гўзал ахлоқига бино қилиш керак. Токи, ул бечора кексайгани сари, эрининг муҳаббати унда давом этсин. Чунки, унинг рафиқаси ёлғиз дунё ҳаётида вақтинчалик бир ёрдамчи эмас, балки абадий ҳаётида ҳам абадий ва севимли бир рафиқаси бўлганидан, кексайган сари янада ҳам зиёда ҳурмат ва марҳамат билан бир-бирига муҳаббат кўрсатмоғи лозим. Ҳозирги маданий тарбия ниқоби остидаги, ҳайвонларча вақтинчалик жуфтликдан сўнгра абадий бир фироққа дучор бўлган шул оила ҳаёти таг-туги билан бузилмоқда.
Ҳам Рисолаи Нурнинг бир жузида дейилганки:
Бахтиёрдир ул одамки, абадий рафиқасини йўқотмаслик учун, солиҳа аёлини тақлид қилиб, ўзи ҳам солиҳ бўлади. Ҳам бахтиёрдир ул аёлки, эрини диндор кўриб, абадий дўстини ва ўртоғини йўқотмаслик учун у ҳам тўлиқ диндор бўлади, дунёвий саодати ичра охират саодатини қозонади.
Бадбахтдир ул одамки, гуноҳларга кирган аёлига тобе бўлади, воз кечиришга ҳаракат қилмайди, ўзи ҳам иштирок этади. Бадбахтдир ул аёлки, эрининг фисқига қараб, уни бошқа бир суратда тақлид этади. Вайл у эру-хотингаки, бир-бирини оташга отишда ёрдам беради, яъни маданият фантазияларига бир-бирини ташвиқ этади.
Хуллас, Рисолаи Нурнинг ушбу мазмундаги жумлаларининг маъноси шудирки: Бу замонда оила ҳаётининг дунёдаги ва охиратдаги саодати ва аёллардаги олий хислатларнинг ривожланиши, фақат шариат доирасидаги Исломий одоблар билангина бўлиши мумкин.
Ҳозир оила ҳаётидаги энг муҳим нуқта шудирки: Аёл эридан ёмонлик ёки садоқатсизлик кўрганда, эрига ўчакишиб, аёлнинг оилавий вазифаси бўлган садоқат ва ишончни бузса, айнан лашкардаги итоатнинг бузилиши сингари ул оила ҳаётининг фабрикаси остин-устун бўлади. Балки у аёл қўлидан келганича эрининг камчиликларини ислоҳ қилишга интилиши лозимдирки, токи абадий ўртоғини қутқарсин. Йўқса, у ҳам ўзини очиқ-сочиқлик билан бошқаларга кўрсатишга ва севдиришга ҳаракат қилса, ҳар жиҳатда зарар кўради. Чунки ҳақиқий садоқатни ташлаган дунёда ҳам жазосини тортади. Чунки номаҳрамларнинг назаридан фитрати қўрқади, сиқилади, тортинади. Номаҳрам йигирма эркакнинг ўн саккизининг назаридан сиқилади. Эркак эса, номаҳрам юз аёлдан фақатгина биттасининг қарашидан сиқилади. Аёл ўша жиҳатда азоб чеккани каби садоқатсизлик туҳмати остида қолади, шу билан бирга, заиф бўлгани учун ҳуқуқини ҳам муҳофаза этолмайди.
Ал-ҳосил: Аёллар шафқатдаги қаҳрамонлик ва ихлосда, эркакларга ўхшамагани каби, эркаклар ҳам ул қаҳрамонликда уларга етишолмайдилар. Худди шунингдек, ул маъсум хонимлар ҳам гуноҳ қилишда ҳеч бир жиҳатда эркакларга етишолмайдилар. Шунинг учун фитратлари билан ва заиф табиатлари ила номаҳрамлардан шиддатли равишда қўрқадилар ва ҳижоб остида сақланишга ўзни мажбур деб биладилар. Чунки эркак саккиз дақиқа завқ ва лаззат учун гуноҳга кирса, ёлғиз саккиз сўмлик зарар кўради. Лекин аёл саккиз дақиқалик гуноҳдаги завқнинг жазоси ўлароқ, дунёда ҳам саккиз ой оғир бир юкни қорнида ташийди ва яна саккиз йил ул ҳомийсиз боланинг тарбиясидаги машаққатни чеккани учун гуноҳларда эркакларга етишолмайди, юз баробар кўпроқ жазо чекади.
Кўпинча учрайдиган бундай ҳодисалар кўрсатадики, муборак аёллар тоифаси, фитратан юксак ахлоққа манба бўлгани каби, фисқ ва гуноҳларда дунё завқи учун қобилиятлари йўқ ҳукмидадир. Демак, улар Исломий тарбия доираси ичра масъуд бир оила ҳаётини кечириш учунгина махсус яратилган муборак бир навдирлар. Бу муборакларни фасодга йўлиқтирган қўмиталарни ер ютсин! Аллоҳ бу ҳамшираларимни эса, ўша бебошларнинг шарридан муҳофаза айласин, омийн...
Ҳамшираларим, маҳфий бўлган бу сўзимни сизга айтяпман: Тирикчилик дарди учун бебош, ахлоқсиз, оврупапараст бир эрнинг зўравонлиги остига киргандан кўра, фитратингиздаги иқтисод ва қаноат билан, қишлоқлик маъсум аёллар нафақаларини ўзлари топиш учун ишлаганларидек, ўзингизни бошқаришга интилингиз, сотишга интилмангиз. Мабодо қисматингизда сизга муносиб бўлмаган бир эркак ёзилган бўлса, сиз қисматингизга рози бўлинг ва қаноат қилингиз. Иншоаллоҳ, ризоингиз ва қаноатингиз билан у ҳам ислоҳ бўлади. Йўқса, ҳозир эшитаётганимдек, маҳкамаларга ажралиш учун мурожаат қилиб борасиз. Бу эса, Исломий номусимизга ва миллий шарафимизга ярашмайди!..
УЧИНЧИ НУКТА: Азиз ҳамшираларим қатъиян билингизки, шаръий доира хорижидаги завқларда, лаззатларда, улардан ўн даража зиёда аламлар ва заҳматлар борлигини Рисолаи Нур юзлаб қувватли далиллар, ҳодисалар билан исботлаган. Узун тафсилотларни Рисолаи Нурда топасизлар.
Азжумла: "Кичик Сўзлар"дан Олтинчи, Еттинчи, Саккизинчи Сўзлар ва "Ёшлик Раҳбари" менинг ўрнимга сизларга бу ҳақиқатни тўлиқ кўрсатади. Шунинг учун шаръий доирадаги лаззат билан кифояланингиз ва қаноат қилингиз. Сизнинг уйингиздаги маъсум авлодларингиз билан маъсумона суҳбат юзлаб кинодан кўра завқлироқдир.
Ҳам қатъиян билингизки, бу дунё ҳаётида ҳақиқий лаззат, иймон доирасидадир ва иймондадир. Ва солиҳ амалларнинг ҳар бирида бир маънавий лаззат бор. Ва залолат ва гуноҳларда бу дунёда ҳам ғоят аччиқ ва чиркин аламлар борлигини Рисолаи Нур юзлаб қатъий далиллар билан исботлаган. Одатда, иймонда бир жаннат уруғи, залолат ва гуноҳларда эса бир жаҳаннам уруғи борлигини, мен ўзим кўп тажрибалар ва ҳодисаларда айнал-яқийн (кўз билан) кўрганман ва Рисолаи Нурда бу ҳақиқат такрор-такрор ёзилган. Энг ашаддий қайсар ва эътироз қилувчиларнинг, расмий мутахассислар ва маҳкамаларнинг қўлига тушганда ҳам, улар ул ҳақиқатни синдиролмадилар.
Энди сиз каби муборак ва маъсум ҳамшираларимга ва авлодларимдек бўлган кичикларингизга, аввало "Тасаттур Рисоласи" ва "Ёшлик Раҳбари" ва "Кичик Сўзлар" менинг ўрнимда сизларга дарс берсин. Мен эшитдимки, сизга масжидда дарс беришимни орзу қилаётган экансизлар. Лекин менинг паришонлигим билан бирга хасталигим ва кўп сабаблар бу вазиятга йўл қўймайди.
Мен сиз учун ёзган ушбу дарсимни ўқиган ва қабул қилган барча ҳамшираларимни, барча маънавий қозончларимга ва дуоларимга Нур Шогирдлари каби дохил қилишга қарор қилдим. Агар сиз менинг ўрнимга Рисолаи Нурни қисман қўлга киритиб ўқисангиз ёки тингласангиз, қоидамизга кўра, барча қардошларингиз бўлган Нур Шогирдларининг маънавий ютуқларидан ва дуоларидан ҳиссадор бўласизлар.
Мен ҳозир кўпроқ ёзмоқчи эдим, лекин жуда хаста ва жуда заиф ва жуда кекса ҳамда тасҳиҳлар каби кўп вазифаларим борлигидан, ҳозирча шу билан чекланяпман.
اَلْبَاقِى هُوَ الْبَاقِى
Албоқий Ҳувалбоқий
Дуоингизга Муҳтож Қардошингиз
Саид Нурсий
* * *
МАҲРАМДИР.
Ҳозирча Мадрасатуз-Заҳронинг арконларига хосдир.
(Кекса аёлларга аҳамиятли бир хушхабар.. ва мужаррад (яъни ёлғиз) қолгиси келган ёш қизларга бир эслатма.)
عَلَيْكُمْ بِدِينِ الْعَجَائِزِ
Ҳадиси Шарифда шуни кўрсатадики: Охирзамонда қувватли иймон, кекса аёлларда бўладики, "Диндор, кекса аёлларнинг динига тобе бўлинг" дея, ҳадис марҳамат қилган. Ҳам Рисолаи Нурнинг тўрт асосидан бири "шафқат" бўлганидан ва аёллар шафқат қаҳрамони бўлгани учун, ҳатто энг қўрқоғи ҳам руҳини боласи учун қаҳрамонларча фидо этади.
Ушбу замонда ул қийматли волидалар ва ҳамширалар буюк бир ҳодиса қаршисида турибдилар. Маҳрам ва фош қилиш муносиб бўлмаган фитратларида бор бир ҳақиқатни, Нур Шогирдларидан ёлғиз қолишни истаган ёки шунга мажбур бўлган қизларга баён этиш лозим дея, руҳимга хотирлатилди. Шунинг учун дейманки:
Қизларим, ҳамшираларим! Бу замон эски замонга ўхшамайди. Исломий тарбия ўрнига маданий тарбия ярим асрга яқин ижтимоий ҳаётимизга ўрнашиб қолгани учун бир эркак бир аёлни абадий бир рафиқаи ҳаёт ва дунё ҳаётининг саодатига мадор ва бошқа гуноҳлардан ўзини муҳофаза этиш учун олмоғи лозим бўлгани ҳолда, ул бечора заифани доимий зўравонлик остида ёлғиз дунёвий ёшлигида севади. Уни унга берган роҳатидан баъзан ўн баробар кўпроқ захматларга қўяди. Агар, шариатда "куфув" дейилган бир-бирига муносиблик бўлмаса, шаръий ҳуқуқлар назарда тутилмаганидан, ҳаёти доимо азоб ичида ўтади. Бунинг устига рашк ҳам аралашса янада барбод бўлади. Ушбу турмушга инсонни чорлаган уч сабаб бор.
БИРИНЧИСИ: Наслнинг давом этиши учун ҳикмати Илоҳия ул фитрий хизматнинг ажри сифатида, бир фитрий майл ва шавқ берган. Ҳолбуки, эркакка ул завқ ўн дақиқалик бир лаззат берсада, агар ҳалол бўлса, бир соат машаққат чекади. Лекин аёл ўн дақиқалик ул завқ учун ўн ой болани ўз вужудида ташиш заҳматини чекиш билан бирга, ўн йил боланинг ҳаётига ёрдам қилиш машаққатини тортади. Демак, ўша ўн дақиқалик фитрий майл бу узун машаққатларга сабаб бўлганидан аҳамияти қолмайди. Ҳис ва нафс шу таҳлитдаги турмушга етакламаслиги керак.
ИККИНЧИСИ: Аёл фитратан заифа бўлгани учун тирикчилик нуқтасида бир ёрдамчига муҳтождир. Бу эҳтиёж туфайли ҳозирги Исломий тарбия дарсини олмаган, бебошликка, зўравонликка ўрганганларнинг зўравонлиги остига кичик бир рўзғорини тебратиш учун кириб, риёкорона эрининг ризосини таҳсил этиш йўлида дунё ва охират ҳаётининг мадори бўлмиш ибодатини ва ахлоқини бузгандан кўра, қишлоқ аёлларидек, ўз нафақасини ўз меҳнати билан қозонгани ўн баробар осонроқдир. Раззоқи Ҳақиқий болаларнинг ризқини сут тарзида бергани каби, аёлларнинг ризқини ҳам ул Холиқи Карийм беради. Ул ризқни деб бенамоз ва ахлоқи бузуқ бир эр излаш, риёкорона ҳаракат қилиб, зўравонлиги остига кириш, албатта Нур Талабасининг иши эмас.
УЧИНЧИСИ: Аёлнинг фитратида бола эркалатиш ва севиш майллари бор. Ва бир авлодининг дунёда унга хизмати ва охиратда ҳам шафоати ва волидаси ўлгандан сўнгра унга ҳасаноти билан ёрдами, ул фитрий майлни кучайтириб турмушга чиқишга етаклайди. Ҳолбуки, ҳозир Исломий тарбия ўрнига кириб келган маданий тарбия ила, ўнтадан бир-икки ҳақиқий авлод ўз волидасининг шафқатига жавобан фидокорона хизмат ва диндорона дуолари билан ва ҳасанотлари билан волидасининг номаи-аъмолига ҳасаналар ёздириш ва солиҳ бўлса, охиратда ҳам волидасига шафоат этиш эхтимоли ўрнига, ўндан саккизи ул ҳолатни кўрсатмаганидан бу фитрий майл ва нафсоний шавқ ила, ул бечора заифалар бундай оғир бир ҳаётга қатъий мажбур бўлмай туриб кирмаслиги керак.
Биз ишора қилган ушбу ҳақиқатга биноан, ёлғиз қолишни истаган Нур Шогирдларидан бўлган қизларга дейманки: Том мувофиқ ва диндор ва ахлоқли бир эр топмай туриб, ўзини очиқ-сочиқликда сотмасинлар. Агар топилмаса, Нурнинг бир қисм фидокор шогирдлари каби, то унга лойиқ ва абадий дўст бўладиган ва Исломий тарбияни олган виждонли бир муштарий чиққунга қадар, ёлғиз қолсин. Ва абадий саодати, ўткинчи бир дунёнинг лаззати учун бузилмасин. Ва маданиятнинг гуноҳлари ичра бўғилмасин (*).
Саид Нурсий.
(*) Ҳамширалар ва ёш қизлар, Тасаттур Рисоласини ўқишлари керак.
ЁШ НУРЧИ ҚИЗЛАРГА ОИД
МАКТУБГА ИЛОВА
(Бир вақтлар сизга юборилган мактубнинг бир қисмидир)
Бу шаҳарда Рисолаи Нурга боғланган кекса хонимлар сабот этганини ва бошқалар каби иккиланмаганларини ўйладим. Бирдан бу Ҳадиси Шариф эслатилди:
عَلَيْكُمْ بِدِينِ الْعَجَائِزِ
Яъни, охирзамонда кекса аёлларнинг, фитратан заифа ва таъсирчан ва шафқатли бўлганларидан, ҳар кимдан зиёда диндаги тасалли ва нурга муҳтожликлари каби, фитратларидаги шафқат туфайли, динда топган бениҳоя шафқатпарварона бир нури тассалли ва илтифот ва марҳамат ва раҳматга, ҳамда таянч ва мадад нуқтасига ҳар кимдан зиёда муҳтождирлар. Ва сабот билан чидаш фитратларининг тақозосидир. Шунинг учун бу замонда ул эҳтиёжларни тамоман ўрнига қўйган Рисолаи Нур ҳар нарсадан зиёда уларнинг руҳларига хуш ёқиб ва қалбларидан жой олмоқда.
Саид Нурсий.
ўОЯТ АҲАМИЯТЛИ БИР ҲАҚИҚАТГА
ўОЯТ ҚИСҚА БИР ИШОРА.
Баъзи ҳадиси шарифларда ишора қилинганки, "Охирзамонда аёллар тоифасида иймон ҳақиқатлари кўпроқ намоён бўлади. У замоннинг залолат таҳликаларидан бир даража қутулиб қоладилар.» Бир ҳадиси шариф марҳамат қиладики:
عَلَيْكُمْ بِدِينِ الْعَجَائِزِ
Яъни, "Охирзамонда кекса аёлларнинг динларига иқтидо қилингиз." Демак, шафқат қахрамонлари бўлмиш аёлларнинг ул шафқат хислатидан чиққан самимият ва ихлослари у замоннинг риёкорона залолат таҳликаларидан қутулиб қолишларига сабаб бўлади. Динини сақлаб қоладилар.
Яна бир ҳадиси шариф марҳамат қиладики: Яъни "Қизларнинг отасининг ризқига барака киради."
Демак, қиз болалар охирзамонда кўпаяди. Ҳам муборак ва ризқлари баракали бўлади. Мен кўп вақтларлардан бери бу нав ҳадисларнинг сирини билмасдим. Жаноби Ҳаққа шукрки, охирги пайтларда бир даража у сирни англадим. Ъоят қисқа тарзда ишора қиламиз:
Инсон болалари, бошқа ҳайвонлар каби тезда ўзини тутиб ололмаганидан, ҳаётда, ҳайвонлар каби икки-уч ой ўрнига, ўн йил, балки янада зиёда шафқатли бир ҳимояга муҳтож бўлади. Мана шу сир туфайли, ҳайвон тоифасининг акси ўлароқ, фарзандларига нисбатан инсондаги шафқат, бир фитрий хислат ўлароқ давом этиши лозим. Ҳамда иқтидорсиз гўдаклар ва заиф волидаларига доимо ёрдам ва ҳимоя қилиш ҳикматига биноан, эркакларнинг ҳам фитратида шараф ва номус хислати жойлаштирилган. Бу номуснинг ичида холис ва ажрсиз, беминнат, самимий бир қаҳрамонлик бор. Лекин у хислат, баъзи сабабларга кўра бир даража бузилгани учун, самимий ва холис қаҳрамонлик хислати кўпинча заифлашган. Лекин аёлларда у фитрий хислат бўлмиш шафқат қаҳрамонлиги бузилмаган. Бу фитрий хислат аҳли Ислом орасида охирзамонда буюк бир хизмат қилишига ва ижтимоий ҳаётда Исломият доирасида бир асос бўлишига у каби ҳадиси шарифлар ишора этиб рамзан хабар берадилар.
Саид Нурсий
* * *
بِاسْمِهِ سُبْحَانَهُ وَاِنْ مِنْ شَىْءٍ اِلاَّ يُسَبِّحُ بِحَمْدِهِ
اَلسَّلاَمُ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَةُ اللهِ وَبَرَكَاتُهُ اَبَدًا دَاۤئِمًا
(Бошқа хориж мамлакатлардаги муҳим ерларда жаридалар орқали сўралган: "Нима учун суннати санияга мухолиф тарзда ёлғиз яшадинг?" саволига бир жавобдир.)
Аввало: Мактубингизни ғоят ҳаста бўлган Устозимизга ўқидик. Устозимиз эса: "Мен шиддатли хаста бўлмаганимда эди, бу жуда қийматли ва диққатли ва муборак биродарларимга батафсил бир жавоб ёзган бўлардим. Бироқ бу оғир вазиятим бунга йўл қўймаганидан, ул муборак ва самимий биродарларимга ва Қуръон хизматидаги дўстларимга бир неча нуқтани ғоят қисқа бир тарзда ёзарсиз," - деди.
БИРИНЧИСИ: Қирқ йилдан бери ғоят даҳшатли бир динсизлик ҳужуми қаршисида ҳар нарсасини фидо қиладиган ҳақиқий фидокорлар лозим бўлган бир пайтда, Қуръони Ҳакиймнинг ҳақиқатига, нафақат дунё саодатимни, балки керак бўлса, охират саодатимни ҳам фидо этишга қарор қилдим. Нафақат бир суннат ҳисобланган ўткинчи дунёвий хотин олиш, балки бу дунёнинг ўзида ҳам менга ўнта ҳурий берилса эди, уларни ҳам тарк этишга мажбур эдимки, ҳақиқий ихлос ила Қуръон ҳақиқатига хизмат қила олай. Чунки, бу даҳшатли динсиз қўмиталар шундай мудҳиш ҳужумлар ва ҳийлалар қилаётгандики, буларга бас келмоқ учун аъзамий фидокорлик кўрсатмоқ ва диний ҳаракатларини ризои Илоҳийдан бошқа ҳеч бир нарсага қурол қилмаслик лозим эди.
Бечора бир қисм олимлар ва тақводор инсонлар, бола-чақасининг тирикчилиги учун бидъатларга фатво бердилар ва ёки тарафдор бўлиб кўриндилар. Хусусан, дин дарсларини олиб ташлаб, Азони Муҳаммадийни сўндирмоқ каби даҳшатли ҳужумларга қарши аъзамий фидокорлик ва аъзамий сабот ва матонат ва ҳар нарсадан фориғ бўлмоқ лозим бўлган бир вазиятда, мен биргина суннати сания ҳисобланган уйланиш одатини тарк этдимки, то кўп ҳаромларга кирмайин. Ва кўп вожибларни, фарзларни адо эта олайин. Бир суннат туфайли юзта гуноҳга кирилмас. Чунки, бу қирқ йил давомида биргина ушбу суннатни адо этган баъзи домлалар, ўнта гуноҳи кабира ва ҳаромларга киришга, бир қисм суннат ва фарзларни тарк этишга ўзларини мажбур деб билдилар.
ИККИНЧИДАН: Ояти Каримада: ва ҳадиси шарифдаги каби амрлар, доимий ва вожиб даражасидаги амрлар эмас. Балки, мустаҳаб ва суннат амрлардир. Ҳам бу амрлар шартларга боғлиқдир. Ҳамда ҳар ким учун ҳар вақт эмасдир.
Ҳамда, "Исломда роҳиблик йўқ," маъноси, роҳиблар каби ёлғиз яшамоқ рад қилинган, ноҳақдир, ҳаромдир дегани эмас.
Балки, ҳадисининг сирига кўра, ижтимоий ҳаётга хизмат қилиш учун, ижтимоий Исломий бир одатни ривожлантиришга ташвиқдир. Ваҳоланки, салафи солиҳийндан бўлмиш минглаб аҳли ҳақиқат ёлғизликка, чиллахона ва ғорларга вақтинчалик кирганлар. Дунёнинг фоний зийнатларидан фориғ ва ҳоли бўлганларки, то абадий ҳаётлари учун ҳақиқий хизмат эта олсинлар. Модомики шахсий ва хусусий боқий камолоти учун дунёни тарк этган зотлар салафи солиҳийн орасида кўп экан, албатта хусусий эмас, куллий ва умумий тарзда кўп бечораларнинг боқий саодатлари учун ва залолатга тушмасликлари ва иймонларини қувватлантириб қутқармоқлари учун ва Қуръон ва иймон ҳақиқатига мукаммал хизмат этмоқ, ташқи ва ички динсизларга қарши матонат кўрсатмоқ учун заволли ва фоний дунёсини тарк этмоқ, албатта суннати санияга зид эмас, балки суннат ҳақиқатига мувофиқдир. Ва Сиддиқи Акбарнинг "Жаҳаннамда вужудим катталашсин, токи аҳли иймонга жой қолмасин," дея фидокорликдаги аъзамий садоқатнинг бир заррасига ноил бўлиш фикри ила бечора Саид бутун умри давомида танҳо ва фориғ яшашни танлаган.
УЧИНЧИДАН: Рисолаи Нурнинг Талабаларига: "Бошқалар турмуш қурмоқда, сиз бундан воз кечинг," - дейилмаган, дейилмайди ҳам. Бироқ, талабалар бир неча табақадир. Бир табақанинг йўли ҳақиқий ихлосни йўқотмаслик ва ҳақиқий фидокорлик ва аъзамий бир садоқатга эга бўлиш эканидан, бу замонда дунё эҳтиёжларига мумкин қадар умрининг бир қисмида боғланмаслиги лозим.
Агар Қуръон ва иймон хизматига ҳақиқий ёрдамчи бир аёл топса, уйланади. Бу ҳолда, хизматига зарар бермайди. Лиллаҳилҳамд, бу хилдаги кўп Нур талабалари бор, аёллари хизматда улардан қолишмайдилар. Балки, аёллар шафқатидан келиб чиққан беминнат фитрий қаҳрамонлиги ва ҳақиқий ихлоси туфайли, эридан кўра илғорлаб кета олади. Нур Талабаларидан хизматда фаол бўлган қисмининг кўпчилиги турмуш қурган, бу суннатни адо этганлар. Рисолаи Нур уларга дейдики: "Хонадонингиз кичик бир мадрасаи Нурия, бир мактаби ирфон бўлсинким, бу суннат мукаммал тарзда бажарилсин. Суннати саниянинг меваси бўлмиш фарзандлар охиратда сиз учун шафоатчи бўлсинлар. Дунёда ҳам иймон дарсини олиб, сизга ҳақиқий авлод бўлсинлар. Акс ҳолда, бу сўнгги ўттиз йил давомида қисман учраб тургани каби, у фарзандларга фақатгина маданий тарбия берилса, бир жиҳатда у фарзандлар дунёда фойдасиз ва охиратда даъвогар бўлиб, "Нима учун иймонимни қутқармадингиз," дея падар ва волидаларини маҳзун этмоғи суннати саниянинг ҳикматига зид бўлади.
* * *
بِاسْمِهِ سُبْحَانَهُ
("Хонимлар Раҳбари"да икки-уч марта зикр этилган ҳадиси шарифининг сири муносабати билан "Кексалар Рисоласи"дан "Етти Умид" унга илова этилди).
БИРИНЧИ УМИД: Эй, камол ёшига етган муҳтарам ва муҳтарама кекса биродарлар ва ҳамширалар! Мен ҳам сиз каби кексаман. Шу кексалик чоғимда ора-сира қалбимга келган умидларни ва улардаги тасалли нурини сиз билан баҳам кўрмоқ орзуси ила бошимдан ўтган баъзи ҳолатларни ёзаман. Мен кўрган зиё ва дуч келган умид эшиклари, албатта менинг нуқсонли ва бетартиб истеъдодимга кўра намоён бўлиб очилган. Иншоаллоҳ, сизларнинг соф ва холис истеъдодингиз мен кўрган зиёни порлатажак, топган умидларимни янада қувватлантиражак...
Хуллас, зикр қилинадиган у умидларнинг ва зиёларнинг манбаи, маъдани, чашмаси - иймондир.
ИККИНЧИ УМИД: Кексаликка оёқ қўйган вақтим, бир кун куз мавсумида, аср вақтида, юксак бир тоғда дунёга назар солдим. Шунда бирдан ғоят ачинарли, ҳазин ва бир жиҳатда зулматли бир ҳолатга тушдим. Кўрдимки, мен кексайдим, кун ҳам кексайган, йил ҳам кексайган, дунё ҳам кексайган. Бу кексаликлар ичида дунёдан фироқ ва севганларимдан айрилиқ они яқинлашгани учун, кексалик мени янада паришон айлади. Бирдан Раҳмати Илоҳия шундай бир суратда кўриндики, у ачинарли қайғу ва фироқни қувватли бир умид ва порлоқ бир тасалли нурига айлантирди.
Ҳа, эй мен каби кексалар! Қуръони Ҳакиймнинг юз жойида Ар-Раҳмонир-Раҳийм сифатлари ила ўзини бизларга тақдим этган ва доимо замин юзида марҳамат истаган жонзотларнинг ёрдамига раҳматини юборган ва ғайбдан ҳар йил баҳорни ҳадсиз неъмат ва ҳадялари билан тўлдириб, ризққа муҳтож бўлган бизлар учун етказиб берган ва бизнинг ожизлигимиз, заифлигимиз даражаси нисбатида раҳматининг жилвасини зиёда кўрсатган бир Холиқи Раҳиймимизнинг раҳмати, бу кексалик чоғимизда энг буюк бир умид ва энг қувватли бир зиёдир. Бу раҳматни топишнинг йўли, иймон ила ул Раҳмонга боғланмоқ ва фарзларни адо қилиш ила Унга итоатда бўлмоқдан иборатдир.
УЧИНЧИ УМИД: Бир замон ёшлик кечасининг уйқусидан кексалик тонгида уйғонган вақтим, ўзимга назар солдим: Вужудим қабр тарафига, тепаликдан пастга югургандек кетмоқда.
Ниёзий Мисрийнинг:
"Кунда бинои умримнинг бир тоши тушди ерга,
Жон ётар ғофил, биноси бўлди вайрон, бехабар..."
дегани каби, руҳимнинг хонаси бўлмиш жисмимнинг ҳам, ҳар куни бир тоши тушиши сабабли ҳолдан тоймоқда. Ва мени дунё билан маҳкам боғлаган орзу-умидларим узила бошладилар. Ҳадсиз дўст-ёрларимдан айрилиш замони яқинлашганини ҳис қилдим. Ул маънавий ва жуда оғир ва бедаво бўлиб кўринган яранинг малҳамини изладим, тополмадим. Вна Ниёзий Мисрий каби дедимки:
"Дил бақосин, Ҳақ фаносин истади, мулку таним,
Бир давосиз дардга тушдим, оҳки, Луқмон бехабар!"
(Изоҳ): Яъни, менинг қалбим бор қуввати билан боқийлик истагани ҳолда, Ҳикмати Илоҳия жасадимнинг хароб бўлишини тақозо қилмоқда. Луқмони Ҳаким ҳам чорасини тополмайдиган бедаво бир дардга йўлиқдим.
Шу вақт бирдан марҳамати Илоҳиянинг тили, мисоли, тимсоли, даллоли, вакили бўлмиш Пайғамбари Зишон Алайҳиссалоту Вассаломнинг нури, шафоати ва инсонларга келтирган ҳидоят ҳадяси ул бедаво, чексиз деб ўйлаган ярамга гўзал бир малҳам ва дармон бўлди. Зулматли умидсизлигимни нурли бир умидга айлантирди.
Ҳа, эй мен каби кексалигини ҳис қилган муҳтарам ва муҳтарама зотлар! Биз кетяпмиз. Алданмоқдан фойда йўқ. Кўзимизни беркитган билан бизни бу ерда қолдирмаслар, у ёққа чақирилиш бор. Бироқ, ғафлатдан ва қисман аҳли залолатдан келган зулмат ваҳималари ила бизга фироқли ва зимистон бўлиб кўринган барзох мамлакати дўст-ёрларнинг жамланган еридир. Энг бошда шафоатчимиз бўлмиш Ҳабибуллоҳ Алайҳиссолату Вассалом билан барча дўстларимизга қовушмоқ оламидир.
Ҳа, минг уч юз эллик* йилда ҳар йили юз эллик миллион инсонларнинг султони ва уларнинг руҳларининг мураббийси ва ақлларининг муаллими ва қалбларининг маҳбуби ва ҳар кунда
сирига биноан, барча умматларининг қилган ҳасанотининг бир мисли саҳифаи ҳасанотига илова этилган ва шу коинотдаги олий Илоҳий мақсадларга эриштирувчи ва мавжудот қийматларининг юксалишига сабаб бўлган ул зоти Аҳмадия Алайҳиссалоту Вассалом дунёга келган дақиқаларида "Умматим, умматим" дея нидо қилганлари саҳиҳ ривоят орқали ва авлиёларнинг кашфу каромати орқали тасдиқлангани каби, маҳшаргоҳда ҳар ким "нафсим, нафсим" деганда, яна ул зот "Умматим, умматим" дея энг қудсий ва энг юксак бир фидокорлик билан яна шафоатлари билан умматига мадад учун ошиққан бир зот кетган оламга кетмоқдамиз. Ва ул «қуёш»нинг атрофида ҳадсиз асфиё ва авлиё юлдузлари ила чароғон бўлган бир оламга кетмоқдамиз.
Мана бу Зотнинг шафоатига ноил бўлиб, нуридан истифода этмоқликнинг ва барзохдаги зулматдан халос бўлмоқнинг чораси суннати санияга риоя қилишдир.
ТЎРТИНЧИ УМИД: Бир замон кексаликка қадам қўйган чоғим, ғафлатни давом этдирувчи тан-сиҳатим ҳам бузулганди. Кексалик билан хасталик бирлашиб менга ҳужум қилдилар. Бошимга ура-ура уйқумни қочирдилар. Бола-чақа, молу дунё каби мени дунё билан боғлайдиган алоқалар ҳам йўқ эди. Ёшлик бебошлиги ила зое кетказган сармояи умримнинг меваларини гуноҳлар ва хатолардан иборат эканини кўрдим. Ниёзий Мисрий каби фарёд айлаб дедим:
Бир тижорат қилмадим, нақди умр бўлди ҳабо,
Йўлга келдим, лекин кетмиш жумла карвон бехабар.
Йиғладим нолон этиб, тушдим йўлга танҳо ғариб;
Дийда гирён, сийна бирён, ақл хайрон бехабар".
Ўша вақт ғурбатда эдим. Маъюсона бир ҳузн ва надоматкорона бир афсус ва мададга муҳтож бир хасрат ҳис қилдим. Бирдан Қуръони Мўъжизул-Баён мададга келди. Менга шунчалар қувватли бир умид эшигини очди ва шундай ҳақиқий бир тасалли зиёсини бердики, аввалги вазиятимдан юз баробар устун бўлган умидсизликни ҳам йўқ қилиб, у зулматларни ойдинлата оларди.
Ҳа, эй мен каби дунё ила алоқалари кесила бошлаган ва дунё билан боғланган иплари узилишга юз тутган муҳтарам ва муҳтарама кексалар! Бу дунёни энг мукаммал ва мунтазам бир шаҳар, бир сарой ҳукмида яратган бир Сониъи Зулжалол, ул шаҳарда ва ул саройда энг аҳамиятли меҳмонлари ва дўстлари ила суҳбатлашмаслиги, кўришмаслиги ҳеч мумкинми? Модомики, ўзи билган ҳолда бу саройни яратган ва ирода ва ихтиёр ила қурган ва зийнатлаган экан, албатта "Қилган билади" қоидаси каби, "Билган гапиради." Модомики, бу саройни, бу шаҳарни биз учун гўзал бир меҳмонхона ва тижоратгоҳ қилган экан, албатта бизга нисбатан муносабатини ва биздан кутган орзуларини баён этадиган бир дафтари, бир китоби бор бўлиши керак.
Ана ўша муқаддас дафтарнинг энг мукаммали, қирқ тарафлама мўъжиза ва ҳар дақиқада ҳеч бўлмаганда юз миллионнинг тилида янграган, нур сочган ва ҳар бир ҳарфида камида ўн савоб ва ўн ҳасанот ва баъзан ўн минг ва баъзан эса, Лайлатул-Қадр сирига кўра, бир ҳарфига ўттиз минг ҳасанот ва меваи жаннат ва барзох нурини берган Қуръони Мўъжизул-Баёндир. Шу мақомда бунга рақобат қиладиган коинотда ҳеч қандай китоб йўқдир ва ҳеч бир кимса уни кўрсата олмас. Модомики, қўлимиздаги бу Қуръон, самовот ва арзнинг Холиқи Зулжалолининг мутлақ рубубияти нуқтасидан ва азамати улуҳияти жиҳатидан ва кенг қамровли раҳматининг тарафидан келган каломи, фармони, раҳматининг бир маъдани экан, унга ёпиш... Ичида ҳар дардга бир даво, ҳар зулматга бир зиё, ҳар тушкунликка бир умид бордир.
Ушбу абадий хазинанинг калити иймондир ва таслимдир ва уни тинглаб қабул этмоқ ва ўқимоқдир.
БЕШИНЧИ УМИД: Бир замон кексалигимнинг бошида, танҳолик орзусида Истамбулнинг Бўғоз тарафидаги Юшо Тепалигида руҳим ёлғиз қолиб бир истироҳат истади. Бир кун у юксак тепаликдан уфққа ва атрофга боқдим. Кексаликнинг эслатмаси ила ғоят ҳазин ва ўкинчли бир завол ва фироқ лавҳасини кўрдим. Умрим дарахтининг қирқ бешинчи йили бўлган қирқ бешинчи новдасидаги юксак мақомидан ҳаётимнинг то пастки табақаларига назар солдим. Кўрдимки, пастки ҳар бир новдадаги ҳар бир йилда севганларимнинг, алоқадор бўлганларимнинг ва танишларимнинг ҳадсиз жанозалари бор. Ва ул фироқ ва айрилиқдан келган ғоят ачинарли бир маънавий қайғу ила Фузулий Бағдодий каби, мендан ажраган дўстларимни ўйлаб, нола қилиб,
"Васлини ёд айлаган сари йиғларим,
То нафас бор бу қуруқ жисмимда, фарёд айларим."
дея бир тасалли, бир нур, бир умид эшигини изладим. Бирдан, охиратга иймон нури мададга етиб келди. Ҳеч сўнмас бир нур, ҳеч узилмас бир умид берди.
Ҳа, эй мен каби кекса биродар ва ҳамширалар! Модомики, охират бор ва модомики у боқийдир ва модомики дунёдан ҳам гўзалдир ва модомики бизни яратган зот ҳам Ҳакийм, ҳам Раҳиймдир... Кексаликдан шикоят ва афсус этмаслигимиз керак. Аксинча кексалик, иймон ила ибодатда камол ёшига етиб, ҳаёт вазифасидан озод этилиш ва истироҳат учун олами раҳматга кетмоқлик аломати эканини тушунган ҳолда, ундан мамнун бўлмоғимиз даркор.
Ҳа, ҳадисда ривоят қилинишича, башариятнинг энг мумтоз шахсиятлари бўлмиш юз йигирма тўрт минг анбиёларнинг фикр бирлиги ва тавотури ила, қисман шуҳудга ва қисман ҳаққал-яқийнга таянган ҳолда, иттифоқан, охиратнинг мавжудлигини ва инсонларнинг у ерга юборилишини, ҳамда бу коинот Холиқи қатъий ваъда қилган охиратни келтиришини хабар берганлар. Шунингдек, уларнинг берган хабарларини кашф ва шуҳуд ила илмал-яқийн суратида тасдиқлаган юз йигирма тўрт миллион авлиёлар охиратнинг мавжудлигига келтирган шаҳодатлари ва бу коинот Сониъи Ҳакиймининг барча исмларининг бу дунёда кўрсатган жилвалари ила бир боқий оламни яққол тақозо қилгани, яна охиратнинг мавжудлигига далолат қилади. Ҳамда ҳар йилнинг баҳорида, рўйи заминдаги тик турган ҳадду хисобсиз ўлган дарахтларнинг жанозаларини "Кун фаякун" амри ила тирилтириб, "Баъсу баъдал мавт"га сазовор қилган ва қайта тирилишнинг юз минглаб намунаси тарзида, ўсимликлар тоифаларидан ва ҳайвонот миллатларидан уч юз минг навларини қайта тирилтирган бир ҳадсиз қудрати азалия ва беҳисоб, исрофсиз бир ҳикмати абадия ва ризққа муҳтож барча жонзотларни камоли шафқат ила ғоят ажиб бир тарзда озиқлантирган ва ҳар баҳорда оз бир вақт ичида зийнат ва ҳуснларининг беҳисоб навларини намоён этган боқий бир раҳмат ва бир доимий иноят яққол тарзда охиратнинг мавжудлиги муқаррар эканини кўрсатади. Ва бу коинотнинг энг мукаммал меваси ва коинот Холиқининг энг севган санъати ва коинот мавжудотлари ила энг кўп алоқадор бўлган инсоннинг шиддатли, мустаҳкам ва доимий орзуси бўлган бақо севгиси, абадиятга иштиёқи ва чексиз орзулари, яққол ишора ва далолат қилиб, бу олами фонийдан кейин бир олами боқий ва бир дорул-охират ва бир дорус-саодат борлигини шу даража қатъий бир суратда исбот этадиларки, охиратнинг мавжудлигини, дунёнинг мавжудлиги қадар шубҳасиз қабул этмоқ даркорлигини кўрсатади. (Изоҳ)
------------------
(Изоҳ): Ҳа, субутий бир амрдан хабар бериш қанчалик қулай ва уни инкор ва ман қилиш ғоят мушкул экани қуйидаги мисолдан кўриниб турибди. Шундайки: бир одам: "Мевалари - сут консервалари бўлган ғоят ажиб бир боғ ер куррасида бор," деса. Бошқаси десаки: "Йўқ." Исбот этган одам фақатгина унинг ерини ва ёки баъзи меваларини кўрсатиш билан осонгина ўз даъвосини исботлай олади.
Инкор этган одам эса раддини исботламоқ учун бутун ер куррасини кўриш ва кўрсатиш билан даъвосини исбот қила олиши мумкин. Айнан шунинг каби: Жаннатдан хабар берганлар унинг юз минглаб қатраларини, меваларини, ишораларини кўрсатишларидан қатъи назар, ул жаннатнинг исботи учун икки содиқ шоҳиднинг шаҳодати кифоя экан, уни инкор қилувчи чексиз коинотни, ҳадсиз абадий замонни томоша этгани, кўргани ва бирма-бир қўлидан ўтказганидан сўнг инкорини исботлай олиши, йўқлигини кўрсата олиши мумкин.
Хуллас, эй кекса биродарлар!.. Охиратга иймон келтириш нақадар қувватли эканини англангиз.
----------------
Модомики Қуръони Ҳакиймнинг бизга берган энг муҳим бир дарси, "Иймони бил-Охират"дир. У иймон эса шу даража қувватлидир. Ва ул иймонда шундай бир умид ва бир тасалли борки, битта шахсда юз минг кексалик жамланса, ул иймондан келган тасалли бас кела олади.
Бас шундай экан, биз кексалар "Алҳамдулиллаҳи ала камолил иймон" деб кексалигимизга шод бўлишимиз керак.
ОЛТИНЧИ УМИД Бир пайтлар аламли бир асоратимда инсонлардан бегоналашиб, Барла яйловидаги Арча Тоғининг тепасида ёлғиз қолдим. Танҳоликда бир нур излардим. Бир кеча ўша юксак тепаликнинг чўққисидаги баланд бир арча дарахти устига ўрнатилган усти очиқ айвончада қолдим. Кетма-кет уч-тўрт ғурбатни кексалик менга хотирлатди. Олтинчи Мактубда изоҳлангани каби, ўша кеча жим-жит, сас-садосиз, фақатгина дарахтларнинг шитирлаши ва майин оҳангларидан келган ҳазин бир садо, бир товуш жуда ачинтириб, кексалигимга, ғурбатимга қаттиқ таъсир қилди. Кексалик менга эслатдики, бамисоли кундуз шу қоронғи бир қабрга айлангани ва дунё қора кафанини кийгани сингари, умрингнинг кундузи ҳам кечага ва дунёнинг кундузи ҳам барзох кечасига ва ҳаётингнинг ёзи ҳам ўлимнинг қиш кечасига инқилоб этажагини қалбимнинг қулоғига сўйлади. Шу он нафсим мажбуран деди:
Ҳа, мен ўз ватанимда ғариб бўлганим каби, шу эллик йиллик умримда менинг завол топган дўсту ёрларимдан ажраб қолишим ва уларнинг орқаларидан йиғлаб қолишим, бу ватан ғурбатидан кўра қайғули ва аламли бир ғурбатдир. Ва бу кеча ва тоғнинг ғарибона вазиятидаги ҳазин ғурбатидан кўра қайғули ва аламли бир ғурбатга яқинлашмоқдаман. Бу билан кексалик менга, бутун дунёдан бирданига айрилиш замони яқинлашганини хабар қилмоқда. Бу ғурбат ичра ғурбат ва бу маҳзунлик ичра маҳзунликдаги вазиятдан бир умид, бир нур изладим.
Бирдан Иймони Биллоҳ мададга келди. Шундай бир унсият баҳш этдики, мени икки томондан ўраб олган ваҳшат, агар минг марта зиёдалашса ҳам, Иймони Биллоҳдан келган ул тасалли унга кифоя қилар эди.
Ҳа, эй муҳтарам ва муҳтарама кексалар! Модомики, Раҳийм бўлган бир Холиқимиз бор экан, бизлар учун ғурбат йўқдир. Модомики У бор экан, биз учун ҳамма нарса бор. Модомики У бор ва малоикалари ҳам бор экан, шундай бўлгач, бу дунё бўш эмас. Холи тоғлар, бўш саҳролар Жаноби Ҳақнинг бандалари ила тўладир. Онгли бандаларидан ташқари, Унинг нури ила, Унинг номидан тошлари ҳам, дарахтлари ҳам биттадан мунис дўст ҳукмига ўтади. Ҳолатлари ила биз билан сўзлаша оладилар ва хурсанд қиладилар.
Ҳа, бу коинотнинг мавжудоти ададича ва шу буюк олам китобининг ҳарфлари ададича, мавжудлигига шаҳодат этган; ва жонзотларнинг шафқат, раҳмат, иноятга мадор бўла олган аъзолари, таъомлари ва неъматлари ададича раҳматини кўрсатган далиллар, шоҳидлар, бизга Раҳийм, Карийм, Мунис, Вадуд бўлган Холиқимизнинг, Сониъимизнинг, Ҳомийимизнинг даргоҳини кўрсатмоқдалар. У даргоҳда энг мақбул бир шафоатчи, ожизлик ва заифликдир. Ва ул ожизлик ҳамда заифликнинг том вақти эса кексаликдир. Бундай бир даргоҳда мақбул бир шафоатчи бўлган кексаликдан ранжимоқ эмас, балки уни севмоқ лозимдир...
ЕТТИНЧИ УМИД: Кексалигим бошланаётган бир замонда, эски Саиднинг кулишлари янги Саиднинг йиғиларига айланаётган бир вақтда, Анқарадаги аҳли дунё мени эски Саид деб ўйлаб, у ерга чақирдилар, бордим. Куз мавсумининг охирларида Анқаранинг мендан кўра анча қари, бузилган, эскирган қалъасининг тепасига чиқдим. Менга у қалъа тошга айланган тарихий ҳодисалар суратида кўринди. Йилнинг кексайган мавсуми ила менинг кексалигим, қалъанинг кексалиги, башариятнинг кексалиги, шонли Усмонли давлатининг кексалиги ва ҳалифалик салтанатининг вафоти ва дунёнинг кексалиги мени ғоят ҳазин ва ачинарли ва фироқли бир ҳолатга солиб, у юксак қалъада ўтган замоннинг дараларига ва келажак замоннинг тоғларига боқтирди ва боқдим. Тўрт-беш кексалик зулматлари бир-бири ичра мени ўраб олган эди. Шу пайт Анқарада энг қора бир руҳий ҳолатга тушганимдан (Изоҳ) бир нур, бир тасалли, бир умид изладим.
-----------------
(Изоҳ): Ўша вақтлари бу руҳий ҳолат форсий бир муножот шаклида қалбга келди, Анқарада "Ҳубоб рисоласи"да чоп этилган.
-----------
Ўнгга, яъни мозий бўлган ўтмишга боқиб тасалли излар эканман, ул мозий менга падаримнинг ва аждодимнинг ва зотимнинг бир катта мозори суратида кўринди, тасалли ўрнига ваҳшат берди.
Сўл тарафим бўлмиш истиқболга дармон излаб боқдим. Кўрдимки, менинг ва мен кабиларнинг ва келажак наслларнинг катта ва қоронғи бир қабри суратида кўринди, унсият ўрнига даҳшат берди.
Ўнг ва сўлдан ваҳшатга тушиб, ҳозир кунимга боқдим. ғафлатли ва тарихворий назаримга, ҳозирги кун чала ўлик ҳолида ва жон талвасасида изтироб чекаётган жисмимнинг жанозасини олиб бораётган бир тобут суратида кўринди.
Сўнгра бу томондан ҳам маъюс бўлиб, бошимни кўтардим ва умрим дарахтининг учига боқдим. Кўрдимки, у дарахтнинг биргина меваси бор бўлиб, у ҳам бўлса, менинг жанозамдир, дарахт учидан туриб менга боқаётир.
Бу томондан ҳам ваҳшатга тушиб, бошимни пастга эгдим. Умр дарахтининг остига, илдизига боқдим. Кўрдимки, остидаги тупроқ суякларимнинг тупроғи билан мен яратилган тупроқ билан бир-бирига аралашиб кетган бир суратда оёқлар остида топталанаётганини кўрдим. У ҳам дармон эмас, балки дардимга дард қўшди.
Сўнгра мажбуран орқамга боқдим. Кўрдимки, асоссиз, фоний бўлган дунё ҳечлик дараларида ва йўқлик зулматларида юмалаб кетяпти. Дардимга малҳам излаган эдим, заҳар қўшди. У томонда ҳам хайр кўролмаганимдан энди олд тарафимга боқдим, назаримни олға ташладим. Кўрдимки, қабр эшиги айнан йўлим устида оғзи очиқ ҳолда менга боқаётир. Унинг орқасида абадият томон кетган катта кўча ва у кўчада кетаётган гуруҳлар узоқ-узоқлардан кўзга ташланяпти.
Бу олти томондан келаётган даҳшатларга қарши менга таянч нуқтаси ва мудофаа қуроли бўла оладиган кичик бир жузи ихтиёрийдан бошқа қўлимда ҳеч нарса йўқ. У ҳадсиз душманлар ва беҳисоб зарарли нарсаларга қарши биргина инсон қуроли бўлган у жузи ихтиёрий ҳам ноқис, ҳам қисқа, ҳам ожиз, ҳам ижодсиз бўлгани учун касбдан бошқа бир нарса қўлимдан келмайди. На ўтмиш замонларга кета олади, то ундан менга келадиган қайғуларнинг олдини олса; ва на истиқболга кира олади, то ундан келадиган қўрқувларни тўссин. Ўтмиш ва келажакларга оид орзуларимга ва аламларимга фойдаси йўқлигини кўрдим.
Бу олти томондан келаётган даҳшат ва ваҳшат ва зулмат ва маъюсият ичра типирчилаб турган бир пайтимда, бирдан Қуръони Мўъжизул-Баённинг самода порлаган иймон нурлари мададимга етиб келди. У олти томонни шу қадар нурлантириб ёритдики, мен кўрган у ваҳшатлар, у зулматлар юз даража қуюқлашса ҳам, у нур уларга қарши кифоя ва етарли эди. Барча у даҳшатларни бирма-бир тасаллига ва у ваҳшатларни бирма-бир мунис ҳолга айлантирди. Шундайки:
Иймон у ваҳшатли ўтмиш замоннинг улкан мозор суратини йиртиб, мунис бир мажлиси мунаввар ва бир дўст-ёрлар жамланган ер эканини айнал-яқийн, ҳаққал-яқийн тарзда кўрсатди.
Ҳам яна иймон, ғафлат назарида улкан қабр бўлиб кўринган келажак замонни, севимли саодат саройларида бир Раҳмоний зиёфат мажлиси суратида илмал-яқийн тарзда кўрсатди.
Ҳам яна иймон, ғафлат назарида бир тобут вазиятида кўринган ҳозирги замонни ва шу ҳозирги куннинг тобутлик шаклини парчалаб, уни охиратнинг бир тижорат дўкони ва дабдабали бир мусофирхонаи Раҳмоний суратида билмушоҳада кўрсатди.
Ҳам яна иймон, ғафлат назарида умр дарахтининг энг учида жаноза шаклида кўринган ягона меваси, аслида жаноза эмаслигини, балки абадий бир ҳаётга ноил ва абадий саодатга номзод бўлган руҳимнинг, умрини ўтаб бўлиб, уясидан юлдузларда кезмоқ учун чиққанини илмал-яқийн тарзда кўрсатди.
Ҳам яна иймон, суякларим ила мен яратилган тупроқ, оёқ остида аҳамиятсиз бўлиб йўқолиб кетадиган суяклар эмаслигини, балки ул тупроқ, раҳмат эшиги ва жаннат қабулхонасининг бир пардаси эканини сирри иймон ила кўрсатди.
Ҳам яна иймон, ғафлат назарида, орқамда ҳечлик ва йўқлик зулматларида думалаб бораётган дунёнинг вазиятини сирри Қуръон ила кўрсатдики, бу зоҳирий зулматларда думалаб бораётган дунё, вазифаси битган, маъносини ифодалаб бўлган, натижаларини ўз ўрнига вужудда қолдирган бир қисм Самадоний мактублар ва Субҳоний нақшларнинг саҳифалари экан. Дунёнинг моҳияти нимадан иборат эканини илмал-яқийн тарзда билдирди.
Ҳам яна иймон, олдимда кўзини очиб, менга қараб турган қабрни ва қабрнинг у ёғида абадиятга қараб кетган катта йўлни, нури Қуръон ила кўрсатдики, у қабр қудуқ эшиги эмас, балки нур оламининг эшигидир. Ва у йўл йўқликка ё адамистонга эмас, балки мавжудликка, нуристонга ва абадий саодатга кетган йўл экани, тўлиқ қаноат берадиган даражада кўрсатилди, дардларимга ҳам дармон, ҳам малҳам бўлди.
Ҳам яна иймон, бор-йўғи кичик бир касбга эга у кичик жузи ихтиёрий ўрнига, ҳадсиз душман ва зулматларга қарши, тенги йўқ бир қудратга таянмоқ ва ҳадсиз бир раҳматга боғланмоқ учун у жузи ихтиёрийнинг қўлига бир йўлланма беради. Балки у иймоннинг ўзи, ул жузи ихтиёрийнинг қўлида бир йўлланма бўлади. Ҳам, у жузи ихтиёр дейилган инсон қуроли, гарчи ўз моҳиятида ҳам қисқа, ҳам ожиз, ҳам нуқсонли бўлсада, аммо худди бир аскар оз бир қувватини давлат номидан истеъмол этса, ўзининг қувватидан минглаб даража ортиқ ишлар қила олганидек, у кичик жузи ихтиёрий ҳам иймон ила Жаноби Ҳақ номидан, унинг йўлида истеъмол этилса, беш юз йиллик масофа кенглигидаги бир Жаннатни қозониши мумкин.
Ҳам яна иймон, ўтмиш ва келажак замонга сўзи ўтмайдиган у жузи ихтиёрийнинг тизгинини жисмнинг қўлидан олиб, қалб ва руҳга таслим этади. Руҳ ва қалбнинг ҳаёт доираси эса, жисм каби, ҳозирги замонгагина хос бўлмаганидан, ўтмишдан жуда кўп йиллар ва келажакдан ҳам жуда кўп йиллар унинг ҳаёт доирасига дохил бўлганидан, у жузи ихтиёрий кичикликдан чиқиб, умумият касб этади. Ўтган замоннинг энг чуқур дараларига иймон кучи ила кира олгани ва қайғуларнинг зулматларини даф этолгани каби, нури иймон ила келажакнинг ҳам энг баланд тоғларига қадар чиқади, қўрқувларни кетказади.
Хуллас, эй мен каби кексалик заҳматини чекаётган қариялар ва кекса ҳамширалар! Модомики, алҳамдулиллоҳ, биз аҳли иймонмиз ва модомики иймонда бу қадар нурли, лаззатли, севимли, ширин хазиналар бор ва модомики кексалигимиз бизни бу хазинага янада зиёда чорламоқда экан, албатта иймонли кексаликдан шикоят эмас, балки минг бора шукр қилишимиз керак.
* * *
ЙИГИРМА ТЎРТИНЧИ ЁЪДУ.
ТАСАТТУР ҲАҚИДА.
(Авротларни беркитишнинг ҳикматлари)
(Ўн бешинчи Мулоҳазанинг иккинчи ва учинчи масаласи экан, аҳамиятига биноан Йигирма Тўртинчи Ёғду бўлган).
(ила охир...) Ояти тасаттур (яъни сатри аврот)ни буюрмоқда. Ҳозирги беҳаё маданият эса Қуръоннинг бу ҳукмига қарши чиқади. Тасаттурни аёллар фитратига (табиатига) мос деб билмайди, "Улар учун асирликдир," дейди. (*)
Ал-жавоб: Қуръони Ҳакиймнинг тасаттур ҳақидаги бу ҳукми том фитрий эканига ва бунинг зидди фитрий эмаслигига ишора қилган кўп ҳикматларидан фақат "Тўрт Ҳикмат"ни баён этамиз.
------------
(*) Маҳкама (суд)га эътироз билдириб, маҳкамани сукут эттирган Шикоят Аризасидаги мудофаасидан бир бўлим:
"Мен эса Адлия ҳайъатига дейманки: Минг уч юз эллик йилдан бери, ҳар асрда, уч юз эллик миллион инсонларнинг ижтимоий ҳаётида энг муқаддас ва ҳақиқатли Илоҳий бир дастурни, уч юз эллик минг тафсирнинг тасдиқларига ва иттифоқларига таянган ҳолда ва минг уч юз эллик йил мобайнида ўтган аждодларимизнинг эътиқодларига эргашган ҳолда тафсир қилган бир одамни маҳкум қилган ҳақсиз бир қарорни, агар рўйи заминда адолат бўлса, албатта у қарорни рад ва у ҳукмни бекор қилажакдир."
--------
БИРИНЧИ ҲИКМАТ: Тасаттур аёллар учун фитрий ҳолатдир ва уларнинг фитратлари уни тақозо қилади. Чунки, аёллар яратилишдан заифа ва нозик бўлганидан, ўзларини ва жонларидан ортиқ севган фарзандларини ҳимоя қиладиган бир эркакнинг ҳимояси ва ёрдамига муҳтождир. Шунинг учун уларда ўзларини севдирмоқни ва нафрат эттирмасликни ва камситишларга қолиб кетмасликни истаган бир фитрий майл бор. Ҳам аёлларнинг ўнтасидан олти-еттиси ё кекса, ё кўримсиз бўлиб, кексалигини ва кўримсизлигини ҳар кимга кўрсатишни истамайди. Ёки ўзларидан гўзалроқларга нисбатан хунук бўлишни кўтаролмайдилар ва ё тажовуздан ва туҳматдан қўрқадилар, ҳамда ҳужумларга дучор бўлмаслик ва эрининг назарида хиёнаткор деган туҳматга қолмаслик учун, фитратан тасаттурни истайдилар.
Ҳатто, агар диққат қилинса, энг кўп ўзини авайловчилар кексалардир. Ҳамда аёллар орасида ҳам ёш, ҳам гўзал бўлиб, ўзини номаҳрамларга кўрсатишдан сиқилмайдиганлари ўнтадан бир-иккита топилиши мумкин. Маълумдирки, инсон севмаган ва ёқтирмаган одамларининг назарларидан сиқилади, ранжийди.
Албатта, очиқ-сочиқлик қиёфасига кирган гўзал бир аёл, номаҳрам ўнта эркакдан икки-учтасининг назар солишини хуш кўрса, қолган етти-саккизтасининг қарашидан сиқилади. Ҳам фаҳш ва фужур йўлига кирмаган бир гўзал аёл, нозик ва таъсирчан бўлганидан, моддатан ёмон таъсирлари ҳаётда кўрилаётган, балки заҳарлаётган паст назарлардан, албатта сиқилади. Ҳатто, эшитамизки, очиқ-сочиқлик авж олган Оврупа мамлакатларида кўп аёллар бу каби диққатли назарлардан сиқилиб: "Бу нусхалар бизни кўз ҳибсига олиб сиқмоқдалар," дея полисларга шикоят этмоқдалар.
Демак, динсиз маданиятнинг тасаттурни рад этиши, фитратга хилофдир. Қуръоннинг тасаттур амри фитрий бўлиш билан бирга, ул шафқат маъдани ва қийматли абадий бир рафиқа бўла оладиган аёлларни, тасаттур ила тубанликдан, хорликдан ва маънавий асирлик ва қашшоқликдан қутқармоқда.
Ҳам аёлларда бегона эркаклардан фитратан қўрқиш ва хавфсираш бор. Бундай хавфсираш эса фитратан тасаттурни тақозо этади. Чунки, саккиз-тўққиз дақиқалик бир завқни, албатта аламга айлантирадиган саккиз-тўққиз ой оғир бир ҳомиланинг заҳматини чекиш билан бирга, ҳомийсиз бир боланинг саккиз-тўққиз йиллик тарбияси ичида, ўша саккиз-тўққиз дақиқалик ношаръий завқнинг балосини чекиш эҳтимоли бор. Ва бу каби ҳоллар кўп учраб турганидан, ҳақиқатан номаҳрамлардан фитратлари жиддий ва шиддатли равишда қўрқади ва табиатлари улардан сақланишни истайди. Ва номаҳрамнинг иштаҳасини очмасликни, уларнинг тажовузига йўл қўймасликни заиф табиатлари амр этади ва қувватли равишда эслатиб туради. Ва ҳижоби - унинг қалқони ва қалъаси эканини намоён қилади.
Эшитишимга кўра: Марказда ва ҳукумат пойтахтида, бозор ичида, кундуз кунида, аҳолининг кўз ўнгида ғоят оддий бир пойафзал бўёқчиси, дунёвий мартабаси катта бир одамнинг калта кийимда оёқларини очиб юрган хотинига бир қилиқ билан тегажоқлик қилгани, тасаттурга қарши бўлганларнинг ҳаёсиз юзларига бир шапалоқ уради!
ИККИНЧИ ҲИКМАТ: Аёл ва эркак ўртасида ғоят асосли ва шиддатли муносабат, муҳаббат ва алоқа, фақатгина дунёвий ҳаётнинг эҳтиёжидан келиб чиқмайди. Ҳа, бир аёл эри учун фақатгина дунёвий ҳаётга махсус бир рафиқаи ҳаёт эмасдир. Балки, абадий ҳаётда ҳам унга рафиқадир. Модомики, абадий ҳаётда ҳам турмуш ўртоғига рафиқаи ҳаёт бўлар экан, албатта абадий ҳамроҳи ва дўсти бўлмиш умр йўлдошининг назаридан ташқари бошқаларнинг назарини ўзининг гўзаллигига жалб этмаслиги, уни ранжитмаслиги ва рашкини келтирмаслиги лозим. Модомики, мўъмин бўлган эрининг аёлига бўлган муносабати, иймон сирига кўра, дунё ҳаётигагина хос ва фақат ҳайвоний ва гўзаллик давригагина махсус вақтинчалик бир муҳаббатдан иборат эмас, балки абадий ҳаётда ҳам бир рафиқаи ҳаёт бўлишини назарда тутиб, асосли ва жиддий бир муҳаббат ва ҳурмат кўрсатишдан иборатдир. Ва шундагина, фақат ёшлигида ва гўзаллик чоғида эмас, балки қариганида ва чиркинлигида ҳам ул жиддий ҳурмат ва муҳаббатни сақлай олади. Албатта бунга жавобан, у аёл ҳам ўз гўзаллигини фақат эрининг назарига махсус деб билмоғи ва муҳаббатини унга сарф қилмоғи, инсонийликнинг тақозосидир. Акс ҳолда, жуда оз фойда топади. Бироқ, жуда кўп йўқотади.
Шаръан эркак аёлга "куфув" бўлиши лозим. Яъни, бир-бирига муносиб бўлиши шарт. Бундай куфув ва тенгликнинг энг муҳими дин нуқтасидадир. Қандай бахтли у эркакки, аёлининг диндорлигини кўриб, унга эргашади, рафиқасини абадий ҳаётда йўқотмаслик учун ўзи ҳам динга киради.
Бахтиёрдир у аёлки, эрининг диндорлигини кўриб, "Абадий ҳамроҳимни йўқотмайин," дея тақвога киради.
Вайл бўлсин у эркаккаки, солиҳа аёлидан абадий айирувчи бузуқчилик йўлига киради.
Қандай бадбахтдир у аёлки, тақводор эрига эргашмайди, ул муборак абадий ҳамроҳини йўқотади.
Минглаб вайл у икки бадбахт эру-хотингаки, бир-бирининг фисқини ва бузуқчилигини тақлид этадилар. Бир-бирини оташга отишга ёрдамлашадилар!..
УЧИНЧИ ҲИКМАТ: Бир оиланинг ҳаётий саодати эр ва хотиннинг орасидаги бир-бирига бўлган ишонч ва самимий бир ҳурмат ва муҳаббат ила давом этади. Тасаттурсизлик ва очиқ-сочиқлик ундай ишончни бузади. Бир-бирига бўлган ҳурмат ва муҳаббатни ҳам синдиради. Чунки, очиқ-сочиқлик қиёфасига кирган ўн аёлдан фақат бир донасигина ўзининг эридан яхшироғини кўрмай, ўзини бегона эркакларга кўз-кўз қилишга уринмаслиги мумкин. Қолган тўққизтаси эридан ҳам яхшисини кўради. Шунингдек, йигирмата эркакдан фақат бир донасигина, ўз аёлидан гўзалроғини кўрмайди. Шу ҳол, ул самимий муҳаббат ва ўзаро ҳурмат ўрнига ғоят хунук ва ғоят тубан бир ҳиснинг уйғонишига сабабчи бўлиши мумкин.
Инсон опа-сингиллари каби маҳрамларига нисбатан фитратан шаҳвоний ҳисга эга бўлмайди. Чунки маҳрамларнинг сиймолари қариндошлик ва маҳрамият жиҳатидаги шафқат ва пок муҳаббатни юзага келтиргани учун нафсоний ва шаҳвоний майлларни йўқотади.
Бироқ, маҳрам ҳисобланганларга ҳам, оёқ сингари шаръан кўрсатилиши жоиз бўлмаган ерларни очиқ-сочиқ қўймоқ, пасткаш нафслар учун ғоят чиркин бир ҳиснинг уйғонишига сабаб бўлиши мумкин. Чунки маҳрамнинг сиймоси маҳрамлигидан хабар беради ва номаҳрамга ўхшамайди. Аммо, масалан, очиқ оёқ номаҳрамники билан бир хилдир.. Маҳрамлигини эслатиб турадиган бир фарқли аломат кўринмагани учун, бир қисм пасткаш маҳрамларда ҳайвоний бир ҳавас назарини уйғотиши мумкин. Бундай бир назар эса, тукларни тикка қиладиган даражадаги бир инсоний тубанликдир!..
ТЎРТИНЧИ ҲИКМАТ: Маълумдирки, наслнинг кўпайишини ҳар ким ҳам истайди. Ҳеч бир миллат ва ҳукумат йўқдирки, наслнинг кўпайишига тарафдор бўлмасин. Ҳатто, Расули Акрам Алайҳиссолату Вассалом марҳамат қилганларки: (ав кама қол) яъни, "Уйланингиз, кўпайингиз. Мен қиёматда сизнинг кўплигингиздан фахрланаман". Ҳолбуки, тасаттурни инкор этиш, никоҳ қуришни кўпайтирмай, балки жуда камайтирмоқда. Чунки, кўча кўрган ва энг замонавий бир йигит ҳам рафиқаи ҳаётини номусли бўлишини истайди. Ўзи каби замонавий, яъни очиқ-сочиқ бўлишини истамагани учун кўп ҳолларда уйланишдан воз кечади. Балки фаҳш йўлига киради. Аёл эса ундай эмас, эрига у даража таъсирини ўтказолмайди. Чунки аёлнинг - оила ҳаётида ички мудир ҳисобланиб, эрининг барча молига, болаларига ва ҳар нарсасига муҳофаза маъмури бўлгани учун - энг асосий хислати садоқатдир, ишончдир. Очиқ-сочиқлик эса бу садоқатга футур етказади, эрининг назарида ишончни йўқотади, унга виждон азобини чектиради. Ҳатто эркаклардаги жасорат ва саҳоват каби икки гўзал хислат, агар аёлларда бўлса, ул ишонч ва садоқатга зарар келтиргани учун номақбул ишлардан бўлиб, ёмон хислат ҳисобланади. Бироқ эрининг вазифаси, унга фақатгина ҳазинадорлик (хўжайинлик) ва садоқат эмас, балки ҳимоя ва раҳм-шафқат ва ҳурматдир. Шунинг учун эркак (бир аёл билангина) чеклаб қўйилмаган. Бошқа аёлларни ҳам никоҳига олиши мумкин.
Мамлакатимизни Оврупага қиёслаб бўлмас. Чунки, у ерда дуэл каби жуда шиддатли воситалар ила очиқ-сочиқлик ичра, номус бир даража муҳофаза этилади. Ўзининг иззатини билган бир одамнинг аёлига ёмон назар ила қараган, аввало кафанини бўйнига ўраб, сўнгра қарайди. Ҳам иқлим шароити совуқ бўлган оврупалик инсонларнинг табиати, мижози ўша мамлакат каби совуқ ва ҳиссиз бўлади. Бу Осиё, яъни Олами Ислом қитъаси унга нисбатан иссиқ мамлакат ҳисобланади. Маълумдирки, муҳитнинг инсон ахлоқига албатта таъсири бўлади. У совуқ мамлакатларнинг инсонларида ҳайвоний ҳавасларни ҳаракатга келтирмоқ ва иштаҳани очмоқ учун очиқ-сочиқлик, балки кўп суиистеъмолга ва исрофга сабаб бўлмайди. Бироқ таъсирчан ва ҳиссиётли бўлган иссиқ мамлакатлардаги инсонларнинг нафсоний ҳавасларини узлуксиз ҳаяжонга келтириб турадиган очиқ-сочиқлик, албатта кўп суиистеъмолларга ва исрофга ва наслнинг заифлашувига ва қувватни озайишига сабабдир. Бир ойда ва ёки йигирма кунда бир марталик фитрий эҳтиёж ўрнига, ҳар бир неча кунда ўзини бир исрофга мажбур деб ўйлайди. У вақт, ҳар ойда учрайдиган (баъзан ўн беш кун қадар давом этадиган) хайз каби ҳолатлар туфайли аёлидан ўзни тортишга мажбур бўлган эркак нафсига мағлуб бўлса, фаҳш ишларга мойиллик кўрсатади.
Шаҳарликлар қишлоқликларга, бадавийларга қараб тасаттурни олиб қўёлмаслар. Чунки қишлоқларда, бадавийларда тирикчилик ишлари ила ва жисмоний меҳнат ва чарчаш туфайли, ҳам шаҳарликларга нисбатан диққат назарини оз жалб этган маъсума ишчи ва бир даража дағал аёлларнинг қисман очиқ бўлишлари, нафсоний ҳавасларни ҳаяжонлантирмагани каби, бекорчи ва ишсиз одамлар оз бўлганидан шаҳардаги бузуқликларнинг ўндан бири уларда топилмайди. Шундай экан, уларга қиёс қилинмайди.
* * *
(Мактуботдан олинган)
Еттинчи Мактуб
Азиз қардошларим!..
Менга етказишини истаб, Шомли Ҳофизга икки нарсани айтган экансиз.
Биринчиси: "Ҳазрати Пайғамбар Алайҳиссалоту Вассаломнинг Зайнаб волидамизни никоҳларига олганларини аввалги замон мунофиқлари каби, ҳозирги замоннинг залолат аҳли ҳам танқид этадилар, нафсоний шаҳвоний дея талқин киладилар," дея бунинг сабабини сўрабсиз.
Алжавоб: Юз минг карра йўқ ва асло!.. Ул олий номус эгасига ундай паст шубҳаларнинг қўли етолмайди. Ҳа, ўн беш ёшидан қирқ ёшига қадар мижоз ҳароратининг ғалаёнли даврида ва нафсоний ҳавасларнинг авж олган замонида, дўст ва душманнинг иттифоқо билдирган шоҳидликларига кўра камоли иффат ва том исмат ила Ҳадичатул-Кубро (Р.А.) каби кексагина бир аёл билан кифояланган ва қаноат қилган бир Зотнинг қирқ ёшдан кейин, яъни мижоз ҳароратининг сусайган даврида ва нафсоний ҳавасларнинг сўниб бораётган замонида кўп аёлларга уйланиши ва никоҳига олиши, албатта очиқ-ойдин нафсоний эмаслигини ва бошқа аҳамиятли ҳикматларга асосланганини зарра қадар инсофи борларга исботлайдиган бир ҳужжатдир.
У ҳикматлардан бири шудирки: Зоти Рисолатнинг ақволи (сўзлари) каби, феъл-атвори ва аҳволи ва ҳаракатлари ҳам дин ва шариат ва ҳукмларнинг манбаидир. Унинг зоҳирий қисмини саҳобалар ўз зиммаларига олганлари каби, ҳусусий доирасидаги маҳфий аҳволларидан майдонга келган диннинг сир-асрори ва шариат ҳукмларининг воситачилари ва ривоят қилувчилари эса жуфти-ҳалолларидир. Ва улар ул вазифани бевосита ўзлари бажарганлар. Ҳатто диний асрор ва аҳкомларнинг деярли ярми улардан келган. Демак, бундай буюк вазифага бир неча ва турли-туман хислатга эга бўлган покиза аёллар лозим.
Ҳазрати Зайнабни никоҳларига олишига келсак, Йигирма Бешинчи Сўзнинг биринчи шуъласидаги учинчи шуъосининг мисолларидан бўлган:
оятига доир шундай ёзилганки, инсонларнинг табақаларига кўра, биргина оят бир неча жиҳатлар ила ҳар бир табақанинг фаҳмига яраша бир маънони ифода этади.
Бир табақанинг шу оятдан ўз фаҳмига кўра олган ҳиссаси шудирки: Расули Акрам Алайҳиссалоту Вассаломнинг хизматкори ва ёки "Ўғлим!" хитобига сазовор бўлган Зайд (Р.А.) саҳиҳ ривоятда - ўз эътирофига биноан - иззатли жуфтига ўзини маънан тенг кўрмагани учун талоқ қилган. Яъни, Ҳазрати Зайнаб бошқа юксак бир ахлоқда яратилган ва пайғамбардек Зотга жуфт бўладиган фитратда эканини, Зайд (Р.А.) фаросати билан сезган. Ва ўзини унга жуфт бўладиган фитратта лойиқ кўрмаганидан, маънавий номуносибликка сабаб бўлгани учун талоқ қилган. Аллоҳнинг амри ила Расули Акрам Алайҳиссолату Вассалом ўз никоҳларига олганлар, яъни ул никоҳ бир самовий ақд эканига далолат этувчи оятининг ишорасига кўра, ажиб тарзда ва урф-одат ва зоҳирий муомалалардан юксак суратда, ёлғиз тақдирнинг ҳукми ила ижро этилганки, Расули Акрам Алайҳиссалоту Вассалом ул тақдир ҳукмига бўйсунган ва мажбур бўлган, нафс орзуси билан эмасдир.
Бу тақдирнинг ҳукми, аҳамиятли шаръий бир ҳукмни ва муҳим бир умумий ҳикматни ва кенг бир оммавий фойдани ўзида жамлаган ояти каримасининг ишораси ила, ёши катталар кичикларни "Ўғлим" дейишлари, зиҳор масалалари каби, яъни аёлига "Онам кабисан" деса ҳаром ҳисобланганидек эмасдирки, ҳукм бу билан ўзгарса. Ҳам катталарнинг қўл остидагиларга ва пайғамбарларнинг умматларига падарона назар ва хитоблари пайғамбарлик вазифаси жиҳатидандир, инсоний шахсият жиҳатидан эмасдирки, улардан хотин олиш мумкин бўлмаса.
Иккинчи бир табақанинг фаҳмлаган ҳиссаси шудирки: Бир буюк амир қўл остидагиларга падарона бир шафқат билан қарайди. Агар ул амир зоҳирий ва ботиний бир авлиё подшоҳ бўлса, унинг марҳамати отанинг шафқатидан юз чандон улуғ бўлгани учун қўл остидагиларининг ҳар бири унинг ҳақиқий фарзанди каби унга ўз отасидек қарайдилар. Оталик назари эса эр назарига айланолмаганидан ва қиз назари ҳам осонликча хотин назарига ўтолмаганидан, омманинг фикрида ўрнашиб қолган, пайғамбар мўъминларнинг қизларини олиши уйғун эмас, деган ваҳмий тушунчани даф қилиш мақсадида Қуръон дейди: Пайғамбар раҳмати Илоҳия номидан сизга шафқат кўрсатади, оталарча муомала қилади. Ва рисолат (пайғамбарлик) жиҳатида сизлар унинг авлоди кабисизлар. Бироқ, инсоний шахсият эътибори ила отангиз эмасдирки, сиздан хотин олмоғи муносиб бўлмаса. Ва сизларга "ўғлим" деса, аҳкоми шариат нуқтаи назаридан сиз Унинг фарзанди бўлиб қолмайсиз...
Ал-боқий Ҳувал-боқий
Саид Нурсий
* * *
(Мунозаралар номли рисоланинг бир парчасидир)
Савол: Тааддуди завжот (бир неча хотин олиш) каби масалаларни баъзи ажнабийлар рўкач қилиб, маданият нуқтаи назарида шариатга айрим ваҳима ва шубҳаларни киритмоқдалар.
Жавоб: Ҳозирча мухтасар бир қоида айтаман. Тафсилини эса алоҳида бошқа бир рисола ила баён этмоқчиман.
Хуллас, Исломиятнинг ҳукмлари икки қисмдир:
Бири: Шариат таъсис қилган ҳукмлардир. Бу эса ҳақиқатда гўзал ва буткул хайрдир.
Иккинчиси: Шариат мўътадиллаштирган ҳукмлардир. Яъни, ғоят ваҳший ва ғаддор бир суратдан чиқариб, зарари оз ва мўътадил ва инсон табиатига татбиқ қилиниши мумкин бўлган ва ҳақиқатда гўзал ҳукмга тамоман ўта олиш учун, ўша замон ва заминнинг шароитига мос бир суратга келтирган.
Чунки, инсон табиатида оммавий ҳукм сураётган бир нарсани бирдан олиб ташламоқ, инсон табиатини бирдан ўзгартирмоқни тақозо этади.
Бинобарин, шариат асирликни вужудга келтирувчи эмас. Балки, энг ваҳший суратдан чиқариб, бундайин том ҳурриятга йўл очадиган ва чиқарадиган бир суратга келтирган, уйғунлаштирган. Ҳамда тўрттагача уйланмоқ масаласи табиатга, ақлга, ҳикматга мувофиқ бўлиш билан бирга шариат буни биттадан тўрттага чиқармаган. Балки саккиз-тўққизтадан тўрттага туширган. Хусусан, кўпхотинликка шундай шартлар қўйганки, унга риоя қилинса, ҳеч қандай зарар келиб чиқмайди. Баъзи жиҳатлари ёмон бўлсада, аҳвани шардир (яъни, икки ёмонликдан озроғини танлашдир). Аҳвани шар эса адолати изофиядир (яъни нисбий адолатдир...)
* * *
"Ўттиз иккинчи Сўз"нинг "Учинчи қисми"дан
ИККИНЧИ НУҚТАНИНГ
ИККИНЧИ БАҲСИ
Аҳли залолат вакили таянадиган ва залолатини бино этадиган ҳеч нарса тополмай мулзам қолган пайтида дейдики:
"Мен дунё саодатини ва ҳаёт лаззатини ва маданият тараққиётини ва санъатнинг камолотини, ўзимча, охиратни ўйламасликда ва Аллоҳни танимасликда ва дунёни севишда ва ҳурриятда ва ўзига ишонишда деб билганим учун, инсонларнинг аксариятини бу йўлга шайтоннинг ҳиммати ила чорладим ва чорламоқдаман".
Алжавоб. Биз эса Қуръон номидан деймизки: Эй бечора инсон! Эсингни йиғ. Аҳли залолат вакилининг сўзларини тинглама. Агар унга қулоқ солсанг, шу қадар қаттиқ адашасанки, руҳ, ақл ва қалб уни тасаввур қилишдан титрайди. Сенинг қаршингда икки йўл бор:
Бири: Аҳли залолат вакили кўрсатган балоли йўл.
Иккинчиси: Қуръони Ҳакийм таъриф қилган саодатли йўл.
Мана шу икки йўлнинг жуда кўп муқоясаларини кўп "Сўзлар"да, хусусан "Кичик сўзлар"да кўрдинг ва англадинг. Энди мақом муносабати билан, мингдан бир мувозаналарини яна кўр, англа. Яъни:
Ширк ва залолат, фисқ ва сафоҳат йўли инсонни ниҳоят даражада тубанлаштиради. Ҳадсиз аламлар ичра бениҳоя оғир бир юкни заиф ва ожиз белига юклайди. Чунки инсон Жаноби Ҳақни танимаса ва Унга таваккул қилмаса, у вақт ғоят даражада ожиз ва заиф, ниҳоятда муҳтож, фақир, ҳадсиз мусибатларга гирифтор, аламли, кадарли бир фоний ҳайвон ҳукмида бўлиб, севган ва боғланиб қолган барча нарсаларидан доимо айрилиқ аламларини чека-чека, ўзидан кейин қолаётган барча аҳбобларини бир аламли фироқ ичра ташлаб, қоронғи қабрга ёлғиз ҳолда киради. Ҳам ҳаёти давомида ғоят жузъий бир ихтиёр ва кичкина бир иқтидор ва қисқа бир ҳаёт ва оз бир умр ва сўник бир фикри ила ниҳоясиз аламлар ва армонлар билан бефойда курашади. Ва ҳадсиз орзулари ва мақсадларини рўёбга чиқариш учун самарасиз, бекордан-бекор ишлайди. Ҳам ўзининг вужудини кўтара олмагани ҳолда, бечора белига ва бошига улкан дунё юкини юклаб олади. Жаҳаннамга кетмай туриб, жаҳаннам азобини чекади.
Ҳа, бу ғоят аччиқ аламни ва даҳшатли маънавий азобни ҳис этмаслик учун, залолат аҳли ҳисларни сездирмасликнинг бир тури бўлмиш ғафлат сархушлиги ила вақтинча сезмай туради. Бироқ ҳис қиладиган вақти, яъни қабрга яқин қолган вақти, бирдан ҳис этади. Чунки Жаноби Ҳаққа ҳақиқий қул бўлмаса, ўз-ўзига эгаман деб ўйлайди. Ҳолбуки, у жузъий ихтиёри, у кичик иқтидори ила бу тўс-тўпалон дунёда вужудини бошқаролмайди. Зарарли микробдан тортиб, то зилзилага қадар минглаб тоифа душманларни ҳаётига ҳужум қилаётганини кўради. Ҳамиша ўзига мудҳиш бўлиб кўринган қабр эшигига, аламли бир қўрқув даҳшати ичра боқади.
Ҳам яна, бу вазиятда экан, инсон бўлгани учун, инсоният ила ва дунё ила боғлиқ бўлгани ҳолда, дунёни ва инсонни бир Ҳакийм, Олийм, Қодийр, Раҳийм, Карийм бўлган зотнинг тасарруфида эканини тасаввур қилмагани, ҳамда уларни тасодифга ва табиатга ҳавола қилгани учун дунёнинг аҳволи ва инсоннинг аҳволи доимо унинг тинчини бузади. Ўзининг алами етмаганидек, инсонларнинг аламини ҳам чекади. Дунёнинг зилзилалари, ваболари, қурғоқчилик ва очлиги-ю қаҳатчилиги, фано ва заволи ғоят нотинч қилади ва қоронғи бир мусибат суратида уни азоблайди.
Ҳам яна, бу ҳолдаги инсон марҳамат ва шафқатга лойиқ эмас. Чунки ўзини ўзи бу даҳшатли вазиятга солмоқда. "Саккизинчи Сўз"да ўрага тушиб қолган икки биродарнинг ҳолатининг мувозанасида айтилганидек, агар бир одам гўзал бир боғда, гўзал бир зиёфатда, гўзал дўсту ёрлар ичида пок, тотли, номусли, ёқимли, ҳалол бир лаззат ва хурсандчиликка қаноат қилмай, ҳаром ва ифлос бир лаззат учун чиркин ва нажас бир шаробни ичса, маст бўлиб, ўзини қиш ўртасида жирканч бир жойда ва ҳатто йиртқичлар орасида хаёл қилса, титраб бақириб-чақирса, шафқатга лойиқ бўлмайди. Чунки номусли ва муборак дўстларини йиртқич деб тасаввур этади. Уларга қарши ҳаракат қилади. Ҳамда зиёфатдаги лазиз таомларни ва тоза идишларни ифлос ва кир тошлар деб тасаввур қилади, синдира бошлайди. Ҳамда мажлисдаги муҳтарам китобларни ва маънодор мактубларни маъносиз ва оддий нақшлар деб тасаввур қилади, йиртиб оёқ остига отади ва ҳоказо... Бундай одам раҳм-шафқатга эмас, балки тарсакига лойиқ.
Худди шунингдек, суиихтиёридан келиб чиққан куфр сархушлиги ила ва залолат девоналиги ила Сонеъи Ҳакиймнинг бу дунё мусофирхонасини тасодиф ва табиат ўйинчоғи деб ўйлаб ҳамда Илоҳий Исмларнинг жилваларини янгилаб турадиган санъат асарларининг замон ўтиши билан вазифаларини битириб, ғайб оламига кўчишларини қатл ила йўқ қилиш деб тасаввур қилиб; ва тасбеҳот садоларини абадий завол ва фироқ фарёди деб ўйлаганидан; Самадоний мактублар бўлмиш бу мавжудот саҳифаларини маъносиз, аралаш-қуралаш деб тасаввур қилганидан; ва олами раҳматга йўл очувчи қабр эшигини йўқлик зулматининг оғзи сифатида тасаввур қилганидан; ва ажални, ҳақиқий дўсту ёрлар билан висол даъвати бўлгани ҳолда, жами дўсту ёрлардан фироқ-айрилиқ навбати деб ўйлаганидан; ўзини даҳшатли бир аламли азобга гирифтор қилади... Ҳамда мавжудотни, ҳам Жаноби Ҳақнинг исмларини ҳам мактубларини инкор ва ҳақорат ва пастга ургани учун марҳаматга ва шафқатга лойиқ эмас, аксинча, қаттиқ бир азобга мустаҳиқдир. Ҳеч бир жиҳатда марҳаматга лойиқ эмас.
Хуллас, эй бадбахт аҳли залолат ва бузғунчилар! Бу даҳшатли таназзулни ва эзувчи тушкунликни қайси такомилингиз, қайси фанларингиз, қайси камолотингиз, қайси маданиятингиз, қайси тараққиётингиз кетказа олади?
Инсон руҳи шиддатли равишда муҳтож бўлиб турган ҳақиқий тасаллини қаердан топа оласиз?
Ҳам сиз ишонган ва бел боғлаган ҳамда Илоҳий асарларни ва Раббоний эҳсонларни улардан деб кўраётган қайси табиатингиз, қайси сабабларингиз, қайси шеригингиз, қайси кашфиётингиз, қайси миллатингиз, қайси ботил маъбудингиз сизни, сизнингча абадий йўқлик бўлган, ўлимнинг зулматидан қутқариб, қабр ҳудудидан, барзох ҳудудидан, маҳшар ҳудудидан, сирот кўпригидан ҳокимона ўтказа олади? Абадий Саодатга сазовор қила олади?
Ҳолбуки, қабр эшигини беркита олмаганингиз учун, сиз ҳам қатъиян бу йўлнинг йўловчисисиз. Бундай бир йўловчи шундай бир Зотга таянадики, бутун бу азим доира ва бу кенг ҳудудлар Унинг амри остида ва тасарруфида бўлсин...
Ҳам яна, эй бадбахт залолат ва ғафлат аҳли! "Ношаръий бир муҳаббатнинг натижаси шафқатсиз азоб чекмоқ," қоидасининг сирига кўра, сиз фитратингиздаги Жаноби Ҳақнинг зот ва сифатлари ва исмларига сарф этилиши лозим бўлган муҳаббат ва маърифат истеъдодини ва шукр ва ибодат жиҳозларини нафсингизга ва дунёга ношаръий бир суратда сарф қилганингиздан, ҳақли равишда жазосини чекмоқдасиз. Чунки Жаноби Ҳаққа оид муҳаббатни нафсингизга бердингиз. Маҳбубингиз бўлмиш нафсингизнинг ҳадсиз балосини чекмоқдасиз. Чунки ҳақиқий бир роҳатни ул маҳбубингизга беролмаяпсиз, ҳамда уни ҳақиқий маҳбуб бўлган Қодийри Мутлаққа таваккул ила таслим этмаяпсиз. Доимо алам чекмоқдасиз.
Ҳам, Жаноби Ҳақнинг исмлари ва сифатларига оид муҳаббатни дунёга бердингиз ва Унинг санъат асарларини оламнинг сабабларига тақсимлаб бердингиз, энди балосини чекмоқдасиз. Чунки ул ҳадсиз маҳбубларингизнинг бир қисми сиз билан видолашмай, орқа ўгириб, ташлаб кетаётир. Бир қисми сизни ҳеч танимайди. Таниса ҳам, сизни севмайди. Севса ҳам, сизга бир фойда бермайди. Доимо ҳадсиз фироқлардан ва умидсиз, қайтмайдиган заволлардан азоб чекмоқдасиз.
Мана, залолат аҳлининг "ҳаётнинг саодати", "инсоннинг камолоти", "маданиятнинг фазилатлари" ва "ҳуррият лаззати" деган нарсаларининг ички қиёфалари будир. Кайфу-сафо ва сархушлик бир пардадир, вақтинча ҳис эттирмайди. "Туф уларнинг ақлига!" де...
Аммо Қуръоннинг нуроний йўли эса залолат аҳли чекаётган барча яраларни иймон ҳақиқатлари билан даволайди. Аввалги йўлдаги жами зулматларни кетказади. Залолат ва ҳалокатнинг барча эшикларини ёпади. Шундайки:
Инсоннинг заифлик ва ожизлигини, фақирлик ва эҳтиёжини бир Қодийри Раҳиймга таваккул қилиш билан даволайди. Ҳаёт ва вужуднинг юкини Унинг қудратига ва раҳматига топшириб, ўз зиммасига олмай, балки ўзи ул ҳаёти ва нафсига мингандек бир роҳатбахш мақомга чиқади. Ўзини "гапирадиган бир ҳайвон" эмас, балки ҳақиқий бир инсон ва мақбул бир мусофири Раҳмон эканини билдиради. Дунё бир мусофирхонаи Раҳмон эканини кўрсатиш билан ва дунёдаги мавжудот Илоҳий исмларнинг ойналари эканини, ундаги санъат асарлари эса, ҳар вақт янгиланиб турадиган Самадоний мактублар эканини билдириш билан, инсондаги дунёнинг фонийлигидан ва ашёларнинг заволидан ва фоний нарсаларга бўлган муҳаббатдан келиб чиққан яраларини гўзал бир тарзда даволайди ва ваҳималарнинг зулматидан қутқаради.
Ҳам яна, ўлим ва ажални барзох оламига кетган ва бақо оламидаги дўсту ёрлар билан висол ва мулоқотнинг муқаддимаси сифатида кўрсатади. Аҳли залолатнинг назарида барча дўсту ёридан абадий айрилиш бўлиб кўринган ўлим яраларини шу тариқа даволайди. Ва у айрилиқ қовушмоқнинг ўзгинаси эканини исботлайди.
Ҳам яна, қабрнинг раҳмат оламига, дори саодатга, жаннатлар бўстонига ва Раҳмон нуристонига олиб кирадиган бир эшик эканини исботлаш билан, инсоннинг энг мудҳиш қўрқувини бартараф этиб, энг аламли ва машаққатли ва юракни эзувчи барзох саёҳатини энг лазиз ва мунис ва севинчли бир саёҳат эканини кўрсатади. Қабр ила аждарҳо оғзини ёпиб, гўзал бир боққа эшик очади. Въни, қабр аждарҳо оғзи эмаслигини, балки раҳмат бўстонига очилган бир эшик эканини кўрсатади.
Ҳам яна, мўминга дейди: "Ихтиёринг жузъий бўлса, ишингни Моликингнинг умумий иродасига топшир. Иқтидоринг кичик бўлса, Қодийри Мутлақнинг қудратига суян. Ҳаётинг оз бўлса, боқий ҳаётни ўйла. Умринг қисқа бўлса, абадий бир умринг бор, ташвиш тортма. Фикринг сўниқ бўлса, Қуръоннинг қуёши остига кир. Иймон нури ила боқки, ўзини ёритишгагина етган фикринг ўрнига, ҳар бири биттадан юлдуз каби бўлган Қуръон Оятлари сенга нур беради. Ҳам яна, ҳадсиз умидларинг, аламларинг бор бўлса, ниҳоясиз бир савоб ва ҳадсиз бир раҳмат сени кутади. Ҳам яна, чексиз орзуларинг, мақсадларинг бор бўлса, уларни ўйлаб изтироб чекма. Улар бу дунёга сиғмайди. Уларнинг жойи бошқа диёрдир. Уларни берган ҳам бошқадир".
Ҳам яна, дейди: "Эй инсон! Сен ўзингга эга эмассан. Сен қудрати бениҳоя бир Қодийр, раҳмати ҳадсиз бир Раҳийми Зоти Зулжалолнинг мулкисан. Шундай экан, сен ўз ҳаётингни ўз зиммангга юклаб заҳмат чекма, чунки ҳаётни берган Удир. Бошқарувчи ҳам Удир.
Ҳам яна, дунё соҳибсиз эмаски, сен дунё юкини бошингга юклаб, сўнгра унинг аҳволини ўйлаб, ташвиш тортма. Чунки унинг соҳиби Ҳакиймдир, Олиймдир. Сен эса меҳмонсан, бекордан-бекор ишига аралашма, чалкаштириб ташлама.
Ҳам яна, инсонлар, ҳайвонлар каби мавжудотлар ўз ҳолига ташлаб қўйилмаган. Балки вазифаси бор ходимлардир. Бир Ҳакийми Раҳиймнинг назари остидадирлар. "ларнинг аламларини ва машаққатларини ўйлаб, руҳингга алам чектирма. Ва шафқатингни уларнинг Холиқи Раҳиймининг раҳматидан оширма.
Ҳам яна, сенга душман вазиятини олган микробдан то вабо, тўфон, қурғоқчилик ва зилзилаларга қадар барча нарсаларнинг тизгини у Раҳийми Ҳакиймнинг қўлидадир. У Ҳакиймдир, беҳуда иш қилмас. Раҳиймдир, раҳиймияти кўпдир. Қилаётган ҳар ишида бир нави лутф бор".
Ҳам яна, дейди: "Бу олам гарчи фонийдир, лекин абадий бир оламга лозим бўлган маҳсулотни етиштиради. Гарчи завол топгувчидир, ўткинчидир, лекин боқий мевалар беради, боқий бир зотнинг боқий исмларининг жилваларини кўрсатади. Ва гарчи лаззатлари оз, аламлари кўп бўлса-да, лекин Раҳмони Раҳиймнинг илтифотлари безавол ҳақиқий лаззатлардир. Аламлар эса, савоб қозонтиргани туфайли, маънавий лаззат етиштиради. Модомики ҳалол доираси руҳ, қалб ва нафснинг барча лаззатларига, шодликларига, роҳатланишига кифоя экан, ҳаром доирага кирма. Чунки у доирадаги бир лаззатнинг баъзан минглаб алами бор.
Ҳам яна, ҳақиқий ва доимий лаззат бўлган Раҳмоний илтифотларни йўқотишга сабабдир.
Ҳам яна, залолат йўли, юқорида баён этилганидек, инсонни асфали софилийнга шундай туширадики, ҳеч бир маданият, ҳеч бир фалсафа унга чора тополмайди. Ва у инсонни ул чуқур зулматлар қаъридан, инсониятнинг ҳеч бир тараққиёти, ҳеч бир фаннинг камолоти чиқаролмагани ҳолда, Қуръони Ҳакийм иймон ва амали солиҳ ила уни асфали софилийнга тушишдан қутқариб, аълойи иллиййинга олиб чиқади. Ва қатъий далиллар ила, олиб чиқа олишини исботламоқда. Ва ул чуқур қудуқни маънавий тараққиётнинг босқичлари ила ва руҳий камолотнинг жиҳозлари ила тўлдирмоқда.
Ҳам яна, инсониятнинг узун ва тўлқинли ва серташвиш бўлган абадият сари йўлчилигини ғоят даражада осонлаштиради ва қулайлаштиради. Минг, балки эллик минг йиллик масофани бир кунда босиб ўтадиган воситаларни кўрсатади.
Ҳам яна, Азал ва Абад Султони бўлган Зоти Зулжалолни танитиш билан, инсонни Унга бир хизматкор банда ва бир вазифадор меҳмон қилади. Ҳам дунё меҳмонхонасида, ҳам барзох ва охират манзилларида камоли роҳат ила саёҳат этишини таъминлайди. Худди бир подшоҳнинг итоатгўй бир хизматкори, у подшоҳнинг мамлакати доирасида, ҳам ҳар вилоятнинг ҳудудларидан осонлик билан тайёра, кема, поезд каби тезюрар саёҳат воситалари ёрдамида қандай кезса, кечса, шунинг каби, Султони Азалийга иймон ила боғланган ва амали солиҳ ила итоат этган инсон бу дунё меҳмонхонасидан, олами барзох ва олами маҳшар доираларидан ва ҳоказо... қабрдан кейинги барча оламларнинг кенг ҳудудларини яшин ва Буроқ тезлигида босиб ўтади. То абадий саодатни топади". Ва бу ҳақиқатни қатъий исбот этади. Ва асфиё ва авлиёларга кўрсатади.
Ҳамда Қуръон ҳақиқати дейдики: "Эй мўмин! Ўзингдаги чексиз муҳаббат қобилиятини чиркин ва сернуқсон ва ёмон ва сенга зарарли бўлган нафси амморангга сарфлама. "ни маҳбуб ва унинг ҳавосини ўзингга маъбуд қилиб олма. Балки ўзингдаги у чексиз муҳаббат қобилиятини чексиз бир муҳаббатга лойиқ, ҳам сенга ниҳоясиз эҳсонлар қила оладиган, ҳам сен алоқадор бўлган ва сен уларнинг саодатлари ила масъуд бўлган барча зотларни эҳсонлари ила хурсанд қилган, ҳам бениҳоя камолот эгаси, ҳам истиқболда сени бениҳоя масъуд қиладиган, ҳам бениҳоя муқаддас, олий, пок, қусурсиз, нуқсонсиз, заволсиз жамол соҳиби бўлган ва бутун исмлари ниҳоят даражада гўзал бўлган, ҳар исмида ғоят кўп ҳусн ва жамолининг нурлари бўлган, Жаннат бутун гўзалликлари ва неъматлари ила "нинг жамолининг раҳматини ва раҳматининг жамолини кўрсатадиган бутун коинотнинг севимли ва севилган барча ҳусн ва жамоли, фазилат ва камолоти Унинг жамолига ва камолига ишора этган ва далолат қилган ва Унинг белгиси бўлган бир Зотни маҳбуб ва маъбуд деб қабул эт!.."
Ҳам яна дейди: "Эй инсон! Унинг исмлари ва сифатларига оид муҳаббат истеъдодини бошқа бебақо мавжудотга берма, бефойда махлуқотга улашма. Чунки асарлар ва махлуқот фонийдирлар. Аммо у асарларда ва у санъатли махлуқларда нақшлари, жилвалари кўринаётган Асмои Ҳусна боқийдирлар, доимийдирлар. Ва исмлари ва сифатларининг ҳар бирида мингларча эҳсон ва жамол мартабалари, мингларча камолот ва муҳаббат табақалари бор. Сен биргина "Раҳмон" исмига боқки, Жаннат унинг бир жилваси ва абадий саодат унинг бир шуъласи ва дунёдаги жамики ризқ ва неъмат бир қатрасидир".
Хуллас бу муқояса, аҳли залолат билан аҳли иймоннинг ҳаёт ва вазифа жиҳатидаги моҳиятларига ишора қилувчи:
ҳамда натижа ва оқибатларига ишора қилувчи:
оятига диққат эт. Нақадар юксак ва мўъжизона тарзда, юқорида баён этган муқоясамизни ифодаламоқда.
Биринчи оят: "Ўн биринчи Сўз"да бу оятнинг мўъжизакорона ва мўжазкорона ифодалаган ҳақиқати батафсил баён этилгани учун, буни унга ҳавола қиламиз.
Иккинчи оят эса: Бир кичик ишора билангина нақадар юксак бир ҳақиқатни ифода этаётганини кўрсатамиз. Въни: Бу оят мувофиқ бир маъно ила шундай фармон этмоқда: "Аҳли залолат ўлса, самовот ва замин уларнинг устида йиғламайдилар". Ва бунинг акси маъноси ила далолат этаётирки: "Аҳли иймон дунёдан кетишида, самовот ва замин уларнинг устида йиғлайдилар..." Яъни: Аҳли залолат модомики самовот ва арзнинг вазифаларини инкор этаётган, маъноларини билмаётган, уларнинг қийматларини ерга ураётган, сониъларини танимаётган, уларга нисбатан ҳақорат ва адоват қилаётган экан, албатта самовот ва замин уларга йиғлаш тугул, балки уларга нафратини кўрсатади. "ларнинг ҳаром ўлганидан мамнун бўладилар.
Ва бунинг акси маъноси ила дейди: "Самовот ва арз, аҳли иймоннинг ўлимига йиғлайдилар". Зеро, аҳли иймон самовот ва арзнинг вазифаларини билади. Ҳақиқий ҳақиқатларини тасдиқлайди. Ва улар ифодалаган маъноларни иймони ила англайди. "Нақадар гўзал яратилганлар, нақадар гўзал хизмат қилаётирлар!" дейди. Ва уларга лойиқ қиймат беради, эҳтиром қилади. Жаноби Ҳақ номидан уларга ва улар ойна бўлган исмларга муҳаббат кўрсатади. Мана бу сир учундирки, самовот ва замин аҳли иймоннинг заволидан худди йиғлагандек, маҳзун бўладилар.
МУҲИМ БИР САВОЛ.
Деяпсизки: "Муҳаббат ихтиёрий эмас. Ҳам фитрий эҳтиёжга биноан лазиз таомларни севаман. Падар ва волида ва фарзандларимни севаман. Рафиқаи ҳаётимни севаман. Дўсту ёрларимни севаман. Ҳаётимни, ёшлигимни севаман. Баҳорни, гўзал нарсаларни ва дунёни севаман. Қандай қилиб буларни севмайин? Қандай қилиб бу барча муҳаббатларни Жаноби Ҳақнинг зот ва сифатлари ва исмларига бера оламан? Бу нима деганидир?"
Ал-жавоб: "Тўрт Нукта (нозик маъно)"ни тингла.
БИРИНЧИ НУКТА: Муҳаббат гарчи ихтиёрий бўлмаса-да, унинг юзи бир маҳбубдан бошқа бир маҳбубга ихтиёр билан бурилиши мумкин. Масалан, бир маҳбубнинг хунуклигини кўрсатиш билан ва ёхуд муҳаббатга ҳақиқатда лойиқ бўлган бошқа бир маҳбубга парда ёки ойна эканлигини кўрсатиш билан, муҳаббатнинг юзи мажозий маҳбубдан ҳақиқий маҳбубга қаратилиши мумкин.
ИККИНЧИ НУКТА: Санаб ўтган севганларингни "севма" демаймиз. Балки уларни "Жаноби Ҳақ учун ва Унинг муҳаббати номидан сев," деймиз. Масалан, лазиз таомларни, гўзал меваларни Жаноби Ҳақнинг эҳсони, Раҳмони Раҳиймнинг инъоми сифатида севмак "Раҳмон" ва "Мунъим" исмларини севмакдир. Ҳам маънавий бир шукрдир. Бу муҳаббат фақат нафс учун эмас, Раҳмон номидан эканини кўрсатадиган нарса - уни ҳалол йўл билан қаноаткорона қозониш ва фикр қилиб, шукр қилиб ейишдир.
Ҳам, падар ва волидани севишда, уларни шафқат ила жиҳозлаб, сени уларнинг марҳаматли қўллари ила тарбия қилдирган Ҳикмат ва Раҳмат учун, уларга кўрсатилажак ҳурмат ва муҳаббат, Жаноби Ҳақнинг муҳаббатига оиддир. У муҳаббат ва ҳурмат ва шафқат Аллоҳ учун бўлганининг аломати шудирки, улар кексайиб қолиб, сенга ҳеч бир фойдалари тегмай ва сени заҳмат ва машаққатга қўйган бир пайтларида, уларга янада зиёда муҳаббат ва марҳамат ва шафқат кўрсатилишидир.
ояти фарзандларни беш маротаба ҳурмат ва шафқатга даъват этиши, Қуръоннинг назарида ота-онанинг ҳуқуқлари нақадар аҳамиятли, уларга оқ бўлиш қай даража чиркин эканини кўрсатади. Модомики падар ҳар кимнинг эмас, фақат фарзандларининг ўзидан ҳам зиёда яхши бўлиб етишишини истайди. Бунга жавобан, фарзанд ҳам падарга нисбатан ҳақ даъво қилолмас. Демак, ота-она билан фарзанд ўртасида фитратан тортишишга сабаб йўқ. Зеро тортишув, ё рашк ва ҳасаддан келади. Ҳолбуки, падарда ўғлига нисбатан бу туйғулар йўқ. Ва ёхуд ҳақсизликдан келади. Фарзанднинг ҳаққи йўқдирки, падарига ҳақ даъво қилса. Падарини ҳақсиз кўрса ҳам, унга қарши исён қилолмас. Демак, падарига исён қилган ва уни ранжитган одам, инсон суратидаги бир ҳайвондир.
Ва авлодларини Зоти Раҳийми Кариймнинг ҳадялари экани учун камоли шафқат ва марҳамат ила севмоқ ва муҳофаза этмоқ ҳам Ҳаққа оиддир. Ва бу муҳаббат Жаноби Ҳақ учун эканини кўрсатадиган аломат шуки, вафот этганларида сабр ила шукр қилмоқдир, маъюсона фарёд қилмасликдир. "Холиқимнинг менинг назоратимга берган севимли бир махлуқи эди, бир мулки эди. Энди ҳикмати тақозо этиб, мендан олди, янада яхшироқ бир ерга олиб кетди. Менинг у мулкда биргина зоҳирий ҳиссам бўлса, минг ҳисса унинг Холиқига оиддир. "Ал-ҳукму Лиллоҳ" дея таслим бўлмоқдир.
Ҳам, дўсту ёрларга бўлган муҳаббат эса, агар улар иймон ва солиҳ амаллар туфайли Жаноби Ҳақнинг дўстлари бўлсалар, "Ал-ҳуббу филлоҳ" сирига кўра у муҳаббат ҳам Ҳаққа оиддир.
Ҳам, рафиқаи ҳаётингни раҳмати Илоҳиянинг мунис, латиф бир ҳадяси сифатида сев ва муҳаббат кўрсат. Аммо тез бузиладиган ҳусни суратига муҳаббатингни боғлама. Балки аёлнинг энг жозибадор, энг тотли гўзаллиги, аёлларга хос бир латофат ва назокат ичидаги ҳусни сийратидир. Энг қийматли ва энг ширин жамоли эса, олий, жиддий, самимий, нуроний шафқатидир. Шу жамоли шафқат ва ҳусни сийрат умрининг охирига қадар давом этади, зиёдалашади. Ва у заифа, латифа мавжудотнинг ҳуқуқу ҳурмати ул муҳаббат ила муҳофаза қилинади. Йўқса, ҳусни суратнинг завол топиши ила энг муҳтож бўлган бир пайтида бечора бу ҳаққидан айрилади.
Ҳам, анбиё ва авлиёларни севмоқ, Жаноби Ҳақнинг мақбул бандаси бўлгани учун Жаноби Ҳақ номидан ва ҳисобидандир. Шу нуқтаи назардан бу муҳаббат ҳам Унга оиддир.
Ҳам ҳаётни, Жаноби Ҳақ инсонга ва сенга берган энг қийматли ва боқий ҳаётга эриштирадиган бир сармоя ва бир бойлик ва боқий камолотнинг жиҳозларини ўзида жамлаган бир хазина сифатида севмоқ, муҳофаза этмоқ ва Жаноби Ҳақнинг хизматида сарф этмоқ лозим. Бу муҳаббат ҳам бир жиҳатда Маъбудга оиддир.
Ҳам ёшликнинг латофатини, гўзаллигини Жаноби Ҳақнинг латиф, ширин, гўзал бир неъмати нуқтаи назаридан таҳсин айламак, севмак, гўзал равишда истеъмол этмак - бир нави шокирона ҳалол муҳаббатдир.
Ҳам баҳорни, Жаноби Ҳақнинг нуроний исмларининг энг латиф ва гўзал нақшларининг саҳифаси ва Сонеъи Ҳакиймнинг антиқа санъатининг энг зийнатланган ва дабдабали бир санъат кўргазмаси сифатида тафаккур ила севмак, Жаноби Ҳақнинг исмларини севмакдир.
Ҳам дунёни охиратнинг экинзори ва Илоҳий исмларнинг ойнаси ва Жаноби Ҳақнинг мактублари, вақтинчалик бир меҳмонхонаси жиҳатида севмак - нафси аммора аралашмаслик шарти ила - Жаноби Ҳаққа оид бўлади.
Ал-ҳосил: Дунёни ва ундаги махлуқотни ҳарф маъносила сев. Исм маъносила севма. "Нақадар гўзал яратилган!" де. "Нақадар гўзалдир!" дема. Ва қалбнинг ичига бошқа муҳаббатларнинг киришига йўл қўйма. Чунки қалбнинг ичи Самад ойнасидир ва Унга махсусдир.
де.
Хуллас биз айтиб ўтган жами муҳаббатлар агар шу суратда бўлса, ҳам аламсиз бир лаззат беради, ҳам бир жиҳатда заволсиз бир висолдир. Ҳам Аллоҳга бўлган муҳаббатни зиёдалаштиради, ҳам шаръий (ҳалол) бир муҳаббатдир. Ҳам айни шу лаззат, бир шукрдир. Ҳам айни шу муҳаббат, бир фикрдир.
Масалан: Дейлик, буюк бир подшоҳ (Изоҳ) сенга бир олма эҳсон этса, у олмада икки хил муҳаббат ва икки хил лаззат бор.
----------------------
(Изоҳ): Бир вақтлар икки қишлоқ раиси бир подшоҳнинг ҳузурига кирганлар. Ёзилган айни ўша вазиятда бўлганлар.
----------------------
Бири: у олма олма бўлгани учун севилади ва олмага хос ва олма нисбатида бир лаззати бор. Бу муҳаббат подшоҳга оид эмас. Балки ҳузури олийда у олмани оғзига олиб еган одам подшоҳни эмас, олмани севади ва нафсига муҳаббат этади. Баъзан шундай бўладики, подшоҳ у нафспарварона муҳаббатни қадрламайди. Ундан нафратланади. Ҳам, олманинг лаззати оздир, ҳам завол топади. Олмани еб бўлгандан кейин, у лаззат ҳам кетади, афсуслар қолади.
Иккинчи хил муҳаббат эса, олма ичидаги, олма орқали кўрсатилган шоҳона илтифотлардир. "Бу олма шоҳона илтифотларнинг намунаси ва мужассамидир," - дея уни бошига кўтарган одам подшоҳни севишини изҳор этади. Ҳам илтифотнинг рамзи бўлган у мевада шундай бир лаззат борки, мингта олманинг берадиган лаззатидан ҳам устундир. Мана шу лаззат айни шукрдир. Бу муҳаббат подшоҳга нисбатан ҳурматли бир муҳаббатдир.
Худди шу мисолдаги каби, бутун неъматларга, меваларга зотлари учун (исм маъносила) муҳаббат қўйилса, фақат моддий лаззатлари ила ғофилона лаззатланилса, бундай муҳаббат нафсонийдир. У лаззатлар ўткинчи ва аламлидир. Агар Жаноби Ҳақнинг раҳматининг илтифотлари ва эҳсонларининг мевалари эканлиги туфайли севса ва ул эҳсон ва илтифотларнинг лутф даражаларини қадрлаш суратида камоли иштаҳа билан лаззат олса, ҳам маънавий бир шукр, ҳам аламсиз бир лаззатдир.
УЧИНЧИ НУКТА: Жаноби Ҳақнинг Исмларига бўлган муҳаббатнинг табақалари бор. Собиқан баён этганимиздек, баъзан инсон, яратилган асарларга муҳаббат суратида исмларни севади. Баъзан исмларни Илоҳий камолотнинг унвонлари экани жиҳатида севади. Баъзан инсон моҳиятининг серқирралиги туфайли ҳадсиз эҳтиёжлари бор бўлиб, шу нуқтада исмларга муҳтож ва муштоқ бўлади. Ва ўша эҳтиёж ила севади. Масалан: Сен шафқат туйган барча яқинларинг ҳамда фақир ва заиф ва муҳтож махлуқот қаршисида мададга муҳтож эканларини ҳис қилиб ожизона турганингда, бир зот пайдо бўлса-да, худди сен истаётганингдек уларга яхшилик қилса, у зотнинг "инъом этувчи" сифати ва "карийм" исми нақадар сенга ёқади, нақадар у одамни бу сифати туфайли севасан... Худди шунингдек, Жаноби Ҳақнинг фақат "Раҳмон" ва "Раҳийм" исмларини ўйлаб кўр: Сен севган ва шафқат туйган бутун мўмин боболаринг ва аждодларингни, ақрабо ва аҳбобингни дунёда неъматларининг барча навлари билан, Жаннатда лаззатларининг барча навлари билан ва абадий саодатда уларни сенга ва Ўзини уларга кўрсатиши билан уларни масъуд этиши жиҳатидан, ул "Раҳмон" исми ва "Раҳийм" сифати севилмоққа нақадар лойиқ эканини ва бу икки исмга инсон руҳи қай даража муҳтож эканини қиёслай оласан. Ва "Алҳамду лиллаҳи ала Раҳмонийятиҳи ва ала раҳиймийятиҳи" шукронаси нақадар ўринли эканини англарсан.
Ҳам, сен алоқадор бўлган ва паришонликлари сени таъсирлантирадиган, бир нави уйингдек бўлган - дунёни;
ва уйингдаги сен кўниккан буюмлар ва севимли зийнатлар ҳукмида бўлган дунё ичидаги махлуқотларни, камоли ҳикмат ила тартибга солган ва тадбир ва тарбия этиб турган зотнинг "Ҳакийм" исмига ва "Мураббий" унвонига руҳинг нақадар муҳтож, нақадар муштоқ эканини, диққат қилсанг англайсан.
Ҳам, сен алоқадор бўлган ва заволлари ила сенга алам берган барча инсонларни, ўлаётган чоғларида йўқлик зулматларидан қутқариб, бу дунёдан ҳам гўзал бир ерга кўчираётган бир зотнинг "Ворис" ва "Боис" исмларига, "Боқий" ва "Карийм" ва "Муҳйий" ва "Муҳсин" унвонларига руҳинг нақадар муҳтож эканини, диққат қилсанг англайсан.
Хуллас, инсоннинг моҳияти - олий, фитрати - серқирра бўлганидан, минглаб турдаги эҳтиёжлари билан минг бир Илоҳий Исмларга ва ҳар бир исмининг кўп мартабаларига фитратан муҳтождир. Устма-уст эҳтиёж - иштиёқдир. Устма-уст иштиёқ - муҳаббатдир. Устма-уст муҳаббат эса - ишқдир. Руҳнинг камолотига кўра, муҳаббат мартабалари исмларнинг мартабаларига кўра ўсади. Барча исмларга муҳаббат эса Зотига бўлган муҳаббатга айланади, чунки ул исмлар Зоти Зулжалолнинг унвонлари ва жилваларидир. Бу ўринда, намуна сифатидагина, минг бир исмларидан фақат "Адл" ва "Ҳакам", "Ҳақ" ва "Раҳийм" исмларининг минг бир мартабаларидан бирини баён этамиз. Яъни, ҳикмат ва адолат ичидаги "Раҳмонир-раҳийм" ва "Ҳақ" исмини аъзамий бир доирада кўришни истасанг ушбу мисолга боқ:
Бир ҳарбий қўшинда тўрт юз хилма-хил тоифалар бор деб фараз қилайлик. Ҳар бир тоифанинг яхши кўрган либослари ўзгача, ёқтирган овқатлари ўзгача, қийналмай фойдаланадиган қурол-аслаҳалари ўзгача ва мижозларига кўра даво бўладиган дори-дармонлари ўзгача бўлгани ҳолда, барча у тўрт юз тоифани алоҳида-алоҳида, бўлинма-бўлинма қилиб ажратмай туриб, балки бир-бирига аралашган ҳолида, мислсиз ва танҳо бир подшоҳ, камоли шафқат ва марҳаматидан, мислсиз иқтидоридан, мўъжизона илм ва кенг қамровидан, чексиз адолат ва ҳикматидан, уларнинг ҳеч бирини чалкаштирмай, ҳеч бирини унутмай, уларга лойиқ алоҳида-алоҳида либос, озуқа, дори-дармон ва қурол-аслаҳаларини барчасини, ёрдамчисиз шахсан ўзи берса, ажабо, ул Зот нақадар иқтидорли, мушфиқ, одил, карийм бир подшоҳ эканини англайсан. Чунки одатда, ҳарбий қисмда ўнта миллат вакиллари бўлса, уларни алоҳида-алоҳида кийинтирмоқ ва жиҳозламоқ ғоят мушкул бўлгани учун, мажбуран, қайси элатдан бўлса бўлсин, бир тарзда жиҳозлантирилади.
Мана шунингдек, Жаноби Ҳақнинг адл ва ҳикмат ичидаги "Ҳақ" ва "Раҳмонир-раҳийм" исмларининг жилвасини кўришни истасанг, баҳор мавсумида замин юзига чодирлари тикилган тўрт юз минг миллатдан таркиб топган ўсимлик ва ҳайвонотнинг муҳташам лашкарига боқ. Ва кўрасанки, бутун у миллатлар, у тоифалар ўзаро бир-бири ичида бўлганлари ҳолда, ҳар бирининг либоси ўзгача, озуқаси ўзгача, қуроли ўзгача, ҳаёт тарзи ўзгача, таълимоти ўзгача, хизматдан бўшатилиши ўзгачадир. Бундан ташқари, ул эҳтиёжларини қондирадиган иқтидорлари ва ул матлубларини истайдиган тиллари йўқдир. Аммо буларга қарамай, доираи ҳикмат ва адолат ичра, мезон ва интизом ила "Ҳақ" ва "Раҳмон", "Раззоқ" ва "Раҳийм" ва "Карийм" унвонларини тамошо қил, кўр. Қандайин ҳеч бирини чалкаштирмай, унутмай, аралаштириб юбормай тарбия ва тадбир ва идора этаётир!
Хуллас, бундай ҳайратомуз қамрови кенг бир интизом ва мезон ила қилинаётган бир ишга бошқаларнинг қўли аралаша оладими? Бу санъатга, бу тадбирга, бу Рубубиятга, бу маҳоратга Воҳиди Аҳад ва Ҳакийми Мутлақ ва Қодийри Кулли Шайдан бошқа ким қўлини узата олади? Қайси сабаб аралаша олади?
ТЎРТИНЧИ НУКТА: Сен дейсан: "Менинг таомларга, нафсимга, рафиқамга, ота-онамга, фарзандларимга, дўсту ёрларимга, авлиёларга, анбиёларга, гўзал нарсаларга, баҳорга, дунёга бўлган ҳар турли муҳаббатларим, агар Қуръон амр этган тарзда бўлса, натижалари, фойдалари қандай бўлади?"
Алжавоб: Барча натижаларини баён этиш учун катта бир китоб битмак лозим. Ҳозирча фақат қисқагина бир-икки натижага ишора этилади. Аввало, дунёдаги нақд натижалари баён қилинади. Сўнгра охиратда кўриладиган натижалари зикр этилади. Яъни:
Юқорида баён қилинганидек, аҳли ғафлат ва аҳли дунё тутган тарздаги ва нафс учун бўлган муҳаббатларнинг дунёда балолари, аламлари, машаққатлари кўпдир. Завқлари, лаззатлари, роҳатлари оздир. Масалан шафқат ожизлик туфайли аламли бир мусибат бўлади. Муҳаббат фироқ туфайли балоли бир оташ бўлади. Лаззат завол жиҳатидан заҳарли бир шарбат бўлади. Охиратда эса, Жаноби Ҳақ учун бўлмаганидан, ё фойдасиздир ва ё, агар ҳаромга кирилган бўлса, азобдир.
Савол: Анбиё ва Авлиёларга муҳаббат қандай қилиб фойдасиз қолиши мумкин?
Алжавоб: Учхудоликка эътиқод қилувчиларнинг Исо алайҳиссаломга ва рофизийларнинг Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга муҳаббатлари фойдасиз қолгани каби...
Агар у муҳаббатлар Қуръон рушди ҳидоят этган тарзда ва Жаноби Ҳақ учун ва муҳаббати Раҳмон номидан бўлса, унда ҳам дунёда, ҳам охиратда гўзал натижалари бордир.
Лазиз таомларга, гўзал меваларга шу тарздаги муҳаббатингнинг дунёдаги натижаси, аламсиз бир неъмат ва айни шукр бўлган бир лаззатдир.
Нафсингга муҳаббат эса, унга ачиниш, тарбиялаш, зарарли ҳаваслардан ман қилишдир. Шундагина нафс сенга миниб олмайди, сени ўз орзуларига асир этмайди. Балки сен нафсингга минасан. Уни ҳавасларига эмас, ҳидоятга етаклайсан.
Рафиқаи ҳаётингга муҳаббатинг эса, модомики гўзал ахлоқ ва шафқат манбаи ва раҳмат ҳадяси эканини билиб, унинг устига бино этилган бўлса, рафиқангга самимий муҳаббат ва марҳамат кўрсатсанг, у ҳам сенга жиддий ҳурмат ва муҳаббат кўрсатади. Икковингиз кексайган сари у ҳол зиёдалашади, ҳаётингизни масъудона кечирасиз. Йўқса, ҳусни-суратининг гўзаллигига нафсоний муҳаббатинг бўлса, ундай муҳаббат тезда бузилади. Гўзал турмушни ҳам бузади.
Падар ва волидага муҳаббатинг, Жаноби Ҳақ учун бўлганидан, ҳам бир ибодатдир ҳамда улар кексайганларида ҳам ҳурмат ва муҳаббатни зиёдалаштирасан. Энг олий бир ҳис ила, энг мардона бир ҳурмат ила умрларининг узайишини жиддий равишда орзу қилиб, бақоларига дуо этиш, "то булар туфайли янада кўпроқ савоб қозонаман," дея самимий ҳурмат ила уларнинг қўлларини ўпиш, олий бир руҳий лаззат олишдир. Акс ҳолда, уларга муҳаббатинг нафсоний, дунё эътибори ила бўлса, улар кексайганларида ва сенга юк бўладиган бир ҳолатга тушганларида, энг пасткаш ва энг ярамас бир ҳис ила уларнинг борликларини ёқтирмаслик, ҳаётингга сабабчи бўлмиш у муҳтарам зотларнинг ўлимларини орзу этишдек ваҳший, қайғули, руҳий бир аламдир.
Фарзандларингга муҳаббат эса, Жаноби Ҳақ сенинг назоратингга ва тарбиянгга омонат қилиб берган севимли, мунис у махлуқларга бўлган муҳаббат, саодатли бир муҳаббатдир, бир неъматдир. На мусибатларидан ортиқча алам чекасан ва на ўлимларидан маъюсона фарёд этасан. Юқорида айтиб ўтилганидек, уларнинг Холиқлари ҳам Ҳакийм ҳам Раҳийм бўлганидан, "Улар учун ўлим бир саодатдир" дейсан. Уларни сенга берган Зотнинг ўзингга ҳам раҳмати борлигини ўйлайсан. Айрилиқ аламидан қутуласан.
Дўсту ёрларга муҳаббатинг эса, модомики Лиллоҳ учундир, ул дўсту ёрларнинг айрилиқлари, ҳатто ўлимлари ҳам, ул суҳбатингизга ва биродарлигингизга моне бўлмагани учун у маънавий муҳаббат ва руҳоний алоқадан истифода этасан. Ва мулоқот лаззати доимий бўлади. Лиллоҳ учун бўлмаса, бир кунлик мулоқот лаззати юз кунлик фироқ аламини келтириб чиқаради.(Изоҳ)
----------------
(Изоҳ): Аллоҳ учун бир сония муҳаббат, бир санадир. Дунё учун бир сана муҳаббат, бир сониядир.
-------------
Анбиё ва Авлиёларга муҳаббатинг эса, аҳли ғафлатга қоронғу ва ваҳшатгоҳ бўлиб кўринган қабр олами сенга у нуронийларнинг вужудлари ила ёритилган манзилгоҳлар суратида кўрингани учун у оламга боришдан қўрқиш ва даҳшатга тушиш эмас, балки аксинча мойиллик ва иштиёқ ҳиссини беради. Дунё ҳаётининг лаззатини қочирмайди. Йўқса, уларга муҳаббат аҳли маданиятнинг инсониятнинг машҳурларига бўлган муҳаббати навидан бўлса, у комил инсонларнинг фано ва заволларини ва мозий деб аталган улкан мозорда чиришларини ўйлаш билан шундоқ ҳам аламли ҳаётингга яна бир қайғу қўшади. Яъни, "Шундай комилларни чиритган мозорга мен ҳам кираман," дея ўйлайди. Мозористонга қўрқиб назар солади. "Оҳ!" чекади. Аввалги назар билан қараганда эса, жасад либосини ўтмишга ташлаб, ўзлари истиқболнинг қабулхонаси бўлмиш барзох оламида камоли роҳат ила истиқомат қилаётганини ўйлайди, мозористонга дўстона боқади.
Ҳам гўзал нарсаларга муҳаббатинг, модомики Сонеълари учундир, "Қандай гўзал яратилганлар!" тарзидадир. Ул муҳаббатинг лазиз бир тафаккур бўлгани ҳолда ҳуснпараст, жамолпараст завқингнинг назарини янада юксак, янада муқаддас ва минглаб марта янада гўзал жамол мартабаларининг хазиналарига йўл очади, қаратади. Чунки назарни ул гўзал асарлардан Илоҳий фаолиятларнинг гўзаллигига қаратади. Ундан исмларнинг гўзаллигига, ундан сифатларнинг гўзаллигига, ундан Зоти Зулжалолнинг мислсиз жамолига қарата қалбга йўл очади. Хуллас, бу муҳаббат шу суратда бўлса, ҳам лаззатдир ҳам ибодатдир ҳамда тафаккурдир.
Ёшликка муҳаббатинг эса, модомики уни Жаноби Ҳақнинг гўзал бир неъмати бўлгани туфайли севган экансан, албатта уни ибодатда сарф этасан, бузуқчиликларда бўғдириб ўлдирмайсан. Шундай экан, у ёшлик чоғингда қозонган ибодатларинг у фоний ёшликнинг боқий меваларидир. Сен кексайган сари ёшликнинг яхшиликлари бўлмиш боқий меваларини қўлга киритган ҳолда, ёшликнинг зарарларидан, тошқинликларидан қутуласан. Ҳам кексаликда ибодатга янада зиёда муваффақият ва марҳамати Илоҳияга янада зиёда лаёқат қозонганингни ўйлайсан. Беш-ўн йиллик ёшлик лаззатларининг ўрнига, аҳли ғафлат каби, эллик ёшда "Эй воҳ, ёшлигим кетди!" дея афсусланиб, ёшликка йиғламайсан. Ўшандайлардан бири:
деган. Яъни: "Кошки ёшлигим бир кунга қайтса эди, кексалик менинг бошимга нималар келтирганини шикоят қилган бўлардим".
Баҳор каби зийнатли кўргазмаларга муҳаббат эса, модомики Илоҳий санъатни тамошо қилиш билан бўлар экан, демак у баҳорнинг кетиши билан тамошо лаззати тугамайди. Чунки баҳор порлоқ бир мактубга ўхшайди... Унинг маъноларини ҳар доим тамошо қилишинг мумкин. Сенинг хаёлинг ва вақт, иккиси ҳам кино пардалари каби, у тамошо лаззатини сен учун давом эттирадилар, шу билан бирга у баҳорнинг маъноларини, гўзалликларини сенга янгилаб турадилар. Ўшанда муҳаббатинг афсусли, аламли, ўткинчи бўлмайди, лаззатли ва хуш бўлади.
Дунёга муҳаббатинг эса, модомики Жаноби Ҳақнинг номидан экан, энди дунёнинг даҳшатли мавжудоти сенга мунис бир дўст ҳукмига ўтади. Охират экинзори сифатида севганинг учун, ҳар нарсасидан охиратда фойда берадиган бир сармоя, бир самара олишинг мумкин. На мусибатлари сенга даҳшат беради, на завол ва фаноси сени қийнайди. Камоли роҳат ила ул меҳмонхонада истиқомат муддатини кечирасан. Йўқса, дунёни аҳли ғафлат каби севсанг, сенга юз марта сўйлаганмизки, сиқувчи, эзувчи, бўғувчи, фанога маҳкум бўлган, натижасиз бир муҳаббат ичида бўғилиб кетасан.
Хуллас, баъзи маҳбубларингга Қуръон рушди ҳидоят этган тарзда муҳаббат кўрсатганингда, ҳар бирида юзлаб латофатлар борки, биз бу ерда юздан биринигина кўрсатдик. Ул муҳаббатинг Қуръон кўрсатган йўлда бўлмаса, юзлаб зарарлари борки, бу ерда унинг ҳам юздан бир зараригагина ишора қилдик.
Энди бу маҳбубларнинг боқий диёрдаги, охират оламидаги, Қуръони Ҳакийм очиқ-ойдин оятлари ила ишора қилган натижаларини эшитишни ва англашни истасанг, ана шу турдаги ҳалол муҳаббатларнинг дори охиратдаги натижаларини бир "Муқаддима" ва "Тўққиз Ишора" билан юздан бир фойдасини ижмолан кўрсатамиз.
МУҚАДДИМА
Жаноби Ҳақ жалил (ҳайбатли) улуҳияти ила, жамил (гўзал) раҳмати ила, улкан рубубияти ила карамли марҳамати ила, азим қудрати ила, латиф ҳикмати ила шу кичкина инсоннинг вужудини, шу қадар ҳаваслар ва ҳиссиётлар билан, шу даража аъзои бадан ва жиҳозлар ила ва турли-туман аъзолар ила ва хилма-хил ҳислар ва маънавиятлар (маънавий туйғулар) ила жиҳозлаган ва зийнатлаганки, то хилма-хил ва ғоят кўп аъзолар ёрдамида неъматларининг ҳадсиз навларини, эҳсонларининг хилларини, раҳматининг табақаларини у инсонга ҳис эттирсин, билдирсин, тоттирсин, таниттирсин, севдирсин. Инсондаги у кўпдан-кўп аъзолар ва жиҳозларнинг ҳар бирининг ўзгача хизмати ва ибодати бўлганидек, ўзгача лаззати, алами, вазифаси ва мукофоти бор.
Масалан, кўз суратлардаги гўзалликларни ва бу ёруғ дунёдаги қудрат мўъжизаларининг гўзал навларини томоша қилади. Вазифаси - ибрат назари ила Сонеъига шукроналар айтишдир. Кўришга хос бўлган лаззат ва алам маълумдир, таърифга ҳожат йўқ.
Масалан, қулоқ садоларнинг навларини, латиф нағмаларини ва товушлар оламидаги Жаноби Ҳақнинг раҳматининг латофатларини ҳис этади. Ўзига хос бир ибодати, ўзгача бир лаззати, ўзгача бир мукофоти бор.
Масалан, қувваи шомма (ҳид билиш туйғуси) ҳидлар тоифасидаги раҳматининг латофатларини ҳис этади. Ўзига хос бир шукр вазифаси, бир лаззати бор. Албатта, мукофоти ҳам бор.
Масалан, тилдаги қувваи зоиқа (там билиш сезими) барча таомларнинг завқларини англаш орқали, ғоят хилма-хил бир маънавий шукр вазифасини бажаради. Ва ҳоказо... Инсоннинг барча жиҳозларининг, жумладан қалб ва ақл ва руҳ каби буюк ва аҳамиятли туйғуларнинг шу сингари хилма-хил вазифалари, лаззатлари бор.
Хуллас, Жаноби Ҳақ ва Ҳакийми Мутлақ бу инсонда хизмат этдираётган бу жиҳозларнинг, албатта ҳар бирининг ўзига лойиқ ҳақларини беради. Ўша кўплаб муҳаббат навларининг юқорида баён этилган дунёдаги нақд натижаларини ҳар ким виждонан ҳис этади. Ва қатъий бир ишонч ила исбот этилади. Охиратдаги натижалари эса, қатъиян мавжудликлари ва ҳақиқатлари, қисқача қилиб Ўнинчи Сўзнинг порлоқ ва катъий ўн икки ҳақиқати ила ва Йигирма тўққизинчи Сўзнинг очиқ маъноли олти асоси ила исбот этилган. Тафсилоти эса,
бўлган Қуръони Ҳакиймнинг қуёш каби равшан оятларининг очиқ маъноси ҳамда киноя ва рамз ва ишоралари билан қатъиян собитдир. Бундан узун ҳужжатларни келтиришга ҳожат йўқ. Зотан, бошқа Сўзларда ва жаннатга доир Йигирма Саккизинчи Сўзнинг арабий тилдаги иккинчи мақомида ва Йигирма Тўққизинчи Сўзда кўп далиллар келтирилган.
БИРИНЧИ ИШОРА: Лазиз таомларга, ёқимли меваларга шокирона шаръий муҳаббатнинг охиратдаги натижаси, Қуръоннинг хабарига кўра, жаннатга лойиқ тарздаги лазиз таомлар, гўзал мевалардир. Ва ул таомларга ва ул меваларга иштаҳа берувчи бир муҳаббатдир. Ҳатто дунёда еган меванинг устида "Алҳамдулиллоҳ" калимасини айтган бўлсанг, бу калима жаннат меваси ўлароқ мужассамлаштирилиб, сенга тақдим этилади. Бу ерда мева ейсан. У ерда "Алҳамдулиллоҳ" ейсан. Ва неъматда ва таом ичра Илоҳий инъомни ва Раҳмоний илтифотни кўрганинг учун бу лаззатли маънавий шукр, Жаннатда ғоят лазиз бир таом суратида сенга берилиши, Ҳадиснинг хабари билан, Қуръоннинг ишоралари билан ва Ҳикмат ва Раҳматнинг тақозоси билан собитдир.
ИККИНЧИ ИШОРА: Дунёда шаръий бир тарзда нафсига бўлган муҳаббат, яъни гўзалликларига бино қилинган муҳаббат билан эмас, балки нуқсонларини кўриб, такомиллашишга бино қилинган шафқат билан уни тарбия қилиш ва уни хайрга чорлаш тарзидаги муҳаббатнинг натижаси - ул нафсга лойиқ маҳбубларнинг жаннатда берилишидир. Нафс, модомики дунёда орзу-ҳавасини Жаноби Ҳақ йўлида ҳусни истеъмол қилган экан. Аъзоларини, туйғуларини гўзал суратда ишлатган экан. Карийми Мутлақ дунёдаги шаръий ва ибодаткорона муҳаббатининг натижаси ўлароқ - жаннатда жаннатнинг етмиш хил турли-туман зийнат ва латофат навларининг намуналари бўлмиш етмиш хил либосни кийдириб, нафсдаги барча ҳис-туйғуларни мамнун қиладиган, эркалайдиган етмиш хил ҳусн ила вужудини безаб, ҳар бири руҳли кичик бир жаннат ҳукмида бўлган ҳурийларни, ул боқий диёрда бериши жуда кўп оятлар ила ёритилган ва исбот этилган.
Ҳам яна, дунёда ёшликка бўлган муҳаббатнинг, яъни ёшлик қувватини ибодатга сарф этишнинг натижаси - дори саодатда абадий бир ёшликдир.
УЧИНЧИ ИШОРА: Рафиқаи ҳаётига шаръий доирадаги, яъни латиф шафқатига, гўзал хислатига, чиройли хулқ-атворига биноан самимий муҳаббат ила севишнинг, рафиқаи ҳаётини эса, ношизаликдан (яъни эрдан устун келишга уринишдан) ва бошқа гуноҳлардан муҳофаза этишнинг охиратдаги натижаси - Раҳийми Мутлақ ул рафиқаи ҳаётини саодат диёрида унга ҳурийлардан ҳам гўзал бир суратда ва янада зийнатли бир тарзда, янада жозибадор бир қиёфада абадий бир рафиқаи ҳаёт қилиб, дунёда ўтган можароларни бир-бирига лаззатли тарзда нақл этиб, эски хотираларни бир-бирига эслатадиган мунис, латиф, абадий бир ҳамроҳ, суюкли зот ва маҳбуб сифатида берилишини ваъда қилган. Албатта, ваъда қилган нарсасини қатъий беражак.
ТЎРТИНЧИ ИШОРА: Ота-она ва фарзандларга шаръий муҳаббатнинг натижаси - Қуръоннинг хабарига кўра, Жаноби Арҳамур Роҳимийн уларнинг мақомлари бошқа-бошқа бўлса ҳам, ул масъуд оилага соф ҳолдаги суҳбат лаззатини жаннатга лойиқ гўзал бир муомала суратида боқий диёрдаги абадий мулоқотни эҳсон этади. Ва ўн беш ёшга кирмай, яъни балоғат ёшига етмай вафот этган болалар, дея таъбирланган жаннат болалари шаклида ва жаннатга лойиқ бир тарзда, ғоят безакли ва севимли бир суратда, уларни жаннатда яна падар ва волидаларининг қучоқларига беради. Бола суйишлик ҳисларини мамнун қилади, уларга абадий бўлган ул завқни ва ул лаззатни беради. Зеро, болалар балоғат ёшига етмаганлари боис, то абад севимли, ширин бола ҳолида қоладилар. Дунёдаги ҳар лаззатли нарсанинг энг аълоси жаннатда бор. Бироқ жуда ширин бўлган фарзандпарварлик, яъни болаларини суйиб эркалатиш завқи, жаннат насл кўпайтириш жойи бўлмагани учун, жаннатда йўқ деб ўйланар эди. Мана бу шаклда у ҳам бор экан. Ҳам энг завқли ва энг ширин бир тарзда бўлади. Бу эса балоғатга етмаган фарзанди вафот этганларга хушхабар!..
БЕШИНЧИ ИШОРА: Дунёда "ал-ҳубби филлоҳ" ҳукмига биноан, солиҳ дўст-ёрларга муҳаббатнинг натижаси - жаннатда, дея таъбирланган, қарама-қарши қилиб ўрнатилган жаннат курсиларида ўтириб, хуш, ширин, тотли бир ҳолатда дунё можароларини, қадимги хотираларини бир-бирларига нақл этиб, кўнгил очишлари суратидаги фироқсиз, соф бир муҳаббат ва суҳбат тарзида дўст-ёрлари билан кўриштириши Қуръоннинг хабарига кўра собитдир.
ОЛТИНЧИ ИШОРА: Анбиё ва авлиёларга Қуръон таърифлаган тарзда муҳаббат кўрсатишнинг натижаси шуки, у анбиё ва авлиёларнинг шафоатларидан қабрда, қиёмат кунида истифода этиш билан бирга ғоят юксак ва уларга лойиқ мақом ва файзларидан ул муҳаббат воситаси ила файз олмоқдир. Ҳа, сиррига кўра, оддий бир одам энг юксак бир мақомга ўзи севган олий мартабали бир зотга эргашиш билан эришмоғи мумкин.
ЕТТИНЧИ ИШОРА: Гўзал нарсаларга ва баҳорга шаръий муҳаббатнинг, яъни "На қадар гўзал яратилган!" назари билан у асарларнинг орқасидаги фаолиятларнинг гўзаллигини ва интизомини, фаолиятлар интизомининг орқасидаги гўзал исмларнинг жилваларини ва у гўзал исмлар орқасидаги сифатларнинг жилоларини ва ҳоказоларни севмоқнинг натижаси - боқий диёрда, сен гўзал деб билган бу яратилган санъатлардан минг бор гўзалроқ бир тарзда исмларнинг жилвасини, исмлар ичидаги жамол ва сифатларини жаннатда кўрмоқдир. Ҳатто Имоми Раббоний (р.а.) деганки: "Жаннат латофатлари, исмлар жилвасининг аксларидир". Таққослаб кўр!..
САККИЗИНЧИ ИШОРА: Дунёда, дунёнинг охират экинзори ва Илоҳий Исмларнинг ойнаси бўлмиш икки гўзал юзини тафаккур бирла севишнинг охиратдаги натижаси шудирки, дунё каби катта, аммо фоний дунёдек фоний эмас, боқий бир жаннат берилажакдир. Ҳам, дунёда заиф сояларигина кўрсатилган исмлар ул жаннатнинг ойналарида энг дабдабали бир суратда кўрсатилажакдир. Ҳам, дунёни охират экинзори бўлган юзини севишнинг натижаси - дунё унинг кўчатзори бўлган, яъни кўчатларни ўзида бир даража етиштирган ҳамда унинг кичик бир экинзори бўлган шундай бир жаннатни берадики, дунёда инсоннинг ҳис ва туйғулари кичик ниҳоллар бўлгани ҳолда, жаннатда энг мукаммал бир суратда очилиши, дунёда уруғлар ҳукмида бўлган истеъдодларни лаззат ва камолот навлари билан ниҳолланиш шаклида унга берилиши, раҳматининг ва ҳикматининг тақозоси бўлганидек, ҳадиснинг хабарлари ва Қуръоннинг ишоралари ила собитдир.
Ҳам яна, модомики ҳар хатонинг боши дейилган, дунёнинг ёмон тарафига муҳаббат қўймай, балки исмларга ва охиратга қараган икки юзини исмлар ва охират учун севган ҳамда тафаккурий ибодат ила у юзларни юксалтирган, гўё бутун дунёси ила ибодат қилгандек бўлади. Албатта бундай ибодат қилган одамнинг дунёдек бир мукофот олиши, раҳмат ва ҳикматнинг тақозосидир. Ҳам яна, модомики охиратнинг муҳаббати ила унинг бу экинзорини севган ва Жаноби Ҳақнинг муҳаббати ила исмларининг ойнасини севган экан, албатта дунёдек бир маҳбубни истайди. У ҳам бўлса дунёдек катта бир жаннатдир.
Савол: Бу қадар катта ва холи бир жаннат нимага ярайди?
Ал-жавоб: Дейлик, агар мумкин бўлсайди, хаёл тезлигида заминнинг атрофини ва юлдузларнинг аксариятини кезсанг, "Бутун олам меникидир," дея оласан. Малоика ва инсон ва ҳайвонларнинг иштироклари сенинг у ҳукмингни бузмайди. Худди шунингдек, у жаннат тўла бўлса ҳам, "У жаннат меникидир," дейишинг мумкин. Ҳадисда "Баъзи аҳли жаннатга беш юз йиллик бир жаннат берилиши"нинг сири, Йигирма Саккизинчи Сўзда ва Ихлос Ёғдусида баён этилган.
ТЎҚҚИЗИНЧИ ИШОРА: Иймон ва муҳаббатуллоҳнинг натижаси, аҳли кашф ва таҳқиқнинг иттифоқи ила, дунёнинг минг йиллик масъудона ҳаёти бир соатига арзимайдиган жаннат ҳаёти... ва жаннат ҳаётининг ҳам минг йили бир соатлик жамолига боқишга арзимайдиган бир муқаддас, пок жамол ва камол соҳиби бўлмиш Зоти Зулжалолни мушоҳада ва кўришдирки,(Изоҳ) аниқ Ҳадисга кўра ва Қуръоннинг хабарига кўра собитдир.
------------------
(Изоҳ): Ҳадиснинг хабарига кўра: "Ул шуҳуд (кўриш) жаннат лаззатларининг барчасидан шунчалар устундирки, уларни унуттириб юборади. Ва шуҳуддан кейин аҳли шуҳуднинг ҳусни жамоли шу қадар зиёдалашадики, у ердан қайтганларида саройларидаги оилалари уларни зўрға, жуда диққат қилибгина таний оладилар," деган ривоят ҳадисда ворид бўлган.
Ҳазрати Сулаймон алайҳиссаломдек, муҳташам бир камоли ила машҳур бир зотни кўришга иштиёқли бир қизиқиш, Ҳазрати Юсуф алайҳиссаломдек бир жамол ила мумтоз бир зотни кўришга ташна бир иштиёқни ҳар ким виждонан ҳис этади. Ажабо, дунёнинг жамики гўзалликларидан ва камолотидан минглаб даража юксак бўлган жаннатнинг жамики гўзалликлари ва камолоти, жамоли ва камолининг бир жилваси бўлмиш бир Зотни кўриш нақадар марғуб, мароқли; шоҳиди бўлиш қанчалар матлуб ва иштиёқли эканини қиёслай олсанг, қиёслаб кўр...
Ўн еттинчи Мактуб
Бола вафоти таъзияномаси
Азиз охиратли қардошим Ҳофиз Холид афанди!
Қардошим! Фарзандингнинг вафоти мени изтиробга солди. Бироқ, "Алҳукму лиллоҳ," қазога ризо, тақдирга таслим, Исломиятнинг бир шиоридир. Жаноби Ҳақ сизларга сабри жамил ато этсин. Марҳумни эса сиз учун захираи охират ва шафоатчи қилсин. Сизга ва сиз каби тақводор мўминларга буюк бир хушхабар ва ҳақиқий бир тасалли берадиган "Беш Нуқта"ни баён этамиз.
Биринчи Нуқта: Қуръони Ҳакиймдаги нинг сири ва маъноси шуки, мўминларнинг балоғатга етмай вафот этган фарзандлари:
-жаннатда абадий, севимли ва жаннатга лойиқ бир тарзда доимий бола ҳолида қолишини;
-ва жаннатга кирган падар ва волидаларининг қучоқларида сурурларига абадий сабабчи бўлиб юришини;
-ва фарзандни суйиш ва уни эркалашдек энг латиф бир завққа ота-онасини муяссар этишга сабабчи бўлишини;
-ва ҳар бир лаззатли нарсанинг асли жаннатда мавжудлигини;
-"Жаннат насл кўпайтирадиган жой бўлмагани учун у ерда фарзандни суйиш ва эркалатиш бўлмайди," деганларнинг ҳукмлари ҳақиқат эмаслигини;
-ва дунёда ўн йиллик қисқа бир вақт ичида аламу-изтиробларга қоришиқ фарзанд суйиш ва эркалатиш ўрнига соф, аламсиз, миллион йиллар абадий фарзандни суйиш ва эркалатиш бахтига муяссар бўлмоқ аҳли иймон саодатининг энг катта бир сабабчиси эканига бу ояти карима жумласи ила ишора этади ва севинчли хушхабар беради.
Иккинчи Нуқта: Бир пайтлар бир одам зиндонда экан. Унинг севимли фарзанди ёнига юборилган. У бечора маҳбус ҳам ўзининг аламларини чекар, ҳам боласининг истироҳатини таъмин этолмагани учун баттар эзилар эди. Шунда марҳаматкор ҳоким унинг ёнига бир одамни юбориб, дейдики:
"Шу бола гарчи сенинг фарзандинг бўлса ҳам, лекин менинг раиятим ва менинг халқимдандир. Шунинг учун мен уни оламан ва гўзал бир саройда парвариш қиламан."
У одам эса йиғлаб-сиқтайди: "Менинг овунчимнинг сабабчиси бўлган боламни бермайман," - дейди.
Биродарлари унга дейдиларки:
"Сенинг хафа бўлишинг маъносиздир. Агар сен болага ачинаётган бўлсанг, шу гўдак бу ифлос, бадбўй, сиқувчи зиндоннинг ўрнига севинчли, саодатли бир саройга кетса, сен учун яхши эмасми?
Бордию сен нафсинг учун ачинаётган ва манфаатингни ўйлаётган бўлсанг, боланг бу зиндонда қолса, сенга вақтинча манфаати бўлиши гумон. Аммо манфаат топган тақдирингда ҳам, боланинг бу ерда қийналишидан қайғу ва алам чекасан.
Агар болангни у ерга юборсанг, сен учун минг манфаати бор. Чунки подшоҳнинг раҳм-шафқатини жалб этишга сабаб бўлади, сен учун эса бир шафоатчи ҳукмига ўтади. Подшоҳ уни сен билан кўриштиришни истайди. Албатта, кўриштириш учун зиндонга юбормайди. Балки сени зиндондан чиқариб, у саройга чақиради, боланг билан кўриштиради. Аммо буларнинг юзага чиқишининг шарти шуки, подшоҳга ишончинг ва итоатинг бўлиши зарур".
Хуллас, мана шу мисол каби, азиз дўстим, сенингдек мўминларнинг фарзандлари вафот этганида, аввало шуни фикр қилмоқ лозим: Бу гўдак маъсумдир. Унинг Холиқи эса, Раҳийм ва Кариймдир. Менинг нуқсонли тарбия ва шафқатимнинг ўрнига, ўзининг ғоятда комил бўлган иноят ва раҳматига олди. Дунёнинг аламли, мусибатли, машаққатли зиндонидан халос этиб, Жаннатул-Фирдавсга юборди. У гўдак қандай ҳам бахтлидир! Шу дунёда қолса эди, ким билсин, қандай одам бўларди. Шунинг учун мен унга ачинмайман, уни бахтиёр деб биламан.
Нафсимнинг фойдасини ўйлаётган бўлсам, ўзимга ҳам ачинмайман, аламли афсус чекмайман. Чунки дунёда қолса эди, ўн йиллик вақтинча, аламларга қоришиқ фарзанд муҳаббатини бахш этарди, холос. Агар солиҳ, дунё ишларига ҳам чаққон бўлса эди, балки менга ёрдам қиларди. Аммо вафоти билан мен учун абадий жаннатда ўнлаб миллион йил фарзанд муҳаббатига сабабчи ва абадий саодатга васила бўладиган бир шафоатчи ҳукмига ўтади. Албатта ва албатта, шубҳали ва даргумон бўлган бир фойдадан айрилган, лекин муҳаққақ ва тайин минг фойдага эришган инсон аламли афсус чекмайди ва маъюсона фарёд қилмайди.
Учинчи Нуқта: Вафот этган бола Холиқи Раҳиймнинг махлуқи, мулки ва бандаси, бутун борлиғи ила Унинг санъати ва унга оид бўлиб, ота-онасига эса бир ўртоқ эдики, вақтинчалик уларнинг назоратига берилган эди. Падар ва волида унга хизматкор қилинган эди. Ота-онанинг у хизматларига учун, нақд бир ажр тарзида уларга лаззатли бир шафқат ато этган.
Энди, мингдан тўққиз юз тўқсон тўққиз ҳисса соҳиби бўлган ул Холиқи Раҳийм раҳмат ва ҳикматининг тақозосига кўра, у гўдакни сенинг қўлингдан олиб, хизматингга хотима берса, оз бир ҳисса ила ҳақиқий минг ҳисса соҳибидан шикоят этаётгандай маъюсона қайғуриб фарёд этиш, аҳли иймонга ярашмайди, балки бу иш аҳли ғафлат ва аҳли залолатга муносиб.
Тўртинчи Нуқта: Агар дунё абадий бўлса эди, инсон дунёда абадий қолса эди ва фироқ абадий бўлса эди, аламли изтироб ва маъюсона эзилишнинг бир маъноси бўларди.
Бироқ модомики дунё бир меҳмонхона экан, вафот этган гўдак қаерга кетган бўлса, сиз ҳам, биз ҳам у ерга йўл олурмиз. Ҳамда бу вафот фақатгина унга хос эмас, балки умумий бир йўлдир... Ҳам модомики, фироқ ҳам абадий эмас, келажакда - ҳам қабрда, ҳам жаннатда кўришилар экан, дейиш лозим. "Ўзи берди, ўзи олди", "Алҳамдулиллоҳи ала кулли ҳол!" деб сабр ила шукр этмоқ лозим.
Бешинчи Нуқта: Раҳмати Илоҳиянинг энг латиф, энг гўзал, энг хуш, энг ширин жилваларидан бўлмиш шафқат бир нуроний дармондир. Ишқдан кўра ўткирдир. Тезда Жаноби Ҳақнинг висолига васила бўлади. Худди ишқи мажозий ва ишқи дунёвий жуда кўп мушкулотлар билан ишқи ҳақиқийга айланиб, Жаноби Ҳақни топганидек, шафқат ҳам - бироқ мушкилотсиз, янада қисқа, янада соф бир тарзда - қалбни Жаноби Ҳаққа боғлайди. Хоҳ ота, хоҳ она бўлсин, ўз фарзандини бутун дунёчалик севади. Фарзанди қўлидан олинган вақт, агар бахтиёр ва ҳақиқий аҳли иймондан бўлса, дунёдан юзни ўгириб, Мунъими Ҳақиқийни топади. Дейдики: "Модомики дунё фоний экан, кўнгил қўйишга арзимайди". Фарзанди қаерга кетган бўлса, ўша ерга нисбатан қалбида бир алоқа пайдо этади. Буюк маънавий бир ҳолга ноил бўлади.
Аҳли ғафлат ва аҳли залолат юқорида зикр этилган шу беш ҳақиқатдаги саодат ва башоратдан маҳрумдирлар. Уларнинг ҳоли нақадар аламли эканини шу мисолдан қиёс қилинг. Бир киши жуда ҳам яхши кўрган суюкли биттагина боласини сакаротда (жон берар ҳолида) кўриб, ўзини абадий деб ўйлаганидан ва ғафлат ёки залолат натижасида ўлимни йўқлик ва абадий фироқ деб тасаввур қилганидан, юмшоқ тўшаги ўрнида қабрнинг тупроғини ўйлаб, ғафлат ёки залолат туфайли, Арҳамур-роҳимийннинг жаннати раҳматини, фирдавси неъматини ўйламаганидан, нақадар маъюсона бир қайғу ва алам чекишини қиёслай олурсан.
Бироқ икки дунё саодатининг сабабчиси бўлган иймон ва Исломият мўминга нидо қиладики: "Шу жон талвасасидаги фарзандингнинг Холиқи Раҳийми уни бу ифлос дунёдан олиб, жаннатига олиб кетажак. Ҳам сенга шафоатчи ҳамда абадий бир фарзанд қилажак. Фироқ вақтинчадир, қайғурма де, сабр қил."
Саид Нурсий.
* * *
(Гўдак вафотига алоқадор мактубнинг бир бўлаги)
"Гўдак вафоти таъзияномаси" номли рисоладаги оятига доир, бир қисм аввалги тафсирларда дейилганки: "Жаннатда ёшу-қари ҳар ким ўттиз уч ёшида бўлади". Бунинг ҳақиқати, Аллоҳу аълам, шу бўлиши мумкин, очиқ тарзда оят ибораси ила ифода этмоқдаки: Шаръий фарзларни адо этишга мажбур бўлмаган ва одат ҳолига келтириб бўлса ҳам қилмаган ва балоғатга етмай туриб вафот этган болалар жаннатга хос ва севимли кичкинтой суратида қоладилар. Бироқ, етти ёшга тўлган болаларни ўргатиш учун намоз каби фарзларга падар ва волидаларининг ташвиқ суратида амр этишлари ва ўн ёшга тўлса, шиддат билан намозга даъват қилишлари ва кўниктиришлари шариатда бор. Демак, вожиб бўлмагани ҳолда етти ёшидан то балоғат ёшига қадар нафл тарзида катталар каби намоз ўқиб рўза тутган болалар диндор катталар сингари мукофот олишлари учун ўттиз уч ёшда бўладилар. Бир қисм тафсирлар буни изоҳламай барча болаларга тегишли деганлар. Хусусий бўлгани ҳолда умумий деб ўйланган.
Саид Нурсий.
* * *
АМИРТОўНИНГ МАЪНОДОР БИР ХОТИРАСИ
Беш йилдан бери тоза ҳаводан нафас олиш учун Амиртоғининг атрофида извошда кезаётганимда, ажиб бир тарзда, бир ёшдан етти ёшгача кичик болалар, падар ва волидаларига кўрсатган алоқадан кўра зиёда бир иштиёқ билан извошимга югуриб келиб қўлимга ёпишардилар. Ҳатто бир марта извош остига йиқилиб тушганлари ҳолда ғаройиб бир тарзда зарар кўрмай чиқардилар. Мени ҳеч кўрмаган, билмаган бир, икки ва ё уч яшар болалар ялангоёқ, тиканлар орасидан чопиб келиб извошга етиб олар, катта одамлардек салом-алик қилиб, "Қўлингизни ўпайлик," дердилар.
Мен ва биродарларим ва кўрганлар бу ҳолатга ҳайратланардик. Бу ҳолат бир маҳаллага хос эмас. Ҳар тарафда, ҳатто қишлоқларда ҳам ҳолат шундай эди.
Шубҳам қолмаган бир ҳақиқат хотираси ила мен ва биродарларим шундай қаноат ҳосил килдикки: Бу маъсум гуруҳнинг, маъсумиятлари нуқтаи назаридан, "фитрий чорланиш" дейилган аввалдан сезиш ҳисси билан Рисолаи Нурнинг бу мамлакатда маъсум болаларга ва ўзларига кўп манфаати бўлади дея, ақл ва фикрлари идрок этмагани ҳолда, ул маъсумона ҳис билан ва Рисолаи Нурнинг маъноси эътибори ила таржимони томон оналарига ёлворишдан кўра зиёда бир иштиёқ билан югураётирлар. Биз ҳам аввалдан сезиш ҳисси ила ҳис қиляпмизки, кейинчалик бу маъсум кичкина мавжудотлар орасидан катта Нурчилар чиқади ва Нурнинг хос шогирдларидан бўлишларини ушбу вазият кўрсатмоқда. Мен ҳам бу хилдаги кичкина маъсумларни, дунёда авлодим бўлмаганидан, маънавий авлод ўлароқ дуоларимга барчасини дохил этдим. Ҳар тонгда буларни ҳам Нур Талабалари билан бир қаторда дуоларимда ёд этяпман.
Ҳам улардан бир маъсумни қирқ ёшидаги лоқайд бир одамдан устун қўйишимга сабаб: Булар бегуноҳ бўлганидан ва самимий бир алоқа кўрсатганидан, албатта уларни бунга чорлаётган бир ҳақиқат бор деб, мен ҳам катталар билан салом-алик қилганим каби, уларнинг саломларига алик оляпман. Ҳам маъсумликлари, ҳам кейинроқ том Нурчи бўлишларига биноан мен ҳақимдаги дуолари ижобат бўлади дея уларга дер эдим: Модомики сиз менинг маънавий авлодим бўлдингиз, мен сизга дуо қиляпман. Сизнинг гуноҳингиз бўлмагани учун, дуоингиз мен учун иншоаллоҳ мақбулдир, сиз ҳам менга дуо қилингиз. Чунки мен жуда хастаман.
Мен ва ёнимдаги биродарларим кучли бир эҳтимол ила қаноат ҳосил қилганмизки, масўнлар ва даҳрийларнинг режалари билан Бол_шевизм тарзида ёшларни тарбиялаш учун бир вақт баъзи мактаблар очилгани ва кейин ўзгарган бу мактабларда ёшларни бузишга ҳаракат қилганларига жавобан, Исломиятнинг қаҳрамон байроқдори бўлган Турк Миллатининг маъсум кичкина болаларининг нуроний бир уйғониши ва аввалдан сезиш ҳисси ила Нурлардан дарс олиши, ёшларнинг бошига тушган ўша балога қарши бир жавобдир. Ва иншоаллоҳ, у болаларнинг ҳам ўзлари, ҳам ёшлар масўн ва динсизларнинг ва даҳрийларнинг ёмонликларидан қутулишларига бир ишорадирки, бу ажиб вазиятни кўрсатмоқдалар.
Саид Нурсий.
Ҳа, бу вазиятни биз ҳам кўзимиз билан кўряпмиз.
Хизматида бўлган Нур Талабалари
(Ўн Еттинчи Ёғдунинг бир бўлагидир)
ЎН ИККИНЧИ МУЛОҲАЗА
Эй бу Мулоҳазаларни тинглаётган дўстларим! Билингизки; мен ғайриодатий бир тарзда, яширилиши лозим бўлган қалбимнинг Раббим олдидаги ёлвориш ва ниёз ва муножотларини баъзан ёзганимнинг сабаби, ўлим тилимни ўчирган вақтларда, тилимнинг ўрнига китобимнинг сўйлашини қабулини Раҳмати Илоҳиядан умид қилмоқдир. Ҳа, қисқа бир умрда ҳадсиз гуноҳларимга каффорат бўладиган, вақтинчалик тилимнинг тавба ва надоматлари кифоя қилмайди. Собит ва бир даража доимий бўлган китобнинг тили у ишга кўпроқ ярайди. Хуллас ўн уч йил(Изоҳ) аввал, ташвишли бир руҳий ҳолат натижасида, Эски Саиднинг кулишлари ёнги Саиднинг йиғиларига айланган ҳангомда, ёшликнинг ғафлат уйқусидан кексалик тонгида уйғонган бир онимда шу муножот ва ниёз Арабий ёзилганди. Бир қисмининг Туркий мазмуни шудирки:
------------------------------------------
(Изоҳ): Бу рисоланинг ёзилишидан ўн уч йил аввал.
--------
Эй Рабби Раҳиймим ва эй Холиқи Кариймим! Ихтиёримнинг суиистеъмоли ила менинг умрим ва ёшлигим зое кетди. Ва у умр ва ёшликнинг меваларидан қўлимда алам берувчи гуноҳлар, хорлик берувчи аламлар, залолат берувчи васвасалар қолган. Ва бу оғир юк ва хаста қалб ва ҳижолатли юз ила қабрга яқинлашяпман. Бил-мушоҳада, кўра-кўра, ғоят суръатла, ўнгу-чапга қайрилолмай, ихтиёрсиз бир тарзда вафот этиб кетган ёру-дўст ва қариндошу ақраболарим каби, қабр эшигига яқинлашяпман.
У қабр бу фоний дунёдан абадий фироқ ила абадул-обод йўлида қурилган, очилган илк манзил ва биринчи эшикдир. Ва мен боғланган ва мафтун бўлган шу дори дунё ҳам, қатъий бир ишонч ила англадимки, ҳалокатга маҳкумдир, кетар; фонийдир, ўлар. Ва билмушоҳада, ичидаги мавжудот ҳам кетма-кет, тўп-тўп бўлиб кўчиб кетиб ғойиб бўлади. Хусусан, мен каби нафси аммораси борларга бу дунё кўп ғаддордир, маккордир. Бир лаззат берса, минг алам беради, чектиради. Бир узум едирса, юз тарсаки уради.
Эй Рабби Раҳиймим ва эй Холиқи Кариймим! сири ила мен ҳозирдан кўряпманки, яқин бир замонда мен кафанимни кийдим, тобутимга миндим, дўстларим билан видолашдим. Қабримга юзланиб кетар эканман, Сенинг даргоҳи раҳматингда, жасадимнинг ҳоли ила, руҳимнинг тили билан бақириб дейманки: "Ал-омон! Ал-омон! Ё Ҳаннон! Ё Маннон! Мени гуноҳларимнинг ҳижолатидан қутқар!"
Мана, қабримнинг бошига етиб келдим. Бўйнимга кафанимни илиб, қабрим бошида узанган жисмим узра турдим. Бошимни даргоҳи раҳматингга кўтариб, бор қувватим ила фарёд этиб нидо этяпманки: "Ал-омон! Ал-омон! Ё Ҳаннон! Ё Маннон! Мени гуноҳларимнинг оғир юкларидан халос айла!"
Мана, қабримга кирдим, кафанимга ўрандим. Кўтариб келганлар мени ташлаб кетдилар. Сенинг авфу-раҳматингга интизорман. Ва билмушоҳада кўрдимки, Сендан бошқа халоскор ва нажот берувчи йўқ. Гуноҳларимнинг чиркин юзидан ва маъсиятнинг ваҳший шаклидан ва бу маконнинг торлигидан бор қувватим-ла нидо этиб, дейман:
"Ал-омон! Ал-омон! Ё Раҳмон! Ё Ҳаннон! Ё Маннон! Ё Дайён! Мени чиркин гуноҳларимнинг ҳамроҳлигидан қутқар! Еримни кенгайтир! Илоҳий! Сенинг раҳматинг халоскоримдир ва Раҳматан лил Оламийн бўлган Ҳабибинг Сенинг раҳматингга эришиш учун василамдир. Сендан шикоят эмас, балки нафсимни ва ҳолимни Сенга шикоят қиламан".
"Эй Холиқи Кариймим ва эй Рабби Раҳиймим! Сенинг Саид исмли махлуқинг ва маснуъинг ва банданг ҳам осий, ҳам ожиз, ҳам ғофил, ҳам жоҳил, ҳам хаста, ҳам хор, ҳам нолойиқ, ҳам кекса, ҳам гуноҳкор, ҳам хўжайинидан қочган бир қул ҳолида қирқ йилдан кейин надомат қилиб Сенинг даргоҳингга қайтишни истайди. Сенинг раҳматингга илтижо этяпти. Ҳадсиз гуноҳ ва хатоларини эътироф этяпти. Ваҳималарга ва турли-туман касалликларга мубтало бўлган, энди Сенга тазарру ва ниёз этяпти. Агар камоли раҳматинг ила уни қабул қилсанг, мағфират айлаб раҳматингга олсанг, зотан бундай қилиш Сенинг шанингдир, чунки Арҳамур-роҳимийнсан. Агар қабул этмасанг, Сенинг эшигингдан бошқа қай эшикка борайин? Қай эшик бор? Сендан бошқа Рабб йўқки, даргоҳига борилса. Сендан бошқа ҳақ маъбуд йўқки, унга илтижо этилса!"
* * *
(Амиртоғ Мажмуасидан)
Азиз, Сиддиқ Қардошларим!
Биринчиси: Рисолаи Нурнинг фитратан ва замоннинг вазиятига кўра талабаси бўладиганлар, аввало маъсум болалардир. Чунки бир бола кичиклигидан кувватли бир иймон дарсини ололмаса, кейинчалик Исломият ва иймон рукнларини руҳига сингдириши жуда қийинчилик билан ва мушкул бир тарзда ўтиши мумкин. Худди бир ғайридиннинг Исломиятни қабул қилиши даражасида қийин бўлади, бегоналашиб кетади. Айниқса падар ва волидасини диндор кўрмаса ва фақатгина дунёвий фанлар билан зеҳни тарбияланса, янада кўпроқ бегоналашади. Бу ҳолатда у бола дунёда падар ва волидасини ҳурмат қилиш ўрнига улардан сиқилиб, тез ўлишларини орзу қилиб, уларга бир бало бўлади. Охиратда ҳам уларга шафоатчи эмас, балки даъвогар бўлади. "Нимага иймонимни Исломий тарбия ила қутқармадингиз?" дейди.
Мана бу ҳақиқатга биноан, энг бахтиёр болалар, Рисолаи Нур доирасига кириб, дунёда падар ва волидасига ҳурмат ва хизмат ва ҳасанотлари ила уларнинг номаи аъмолига вафотларидан кейин ҳам ҳасанот ёздирган ва охиратда уларга даражасига кўра шафоат қила оладиган бахтиёр авлодлардир.
Рисолаи Нурнинг иккинчи қисм талабалари: Фитратан Рисолаи Нурга муҳтож, бир даража дунёдан чўчиган ёки безиган аёллардир. Хусусан бир даража кексайган бўлса, Рисолаи Нур унга ҳақиқий бир маънавий озуқадир. Чунки Рисолаи Нурнинг тўрт асосидан бири шафқатдирки, исми Раҳиймга сазоворликдан келиб чиққан. Аёлларнинг ҳам энг асосли хусусиятлари ва фитрий вазифаларининг асоси шафқатдир...
* * *
Азиз, маъсум Авлодларим!
Қуръонни ўрганиш учун дарс олаётган экансиз. Сиз билган янги ҳарфларда камчиликлар бўлгани учун, қўлдан келганча янги ҳарфдан ўқимаслик керак.
Ҳам, Қуръон ўқишнинг фойдаси, фақатгина ҳофиз бўлиш ва дунёда шу билан мақом қозониш, бир маош олиш эмас. Балки ҳар бир ҳарфи ҳеч бўлмаса ўн хайрдан то юзга, то мингларга қадар Жаннат меваларини, охират фойдаларини беришини ўйлаб ва абадий ҳаётнинг роҳатини ва саодатини таъминлаш ниятида ўқимоқ даркор.
Ҳа, мактабларда дунё тирикчилиги, ё мансаби учун фанларни ўрганишнинг бу қисқагина дунёвий ҳаётда даражаси, фойдаси бир бўлса, абадий ҳаётда, Қуръон ва Қуръоннинг муқаддас калималарини ва нурли ва иймоний маъноларини ўрганиш минглаб даража қийматлироқдир. Улар шиша ҳукмида, булар эса олмос ҳукмидадир.
Ҳам падар ва волидангизга ҳақиқий ва фойдали авлодлар бўлишингиз мумкин. Сиз, модомики маъсумсиз, ҳали гуноҳингиз йўқ, бундай муқаддас бир ният ила ўқисангиз сизлар Рисолаи Нурнинг маъсум шогирдлари сафида қабул қилиниб, барча шогирдларнинг дуоларидан ҳиссадор бўласизлар. Ва нурли ва муборак талабалар бўласизлар.
Ҳам устозингизни ҳам сизни ҳам падар ва волидангизни ҳам юртингизни табриклайман.
Саид Нурсий.
* * *
Жуда Азиз, кўп Муборак ва
кўп Шафқатли Устоз Афандимиз!
Эскидан қандай аччиқ кунларни, қандай қаро кунларни кечирдик. Ҳаттоки, болаларимизнинг Қуръон дарсига боришлари ҳам тақиқланганди. Мактабларда ҳам дин дарслари тўхтатилган эди. Рисолаи Нур ёзганлар маҳкамаларга бериларди. Сиз, жуда муборак Устозимизга дин душманлари кўп азиятлар бердилар. Кўп жафолар чектирдилар. "Рисолаи Нур ёзди, динга янгидан буюк бир қувват берди, Мусулмонликни олға сурди," дея, сизни ўлимга маҳкум этишга интилдилар. Биз у ачинарли кунларда йиғладик., сихтадик, "Ё Раббий! Устозимизни муҳофаза айла. Динимизга, Устозимизга, Рисолаи Нурга душманлик қилганларга қахр айла!" дея Аллоҳга ёлвордик. Кўпинча қон йиғлардик. Ниҳоят Жаноби Ҳақ сиз Устозимизни муҳофаза этди; динсизлар енгилдилар. Мусулмонликни йўқ қилишга қасд қилганлар яксон бўлдилар. Сиз Устозимиз диний хизматингизда музаффар бўлдингиз. Миллатимизни динсизларнинг зараридан қутқардингиз, зафарлар қозондингиз. Мусулмонларнинг масъуд кунлар кечиришига сабабчи бўлдингиз. Бу сояда диний истиқлолимизга, диний ҳурриятимизга эришдик. Рисолаи Нур матбааларда кўп-кўп босила бошлади., биз аёллар жуда масрур бўлдик. Нурларимизни босилганини кўриб янгидан дунёга келгандек севинчлар ичида қолдик. Бизга минлаб тилло тақинчоқлар, олтинлар, олмослар берсалар эди, ипакдан, атласдан либослар кийдирсалар эди, бизни бу даража мамнун этолмасдилар. Рисолаи Нурни бостирмоқ, динга, иймонга энг биринчи, энг буюк хизматдир.
Устоз Афандимиз!
Дину иймон ишқи ила, Мусулмонлик туйғуси ила масъуд бўла оладиган биз оналар, болаларимизга Қуръони Кариймни ўргатяпмиз. Рисолаи Нурга ҳаракат қилдиряпмиз. Рисолаи Нурнинг иймон, исломият дарслари ила тарбия қилишга интиляпмиз. Уйларимиз биттадан мадрасаи Нурия бўлаётир, алҳамдулиллоҳ. Агар болаларимизга Рисолаи Нур ўқитмасак, бу замоннинг йўлдан оздирувчи таҳликаларига тушадилар, одатларига берилиб кетадилар, ёмонликларини тақлид этадилар. Бизнинг бошимизга дарду бало бўладилар. Охиратда ҳам, "Иймонимизни нега қутқармадингиз?" дея ота-оналарига даъво қиладилар. Шунинг учун севикли фарзандларимизнинг қалбига Рисолаи Нур севгисини сингдиряпмиз. Аёлларнинг болаларига бўлган шафқатлари кучлидир. Агар болаларнинг абадий бўлган охират ҳаётларини қутқарадиган иймон дарслари берилмай, бунда сустлик қилинсаю, ёлғиз вақтинчалик фоний дунё ҳаётига ҳаракат қилдирилса, у вақт болаларга бўлган шафқат, ўз ўрнига сарфланган бўлмайди. Бу шафқат боланинг ҳам дунёда, ҳам охиратда фалокатига сабаб бўлади.
Болаларимизни эркалаб, муҳаббат билан деяпмизки:
"Болам! Рисолаи Нур сени ҳам дунёда, ҳам охиратда масъуд, бахтиёр қиладиган энг буюк ва энг ҳақиқий бир дин китобидир, иймон дарсларидир. Ўқимасанг, иймон дарсларини ҳозир олмасанг, ҳам дунёда, ҳам охиратда бадбахт бўласан, паришон қоласан,"- дея, Рисолаи Нур ҳақида ёзилган мактубларни, достонларни, қасидаларни, шеърларни ўқиб, ўқитиб, Рисолаи Нурнинг севгисини қалбларига, юксаклигини руҳларига ўринлаштиришда давом этамиз. Дуоларингиз соясида Рисолаи Нурнинг дарслари ила иншоаллоҳ, авлодларимиз Исломиятга, ҳам бизга, ҳам миллатимизга хайрли, диндор ёшлар бўлиб етишадилар.
Муборак Устозимиз!
Севикли Раббимизнинг ўз раҳмати ила қалбларимизга жойлаштирган муҳаббат ҳиссини, нима учун бизни абадий саодатга олиб борадиган иймон дарслари, Рисолаи Нур ва сиз Устозимиз йўлида сарф этмаслигимиз керак! Бошқа йўлда сарф этсак, бизни дунё ва охиратда афсуслар дегизади, хасратда қолдиради. Балки абадий йиғлатади. Агар болаларимизга ҳам бу аҳамиятли ҳақиқатни сингдирмоқ ила ҳақиқий шафқатимизни суиистеъмол этмай кўрсата олсак, оналик вазифамизни ҳаққи ила бажарган бўламиз.
Рисолаи Нур ҳақида, жуда гўзал конференция ва нурли мактублар ва жуда гўзал қасидалардан иборат бўлган китобни Бурсадан келтирдик. Ўқиган сари, тинглаган сари жуда масрур бўляпмиз, руҳларимиз шод бўлмоқда. Уларни ёзган Нур Талабалари бўлган қардошларимиздан Жаноби Ҳақ рози бўлсин, омин.
Албоқий - Ҳувалбоқий.
Дуоингизга муҳтож Истанбул Хонимлари.
* * *
Иймонга фидокорона хизмат қилган
бир хонимнинг манзумасидир.
Рисолаи Нур муаллифи Устозим Ҳазратларига!
Маънавий Нур қиличин олмиш қўлига,
Урмоқда мунофиқларнинг бош ва белига.
Ҳар сўйлагани ҳикмат бўлган Устозимнинг
Мавлом илм бермиш у нур тилига.
Бу қандай оташдир бундай ёқмоқда.
Қовурилиб тутуни кўкка чиқмоқда.
Иймон, Қуръон дарси берган Устозимнинг
Қаламидан оламга нурлар оқмоқда.
Иймон йўлида жонни фидо айламиш.
Бу Шоҳида ҳозиргача найламиш!
Саҳиҳ бўлган ҳадис ва ишораларла,
Расул Унинг келишини сўйламиш.
Талабаларига Устоз: "Тўхтаманг,"- дейди.
"Мунофиқ сўзига мос келманг,"- дейди.
Фоний ила, фано ила алоқаси йўқдир;
"Мендан фоний нарсалар сўрмангиз,"- дейди.
Шоҳида турма бундай.
Ҳақни ҳар ерда сўйла.
Рисолаи Нурларла,
Иймонга хизмат айла.
Нур хазинасин қаздир.
Нурларни ўқит, ёздир.
Вақтингни бўш ўтказма,
Чунки умр жуда оздир.
Ўқиганинг Нур бўлсин,
Қалбингга Нурлар тўлсин.
Нурларни ўқимоқла,
Иймонимиз қутулсин.
Кўзлари Нур сочади.
Қалбларда гул очади.
Нурнинг ҳақиқатидан,
Мунофиқлар қочади.
Қардошлар доим йиғлар,
Хизматга белин боғлар.
Нурлардаги ҳақиқат,
Дарё каби шовуллар.
Қалбларимиз доим тинч,
Устозим дуо буюр!
Умримиз тугамасдан
Бизга иймонни туйдир...
Албоқий - Ҳувалбоқий
Нурчи хонимлар номидан
Кўп қусурли Шоҳида.
(Хонимлар Раҳбарига илова этилади.)
(Устозимизга Рамазони Шарифини табрик муносабати билан ёзилган ва Измир, Маниса ва атрофида Рисолаи Нурнинг аҳамиятли ва таъсирли хизмат ва ёйилишининг, ҳамда хонимлар орасида ҳусни таъсирининг бир намунаси бўлган бу мактуб, айнан Истамбулдаги Нурчи Хонимларнинг ёзган мактуби навидан Измир, Маниса ва атрофида марҳум Ҳофиз Али, Ҳасан Файзий ва Ҳалил Иброҳим (Раҳматуллоҳи алайҳим) каби, аёллар орасидан ҳам холис Нур қаҳрамонлари чиққанини кўрсатади.)
Эй, қалбимиздаги чексиз севгиларимизни ифодалашдан ожиз бўлган бизларнинг кўп муҳтарам, кўп азиз, кўп севимли Устоз афандимиз Ҳазратлари!
Биз, кириб келганига мушарраф бўлган Рамазони шарифингизни бутун руҳу жонимизла табриклаймиз. Қусурларимизни авф этиб биз бечораларни Нур Талабалари ўлароқ қабул қилишингизни ёлвориб сўраймиз.
Эй руҳимизнинг озуқаси ва қалбимизнинг абадий сўнмас машъали, моддий ва маънавий дардларимизнинг дармони... ва эй Қуръони Мўъжизул Баённинг азаматли, порлоқ ва соф нуридан отилиб чиққан ва барча инсоният оламини ойдинлатмоқ қудратига соҳиб бўлган юксак асарнинг таржимони бўлган Устозимиз!
Сен инсонларни Аллоҳ ва Расулуллоҳ йўлига чорлаб, инсон ҳақиқатини ақлу идрок соҳиби бўлган ҳар ёшу кексага, авом ва хосларга тўлиқ маъноси ила англатмоққа интилган ва бунга муваффақ бўлган бир иймон ходимисан.
Мана бу жиҳатда: Бу асрда Қуръони Каримнинг бир маънавий мўъжизаси бўлган Рисолаи Нурга бутун руҳу жонимизла ва бутун борлиғимизла қучоқ очиб таъзим, ҳурмат ва иззат-икромда бўламиз. Бизнинг Рисолаи Нурга бўлган бу алоқамизни узадиган ҳеч қандай куч йўқдир. Ҳатто буни тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас. Чунки у кўнгиллар учун таъсис этилган иймоний бир алоқадир. Биз сизнинг ва Рисолаи Нурнинг йўлидан асло айрилмаймиз. Ва бу ўхшаши йўқ Нурдан доимо истифода этамиз, иншоаллоҳ... Чунки у, жаҳонда ўхшаши йўқ ва бундан буён ҳам келиши мумкин бўлмаган бир иймон дарёси ва бир тавҳид хазинасидир. Хуллас биз, бизга бундай асарлар ҳадя этган сиздек муборак ва азиз Устозимиздан абадий қарздор ва миннатдормиз.
Эй муборак ва кўп севимли, Устоз Афандимиз Ҳазратлари!..
Биз мансуб бўлган муқаддас динимиз ҳақида етарли даражада билим олишимиз ва истиқболимизни ва абадий саодатимизни таъмин эта олишимиз учун диний бир асар, ҳамда бу асрнинг қутуриб кетган ва бас келиш жуда қийинлашган, куфрий ва ахлоққа тескари жараёнларидан қутқарадиган нурли ва порлоқ бир асар излар эдикки, ниҳоят Жаноби Ҳақнинг лутф ва инояти ила бизга эҳсон этилган Рисолаи Нурни топдик ва ўқидик. Ундаги файз ҳеч бир асарда мавжуд бўлмаганидан, унинг бир хориқо эканини идрок этдик. Чунки Рисолаи Нур, қорайган қалбларни нури ила ойдинлатган ва биз бечораларни зулматдан нурга, залолатдан ҳақиқатга, дунё ва охиратда саодат ва саломатга қовуштирадиган бир муршиди акмал ва мураббийи аъзамдир.
Биз ожизларни бундай асарлар ўқиш шарафига мушарраф қилган Жаноби Ҳаққа минглаб, юз минглаб марта ҳамду-сано айтяпмиз. Бутун дунё, асрлардан бери кутган ва нуридан истифода этмоқ учун жон берган, аммо муваффақ бўлолмаган бундай бир илмий хазинани бизларга ўқишни насиб этган у Холиқи Зишонга ташаккуран (шукрона тариқасида) умримизнинг охирига қадар саждадан бошимизни кўтармасак арзийди. Тилагимиз шуки, Жаноби Ҳақ бизларни Рисолаи Нурдан ва севимли Устозимиздан абадий айирмасин. Омин, омин, омин...
Эй қийматли Устоз Афандимиз!
Сиз Қуръон ва иймон хизмати учун ҳар нарсангизни фидо этдингиз. Сиз дуч келган у қадар шиддатли зулм ва исканжаларга ва гирифтор бўлган кўп мусибат ва балоларга нисбатан, ниҳоят даражада сабр ва чидам кўрсатдингиз. Дин ва Исломият душманларини шиддатли тазйиқларига қарамай, вазифангиздан асло воз кечмадингиз. Сиз маҳкамаларда қалбингизда ҳеч бир қўрқув ҳис этмай, парво қилмай, Исломиятни мудофаа қилдингиз. Қилиб ҳам бундай олий ва икки дунё саодатига кифоя ва етарли бўлган асарларни вужудга келтирдингиз. Ва энг буюк иймонга етакловчи бўлдингиз. Ва бу тарзда сиз, бутун башариятга сўнгги марта тайинланиб, Дини ҳақни бутун азамат ва кенглиги ила танитиш ва ёйиш ва таблиғ этишдек муқаддас вазифа билан вазифага буюрилганингизни эълон этдингиз. Бу жиҳатингиз сизга муборак бўлсин.
Бу муқаддас вазифани бажараётиб, шафқатнинг чўққисига юксалдингиз. Бир қанча бечоранинг жаннатга кириши учун, бутун қувватингиз ила жаҳаннамга киришга ҳозирлигингизни сўйлаб, дунёда мисли кўрилмаган ва инквизи>ия зулумларига раҳмат ўқиттирадиган даражада ашаддий зулм ва балоларга сабр ва чидам кўрсатиб, буни исботладингиз.
Сизнинг у Рисолаи Нурдаги таъсирли сўзларингиз руҳимиз, иродамиз ва ахлоқимизда буюк ўзгаришларни вужудга келтирмоқда. Ҳеч бўлмаганда у рисолаларнинг шоҳи бўлган "Сўзлар" мажмуаси қайта-қайта ўқилмоққа ва ўқитмоққа лойиқдир. Ва бундай бир асарнинг бир қанча мутафаккир ва алломаларнинг ҳам қўлларидан келиши ва тилларидан чиқиши мумкин бўлмаганини сўйламоқ, ҳеч ҳам муболаға эмаслигига қаноат ҳосил қилдик. Рисолаи Нур, ҳар нарсадан аввал инсонларга бир ибрат дарсини беради. Охират фикрини, ҳисоб-китоб ҳиссини уйғотади. Ҳали дунёдаёқ, аҳли саодат ва аҳли залолатнинг манзилларини тайин этади.
Бизлар ҳам Рисолаи Нурдаги бу дарсларнинг таъсири ила фоний ҳаётнинг андишаларини ҳис қиладиган даражага келяпмиз. Ва уни ўқимоқла Ризои Илоҳийни таҳсил этишимизни ва Жаноби Ҳазрати Рисолат-Паноҳга ва унинг севимли вакили ва ҳақиқий таржимони бўлган сиз муборак Устозимизга қовушмоғимизга ниҳоят даражада инонмоқдамиз. Ва ҳаётимизнинг сўнгги нафасларига қадар бу йўлда ҳар нарсамизни фидо этамиз. Ва олдимизга келган ҳар фалокатни изни Илоҳий ила Устозимизнинг ҳиммати ила енгамиз. Ва бизни бу йўлдан қайтармоқ истаган ғофилларга асло қулоқ солмаймиз, Иншоаллоҳ.
Эй севимли Устоз Афандимиз Ҳазратлари!
Биз сизнинг ва Рисолаи Нурнинг қийматининг бир заррасини, ҳатто мадҳу-сано этмоққа қодир эмасмиз. Рисолаи Нурнинг ва сизнинг мадҳиянгизни қудратли талабаларингиз жўшқин тиллар ила, ҳароратли ишқлари ила тараннум этмоқдалар. Биз эса, уларнинг оёқларининг изларида судралиб то ҳузурингизга қадар чиқа олиш учун бундай ожиз тилимиз ила буларни сизга ёздик. Ул ҳақиқат шаҳидлари бўлмиш Ҳофиз Али ва Ҳасан Файзий (раҳматуллоҳи алайҳим)нинг хотиралари учун бизнинг бу журъатимизни хуш кўрмоғингизни сиз ҳазратимиздан ниёз этамиз.
Албоқий - Ҳувалбоқий.
Измир, Маниса ва атрофидаги авлодларингиз ва қиёматли сингилларингиз номидан: Осима, Фотима, Ламон, Ойша, Ноила.
Кўнгиллар Фотиҳи Ҳазрати Устоз Афандимиз!
Сизга қандай қилиб "Ҳазрати Устозимиз", Рисолаи Нурларга қандай қилиб "Нурларимиз" дея бутун вужудимиз ила ишонмаслигимиз керак. Ишонмаслик ҳеч ҳам мумкинми? Ҳа, Ҳазрати Устозимиз, нурли йўлингизнинг Ҳазрати Пайғамбаримиз Расули Акрам Алайҳиссалоту Вассалом Афандимизга бориб тақалганлигини, давомли ўлароқ Нурларимизни ўқимоқла англаяпмиз.
Рисолаи Нурларнинг, Қуръони Каримимизнинг ҳақ китоб эканини кўрсатган, биз англай оладиган ва тушуна оладиган ҳақиқатлар қуёшидан бошқа нарса эмаслигига бутун дунё шоҳиддир. Рисолаи Нур оби-ҳаёт қатраларини ва шуълаларини қорайган руҳларга томизмоқ ила, бу асримизда ва келажак даврларда, инсониятга қарата: "Вазифангни бажар!" дея нидо қилган Илоҳий бир муаллимдир.
Қуръонимиздан ва иймонимиздан жуда узоқ қолган собиқ даврларда, залолат жарликларига юмалаб, билмай абадий ҳибс ва қатлларга дучор бўлишга интилган у қоронғу кунларимизда, қўлингизда Қуръоннинг нурли ва олмос қиличи ила келдингиз. Барла яйловларига тушдингиз. Динсиз фалсафа ва табиатпарастларни бўйин эгдирдингиз, тиз чўктирдингиз. Барча қора тушунчалиларни мот қилиб коммунизм, сионизм ва масўнларнинг белларини, қайта тиклолмайдиган даражада синдирдингиз.
Жаноби Ҳақ Сизни ва бу орқали Нурларни, аҳли иймонни ҳақиқий иймон даражасига юксалтириб, абадий зулмат ўрнига абадий саодатни таъминлаш учун эҳсон этганига ҳеч шубҳамиз қолмади. Сизга Ҳазрати Пайғамбаримизнинг (А.С.М.) йигирманчи асрдаги вакили ва Қуръон жамоатининг халоскори деганимизда, бир ҳақиқатни ифодалаганимизга ишонамиз.
Қуръонимиз, маҳмадона ақлларнинг фалсафаси билан, инкор этиш истанилган ҳолда, Рисолаи Нур Қуръоннинг бир ойнадорлигини ўтаб, биз авомларга ҳам бу китоб Аллоҳнинг қонуни эканини ва фақат бу қонунгина абадий саодатга олиб борувчи бир раҳбар эканини ошкора кўрсатяпти. Кеча билмасдик, бугун англаяпмизки, олий динимиз бўлган ва самовий динларнинг сузилган қаймоги ва бутун руҳларнинг озуқаси бўлган бу "қуёш"ни инкор этувчиларнинг даврида шундайин бир тушунча пайдо қилганки, бу фожиалар ва қўрқинчли тушунча, на фиръавнларда ва на Абу Жаҳлларда мавжуд эди.
Бугун нашр қилинган бу ҳаётингиз тарихида ҳам кўриладики; сиз Ҳазрати Устозимиз Бадиуззамонга татбиқ этилган зулмлар Барла яйловига сургунингиздан бошланади. Испарта, Эскишаҳар, Қастамўну, Денгизли, Амиртоғ ва Афёнга сургун қилинганингизда, зоҳиран дин душманлари тарафидан сургун қилингандингиз. Ҳақиқатда эса, минглаб аҳли иймоннинг ва ҳақ сўзга ташна китобхонларнинг кўнгилларини фатх этиб қутқарадиган Раббоний бир маъмур эдингиз. Ҳам уларга йўл кўрсатадиган ҳақиқий бир ўрнак эдингиз. Келажак наслларни абадий қатлга маҳкум этмоқ истаганлар, сиз Устозимизни кўп марталаб заҳарласалар ҳам, у заҳарлар бу жиноятнинг азаматидан ҳуркганлар ва заҳардан дорига айланиб, аҳли куфр ва аҳли иймонни айирувчи биттадан ҳужжат бўлганлар.
Сиз Ҳазрати Устозимиз, бизнинг қутқарувчимиз қилиб тайинланганингиздан, Аллоҳнинг изни ила дорлар ҳам биттадан эълоннома ҳукмига ўтганлар. Анқара ишида, қаҳрамон кекса ва ёш оғаларимиз; кеча минглаб бўлган, бугун миллионлардан ошган талабаларингизнинг юксак хислатларини бутун Исломият номидан исбот этиб, биттадан ўрнак бўлдилар.
Анқара биринчи оғир жазо Маҳкамаси ҳайъатининг қаршисида, нурли қардошларимизнинг биринчи муҳокамаларида бўлдик. Кўниядан уч Нурчи аёллар қатнашган эдик. Юзлаб аёл ва эркак қардошларимиз билан ҳақнинг ҳақиқатини кўрдик ва шоҳид бўлдик. Бир адвокат оғамиз, шахси ва маслаги сўралганда: "Рисолаи Нур хизматкориман," деганди. Рисолаи Нурни қандай таниганини англатаркан: "1952-йилда Нурларни танидим, 1954-йилда хизматига кирдим, 1957-йилда ҳуқуқ факул_тетини битириб ўзимни Нур хизматига топширдим," деган он кўз ёшлар ичра қолдик. "Аллоҳ, Аллоҳ!" демоқдан ўзимизни тўхтатолмадик. Сиз Ҳазрати Устоздан ва Нурларнинг хизматида бўлган оғаларимиздан Аллоҳ рози бўлсин.
Қийматли Устоз Афандимиз!
Сизнинг муборак дуоларингиз ҳурматидан, Жаноби Аллоҳимизнинг лутфу эҳсонлари ила Кўнияда Нурларни ўқиганлар кундан кунга кўпаяётганининг хушхабарини сиз ҳазрати Устозимизга бермоқ ва иймонни қутқариш даъвосидаги зафарингизнинг шоҳиди ўлароқ сизни табрикламоқ шарафини бизларга баҳш этган Жаноби Аллоҳимизга нақадар шукр қилсак оздир. Кечаги Мадрасаи Юсуфиянинг бир мисоли бўлган ҳибсхоналарнинг темир панжараларини Нурнинг шуълалари ила эритадиган у нурнинг, нон каби уйларимизга киришига восита бўлган хизматимизнинг давомчиларининг минглаб эмас, юз минглаб эмас, миллионлардан ошганини ҳам айрича эшитяпмиз, шоҳид бўляпмиз.
Уйларимизнинг биттадан Мадрасаи Нурия бўлганини шу мактубимиз ила билдириш воситасида сиз Ҳазрати Устозимизга деймизки: Сиз мушрикларнинг қўлидан бизни қутқардингиз. Қўлларимизга биттадан нишонаи нажот бўлган иймон ҳужжатини бердингиз. Сизнинг хизматингизла бизлар бу ёшлик хойи-ҳавасларимиздан фориғ бўлиб Нурларга ёпишдик. Юртимиздагина эмас, бутун дунёда Нурларимиз ила биргаликда зафарлардан зафарларга эришмоғимизга иноняпмиз. Бу зафар Аллоҳ сари узанган нурларнинг зафаридир. Бу зафар Асри Саодатда Пайгамбаримизнинг очган нурли йўлни таъқиб этганларнинг зафаридир. Бу зафар иймон аҳлининг зафаридир. Мағлубият эса, кечаги ва бугунги динсиз гуруҳларникидир. Иймонли кўнгилларни ҳеч бир қувват мағлуб қилолмаслигига бутун дунё шоҳид бўлмоқдадир. Рисолаи Нурнинг иймон хизматидаги зафари, буни яна бир бор кўрсатади.
Сиз бўлмасайдингиз, биз бу асрнинг риёкорликдан иборат фоний зийнатларини, маданият асрининг амри дея кўпдан қалбларимизга ўрнаштириб, руҳларимизни олмос савиясидан ифлос кўмир моҳиятига туширган бўлардик. Жаноби Ҳақ сиз туфайли бизларга нурларимизни эҳсон этганидан, Нурларимизнинг ёруғлигида у зулматли кечалар ила у ҳийлакорлар маданиятининг чиркинликларини яққол кўра оляпмиз. Аллоҳимизнинг бу иноятига ҳамду-санолар айтамиз.
Бу асрнинг қанчалик қўрқинчли ва қанчалик даҳшатли бир асрлигини кўра билмоғимиз учун, фақат ва фақат ҳақиқий иймоннинг дурбини ила кезмоғимиз вожиб бўлади. Иймон дурбинини қалб ва кўзларига тақмаганларни, беманиликларни фазилат қилиб кўрсатган бу мимсиз маданиятнинг залолат ботқоқлари ютиб юбориши мумкин деган тушунчаси ила, биз Нур шогирдлари жуда қийналардик. Аммо Нурлар Оврупаликларнинг ҳам руҳларига кириб, кундан кунга беманиликлардан тозалаётганини келган мактублардан биляпмиз.
Бизлар эса бугун иймонимизнинг нури ила деймизки: Эй йигирманчи асрнинг маданият асри эканини даъво қилган динсиз фалсафа!.. динсиз, табиатпараст масўнлар билан қизил московлар!.. Бизлар сизларга бу ватаннинг гўзал тупроқларидан ва Ўрта Анадўлуда Ҳазрати Мавлононинг қучоғидан бақириб деймизки: "Ҳазрати Муҳаммад (А.С.М.)нинг уммати, мавлононинг набиралари ва Бадиуззамон Саид Нурсийнинг талабаларимиз. Сизлар ҳам бизларни яхши таниб олингиз. Сенинг маданиятингни ўтмиш мозорига кўмяпмиз. Ўрнига жуда янги, йигирма биринчи асрнинг қуёши туғилиш арафасидадир. Бу қуёш Исломнинг қуёши, Нурларнинг қуёши ва шу орқали Нурчиларнинг қуёши ўлароқ туғилажакдир, Иншоаллоҳ.
Ҳазрати Устоз Афандимиз, шу серқусур тилимиз ила сиз билан иймон йўлида, Аллоҳ йўлида, Қуръоннинг раҳбарлигида ҳақнинг ҳақиқатини қабул этишимизнинг биттадан ҳужжатини барпо қилмоқла, бу асрнинг энг бахтиёр инсони бўлганимизга ишонамиз. Зеро бугун ҳам, сиз талаба назари ила боққан ул фоний вужудингиз, Аллоҳнинг наздида, бизларнинг олдимизда абадийдир. Чунки маърифатуллоҳга юз тутган қалбларимиз иймон қуввати ила ҳаракат қилмоқдадир. Бу қувват, бизларни Аллоҳ йўлидан, Пайғамбаримиз Расули Акрам Алайҳиссалоту Вассалом Афандимизнинг раҳбарлигидан, Нурларимиздан айирмайдиган Илоҳий бир қувватдир, Иншоаллоҳ.
Аллоҳнинг изни ила қалбларимизга Рисолаи Нурнинг ва Нурларимизнинг берган файзлари ила бу мактубни ёздик. Сиз Устозимизни хаста ҳолингизда ортиқча машғул этганимиздан, қусурларимизнинг авфини алоҳида-алоҳида умид қилиб, Жаноби Аллоҳдан шифолар тилаймиз ва Лайлатул-Меърожингиз билан табриклаймиз.
Албоқий-Ҳувалбоқий.
Дуоларингизга жуда муҳтож
Кўниялик хонимлар номидан
Гулсун, Олмос, Фирдавс, Мадиҳа, Оиша, Ҳадича, Фотима, Солиҳа, Шукрон, Мушарраф, Заҳро, Оиша, Нурон.
* * *
(Ҳасан Файзий, Ҳалил Иброҳимдек Нурнинг қаҳрамонлари каби, Истамбулда аёллар тоифасидан Нурларга хориқо бир алоқа кўрсатган хонимларнинг мактубидир.)
Кўп муҳтарам, кўп муборак, буюк Устоз афандимиз Ҳазратлари!
Биз заиф бечораларни талабаликка қабул қилганингиз учун жуда кўп севиндик. Дунёлар бизники бўлди. Кўзларимиз севинч ёшлари ила тўлди. Йиғладик... ва йиғлаб, Раббимиз Таоло Ҳазратларига ҳадсиз шукрлар айтдик. Жаноби Ҳақ бу фақирларни, юз ўттиз дона ўхшаши йўқ асарлари ҳар ерда ишқ билан ўқилган, сиз каби, дунёда ягона Бадиуззамон бўлган ҳашаматли бир Устознинг дуоларига дохил айлади. Бу замоннинг энг буюк зоти бўлган Рисолаи Нур соҳибининг талабаси бўлишдек, жуда буюк бир шарафга, жуда буюк бир неъматга восил қилди...
Оҳ Устозимиз, на қилайлик! Ҳадя қабул этсангизки, ҳадя жўнатсак. Сиз бизнинг абадий ҳаётимизни қутқардингиз. Биз сизга энг кичик яхшилик ҳам қилолмаймиз. Гарчи дунё тўла яхшилик қилинса ҳам, барибир сизнинг бизни иймони комилга эриштирган Рисолаи Нур каби буюк бир лутфингизга тенг келолмас. Жаноби Ҳақ сиз Устозимиздан абадий рози бўлсин, сиҳат-саломатлик берсин. Ва бизларни Устозимиз Бадиуззамондан айирмасин... Омин...
Эй Раббимиз! Севикли Пайғамбаримиз Ҳабибинг ҳурматидан, бу дуомизни қабул айла. Омин...
Буюк Устоз Афандимиз! Ўзимизни сизга талаба бўлишга лойиқ кўрмаяпмиз. Сизнинг бизларга бўлган кўп шафқатингиз, жуда зиёда ҳамиятингиз бизларни дунёю охиратда саодатга қовуштирадиган Рисолаи Нур талабалигига дохил этмоқдадир. Рисолаи нурни ўқияпмиз. Охиратли ҳамшираларингиз Рисолаи Нурга жуда муштоқдирлар. Биргаликда ўқияпмиз. Нур Рисолаларидан кўп, ҳам жуда кўп фойдалар оляпмиз. Бизлар ҳозирга қадар Рисолаи Нурда аёлларга берилган муқаддас дарсларни, ҳеч бир китобларда кўрмадик, ҳеч бир домладан эшитмадик. У жуда қийматли, жуда гўзал, жуда тотли иймон ҳақиқатлари бизнинг руҳимизнинг озуқасидир. Рисолаи Нурдаги муқаддас Қуръон ҳақиқатлари бизнинг қалбимизга таъсир қилиб, қалбимизда нурли муҳаббат оташларини ёндирмоқда, иймонимизга қувват бермоқда, маънавиятда даражаларимизни юксалтирмоқда. Рисолаи Нур бизни фитналардан узоқлаштирмоқда, тўғри йўл бўлган Қуръон йўлига боғламоқда. Бизни шайтонларнинг, жинларнинг ва бизни дин пардаси остидаги алдовчи, йўлдан оздирувчи кимсаларнинг шарридан сақламоқда. Ҳақ Таоло Ҳазратлари сиз Устозимиздан абадий рози бўлсин, узун умрлар берсин... Сиз Устозимизга бўлган ташаккурларимиз бениҳоядир.
Севикли Пайғамбаримиз Расули Акрам Алайҳиссалоту Вассалом Афандимиз, Сиз Устозимизга ва Нур Талабалари бўлмиш қардошларимизга иймон ва Қуръон хизматида абадий кўмакчи ва ёрдамчи бўлсин. Жаноби Ҳақ сизларни бу Қуръон хизматида муваффақ айласин. Омин, омин, омин...
Устоз Афандимиз Ҳазратлари!
Бунга қандай чидайин! Бузғунчи қўмиталар, дин душманлари, ҳийлалар ила биз аёлларни фасодга учратдилар, кўпларимизни Исломиятдан узоқлаштирдилар. Бизни юксак Ислом тарбиясидан, олий Ислом одобидан маҳрум этдилар. Ҳозиргача ҳам динимизга зарарли нарсаларни бизга одатлантиришга интилмоқдалар. Ҳадсиз ҳамду-санолар бўлсин Раббимизгаки, Рисолаи Нур бизни буларга кириб қолишдан ҳам қутқарди. Рисолаи Нурга ноил бўлгандан бери, қалбимизга нурлар ёғди. Руҳимизда нурли оламларга қараган эшиклар очилди. Нур Рисолаларини ўқигандан бери, иймонимизга, муқаддас динимизга алоқамиз зиёдалашди. Пайғамбаримиз Ҳабиби Зишон Афандимизга муҳаббатимиз ортди. Аллоҳга бўлган итоатимиз, севгимиз, ишқимиз битмас бир ҳолга келди. Нурларни ўқигандан бери, динимизга, иймонимизга зарар берган нарсаларни ажрата бошладик.
Диний дарс беряпман дея, бу софдил аёлларни алдаб, янглиш йўлларга ташвиқ этган кимсаларнинг ёнига бормайдиган бўлдик. Чунки Рисолаи Нур бизнинг кўзимизни очди. Рисолаи Нурни ўқишдан аввал буларни билмас эдик. Бошқа нарсаларга, бошқа ҳавасларга эргашиб, гуноҳ қилаётган эдик. Пок Ислом аёлининг шарафига ярашмаган, Оврупали кофирларнинг вазиятларини тақлид қилишга берилиб кетаётган эдик. Рисолаи Нур бизни жаҳолатдан, у чиркин нарсалардан қутқарди. Гуноҳлардан узоқлаштирди, савобларга ноил қилди. Рисолаи Нур бизнинг ҳар дардимизга дармон, фожиаларимизга нурли бир малҳам бўлди. Энди иймонимиз комилки, Рисолаи Нур ҳар нарсага даводир. Бу жуда нуроний, жуда файзли асарлар бизга кифоядир. Бошқа нарсаларни излашга эҳтиёж қолдирмайди.
Биз аёллар, Алҳамдулиллаҳ динимизга боғлиқмиз. Аммо, бизга ҳақиқий бир суратда динимизни ўргатадиган, бизни ибодатга, гўзал амалларга, гўзал ахлоққа етаклайдиган асарлардан маҳрум қилингандик. Динсизлар аёлларни адаштирдилар. Шунинг учун бизга Қуръон йўлини ўргатган Исломиятнинг нурли, саломатли йўлида иймон илмидан таҳсил берувчи Нур Рисолалари каби бир муршиди комил лозим эди. Бунга жуда муҳтож эдик. Бизни абадий саодатларга ноил қиладиган, бизни Қуръон нурлари ила нурлантирадиган, Қуръони Кариймнинг бениҳоя файзлари ила файзлантирадиган Нур Рисолалари каби бир Устозга, бир асарга эҳтиёжимиз катта эди. Демак бу Нурларни, бу асарларни, бу Устозни кўрмаётган эдик. Демак ғафлатда эдик. Кўрдик, ўзимизга келдик, уйғондик, Рисолаи Нурга ёпишдик. Бошқаларнинг алдовларидан қутилдик. Нур Рисолаларидаги Қуръон, иймон нурларига эришдик, Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳнинг бу буюк лутф ва карамига ҳадсиз шукрлар айтамиз...
Устозимиз, биз Нур Рисолаларига руҳу жонимизла ёпишяпмиз. "Хонимлар Раҳбари," "Ёшлик раҳбари," "Кичик Сўзлар," "Хасталар Рисоласи," "Кексалар Рисоласи", бизнинг энг буюк раҳбаримиздир. Бизнинг фожиаларимизни кетказган нуроний дарсларимиздир. "Хонимлар Раҳбари" такрор-такрор ўқилишга шояста бир асарингиздир. Ўқиган сари ўқигимиз келади. "Ёшлик Раҳбари"ни такрор-такрор ўқияпмиз. Такрорлаган сари кўпроқ англамоқдамиз. Руҳ ва қалбимизда таъсири зиёдалашмоқда.
"Сўзлар"ни, "Хасталар Рисоласи"ни, "Кексалар Рисоласи"ни тез-тез ўқияпмиз. Бу Рисолаларга бизлар нондан, сувдан, ҳаводан ҳам зиёда муҳтож эканимизни, ўқиган сари идрок этяпмиз, англаяпмиз. Шу тарзда Нур Рисолаларини қайта-қайта ўқияпмиз. Нур Рисолалари бизнинг руҳимиздир, қалбимиздир, бошимизнинг тожидир, кўнглимизнинг нуридир. Нурларни сийнамизга босамиз. Уларни ёнимиздан, тилимиздан, сўмкачамиздан қўймаймиз.
Устозимиз! Нур Рисолаларидаги иймон нурлари, биттадан гули Муҳаммадий (Алайҳиссалоту Вассалом) кабидир. Биз бу асарларингизни бизга нақадар фойдали эканини, руҳимизга, қалбимизга қай даража таъсир қилганини тил билан ифодалашдан ожизмиз.
Устозимиз, Нур талабалари ўқийдиган мислсиз ва ўхшаши ҳам дунёда бўлмаган "Жавшанул Кабир" исмли Пайғамбаримиз Алайҳиссалоту Вассалом Афандимиз Ҳазратларининг дуолари ва кўп савобли, кўп нурли, кўп фазилатли салавоти шарифаларингизни қўлга киритдик, ўқишни бошладик. Сиз давом этдирган бу жуда қийматли, кўп муборак вирдлар, бизнинг зикримиз, бизнинг вирдимиз бўлди, Алҳамдулиллоҳ! Аммо энг зиёда, рисолаларни ўқимоққа ғайрат қиляпмиз, унга аҳамият беряпмиз. Чунки Нур Рисолаларини қайта-қайта ўқиган сари, бу дуолардан янада зиёда файз оляпмиз. Дуоларни, вирдларни муборак кечаларда, хусусан Лайлатул-Рағоиб ва Лайлатул-Меърож ва Лайлатул-Барот, Лайлатул-Қадр ва Жума кечаларида ўқияпмиз.
Жаноби Аллоҳ, шафқатга муҳтож бўлган биз аёлларга, сиз каби кўп шафқатли, кўп марҳаматли бир зотни Устоз айлади. Ер юзида энг тўғри ва энг юксак, энг ҳақиқий бир муршид бўлган Нур Рисолаларини бизларга эҳсон қилди.
Фоний бир Устозга ёпишмаганмизки, у вафот этгандан кейин биз муршидсиз (йўлбошчисиз) қолсак. Ўлмайдиган, боқий Қуръоннинг тафсири бўлган Рисолаи Нур каби Устозимиз бор. Рисолаи Нурга талаба бўлиш, энг буюк бир шарафдир. Қуръон ҳақиқатларини қалбимизга, руҳимизга, ақлимизга таъсир қилдирган Нур Рисолаларига боғланмоқ, Қуръонга, Исломиятга боғланмоқдир.
Хусусан аёлларнинг соддаликларидан фойдаланиб алдовчи кимсалар кўп бўлган бу алғов-далғов даврда, энг тўғри йўл, энг тўғри раҳбар, энг ҳақиқий Устоз, Рисолаи Нурдир. Рисолаи нур, Қуръон йўлидир. Рисолаи Нур, иймон ва Исломият йўлидир. Энг гўзал, энг ширин, энг завқли нуроний ҳақиқатлар Рисолаи Нурдадир. Инсон калимаи тавҳидни зикр қилганда, Қуръон ўқиганда, қалби қанчалик Илоҳий бир ишқла тўлса, Рисолаи Нурни ўқиганда ва тинглаганда ҳам шундай бўлади. Чунки Рисолаи Нур бошдан охиргача калимаи тавҳиднинг ҳақиқатларини дарс беради. Қуръон ҳақиқатларини, тавҳид ҳақиқатларини бизга англатиб, қалбимизга, ақлимизга, руҳимизга нақш солмоқда. Ҳаммасини ҳам керагича англай олмасакда, англай олганимиз бизни қутқармоқда. Биз англаёлмаган юксак ҳақиқатлар ҳам, маънан бизни таъсирлантирмоқда, файзлантирмоқда, нурлантирмоқда. Шунинг учун Нур Рисолалари кўп марталаб ўқилмоқда, такрор-такрор мутолаа қилинмоқда.
Устоз Афандимиз Ҳазратлари, Сиз алдамайдиган, ўзию-сўзи бир бўлган, илмига амал қилган ҳақиқий бир муршиди комилсиз. Сизга таклиф этилган ҳадяларни ҳозирга қадар рад этмаган бўлсайдингиз, олтиндан сарой қурдирардингиз. Сиз Нур Рисолалари ила ҳақиқий бир Устоз, ҳақиқий энг буюк муршиддирсизки, ўзингиз учун дунё манфаатларини тўпламадингиз, дунё сарватларини жамғармадингиз... Дунёни тарк этдингиз. Фақат Аллоҳни розилиги учун иймон дарсларини бердингиз, Қуръонга хизмат қилдингиз. Хуллас, Сиздаги бу ихлос туфайли, биз аёллардан ташқари миллионлаб эркаклар, кексалар, ёшлар, китобларингизга ошиқмоқдамиз... дарсларингизни ўқишда берилиб давом этмоқдалар. Дин учун, иймон учун фидоий бўлмоқдалар. Рисолаи Нурга инониб, унинг йўлида барча мушкилотларга кўкрак очмоқдалар...
Сиз Қуръони Каримда аёлларнинг қийматини, иффат ва номусини муҳофаза этган, уларни пасткаш назарлардан қўриқлаган оятни тафсир қилганингиз учун, динсизлар сизни ўлим маҳкамасига бердилар, зиндонларга отдилар. У маҳкамаларда сизга бериладиган ўлим жазосидан қўрқмадингиз. Чидаб бўлмас исканжаларга чидаб келдингиз, қўрқмадингиз. ёна у Ояти Кариманинг тафсири бўлган ва аёл ҳуқуқини муҳофаза қилган Рисолангизни матонатла мудофаа этдингиз. Бу асрда ёмонликлар ичра қолган ва диний, ҳақиқий бир қўриқловчига жуда муҳтож бўлган аёлларни гуноҳлардан сақлаган, юксалтирган рисолангизни барибир нашр этдингиз, бизларга мадад учун юбордингиз. Бизга ҳўжайинларимиз демоқдаларки: "Бу ўттиз-қирқ йил ичида, аёлларни мудофаа этган Исломий бир асарни ёзмоққа ҳеч бир кимса жасорат қилолмади. Бундай бир асарни, динсизларнинг исканжалари остида фақат Бадиуззамон ёза олди. Аёллар оламида буюк бир раҳбар бўлди..."
Устозимиз, Сиз динсизлар кўп бўлган бундай бир замонда, Сизни йўқ қилиш учун иш олиб борган маҳкамаларда Қуръонни ва Исломиятни мудофаа этдингиз.
Муршиди комилни қандай бир зот бўлишини Абдулқодир Гийлоний (Р.А.), Шоҳи Нақшбанд (Р.А.), Имоми Раббоний (Р.А.) Ҳазратлари каби буюк зотларнинг китобларидан ўрганган қардошларимиз бордир. Бизлар энг буюк бир Устознинг, энг буюк бир муршиди комилнинг шартларини, ҳолларини, васфларини тамоман сизда топаяпмиз, асарларингизда ўқияпмиз. Муршиди комил, юқорида биз бир-икки васфини арз этган шаклдагина бўлган зотдир. Биз фақат шу сифатга эга бўлган Сиз каби бир Устозга боғланяпмиз. Болалигингиздан бери тўғри йўлда ўтган Сизнинг ҳолларингизни кўплар айнан кўрганларидек, маҳкамаларда ҳам сизнинг ҳолингиз аён бўлди. Булар Сизнинг бу замонда ўхшаши йўқ асар соҳиби бўлган энг буюк бир зот эканингизга далилдир.
Сизнинг Рисолаи Нур асарларингизга чин кўнгилдан суяняпмиз. Нури Қуръонни севги ила, муҳаббатла ўқияпмиз. Сиз бутун умрингиздаги ҳолларингиз ила, Пайғамбари Зишон Афандимиз Ҳазратларининг юрган Қуръон йўлидан бормоқдасиз. Диний асарлар қатағон этилган фожиали кунларда, иймонни қутқарган Нур Рисолалари каби асарлар бердингиз.
Ҳазрати Пайғамбар Афандимиз йўлини тўлиқ таъқиб этганингиздан, қатллардан, маҳкамалардан, зулмлардан қўрқмадингиз. Ва Аллоҳнинг инояти ила, юз ўттиз парча Нур Рисолаларини вужудга келтирдингиз. Орқа оёқларида тик турган арслонлар каби, Ислом динини жазо маҳкамаларидан мудофаа этдингиз.
Азиз Устозимиз!
Йигирма йилдан бери Рисолаи Нурга хизмат қилган қийматли талабангиз, муҳтарам волидамиз Осиё хоним бу ердадир. Бизларга Рисолаи Нурни танитди. Рисолаи Нур ила аёллар орасида иймонга буюк хизматлар қилди. Анқарада онамиз Рисолаи Нурга ихлос билан хизмат қилмоқда. Кўп хонимларнинг Рисолаи Нур ила саодат топмоқларига, иймонларини сақламоғига сабабчи бўлмоқда. Афйўн ўлкасидаги шаҳодатли, нурли, фаол нурчи қардошимиз Рисолаи Нурнинг маслагига уйғун ўлароқ хизмат қилаётган экан. Бир неча аёллар, ёш қизлар у туфайли Рисолаи Нурдан иймон дарси ўқиш бахтига эришаётган экан. Анталияда ҳам бир неча Нурчи қардошларимизни Рисолаи Нурга киришганларини, Рисолаи Нурни ёзганларини эшитдик, жуда хурсанд бўлдик... Ҳам Нурларга киришган бу Нурчи қардошларимизга дуолар қилиб, уларни руҳу-жонимиздан табриклаймиз.
Узун ёздик, сиздан узр сўраймиз. Нурнинг муҳаббати, Нурнинг севгиси бизни жим тургизмаяпти. Доимо Нурдан гаплашамиз. Ҳар замон тилимизда, қалбимизда, руҳимизда Нурнинг севгиси... Нур ўқиймиз... Нур ташиймиз... Нур ёямиз Иншоаллоҳ...
Анқарада Рисолаи Нур матбааларда минглаб босилмоқда экан. Бу энг буюк байрамимиздир. Бу байрам, бутун дунёдаги диндошларимизнинг байрамидир. Шунинг учун аввал Сиз Устозимизни ва бутун Рисолаи Нур талабаларини табриклаймиз. Бу ерда Рисолаи Нур ила алоқадор охират ҳамшираларимиз ва бизлар Сизга кўп саломлар ва дуолар қиламиз. Энг буюк ҳурмат билан қўлларингизни ўпамиз.
Устоз Афандимиз Ҳазратлари!
Биз бу даҳшатли замонда, Рисолаи Нурдан олган дарсларимиз ила иймонни қозонмоқ каби бениҳоя бир саодатга ноил бўлганимиздан, қалбимизда туғилган шукроналаримизни бу суратда ёздик. Агар қўлимиздан келса, Рисолаи Нурнинг аёлларга ва бутун Ислом миллатларига берган фойдалари қаламга олинса, минглаб саҳифаларни тўлдирарди. Аммо мумкин эмасдир.
Шундай бир замон келадики, миллионлаб аёллар Нур Рисолаларининг доирасига, Рисолаи Нур дарсларига парвоналар каби чопадилар. Рисолаи Нурдан муқаддас иймон дарсларини оладилар, тинглайдилар. Нур осмонида Нурлардан нафас оладилар. Жаннатул Фирдавсни қозонтирган иймон неъматига ноил бўладилар.
Кўп шафқатли, кўп марҳаматли Устозимиз!
Рисолаи Нурнинг буюк бир байрамини такрор табриклаймиз... Биз Сиз мушфиқ Устозимиздан, Рисолаи Нурдан ўлгунга қадар айрилмаймиз. Сиз ва Рисолаи Нур дунёда муршидимиз, охиратда шафоатчимиздир. Жонимиз Қуръон ва иймон Нури бўлган Рисолаи Нурга ва Қуръон даллоли бўлган Сиз Устозимизга қурбон бўлсин. Ҳар нарсамиз Рисолаи Нурга фидо бўлсин...
Албоқий-Ҳувалбоқий
Истамбулда дуоингизга муҳтож
талабаларингиз ва маънавий
авлодларингиз:
Хайринисо, Саида, Амина, Фотима.
* * *
Нурчиларнинг Қасидаси.*
Онам мени етиштирди, бу хизматга йўллади.
Таслим этди Рисолани ва Аллоҳга топширди.
Бўш ўтирма, интил деди, хизмат айла иймонга.
Сутим сенга ҳалол этмам, интилмасанг Қуръонга.
Ёзганимиз Рисоладир, ўқияпмиз Қуръонни,
Биз Нурларнинг ёрдамида ҳифз этамиз иймонни.
Мадрасаи Нуриядир - Сов ва Барла, Афлоний,
Шогирдларни қўриқлайдур Абдулқодир Гийлоний.
Мубораклар ҳайъати ила Нур ва Гул фабрикаси.
Қаламлари қилич каби, замоннинг хориқоси,
Ҳибсхона деганлари бўлди бирор мадраса,
Ёшу-кекса, аёл, эркак шошадилар бу дарсга.
Тўлиқ ўттиз беш йилдирки, куфр ила этди жиҳод,
Тарихи Исломда жуда нодир учрар бу сабот.
Эй Нурчилар! Эй Нурчилар! Эй Муборак қардошлар!
Ҳар он сиздан рози бўлсин Аллоҳ ила Пайғамбар...
-----------------------------
(*) Аскарларнинг "Онам мени етиштирди, бу ватанга йўллади," маршига ўхшатилиб ёзилган бу қасидани, ўша мақомда ва ғаззолий Ҳазратларининг "Эй Рисолат тахтининг ҳуршиди моҳи анвори" ғазали-шарифининг мақомида ўқиш мумкин.