КИЧИК СЎЗЛАР

 

   بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

 وَبِهِ نَسْـتَعِينُ { اَلْحَمْدُ ِللهِ رَبِّ الْعٰالَمِينَ وَالصَّلٰوةُ وَالسَّلاَمُ عَلٰى سَيِّدِناَ مُحَمَّدٍ وَعَلٰۤى اٰلِهِ وَصَحْبِهِ اَجْمَعِينَ

Эй биродар! Мендан бир неча насиҳат истадинг. Сен бир аскар бўлганинг учун аскарлик мисоллари ила айтилган саккиз ҳикоячани ва улар орқали бир қанча ҳақиқатни нафсим билан бирга тингла. Чунки мен нафсимни насиҳатга ҳар кимдан ҳам зиёда муҳтож деб биламан. Бир вақтлар саккиз оятдан истифода этиб, "Саккиз сўз"ни бир оз узунроқ ҳолда нафсимга айтган эдим. Энди қисқача ва содда тил билан яна нафсимга айтмоқдаман. Ким истаса, биргаликда тингласин.

* * *

 БИРИНЧИ СЎЗ

 

"Бисмиллоҳ" ҳар хайрнинг бошидир. Биз ҳам, аввало шундан бошлаймиз. Бил, эй нафсим! Бу муборак калима Ислом нишони бўлганидек, бутун мавжудотнинг ҳам ҳолати ва тили билан энг кўп қайтарадиган жумласидир.

"Бисмиллоҳ" нақадар буюк, туганмас бир қувват, нақадар кўп, битмас бир баракот эканини англамоқ истасанг, бу мисолий ҳикоячага боқ, тингла!

Бадавий араб чўлларида саёҳат этганлар бир қабила раисининг исмини олмоғи ва ҳимоясига кирмоғи лозим бўлади. Токи, қароқчиларнинг шарридан қутулиб, ҳожатларини битира олсин. Йўқса, ёлғиз ҳолида ҳадсиз душманлар ва эҳтиёжлари олдида паришон бўлиб қолади.

Мана шундай бир саёҳат учун икки одам саҳрога чиқадилар. Улардан бири мутавозеъ, иккинчиси эса мағрур эди. Мутавозе бўлгани бир раиснинг исмини олди. Мағрур эса олмади... Мутавозе ҳар ерда саломатлик ила кезди. Бирон йўлтўсарга дуч келганда, "Мен фалон раиснинг номи ила кезмоқдаман" деса, қароқчи даф бўлар, унга тегмас, бирон чодирга кирса, у ном ила ҳурмат кўрар эди. Мағрур эса бутун саёҳати давомида шундай балоларга йўлиқар эдики, асло таърифлаб бўлмас. Доимо титрар, доимо тиланчилик қилар эди. Ҳам хор, ҳам разил бўлди.

Хуллас, эй мағрур нафсим! Сен ул сайёҳсан. Бу дунё эса бир чўлдир. Ожизлигинг ва фақирлигинг чексиздир. Душманинг, ҳожатинг бениҳоядир. Модомики шундай экан, бу саҳронинг Абадий Молики ва Азалий Ҳокимининг исмини ол. Токи, бутун коинот олдида тиланчилик қилишдан ва ҳар қандай ҳодиса қаршисида титрашдан қутуласан.

Ҳа, бу калима шундай муборак бир хазинадирки, сенинг бениҳоя ожизлигинг ва фақирлигинг сени ниҳоясиз қудратга ва раҳматга боғлаб, Қодири Раҳиймнинг даргоҳида ожизликни, фақирликни энг мақбул бир шафоатчи қилади. Ҳа, бу калима ила ҳаракат этмоқ аскарликка олинган шундай бир одамга ўхшайдики, у одам Давлат номидан ҳаракат этади, ҳеч кимга парво қилмайди, қонун номидан, давлат номидан дейди ва шунинг учун ҳар ишни битириб, ҳар нарсага қарши тура олади.

Сўзимизнинг аввалида: "Бутун мавжудот ҳолати билан "Бисмиллоҳ" дейди", деган эдик. Шундайми?

Ҳа. Кўрсангки, ёлғиз бир одам келди ва бутун шаҳар аҳолисини мажбуран бир ерга жалб этиб, мажбуран ишларда ишлаттирди. Ҳеч шубҳасиз биласанки, бу одам ўз номи ила, ўз қуввати ила ҳаракат этмаётир, балки у давлат номидан ҳаракат этаётган бир аскардир. Ва бир подшоҳнинг қувватига таянади.

Худди шунингдек, ҳар нарса Жаноби Ҳақнинг номи билан ҳаракат этади. Заррадек уруғлар ва данаклар ўз устида улкан дарахтларни, тоғдек юкларни кўтариб туради. Демак, ҳар бир дарахт "Бисмиллоҳ" дейди; Раҳмат Хазинасининг меваларидан қўлларини тўлдириб, бизларга тутади, воситачи савдогар вазифасини ўтайди. Ҳар бир бўстон "Бисмиллоҳ" дейди: Қудрат ошхонасининг бир қозони бўлиб, ул қозон ичида турли-туман жуда кўп мухталиф лаззатли таомлар бараварига пиширилади. Ҳар бир сигир, туя, қўй, эчки каби муборак ҳайвонлар "Бисмиллоҳ" дейди; Раҳматнинг файзидан бир сут чашмаси бўлади. Бизларга Раззоқ номи ила энг латиф, энг пок, оби ҳаёт каби бир ризқни тақдим этади. Ҳар бир ўсимлик, дарахт ва ўтларнинг ипак каби майин илдиз ва томирлари "Бисмиллоҳ" дейди, қаттиқ тош ва тупроқларни ёриб ўтади. Аллоҳ номи ила, Раҳмон номи ила дейди, ҳар нарса унга тобе бўлади.

Ҳа, новдаларнинг ҳавода ёйилиб ўсмоғи ва мева бермоғи каби ул қаттиқ тош ва тупроқдаги илдизларнинг камоли осонлик билан тарқалмоғи ва ернинг тагида мева бермоғи, ҳам ойлар давомида нозик, яшил япроқларнинг шиддатли ҳароратга қарши тароватли қолмоғи табиатпарастнинг оғзига шиддат ила тарсаки уради. Кўр бўлгур кўзларига бармоғини суқади ва дейдики:

"Сен энг ишонган қаттиқлик ва ҳарорат ҳам Унинг амри остида ҳаракат этмоқдаларки, ипак каби майин томирларнинг ҳар бири Мусо алайҳиссаломнинг биттадан асоси сингари

  فَقُلْناَ اضْرِبْ بِعَصَاكَ الْحَجَر َ

амрига бўйсуниб тошларни парча-парча қилади ва у попирис қоғози каби юпқа, нозанин япроқлар ҳар бири Иброҳим алайҳиссаломнинг биттадан аъзоси каби оташ сочган ҳарорат қаршисида يَا نَارُ كُونِى بَرْداً وَسَلاَماً  оятини ўқимоқдалар.

Модомики, ҳар нарса маънан "Бисмиллоҳ" дер ва Аллоҳ номидан Аллоҳнинг неъматларини келтириб бизларга бермоқда экан, биз ҳам "Бисмиллоҳ" демоғимиз лозим. Аллоҳ номи ила бермоғимиз, Аллоҳ номи ила олмоғимиз лозим. Шундай экан, Аллоҳ номи ила бермаган ғофил инсонлардан олмаслигимиз лозим.

Савол: Воситачи савдогар ҳукмида бўлган инсонларга бир ҳақ тўлаймиз. Ажабо, асл мол соҳиби бўлган Аллоҳ биздан қандай ҳақ истар экан?

Алжавоб: Ҳа, У Мунъими Ҳақиқийнинг биздан ул қийматли неъматлар, моллар эвазига истаган ҳақ уч нарсадан иборат: Бири зикр, бири шукр, бири фикрдир.

Аввалида "Бисмиллоҳ" зикрдир.

Охирида "Алҳамдулиллоҳ" шукрдир.

Ўртасида эса, бу қийматли, санъат ажойиботлари бўлган неъматлар Аҳаду Сомад қудратининг мўъжизаси ва раҳматининг ҳадяси эканини англамоқ ва идрок этмоқ - фикрдир.

Бир подшоҳнинг қийматли ҳадясини сенга келтирган бир мискин одамнинг оёғини ўпиб, ҳадя соҳибини тан олмаслик қандай аблаҳлик бўлса, инъомларнинг зоҳирий эгаларини мадҳ этиб ва уларга муҳаббат кўрсатиб, ҳақиқий Мунъимни унутмоқ ундан минг даража ортиқ аблаҳликдир.

Эй нафс! Бу каби аблаҳ бўлишни истамасанг, Аллоҳ номи билан бер, Аллоҳ номи билан ол, Аллоҳ номи билан бошла, Аллоҳ номи билан ишла! Вассалом.

* * *

ИККИНЧИ СЎЗ

 

   بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

 اَلَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ

 

Иймонда нақадар буюк бир саодат ва неъмат, нақадар буюк бир лаззат ва роҳат борлигини англамоқ истасанг, бу мисолий ҳикоячага боқ, тингла!

Бир вақт икки одам кайфу сафо ҳамда тижорат учун саёҳатга чиқадилар. Худбин, толеъсиз бўлмиш бири бир тарафга, худобин, бахтиёр бўлмиш иккинчиси бошқа тарафга йўл олиб кетадилар. Худбин одам, ҳам худгам, ҳам худандиш (ўзини ўйлайдиган), ҳам бадбин (фақат ёмонликни кўрадиган) бўлганидан, бадбинликнинг азоби бўлиб, назарида жуда расво бир мамлакатга тушади. Кўрадики, ҳар ерда ожиз, бечоралар зўравон, мудҳиш одамларнинг қўлларидан ва бузғунчиликларидан доду фарёд этмоқдалар. Бутун кезган ерларида аламли бир ҳолатни кўради. Бутун мамлакат бир умумий мотамхона шаклини олган. Бу одам ўша аламли, зулмли ҳолатни ҳис этмаслик учун сархушликдан бошқа чора тополмайди. Чунки ҳар ким унга душман ва ажнабий бўлиб кўринади. Ва ҳар тарафда мудҳиш жанозаларни, маъюсона йиғлаган етимларни кўриб, виждони азоб ичра қолади.

Иккинчиси худобин, худопараст ва ҳақандиш, гўзал ахлоқли эдики, назарида жуда гўзал бир мамлакатга тушади. Бу яхши одам кирган мамлакатида бир умумий хурсандчиликни кўради. Ҳар тарафда бир сурур, бир севинч, бир шавқу завқ ҳолида зикрхоналар... Ҳар ким унга дўст ва қариндош бўлиб кўринади. Олқишлар ва ташаккурлар ила бутун мамлакатда бир умумий озодлик шодиёнасини кўради. Ҳам такбир ва таҳлил ила аскарликка олиш учун чалинган масрурона бир дўмбира ва бир мусиқа сасини эшитади. Аввалги бадбахт ҳам ўзининг, ҳам бутун халқнинг алами ила аламзада бўлган бўлса, бу бахтиёр одам ҳам ўзи, ҳам бутун халқнинг сурури ила масрур ва бахтиёр бўлади. Ҳам ажойиб бир тижоратни қўлга киритади. Аллоҳга шукр этади.

Сўнгра қайтиб, аввалги одамга учрайди. Ҳолини англаб, унга дейди: "Менга қара, сен нима, телба бўлдингми? Ботинингдаги чиркинликлар зоҳирингга акс этибди, кулмоқни йиғламоқ, озод этишни тунамоқ ва талон-тарож этмоқ дея ваҳима қиласан? Ақлингни йиғ. Қалбингни покла. Токи бу мусибатли парда сенинг назарингдан кўтарилсин. Кейингина ҳақиқатни кўра оласан. Зеро, ниҳоят даражада одил, марҳаматкор, халқпарвар, муқтадир, интизомпарвар, мушфиқ бир Моликнинг мамлакати - кўз ўнгингда бу даража тараққиёт ва камолот асарлари акс этган бир мамлакат сенинг ваҳминг кўрсатган суратда бўла олмас".

Шундан сўнг бу бадбахтнинг эси жойига келиб, надомат қилади: "Ҳа, мен ишратдан телба бўлган эдим. Аллоҳ сендан рози бўлсинким, жаҳаннамий бир ҳолатдан мени қутқардинг," дейди.

Эй нафсим! Билки, аввалги одам кофирдир. Ёки фосиқу ғофилдир. Бу дунё унинг назарида, бир умумий мотамхонадир. Бутун жонли ҳаёт фироқ ва завол тепкисидан йиғлаган етимлардир. Ҳайвон ва инсонлар эса, ажал панжаси ила парчаланган ғариб, қаровсиз махлуқлардир. Тоғлар ва денгизлар каби улкан мавжудот унингча руҳсиз, мудҳиш, жанозалар ҳукмидадир. Куфридан ва залолатидан яна бунинг каби кўп аламли, эзувчи, даҳшатли ваҳималар пайдо бўлиб, уни маънан азоблайди.

Иккинчи одам эса мўъминдир. Яратган Эгасини танийди ва тан олади. Унинг назарида, бу дунё - Раҳмоннинг бир зикрхонаси, башарият ва ҳайвонотнинг бир таълимгоҳи, ҳамда инсу жинларнинг бир имтиҳон майдонидир. Бутун ҳайвонлару инсонларнинг вафотлари эса озод этилишдир. Ҳаёт хизматини ўтаб бўлганлар бу фано уйидан маънан масрурона, ташвишсиз бўлган бошқа бир оламга кетадилар. Токи, янги вазифадорларга жой бўшасин, келиб ишласинлар. Бутун ҳайвоноту инсонларнинг таваллудлари аскарликка чақирилиш, қурол остига, вазифа бошига келишдир. Бутун жонзот, унинг назарида, хизматдаги масрур аскарлар, ростгўй, мамнун маъмурлардир. Бутун садолар эса вазифа бошланмасдан аввалги зикр, тасбеҳ ва танаффусдан келган шукр ва севинч ёки ишламоқ шавқидан вужудга келган нағмалардир. Бутун мавжудот, у мўъминнинг назарида, Саййиди Кариймнинг ва Молики Раҳиймнинг мунис хизматкорлари, маъмур дўстлари, ширин китобларидир. Яна бунинг каби жуда кўп латиф, маънан юксак, лазиз ҳақиқатлар иймонидан порлаб чиқади, кўринади.

Демак, иймон ўзида маънавий бир Тубои Жаннат данагини ташийди. Куфр эса маънавий бир Заққуми Жаҳаннам уруғини сақлайди.

Демак, саломат ва хотиржамлик фақат Исломиятда ва иймондадир. Бас, шундай экан, биз доимо

   اَلْحَمْدُ للهِ عَلَى دِينِ اْلاِسْلاَمِ وَكَمَالِ اْلاِيَمانِ

демоғимиз лозим.

   

УЧИНЧИ СЎЗ

 

   بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

يَاۤ اَيُّهَا النَّاسُ اعْـبُدُوا

Ибодат нақадар буюк бир тижорат ва саодат эканини, фисқ ва сафоҳат эса нақадар буюк бир зиён ва ҳалокат эканини англамоқ истасанг, бу мисолий ҳикоячага боқ, тингла!

Бир вақт икки аскар узоқ бир шаҳарга бормоқ учун амр оладилар. Йўллари иккига айрилгунга қадар бирга кетадилар. Йўлда бир одам дуч келиб, уларга дейди: "Бу ўнгдаги йўлнинг ҳеч зарари йўқлиги билан бирга, унда кетган йўловчиларнинг ўндан тўққизи буюк фойда ва роҳат кўради. Сўлдаги йўлнинг эса манфаати йўқлиги билан бирга, ўнта йўловчисидан тўққизи зарар кўради. Узун-қисқаликда икки йўл ҳам бирдир. Фақат битта фарқи борки, интизомсиз, бошқарувсиз бўлган сўл тарафнинг йўловчиси юксиз ва қуролсиз кетади. Зоҳиран бир енгиллик, ёлғончи бир роҳат кўради. Аскарий интизом собит бўлган ўнг тарафнинг йўловчиси эса, озиқ-овқатга тўла тўрт ўққа*лик бир жомадон ва ҳар қандай душманни яксон ва мағлуб этадиган икки ўққалик бир мукаммал мирий қуролни ташимоққа мажбур..." У икки аскар, ул муарриф одамнинг сўзини тинглаганларидан сўнг, бу бахтиёр аскар ўнгга қараб кетади. Бир ботмон оғирликни елкасига ва белига юклайди, лекин қалби ва руҳи минглаб ботмон миннатлардан ва қўрқувлардан халос бўлади. Бояги бадбахт нафар эса аскарликни ташлаб, низомга тобеъ бўлмоқни истамайди ва сўл тарафдан кетади. Жисми бир ботмон оғирликдан қутулади, лекин қалби минглаб ботмон миннатлар ва руҳи ҳадсиз қўрқувлар ичида эзилади. Ҳам ҳар кимга тиланчи, ҳам ҳар нарсадан, ҳар ҳодисадан титрайдиган бир вазиятда кетади. Манзили мақсудига етганда эса, у ерда осий ва қочоқ жазосини тортади.

Аскарлик низомини севган, жомадон ва қуролини сақлаб қолган ва ўнг тарафга кетган аскар эса, ҳеч кимнинг миннатига қолмай ва ҳеч кимдан хавфсирамай, қалб ва виждон роҳати ила кезади. То кўзлаган шаҳрига етиб борганда, у ерда вазифасини гўзал адо этган бир номусли аскарга муносиб мукофотга сазовор бўлади.

Хуллас, эй нафси саркаш*!

Билки, у икки йўлчининг бири Қонуни Илоҳийга итоаткор, иккинчиси осий ва ҳавои нафсига тобе инсондир. У йўл эса, ҳаёт йўлидирки, Руҳлар Оламидан келиб, қабрдан ўтади, охират сари кетади. У жомадон ва қурол - ибодат ва тақводир. Ибодатнинг гарчи зоҳиран бир оғирлиги бўлсада, лекин маъносида шундай бир роҳат ва енгиллик борки, таърифлаб бўлмас. Чунки Обид, яъни ибодатгўй намозида дейдики, 

اَشْهَدُ اَنْ لاَ لِلَهَ اِلاَّ اللهُ

Яъни: "Ундан бошқа Холиқ ва Раззоқ йўқ. Зарар ва манфаат Унинг қўлидадир. У Ҳакиймдир. Ҳикматсиз иш қилмас. Ҳам Раҳиймдир. Эҳсону марҳамати кўпдир", дея эътиқод қилгани туфайли ҳар нарсада бир раҳмат хазинасининг эшигини топади. Дуо ила у эшикни қоқади. Ҳам ҳар нарсани ўз Раббининг амрига тобе деб билади. Раббига илтижо этади.. Таваккул ила унга суяниб, ҳар қандай мусибат қаршисида ундан паноҳ сўрайди. Иймони унга том бир хотиржамлик беради.

Ҳа, ҳар бир ҳақиқий ҳасанот каби, жасоратнинг манбаи ҳам иймондир, ибодатдир. Ҳар бир гуноҳ каби, қўрқоқликнинг манбаи ҳам залолатдир.

Ҳа, ер курраси бўмба бўлиб портласа ҳам, мунавварул қалб бўлган бир обидни қўрқитмоғи амри-маҳолдир. Аксинча, у лаззатли бир ҳайрат ила Қудрати Самадониянинг бир ғаройиботини томоша қилади.

Лекин мунавварул ақл дея танилган қалбсиз бир фосиқ файласуф эса, кўкда бир куйруқли юлдузни кўрса, ерда титраб, "Ажабо, бу бебош юлдуз сайёрамизга урилса борми?" дейди. Ваҳимага тушади. (Бир вақтлар бундай бир юлдуздан Амриқо титради. Кўпчилик кечалари уйларини тарк этди.)

Ҳа инсон ниҳоясиз нарсаларга муҳтож бўлгани ҳолда, сармояси йўқ хукмида... Ниҳоясиз мусибатларга дучор бўлгани ҳолда, иқтидори ҳам йўқ ҳукмида бўлган бир нарсадир... Қўли қаергача етса, сармоя ва иқтидорининг доираси ҳам шу қадардир. Лекин орзу умидлари, аламлари ва балоларининг доираси, кўзи ва хаёли етган ва етиша олган жойга қадар кенгдир. Бунчалар ожиз ва заиф, фақир ва муҳтож бўлган руҳи башар учун ибодат, таваккул, тавҳид, таслим нақадар улкан бир фойда, бир саодат, бир неъмат эканини кўр бўлмаган ҳар ким кўриб, идрок этади. Маълумдирки, зарарсиз йўл зарарли йўлдан ҳатто ўнтадан бир эҳтимол билан бўлсада, устун қўйилади. Ҳолбуки, масаламиз бўлган ибодат йўли зарарсиз бўлиши билан бирга, ўндан тўққиз эҳтимол ила у йўлда бир абадий саодат хазинаси бор. Фисқ ва сафоҳат йўли эса, ҳатто фосиқнинг эътирофи билан ҳам манфаатсиз бўлгани ҳолда, ўндан тўққиз эҳтимол ила абадий зарар кўриш таҳликаси бор эканлиги, барчанинг қатъий эътиқоди даражасида, ҳадсиз Мутахассис ва Мушоҳада Аҳлининг шаҳодати ила собитдир. Ва Аҳли Завқ* ва Аҳли Кашф*нинг берган хабарлари ила муҳаққақдир.

АЛ-ҲОСИЛ: Охират саодати каби дунё саодати ҳам ибодатда ва Аллоҳга аскар бўлмоқдадир. Шундай экан, биз доимо

 

  اَلْحَمْدُ للهِ عَلَى دِينِ اْلاِسْلاَمِ وَكَمَالِ اْلاِيَمانِ

демоғимиз ва мусулмон бўлганимизга шукр этмоғимиз лозим.

* * *

 

ТЎРТИНЧИ СЎЗ

 

   بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

 اَلصَّلاٰةُ عِمَادُ الدِّينِ

Намоз нақадар қийматли ва муҳимлигини, ҳам нақадар арзон ва оз бир сарфиёт ила қозонилишини, ҳамда бенамоз одам нақадар телба ва зарарли эканини икки карра икки тўрт эканлигини билиш даражасида қатъий англамоқ истасанг, бу мисолий ҳикоячага боқ, кўр...

Бир замон бир буюк ҳоким икки хизматкорини ҳар бирига йигирма тўрттадан олтин бериб, икки ойлик масофа узоқлигидаги хос ва гўзал бир гўшага истиқомат қилишлари учун юборади. Ва уларга амр этади: "Бу пулни йўл ва чипта харажатига ишлатинг. Ҳамда у ердаги масканингизга лозим бўлган нарсаларни сотиб олинг. Бир кунлик масофадан сўнг бир бекат келади. Ҳам машина, ҳам кема, ҳам поезд, ҳам тайёра бор. Сармоянгизга қараб мининг".

Икки хизматкор дарс олганларидан сўнг йўлга равона бўладилар.

Бири бахтиёр эдики, бекатга етгунга қадар бир олтин сарфлайди ва шу сарф ичида ҳокимига ёқадиган шундай гўзал бир тижоратни қўлга киритадики, сармояси бирдан мингга чиқади.

Иккинчи хизматкор бадбахт, бетайин бўлганидан, бекатга қадар йигирма уч олтинини сарфлаб юборади. Қимор-миморга бериб, сармояси зое кетади ва ниҳоят бир дона олтини қолади. Ҳамроҳи унга дейди: "Эй, сен бу олтинингни бир чиптага бер, токи бу узун йўлда яёв ва оч қолмагайсан. Ҳам бизнинг ҳокимимиз карамли, балки раҳм қилар, қилган қусурингни афв этар ва сени тайёрага миндирарлар. Бир кунда истиқомат қиладиган масканимизга етамиз. Йўқса, икки ойлик бир чўлда оч, яёв, ёлғиз кетмоққа мажбур бўласан".

Ажабо, бу одам қайсарлик қилиб, у бир олтинини хазина калити ҳукмида бўлган бир чиптага бермай, вақтинчалик бир лаззат учун кайфу-сафога сарф этса, ғоят ақлсиз, зарарли, бадбахт эканини энг ақлсиз одам ҳам англамасми?!

Хуллас, эй бенамоз одам! Ва эй намоздан хушланмаган нафсим!

Ул ҳоким - Раббимиз, Холиқимиздир.

Унинг хизматкори бўлган ул икки йўлчи эса, бири - намозини шавқ ила адо этувчи диндор мусулмон; иккинчиси - ғофил, бенамоз инсондир.

Ул йигирма тўрт олтин - йигирма тўрт соат - ҳар кунги умрдир.

Ул гўзал гўша - жаннатдир.

Ул бекат эса - қабрдир.

Ул саёҳат - қабрга, қиёматга, абадиятга кетиладиган инсон сафаридир. Амалга кўра, тақво қувватига кўра ул узун йўлни фарқли даражаларда босиб ўтадилар. Бир қисм тақво аҳли минг йиллик йўлни яшин каби бир кунда кесиб ўтади. Бир қисми эса эллик минг йиллик бир масофани бир кунда босиб ўтади. Қуръони Азимушшон бу ҳақиқатга икки ояти ила ишора қилади.

Ул чипта эса - намоздир. Беш вақт намоз учун, таҳорати ила, ёлғиз бир соатгина вақт кифоя қилади.

Ажабо, йигирма уч соатини бу қисқагина дунёвий ҳаётга сарфлаган ва ул узун абадий ҳаётга бир соатини ҳам сарфламаган инсон нақадар зарар қилади, нақадар нафсига зулм этади, нақадар ақлига хилоф иш тутади! Зеро, минг одам иштирок этган бир лоторея қиморига, гарчи ютиш эҳтимоли мингдан бирга тенг бўлса ҳам, ярим молини тикишни ақли қабул қилса-ю, аммо йигирма тўртдан бир молини юздан тўқсон тўққиз эҳтимол ила ютиши тайин бўлган бир абадий хазинага бермаслик нақадар ақлга ва ҳикматга хилоф ҳаракат эканини, нақадар ақлдан узоқ бўлишини, ўзини оқил ҳисоблаган ҳар одам англамасми?

Ҳолбуки намозда руҳнинг, қалбнинг ва ақлнинг буюк бир роҳати бор. Баданга ҳам у қадар оғир иш эмас.

Ҳам намоз ўқиганнинг мубоҳ* бўлган бошқа дунёвий амаллари гўзал бир ният ила ибодат ҳукмини олади. Бу шаклда бутун умр сармоясини охиратга мулк қила олади, фоний умрини бир жиҳатда боқийлаштиради.

* * *

  

БЕШИНЧИ СЎЗ

 

  بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

 اِنَّ اللهَ مَعَ الَّذِينَ اتَّقَوْا وَالَّذِينَ هُمْ مُحْسِنُونَ

Намоз ўқиш ва катта гуноҳлардан тийилмоқ инсоннинг қай даража ҳақиқий бир вазифаси ва одам яратилишининг нақадар фитрий, муносиб бир натижаси эканини кўрмоқ истасанг, бу мисолий ҳикоячага боқ, тингла!

Сафарбарликда икки аскар бир қисмда, бирга эдилар. Бири - таълим кўрган, вазифапарвар, иккинчиси - оми, нафспарвар. Вазифапарвари таълимга ва жиҳодга диққат этарди, қорин ва тирикчилик ташвишини ҳеч ўйламасди. Чунки, уни тўйдириш ва жиҳозларини бериш, бемор бўлса даволаш, ҳатто эҳтиёжига кўра луқмани оғзига солиб қўйишга қадар юмушлар давлатнинг вазифаси, унинг асл вазифаси эса таълим ва жиҳод эканини у англаб етганди. Фақат баъзан овқатини пишириш ва таёрлаш ишларини бажарарди: қозон қайнатар, идишларни ювар, келтирар эди.

Ундан: "Нима қиляпсан?" деб сўралса:

"Давлатга холис ишлаб бермоқдаман," дейди. "Маош учун ишламоқдаман," деб айтмайди.

Шикампарвар ва оми аскар эса, таълимга ва ҳарбга диққат қилмасди, "У давлат иши, менга нима," дерди. Доим маошини ўйлаб, унинг пешидан юриб, қисмни тарк этар, бозорга кетар, савдо-сотиқ билан шуғулланар эди. Бир куни таълим кўрган ҳамроҳи унга деди:

- Биродар, асл вазифанг таълим ва жанг қилишдир. Сен шу иш учун бу ерга келтирилгансан. Подшоҳга ишон. У сени оч қўймас. Бу Унинг вазифасидир. Ҳам яна, сен ожиз ва фақирсан, ҳар ерда ўзингни тўйдиролмайсан. Ҳам яна, ҳозир мужоҳада ва сафарбарлик замонидир. Бунинг устига сени осий деб жазолайдилар.

Ҳа, олдимизда икки хил вазифа кўринмоқда.

Бири, Подшоҳнинг вазифаси. Баъзан биз Унинг маошсиз ишида ҳам ишлаймиз, у эса бизнинг қорнимизни тўйдиради.

Бошқаси, бизнинг вазифамизки, таълим ва ҳарбдан иборатдир. Подшоҳ эса ишимизни қулайлайлаштириб бизга ёрдам беради."

Ажабо, у бебош аскар бу мужоҳид таълим кўрган аскарнинг сўзларига қулоқ солмаса, нақадар таҳликада қолганини англаб етасан!

Хуллас, эй танбал нафсим!

Ул беқарор жанг майдони - бу серташвиш дунё ҳаётидир.

Ул қисмларга тақсимланган лашкар - инсонлар жамиятидир.

Ва ул қисм эса - бу асрнинг Жамоати Исломиясидир.

Ул икки нафар эса: бири, диндаги фарзларини билган ва бажарган, кабоирни тарк қилган ва гуноҳларни ишламаслик учун нафс ва шайтонга қарши жиҳод қилаётган тақводор мусулмондир. Бошқаси, Раззоқи Ҳақиқийни туҳматга қўйиш даражасида маишат дардига шўнғиб, фароизларини тарк этган ва маишат йўлида дуч келган гуноҳларни ишлаган зиёнкор фосиқдир.

Ва ул таълим ва таълимот - аввалида намоз бўлиб, ибодатдан иборатдир.

Ва ул жанг эса - нафсу ҳаво, инсу жин шайтонларига қарши жиҳод этиб, гуноҳлардан ва разил ахлоқлардан, қалб ва руҳини абадий ҳалокатдан қутқармоқдир.

Ва ул икки вазифа: бири, ҳаётни бериб, тўйдирмоқдир. Иккинчиси, ҳаётни берганга ва тўйдирганга ибодат этиб ёлвормоқдир. Унга таваккул этиб, омонлик топмоқдир. Ҳам энг порлоқ бир Зоти Самад Санъатининг Мўъжизаси ва Раббоний Ҳикматнинг бир ғаройиботи бўлмиш ҳаётни ким берган-яратган бўлса, ризқ ила у ҳаётни тўйдирган ва давом эттирган ҳам Удир. Ундан бошқаси эмас!

Далил истайсанми? Энг заиф, энг онгсиз ҳайвон ҳаммадан яхши озиқланади (Мева қуртлари ва балиқлар каби). Энг ожиз, энг нозик махлуқ, энг яхши ризқни ейди (Чақалоқлар ва ҳайвон болалари каби).

Ҳа, ҳалол ризқнинг воситаси, иқтидор ва ихтиёр эмаслигини, балки ожизлик ва заифлик эканини англамоқ учун балиқлар ила тулкиларни, чақалоқлар ила йиртқичларни, дарахтлар ила ҳайвонларни солиштириб кўрмоқ кифоядир. Демак, маишат дардида намозини тарк этган киши таълимни ва жанговор ўрнини тарк этиб, бозорда тиланчилик қилган ул аскарга ўхшайди. Лекин Жаноби Раззоқи Кариймнинг раҳмат ошхонасидан ўз насибасини намозини ўқигандан сўнг изламоғи, бошқаларга заҳмат бўлмаслик учун ўзи ҳаракат қилмоғи яхшидир, мардликдир ва бу ҳам бир ибодатдир.

Инсон ибодат учун яратилганини фитрати ва маънавий жиҳозлари бўлмиш туйғулари кўрсатиб туради. Зеро, дунёвий ҳаётига лозим бўлган амал ва иқтидор жиҳатида энг оддий бир чумчуққа ҳам етиша олмайди. Аммо маънавий ва охират ҳаёти учун лозим бўлган илм ва фақирлик билан тазарру ва ибодат жиҳатида ҳайвонотнинг султони ва қўмондони ҳукмидадир.

Демак, эй нафсим! Агар дунёвий ҳаётни ғояи мақсад қилсанг ва доим унинг учун ишласанг, энг оддий бир чумчуқ ҳукмида бўлурсан. Агар охират ҳаётини ғояи мақсад қилсанг ва бу ҳаётни эса унга восита ва экинзор қилсанг ва унга кўра ҳаракат қилсанг, у вақт ҳайвонотнинг буюк бир қўмондони ҳукмида ва бу дунёда Жаноби Ҳақнинг нозли ва ниёздор бир қули, мукаррам ва муҳтарам бир меҳмони бўлурсан.

Мана сенга икки йўл! Истаганингни танлашинг мумкин. Ҳидоят ва тавфиқни эса Арҳамур Роҳимийндан иста...

* * *

   

ОЛТИНЧИ СЎЗ

 

  بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

 اِنَّ اللهَ اشْتَرٰى مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اَنْفُسَهُمْ وَاَمْوَالَهُمْ بِاَنَّ لَهُمُ الْجَنَّةَ

  

Нафс ва молини Жаноби Ҳаққа сотмоқ ва Унга қул ва аскар бўлмоқ нақадар фойдали эканини англамоқ истасанг, бу мисолий ҳикоячани тингла!

Бир пайтлар бир подшоҳ, раиятидан икки одамнинг ҳар бирига омонат қилиб биттадан хўжалик беради. Унинг ичида корхона, ускуна, от, қурол каби ҳар нарса бор эди. Лекин бўронли бир уруш замони бўлганидан ҳеч бир нарса барқарор турмайди: ё маҳв бўлади, ёки ўзгариб кетади.

Подшоҳ у икки нафарга камоли марҳаматидан бир Ёвари Акрами, яъни элчисини юборади. ўоят марҳаматкор бир фармон ила уларга айтдики:

"Қўлингиздаги омонатимни менга сотингиз, то сиз учун муҳофаза этаман. Беҳуда зое бўлмасин. Уруш битгандан сўнг, янада гўзал бир суратда сизга қайтариб бераман. Бу омонат гўё сизнинг молингиздек, ҳам сизга катта ҳақ бераман, ҳам бу ускуна ва корхонадаги асбоблар менинг номим ила ва менинг дастгоҳимда ишлаттирилади. Нархи ҳам, ҳақи ҳам бирдан мингга юксалади. Бутун бу фойдани сизга бераман. Ҳамда сиз ожиз ва фақирсиз. Бу улкан ишларнинг сарф-харажатларини кўтаролмайсиз. Бутун харажатларни ва керакли нарсаларни мен ўз зиммамга оламан. Бутун кирим ва фойдани сизга бераман. Ҳамда хизматдан озод бўлгунингизгача қўлингизда қолдираман. Хуллас, беш маротаба фойда устига фойда...

Агар менга сотмасангиз, зотан кўриб турибсизки, ҳеч ким ўз қўлидагини муҳофаза этолмаяпти. Ҳар кимникидек қўлингиздан чиқади: ҳам беҳуда кетади, ҳам бу юксак бойликдан маҳрум қоласиз. Ҳам ул нозик, қимматбаҳо қуроллар, асбоблар, истеъмол этиладиган шоҳона хазиналар ишлатилмагани туфайли бутунлай қийматини йўқотади. Ҳам яна, уларни бошқариш ва муҳофаза этмоқ заҳмати ва ташвиши ўзингизга қолади, ҳам омонатга хиёнат жазосини тортасиз. Мана, беш даража зарар устига зарар.

Менга сотмоқ эса, менга аскар бўлиб, менинг номим ила ишлатмоқ демакдир. Оддий бир асир ва бебош эмас, балки олий бир подшоҳнинг хос, эркин бир ёвари аскари бўласиз".

Улар бу илтифотни ва фармонни тинглагандан сўнг, бу икки одамдан ақллиги деди:

- Бош устига, мен ифтихор ила сотаман. Ҳамда минг ташаккур айтаман.

Иккинчиси мағрур, нафси фиръавнлашган, худбин, сархуш, гўё бу хўжаликда абадий қоладигандек, дунё зилзилаларидан, ташвишларидан хабари йўқдай, деди:

- Йўқ! Подшоҳ ким экан? Мен мулкимни сотмайман, кайфимни бузмайман...

Бир оз замон ўтгач, биринчи одам шундай бир мартабага чиқдики, ҳар ким унинг ҳолига ҳавас қиларди. Подшоҳнинг лутфига ноил бўлиб, хос саройида саодат ила яшамоқда. Иккинчиси шундай бир ҳолга гирифтор бўлганки, ҳам ҳар ким унга ачиниб, ҳам "Шунга лойиқ эди!" демоқда. Чунки хатосининг натижаси бўлиб, ҳам саодати ва мулки кетди, ҳам жазо ва азоб чекмоқда.

Мана, эй серҳавас нафс! Бу мисол кўзгуси билан ҳақиқатнинг юзига боқ.

Ул подшоҳ - азал-абад Султони бўлмиш Раббинг, Холиқингдир.

Ва ул хўжаликлар, ускуналар, асбоблар, мезонлар - ҳаётинг давомида сен эга бўлган мулкингдир ва у мулкинг ичидаги жисм, руҳ ва қалбинг ва улар ичидаги кўз ва тил, ақл ва хаёл каби зоҳирий ва ботиний ҳисларингдир.

Ва ул Ёвари Акрам эса - Расули Кариймдир.

Ва ул Фармони Аҳком эса, Қуръони Ҳакиймдирки, биз баҳс этган азим тижоратни бу оят ила эълон этмоқда:

 اِنَّ اللهَ اشْتَرٰى مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اَنْفُسَهُمْ وَاَمْوَالَهُمْ بِاَنَّ لَهُمُ الْجَنَّةَ

Ва ул серғалаён жанг майдони эса - шу бўронли дунё юзидирки, тинч турмайди, ўзгариб туради, бузилади ва ҳар бир инсонга шундай фикр беради: "Модомики, ҳар нарса қўлимиздан чиқар экан, фоний бўлиб, ғойиб бўлар экан, ажабо, боқийга айлантириб, давом эттирмоқнинг чораси йўқми?" деб ўйлар экан, бирдан Қуръоннинг самовий садоси эшитилади. Дейдики: "Ҳа, бор. Бўлганда ҳам, беш маротаба фойдали бир шаклда, гўзал ва роҳатбаҳш бир чораси бор".

САВОЛ: Нима экан?

АЛ-ЖАВОБ: Омонатни ҳақиқий соҳибига сотмоқ. Бундай сотишда беш даража фойда устига фойда бор.

Биринчи фойда: Фоний мол боқийлашади. Чунки, Қайюми Боқий бўлган Зоти Зулжалолга берилган ва Унинг йўлида сарф этилган бу заволли умр боқийга айланади. Боқий мевалар беради. У вақт умр дақиқалари худди уруғлар, данаклар ҳукмида зоҳиран фоний бўлади, чирийди, лекин Бақо Оламида саодат чечаклари бўлиб очилади. Ва нав-нҳол бўлиб,. ҳар бири Барзох Оламида зиёдор, мунис манзара суратини олади.

Иккинчи фойда: Жаннат каби бир ҳақ берилади.

Учинчи фойда: Ҳар бир аъзо ва ҳисларнинг қиймати бирдан мингга чиқади. Масалан, ақл бир қуролдир. Агар уни Жаноби Ҳаққа сотмай, балки нафс йўлида ишлатсанг, шундай бир машъум, зарарли ва озор берувчи бир қурол бўладики, ўтмиш замоннинг ҳазин аламларини ва келажак замоннинг даҳшатларини сенинг бу бечора бошингга юклайди, баракотсиз ва зарарли қурол даражасига тушади. Мана шунинг учун, фосиқ одам ақлнинг озори ва азобидан қутулмоқ учун кўпинча ё сархушликка, ё кайфу сафога қочади.

Агар Ҳақиқий Моликига сотилса, унинг йўлида ишлатсанг, ақл шундай бир тилсимли калитга айланадики, бу коинотнинг бениҳоя раҳмат хазиналарини ва ҳикмат манбаларини очади ва бу билан эгасини Абадий саодатга эриштирган бир Муршиди Раббоний даражасига юксалади.

Масалан, кўз шундай бир туйғуки, руҳ бу оламни ул дераза орқали томоша қилади.

Агар Жаноби Ҳаққа сотмай, балки нафс йўлида ишлатсанг, ўткинчи, давомсиз баъзи гўзалликларни, манзараларни кўриш билан шаҳват ва нафсоний ҳавасларга тубан, калтабин бир хизматкор бўлади. Агар кўзни кўзнинг соҳиби бўлмиш Сониъи Басирига сотсанг ва Унинг йўлида ва Унинг изни доирасида ишлатсанг, у вақт шу кўз бу буюк коинот китобининг бир мутолаачиси ва бу оламдаги Раббоний санъат мўъжизаларининг бир томошабини ва бу Ер куррасидек бир боғда раҳмат чечакларининг муборак бир асалариси даражасига юксалади.

Масалан, тилдаги қувваи зоиқа (там билиш сезими)ни Фотири Ҳакиймга сотмасанг, балки нафс йўлида ва меъда учун ишлатсанг, у вақт меъданинг охури ва корхонаси учун бир югурдак дарвозабондек, энг паст даражага тушади, тубанлашади. Агар Раззоқи Кариймга сотсанг, у вақт тилдаги қувваи зоиқа Раҳмати Илоҳия хазиналарининг бир моҳир нозири ва Қудрати Самадония ошхоналарининг бир шокир тафтишчиси даражасига юксалади.

Хуллас, эй ақл, диққат қил! Машъум бир қурол қаёқда-ю, коинот калити қаёқда?! Эй кўз, гўзал назар сол! Калтабин бир хизматкор қаёқда-ю, илоҳий кутубхонанинг ўқимишли бир нозири қаёқда?! Ва эй тил яхшироқ тот! Бир охур хизматчиси ва бир корхона таъқиқловчиси қаёқда-ю, Раҳмат хазинасининг махсус нозири қаёқда?!

Яна булар каби бошқа туйғу ва аъзоларни таққослаб кўрсанг, англайсанки, ҳақиқатан, мўъмин Жаннатга лойиқ ва кофир Жаҳаннамга мувофиқ бир моҳият касб этади. Ва уларнинг ҳар бири бундай қиймат олмоғининг сабаби, Мўъмин иймони ила Холиқининг омонатини Унинг йўлида ва изни доирасида истеъмол этмоғидир ва кофир хиёнат қилиб, нафси аммора йўлида ишлатмоғидир.

Тўртинчи фойда: Инсон заифдир, балолари кўп; фақирдир, эҳтиёжи жуда зиёда; ожиздир, ҳаёт юки жуда оғир. Агар Қодири Зулжалолга таяниб, таваккул этмаса ва унга ишониб, таслим бўлмаса, виждони доимо азоб ичида қолади. Самарасиз машаққатлар, аламлар, таассуфлар уни бўғади. Ё маст-аласт қилади, ёки ҳайвонга айлантиради.

Бешинчи фойда: Бутун у аъзо ва асбобларнинг ибодати ва тасбеҳоти ва у юксак ҳақлари энг муҳтож бўлган бир вақтингда Жаннат мевалари суратида сенга берилажагига Аҳли Завқ ва Аҳли Кашф, Аҳли Ихтисос ва Аҳли Мушоҳада иттифоқ этганлар.

Хуллас, бу беш маротаба фойдали тижоратни қабул этмасанг, бу фойдалардан маҳрум бўлмоқ билан бирга, беш даража зиён устига зиён кўрасан.

Биринчи зиён: Бу қадар севган молу мулкинг ва авлодларинг ва сиғинган ҳавои нафсинг ва мафтун бўлган ёшлигинг ва ҳаётинг зое бўлиб йўқолади. Сенинг қўлингдан кетади. Лекин гуноҳларини, аламларини сенга қолдириб, бўйнингга юклайди.

Иккинчи зиён: Омонатга хиёнат жазосини чекасан. Чунки энг қийматбаҳо асбобларни энг қийматсиз нарсаларда сарф этиб, нафсингга зулм этдинг.

Учинчи зиён: Бутун у қийматбаҳо инсоний жиҳозлар бўлмиш туйғуларни ҳайвонликдан ҳам жуда паст бир даражага тушириб, Илоҳий Ҳикматларга бўҳтон ва зулм қилдинг.

Тўртинчи зиён: Ожиз ва фақирлигинг билан бирга, ўша жуда оғир ҳаёт юкини заиф белингга юклаб, завол ва фироқ тўқмоғи остида доимо фарёду фиғон этасан.

Бешинчи зиён: Абадий ҳаёт асосларини ва Охират Саодатига керакли ишларни тадорик этмоқ учун берилган ақл, қалб, кўз ва тил каби гўзал Раҳмоний ҳадяларни, Жаҳаннам эшикларини сенга очадиган чиркин бир суратга айлантирасан.

Энди сотмоқ масаласига келсак. Ажабо, бу қадар оғир нарсамики, кўплар сотмоқдан қочмоқдалар. Йўқ! Қатъиян ва асло! Ҳеч ундай оғирлиги йўқ. Зеро, ҳалоллик доираси кенг. Завқ учун кифоя қилади. Ҳаромга қўл урмоқнинг ҳеч кераги йўқ. Аллоҳнинг фарзлари эса енгил ва оздир.

Аллоҳга қул ва аскар бўлмоқ шундай лаззатли бир шарафдирки, таърифлаб бўлмас. Вазифа эса, фақат бир аскар каби Аллоҳ номи билан ишламоқ, бошламоқдир... Ва Аллоҳ номидан бермоқ ва олмоқдир. Ва изни ва қонуни доирасида ҳаракат этиб, ҳаловат топмоқдир. Қусур этса, истиғфор келтириб:

"Ё Рабб, қусуримизни авф эт.

Бизни ўзингга қул деб қабул эт. Омонатингни оладиган замонингга қадар бизни омонатда амин қил. Омийн," демоқ ва яна Унга ёлвормоқдир...

* * *

  

ЕТТИНЧИ СЎЗ

  اَمَنْتُ بِاللهِ وَبِالْيَوْمِ اْلاَخِرِ

Бу коинотнинг очилмоғи мушкул бўлган тилсимини очган инсон руҳи учун саодат эшигини фатҳ этган, нақадар қийматдор икки тилсими мушкулкушо эканини, ҳамда сабр ила Холиқига таваккул ва илтижо қилмоқ, шукр ила Раззоқидан дуо билан сўрамоқ, нақадар манфаатли ва малҳамдек икки дармон эканини ва Қуръонни тингламоқ ва ҳукмига итоат этмоқ, намоз ўқимоқ, гуноҳи-кабираларни тарк этмоқ, абадул-обод сафарида нақадар муҳим, қийматли, равнақдор бир чипта, бир зоди охират, бир нури қабр эканини англамоқ истасанг, бу мисолий ҳикоячага боқ, тингла!

Бир вақтлар бир аскар жанг ва имтиҳон майдонида, фойда ва зарар ўртасида жуда мудҳиш бир вазиятга тушади:

Ўнг ва сўл тарафидан чуқур икки яра билан оғир жароҳатланган аскарнинг орқасида даҳшатли катта бир арслон унга ҳужум қилгани кутиб тургандай. Рўбарўсида эса бир дор тикилган бўлиб, бутун севганларини осиб маҳв этмоқда ва уни ҳам кутмоқда. Бунинг устига, шу ҳоли билан узоқ бир йўлга чиқмоғи лозим. Сургун этилмоқда. У бечора бу даҳшат ичида маъюсона ўйга толар экан, ўнг тарафида Ҳизр каби хайрхоҳ нуроний бир зот пайдо бўлади. Унга дейдики:

"Маъюс бўлма. Сенга икки тилсим ўргатаман. Чиройли тарзда истеъмол этсанг, у арслон сенга итоаткор бир отга айланади.

Ҳамда у дор сенга завқ ва истироҳат учун ёқимли бир арғумчоққа айланади.

Ҳамда сенга иккита дармон бераман. Яхшиликка итеъмол этсанг, у икки йиринглаган яраларинг иккита хушбўй Гули Муҳаммадий (алайҳиссалоту вассалом) деб аталган муаттар бир гулчечакка айланади.

Ҳам яна сенга бир чипта бераман. У билан бир йиллик йўлни бир кунда худди учгандек кесиб ўтасан. Агар бунга ишонмасанг, бир оз тажриба қил, токи сўзларим тўғри эканини англаб етасан." Ҳақиқатан аскар бир оз тажриба қилди. Ул зотнинг сўзлари ҳақиқат эканини тасдиқлади.

Ҳа мен, яъни бу бечора Саид ҳам буни тасдиқлайман. Чунки бир оз тажриба қилдим. Жуда тўғри эканини кўрдим.

Бундан сўнг бирдан кўрдики, сўл тарафидан шайтон каби ҳийлакор, сархуш, ёлғончи бир одам кўп зийнатлар, безакли суратлар билан унинг ёнига келди. Рўпарасида турди. Унга деди:

- Ҳой биродар! Кел, кел, бирга айшу ишрат этиб, кайф қилайлик. Бу гўзал қиз суратларига боқайлик. Бу хуш қўшиқларни тинглайлик. Бу лаззатли таомларни ейлик.

Савол: Э, ҳа, оғзингда яширин ўқиётганинг нима?

Жавоб: Бир тилсим.

- Қўй, бу тушунарсиз ишни, ҳозир кайфимизни бўзмайлик.

Савол: Э, қўлларингдаги нима?

Жавоб: Бир дармон.

- Ташла уни, соғломсан, нима қиласан? Олқиш замонидир.

Савол: Э, бу беш нишонли қоғоз нима?

Жавоб: Бир чипта. Бир далолатнома.

- Йирт буларни. Бу гўзал баҳор мавсумида сафар қилишнинг бизга нима кераги бор? дейди. Ҳар қандай ёлғонлар ила уни ишонтиришга ҳаракат қилади. Ҳатто у бечора унга бир оз мойиллик кўрсатади. Ҳа, инсон алданади. Мен ҳам шундай бир ҳийлакорга алдандим.

Бирдан ўнг тарафдан момақалдироқдек гумбурлаган бир садо келади. Дейди:

"Зинҳор алданма. Ва у ҳийлакорга айтгинки, агар ортимдаги арслонни ўлдириб, қаршимдаги дорни суғуриб, ўнгу сўлимдаги яраларни даф этиб, олдимдаги сафарни бекор қилишнинг чораси сенда бўлса, агар тополсанг, майли, қил, кўрсат, кўрайлик. Сўнгра кел, завқ сурайлик, деб айт. Йўқса, унингни ўчир, эй бетайин! То ҳалиги Ҳизрдек самовий зот ҳам айтадиганини айтсин."

Эй ёшлигида кулган, энди кулгани учун йиғлаган нафсим! Билки, ул бечора аскар - сенсан ва инсондир

Ва ул арслон эса - ажалдир.

Ва ул дор - ўлим, завол ва фироқдирки, кечаю кундузнинг айланишида дўстлар видолашар, йўқ бўлар.

Ва ул икки яра эса: бири - сиқувчи ва ҳадсиз бир башарий ожизлик; иккинчиси - аламли, чексиз бир инсоний фақирликдир.

Ва ул сургун ва сафар - руҳлар оламидан, она қорнидан, болаликдан, кексаликдан, дунёдан, қабрдан, Барзохдан, Маҳшаргоҳдан ва Сирот кўпригидан ўтадиган узун бир имтиҳон сафаридир.

Ва ул икки тилсим эса - Жаноби Ҳаққа иймон ва охиратга иймондир.

Ҳа бу муқаддас тилсим ила ўлим, мўъмин инсонни дунё зиндонидан жаннат бўстонига, ҳузури Раҳмонга элтгувчи бир итоаткор от ва буроқ суратини олади. Шунинг учун ўлимнинг ҳақиқатини кўра олган комил инсонлар ўлимни севганлар. Ҳали ўлим келмай, ўлмоқ истаганлар.

Ҳамда заволу фироқ, ҳам мамоту вафот, ва осувчи дор бўлган вақтнинг ўтиши, у иймон тилсими ила Сониъи Зулжалолнинг янгидан-янги, ранго-ранг, хила-хил мўъжизаларининг нақшларини, ажиб мислсиз қудратини, тажалли этган Раҳматини камоли лаззат ила сайр ва томоша қилувчи восита суратини олади. Ҳа, Қуёшнинг нуридаги рангларни кўрсатган ойналарнинг табаддул этиб янгиланмоғи ва кино лавҳаларининг ўзгармоғи янада хуш, янада гўзал манзаралар ташкил этади.

Ва у икки дармон эса: бири - сабр ила таваккулдир. Холиқининг қудратига таяниб, ҳикматига ишонишдир. Шундайми? Ҳа. (Кунфаякун) амрига эга бўлган бир жаҳон Султонига ожизлик билан суянган одамнинг қандай қўрқуви бўлиши мумкин? Зеро, энг мудҳиш бир мусибат қаршисида 

  اِنَّا ِللهِ وَاِنَّاۤ اِلَيْهِ رَاجِعُونَ

  дея қалбдаги иймон билан Рабби Раҳиймига ишонади. Ҳа, Орифи Биллоҳ ожизликдан, махофатуллоҳ (яъни Аллоҳдан қўрқиш)дан лаззат олади.

Ҳа хавфда лаззат бор. Агар бир яшар боланинг ақли бўлса ва ундан сўралса: "Энг лазиз ва энг тотли ҳолатинг қайси?" Балки: "Ожизлигимни, заифлигимни англаб, волидамнинг тотли шапалоғидан қўрқиб, яна волидамнинг шафқатли сийнасига сиғинган ҳолатимдир" дейди.

Ҳолбуки, барча волидаларнинг шафқатлари тўпланса, Раҳмат тажаллисининг бор-йўғи бир нурича бўлади. Шунинг учун комил инсонлар ожизликда ва хавфуллоҳда шундай бир лаззат топганларки, ўз ҳавл ва қувватларидан шиддат ила воз кечиб, Аллоҳга ожизлик ила сиғинганлар. Ожизликни ва хавфни ўзларига шафоатчи қилганлар.

Иккинчи дармон эса - шукр ва қаноат ила талаб ва дуо ва Раззоқи Раҳиймнинг раҳматига ишончдир. Шундайми?

Ҳа бутун ер юзини бир неъматли дастурхон этган ва баҳор мавсумини бир гулдаста қилиб, ул дастурхон ёнига қўйган ва устига сочган бир Жавводи Кариймнинг меҳмонига фақирлик ва эҳтиёж қандай қилиб аламли ва оғир бўлиши мумкин? Балки фақирлиги ва эҳтиёжи хуш ва ёқимли иштаҳа суратини олади. Иштаҳа каби, фақр ҳолининг зиёдалашмоғи учун интилади.

Чунки комил инсонлар фақр ила фахрланганлар. (Зинҳор янглиш англама! Бу фахрланиш - Аллоҳ олдида фақирлигини ҳис этиб ёлвормоқ демакдир, фақирликни халққа кўрсатиб, тиланчилик вазиятини олмоқ дегани эмасдир.)

Ва ул чипта, ҳужжат эса, аввало, намоз бўлиб, фарзларни адо қилмоқ ва гуноҳи-кабираларни тарк этмоқдир. Шундайми? Ҳа, барча Аҳли Ихтисос ва Аҳли Мушоҳаданинг ва бутун Аҳли Завқ ва Аҳли Кашфнинг умумий фикрларига кўра, ул узун ва қоронғи абадул-обод йўлида озиғу заҳира, чироғу буроқ, фақат Қуръоннинг амрларига бўйсуниш ва қайтарганларидан тийилиш билангина қўлга киритилиши мумкин. Йўқса, фан ва фалсафа, санъат ва ҳикмат у йўлда икки пулга арзимайди. Уларнинг ёруғликлари қабрнинг эшигига қадардир.

Хуллас, эй танбал нафсим! Беш вақт намозни ўқимоқ, етти гуноҳи кабирани тарк этмоқ, нақадар оз ва ёқимли ва осондир. Натижаси ва меваси ва фойдаси нақадар кўп, муҳим ва буюк эканлигини, ақлинг бўлиб, бузилмаган бўлса, англайсан. Ҳамда фисқ ва сафоҳатга сени ташвиқ этган шайтонга ва у одамга бундай дейсан:

Агар ўлимни ўлдириб, заволни дунёдан кетказишнинг ҳамда ожизликни ва фақирликни инсондан олиб ташлаб, қабр эшигини беркитишнинг чораси бўлса, сўйла, тинглайлик. Йўқса ўч! Коинот деб аталувчи Улкан Масжидда Қуръон коинотни ўқимоқда! Уни тинглайлик, У нур ила нурланайлик. Ҳидояти ила амал қилайлик. Ва уни вирди забон* қилайлик.

Ҳа, сўз Удир. Ва Унга дерлар. Ҳақ бўлиб, Ҳақдан келиб, Ҳақ деган ва Ҳақиқатни кўрсатган ва нуроний ҳикматни нашр этган Удир...

  اَللّٰهُمَّ نَوِّرْ قُلُوبَناَ بِنُورِ اْلاِيمَانِ وَالْقُرْاٰنِ اَللّٰهُمَّ اَغْنِناَ بِاْلاِفْتِقَارِ اِلَيْكَ وَلاٰتَفْقُرْناَ بِاْلاِسْتِغْنَاۤءِ عَنْكَ تَبَرَّاْنَا اِلَيْكَ مِنْ حَوْلِناَ وَقُوَّتِناَ وَالْتَجَئْنَاۤ اِلٰى حَوْلِكَ وَقُوَّتِكَ فَاجْعَلْناَ مِنَ الْمُتَوَكِّلِينَ عَلَيْكَ وَلاَ تَكِلْنَاۤ اِلٰى اَنْفُسِناَ وَاحْفَظْناَ بِحِفْظِكَ وَارْحَمْناَ وَارْحَمِ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَصَلِّ وَسَلِّمْ عَلٰى سَيِّدِناَ مُحَمَّدٍ عَبْدِكَ وَنَبِيِّكَ وَصَفِيِّكَ وَخَلِيلِكَ وَجَمَالِ مُلْكِكَ وَمَلِيكِ صُنْعِكَ وَعَيْنِ عِنَايَتِكَ وَشَمْسِ هِدَايَتِكَ وَلِسَانِ حُجَّتِكَ وَمِثَالِ رَحْمَتِكَ وَنُورِ خَلْقِكَ وَشَرَفِ مَوْجُودَاتِكَ وَسِرَاجِ وَحْدَتِكَ فِى كَثْرَةِ مَخْلُوقَاتِكَ وَكَاشِفِ طِلْسِمِ كَاۤئِنَاتِكَ وَدَلاَّلِ سَلْطَنَةِ رُبوُبِيَّتِكَ وَمُبَلِّغِ مَرْضِيَّاتِكَ وَمُعَرِّفِ كُنُوزِ اَسْمَاۤئِكَ وَمُعَلِّمِ عِبَادِكَ وَتَرْجُمَانِ اٰيَاتِكَ وَمِرْاٰةِ جَمَالِ رُبوُبِيَّتِكَ وَمَدَارِ شُهُودِكَ وَاِشْهَادِكَ وَحَبِيبِكَ وَرَسُولِكَ الَّذِۤى اَرْسَلْتَهُ رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ وَعَلٰۤى اٰلِهِ وَصَحْبِهِۤ اَجْمَعِينَ وَعَلٰۤى اِخْوَانِهِ مِنَ النَّبِيِّينَ وَالْمُرْسَلِينَ وَعَلٰى مَلٰۤئِكَتِكَ الْمُقَرَّبِينَ وَعَلٰى عِبَادِكَ الصَّالِحِينَ اٰمِينَ

* * *

САККИЗИНЧИ СЎЗ

 

  بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

اَللهُ لاَۤ اِلٰهَ اِلاَّ هُوَ الْحَىُّ الْقَيُّومُ

 اِنَّ الدِّينَ عِنْدَ اللهِ اْلاِسْلاَمُ

Бу дунёни ва дунёдаги инсон руҳини ва инсонда диннинг моҳияти ва қийматларини, ва агар ҳақ дини бўлмаса, дунё бир зиндон бўлишини, динсиз инсон энг бадбахт махлуқ эканини ва бу оламнинг тилсимини очган, башарият руҳини зулматдан қутқарган

   يآ اَللهُ وَلآ اِلَهَ اِلاْ اللهُ

эканини англамоқ истасанг, бу мисолий ҳикоячага боқ, тингла!

Бир замонлар икки дўст узоқ саёҳатга чиқдилар. Бора-бора йўллари иккига айрилади. У икки йўлнинг бошида жиддий бир одамни кўрдилар. Ундан сўрадилар:

"Қайси йўл яхшидир?"

У одам уларга дедики:

"Ўнгдаги йўлда қонун ва низомга итоат мажбурияти бор. Лекин бу мажбурият остида бир осойишталик ва саодат бор. Сўлдаги йўлда эса эркинлик ва ҳуррият бор. Лекин бу эркинлик остида бир таҳлика ва зарар бор. Энди танлаш ихтиёри сиздадир."

Буни тинглагандан сўнг гўзал ахлоқли дўст

تَوَكَّلْتُ عَلَى اللهِ

деб ўнгдаги йўлга кетди, низом ва интизомга итоат қилмоқни танлади. Ахлоқсиз ва бетайин бўлган бошқа дўст биргина эркинлик деб сўлдаги йўлни танлади. Зоҳиран енгил, маънан оғир вазиятда кетган бу одамни хаёлан таъқиб этамиз.

Хуллас, бу одам пасту баланддан ошиб, тобора холи бир саҳрога кирди. Бирдан мудхиш бир садо эшитди. Қараса, даҳшатли бир арслон чангалзордан чиқиб, унга ҳужум қилмоқда. У қочди. То олтмиш аршин чуқурликдаги сувсиз бир қудуққа тўқнашди. Қўрқувдан ўзини унинг ичига отди. Ярмига қадар тушиб, қўллари бир дарахт шохига илашди ва тирмашиб олди. Қудуқнинг деворидан ўсиб чиққан у дарахтнинг икки илдизи бор эди. Бири оқ, бири қора икки каламуш у икки илдизларга ёпишиб олиб, кемирмоқда. Юқорига боқди, кўрдики, арслон навбатчи каби қудуқнинг оғзида уни кутмоқда. Пастга боқди, кўрдики, даҳшатли бир аждарҳо қудуқнинг ичида ётибди. Аждарҳо бошини кўтариб, ўттиз аршин юқоридаги оёғига яқинлашган. Оғзи қудуқнинг оғзи қадар кенг. Қудуқнинг деворига боқди, кўрдики, чақадиган зарарли хашоратлар атрофини ўраб олганлар. Дарахтнинг бошига боқди, кўрдики, бир анжир дарахтидир. Лекин мислсиз равишда хилма-хил дарахтларнинг мевалари - ёнғоқдан анорга қадар мева солган.

Хуллас, бу одам фаҳмининг калталигидан, ақлсизлигидан англамаяптики, бу оддий бир иш эмас, бу ишлар тасодифий бўла олмас, бу ажиб ишларнинг ичида ғаройиб сирлар бор. Ва жуда буюк бир ишлаттирувчи бор эканини у англай олмади. Ҳозир унинг қалби, руҳи ва ақли бу аламли вазиятдан яширин фарёду фиғон этгани ҳолда, нафси аммораси гўё ҳеч нарса бўлмагандай жоҳиллик қилиб, руҳ ва қалбнинг йиғисидан қулоғини беркитиб, ўзини ўзи алдаб, бир боғчада юргандай, у дарахтнинг меваларини ея бошлади. Ҳолбуки, у меваларнинг бир қисми заҳарли ва зарарли эди.

Бир ҳадиси қудсийда Жаноби Ҳақ буюрганки:

  اَناَ عِنْدَ ظَنِّ عَبْدِى بِى

  яъни: "Қулим мени қандай таниса, унинг-ла шундай муомала қиламан".

Мана бу бадбахт одам бадгумонлиги ва ақлсизлиги туфайли, кўрганларини оддий ва айнан ҳақиқат деб ўйлади ва ўшандай муомала кўрди. Ва кўрмоқда. Ва кўражак! На ўлсаки, қутулса. Ва на яшамоқда, шу ҳолда азоб чекмоқда. Биз ҳам бу машъумни бу ҳолда қолдириб, қайтамиз. То бошқа дўстнинг ҳолидан хабар оламиз.

Мана, бу муборак ақлли зот кетмоқда. Аммо биродари каби сиқилмаяпти. Чунки гўзал ахлоқли бўлганидан, гўзал нарсаларни ўйлар, гўзал хаёллар сурар, ўзига ўзи далда беради. Ҳам биродари каби заҳмат ва машаққат чекмайди. Чунки, низомни билади, итоат этади. Енгиллик кўради. Осойишталик ва хотиржамлик ичра эркин кетмоқда. Бир боғчага дуч келди. Ичида гўзал гуллар ва мевалар бор. Парвариш қилинмагани учун бадбўй нарсалар ҳам йўқ эмасди. Дўсти ҳам бундай бир ерга кирган эди. Аммо бадбўй нарсаларга эътибор бериб, машғул бўлган, кўнглини айнитган, ҳеч истироҳат этмай чиқиб кетган эди. Бу зот эса, "Ҳар нарсанинг яхшисига боқ", қоидасига амал қилиб, бадбўй нарсаларга ҳеч назар солмади. Яхши нарсалардан яхши истифода этди. Яхши дам олиб, чиқиб кетди.

Сўнгра тобора бу ҳам аввалги биродари каби бир саҳрои азимга кирди. Бирдан ҳужум этган арслоннинг овозини эшитди. Қўрқди. Аммо биродари каби қўрқмади. Чунки яхши гумон қилиб ва гўзал фикрлаб: "Бу саҳронинг бир Ҳокими бор. Бу арслон у Ҳокимнинг амри остидаги бир хизматкор бўлмоғининг эҳтимоли бор," деб ўйлаб тасалли топди. Лекин яна қочди. То олтмиш аршин чуқурлигидаги бир сувсиз қудуққа тўқнашди, ўзини қудуққа отди. Биродари каби қўли ўртадаги бир дарахтга ёпишди; ҳавода муаллақ қолди. Қараса, икки ҳайвон у дарахтнинг икки илдизини кемирмоқдалар. Юқорига боқди - арслон; пастга боқди - бир аждарҳога кўзи тушди. Худди дўсти каби бир ажиб вазиятни кўрди. Бу ҳам даҳшатга тушди. Лекин дўстининг даҳшатидан кўра минг даража енгил... Чунки гўзал ахлоқи унга гўзал фикр берган ва гўзал фикр эса унга ҳар нарсанинг гўзал жиҳатини кўрсатмоқда.

Шу сабабдан бундай ўйлади: "Бу ажиб ишлар бир-бирига боғлиқ. Ҳамда бир амр ила ҳаракат этаётганга ўхшайди. Шундай экан, бу ишларда бир сир бор. Ҳа, булар бир яширин Ҳокимнинг амри ила бўлаётир. Бас шундай экан, мен ёлғиз эмасман. У яширин Ҳоким менга боқмоқда, мени синамоқда, бир мақсад учун мени бир ерга жалб қилиб, даъват этмоқда".

Бу тотли қўрқув ва гўзал фикрдан бир қизиқиш пайдо бўлдики: "Ажабо, мени синаб ўзини менга танитмоқ истаган ва бу ажиб йўл билан бир мақсадга жалб этаётган ким экан?"

Сўнгра танимоқ истагидан унда сир соҳибига нисбатан муҳаббат пайдо бўлди. Ва бу муҳаббатдан сирни очмоқ орзуси туғилди. Ва у орзудан сир соҳибини рози қиладиган ва унга ёқадиган бир гўзал вазият олиш мақсади туғилди.

Сўнгра дарахтнинг тепасига қаради. Кўрдики, анжир дарахти. Аммо тепасида минг хил дарахтнинг мевалари бор эди. Шундан кейин бутунлай қўрқуви йўқолди. Чунки, қатъиян англадики, бу анжир дарахти бир рўйхат, бир мундарижа, бир кўргазма экан! Ул маҳфий Ҳоким ўзининг боғ ва бўстонидаги меваларнинг намуналарини бир тилсим ва бир мўъжиза қилиб ўша дарахтга осган ва ўз меҳмонлари учун тайёрлаган таомларига бирма-бир ишора тарзида ўша дарахтни зийнатлаган бўлса керак. Акс ҳолда, бир туп дарахт минглаб хилдаги дарахтларнинг мевасини бермасди.

Сўнгра, тилсимнинг калити унга илҳом қилиниши учун ёлворишга тушди. Бақириб дедики:

"Эй бу ерларнинг Ҳокими! Сенинг қарамоғингга тушдим. Сенга мансуб бўлдим ва сенга хизматкорман. Ва сенинг розилигингни истайман. Ва сени изламоқдаман."

Ва бу ниёздан сўнгра бирдан қудуқнинг девори ёрилиб, шоҳона, тоза ва гўзал бир боғ томон эшик очилди. Балки аждарҳо оғзи ўша эшикка айланди. Ва арслон ва аждарҳо, икки хизматкор суратига кирдилар. Ва уни ичкарига даъват этишарди. Ҳатто арслон унга бўйсунган бор от шаклига кирди.

Хуллас эй танбал нафсим! Ва эй хаёлий дўстим!

Келинг, бу икки дўстнинг вазиятини солиштириб кўрайлик. Токи, яхшилик яхшилик келтиришини ва ёмонлик ёмонлик келтиришини кўрайлик, билайлик.

Боқинг, сўл йўлнинг бадбахт йўлчиси ҳар вақт аждарҳонинг оғзига тушишдан хавфсирайди, титрайди.

Бу бахтиёр йўлчи эса мевадор ва равнақдор бир бўстонга даъват қилинади.

Ҳамда у бадбахт одамнинг аламли бир даҳшат ва катта бир қўрқув ичида қалби парчаланади.

Бу бахтиёр одам эса, лазиз бир ибрат, тотли бир хавф, ёқимли бир маърифат ичида ғаройиб нарсаларни сайр ва томоша қилади.

Ҳамда у бадбахт одам ваҳшат ва маъюслик ва ёлғизлик ичида азоб чекади.

Бу бахтиёр одам эса, унсият ва умид ва иштиёқ ичида лаззат олади.

Ҳамда у бадбахт одам ўзини ваҳший йиртқичларнинг ҳужумига дучор бўлган бир маҳбус ҳукмида кўради.

Бу бахтиёр одам эса, азиз бир меҳмондирки, мезбони бўлмиш Меҳмондори Кариймнинг ажиб хизматкорлари билан яқиндан танишиб овунади.

Ҳам, у бадбахт одам зоҳиран лазиз, маънан заҳарли таомларни еб азобини тезлаштиради. Зеро ул мевалар, намуналардир. Тотишга изн бор, токи, аслларига толиб ва муштарий бўлсин. Аммо ҳайвондек ютишга изн йўқдир.

Бу бахтиёр одам эса, тотиб кўради, ишни англайди, ейишни кейинга қолдиради. Ва интизорлик билан кутишдан лаззатланади.

Ҳамда у бадбахт одам ўз-ўзига зулм қилди. Кундуздек гўзал бир ҳақиқатни ва порлоқ бир вазиятни кўра олмаслиги билан ўзи учун зулмли ва зулматли бир ваҳима, бир жаҳаннам шаклига келтирган. На раҳм-шафқатга лойиқ ва на бирон кимсадан шикоят қилишга ҳаққи бор.

Масалан, бир одам гўзал бир боғда, дўсту ёрларининг ўртасида, ёз мавсумида, ёқимли бир зиёфатдаги лаззатга қаноат қилмай, ўзини ҳаром нарсалар билан сархуш қилса. Сўнг ўзини қиш ўртасида йиртқичлар ичида оч, ялонғоч деб хаёл қилиб, бақиришга ва йиғлашга тушса, қандай қилиб раҳм-шафқатга лойиқ бўлади. Ўзига ўзи зулм қилмоқда, дўстларини йиртқич деб кўриб ҳақорат қилмоқда... Аввалги бадбахт йўлчи ҳам шундайдир.

Бу бахтиёр одам эса ҳақиқатни кўради. Ҳақиқат эса гўзалдир. Ҳақиқатнинг ҳуснини идрок этиб, ҳақиқат соҳибининг камолини ҳурмат қилади. Раҳматига лойиқ бўлади.

Хуллас, "Ёмонликни ўзингдан, яхшиликни Аллоҳдан бил," дейилган Қуръон ҳукмининг сири очилмоқда. Яна булар каби бошқа фарқларни солиштира олсанг англайсанки:

Аввалгининг нафси аммораси унга бир маънавий жаҳаннам ҳозирлаган. Кейингининг гўзал нияти ва гўзал ўйи ва гўзал хислати ва гўзал фикри, уни буюк бир эҳсон ва саодатга ва порлоқ бир фазилатга ва файзга сазовор қилган.

Эй нафсим! Ва нафсим билан бирга бу ҳикояни тинглаган одам!

Агар у бадбахт одамдек бўлишни истамасанг ва кейинги бахтиёр одамдек бўлишни истасанг, Қуръонни тингла ва ҳукмига тобе бўл! Ва Унга ёпиш! Ва аҳкомлари ила амал қил!

Шу мисолий ҳикояда бўлган ҳақиқатларни агар фаҳмлаган бўлсанг, дин ва дунё ва инсон ва иймон ҳақиқатларини унга татбиқ эта оласан Муҳимларини мен айтаман. Майдаларини сен ўзинг чиқариб ол.

Мана қара! У икки дўстнинг бири, руҳи мўъмин ва қалби солиҳдир. Бошқаси, руҳи кофир ва қалби фосиқдир.

Ва ул икки йўлдан ўнги Қуръон ва иймон йўлидир. Сўли исён ва куфрон йўлидир.

Ва у йўлдаги боғ эса - башарият жамияти ва инсоният маданияти ичидаги вақтинчалик ижтимоий ҳаётдирки, хайр ва зарар, яхши ва ёмон, ҳалол ва ҳаром нарсалар бирга бўлади. Оқил улким,

  خُذ ْمَا صَفَا دَعْ مَا كَدَرْ

  қоидасига амал қилади, қалби пок ҳолда кетади.

Ва ул саҳро эса - бу Ер ва дунёдир.

Ва ул арслон эса - ўлим ва ажалдир.

Ва ул қудуқ эса - инсон бадани ва ҳаёт давридир.

Ва ул олтмиш аршин чуқурлик эса - ўртача умр ва аксариятнинг умри бўлмиш олтмиш йилга ишорадир.

Ва ул дарахт эса - умр муддати ва ҳаёт моддасидир.

Ва ул қора ва оқ икки ҳайвон эса - кеча ва кундуздир.

Ва ул аждарҳо эса - қабр оғзи бўлган барзох йўли ва охират остонасидир. Фақат у оғиз мўъмин учун зиндондан бир бўстонга очилган бир эшикдир.

Ва ул зарарли ҳашоратлар эса - дунёвий мусибатлардир. Фақат мўъмин учун ғафлат уйқусига толмаслик учун тотли Илоҳий танбеҳ ва Раҳмоний илтифот ҳукмидадир.

Ва ул дарахтдаги таомлар эса - дунёвий неъматлар бўлиб, Жаноби Карийми Мутлақ уларни охират неъматларига бир рўйхат, ҳам уларни хотирлатувчи, ҳам уларнинг ўхшашлари, ҳам жаннат меваларига муштарийларни даъват қилувчи намуналар суратида яратган.

Ва ул дарахт битта бўлса-да, турли-туман хилма-хил мевалар бериши эса - Самадоний қудратнинг тамғаси ила ва Илоҳий рубубиятнинг муҳрига ва Улуҳият салтанатининг имзосига ишорадир.

Чунки, "бир дона нарсадан ҳар хил нарса ясаш," яъни бир тупроқдан барча ўсимликлар ва меваларни яратмоқ; ҳам биргина сувдан барча ҳайвонларни яратмоқ; ҳам оддий бир таомдан ҳайвонларнинг барча аъзоларини ижод қилмоқ; шу билан бирга "ҳар хил нарсадан битта нарса ясамоқ," яъни, жонзотлар еган ғоят хилма-хил жинсдаги таомлардан ўша жонзотга хос бадан этини яратмоқ, оддий бир терини тўқимоқ каби санъатлар Зоти Аҳаду Сомад бўлган Султони Азал ва Абаднинг хусусий тамғасидир. Махсус муҳридир. Тақлид қилиб бўлмас бир имзосидир.

Ҳа, бир нарсани ҳар нарса ва ҳар нарсани бир нарса қилмоқ, ҳар нарсанинг Холиқига хос ва Қодийри Кулли Шайга махсус бир нишондир, бир оятдир.

Ва ул тилсим эса - иймон сири билан очилган яратилишнинг сиру ҳикматидир.

Ва ул калит эса

يَاۤ اَللهُ لاَۤاِلٰهَ اِلاَّاللهُ ﻾ اَللهُ لاَۤ اِلٰهَ اِلاَّ هُوَ الْحَىُّ الْقَيُّومُ 

дир.

Ва ул аждарҳо оғзининг боғ эшигига айланиши эса - шунга ишорадирки, қабр залолат ва туғён аҳли учун ваҳшат ва нисён ичида зиндондек сиқувчи ва аждарҳонинг ичидек тор бир мозорга очилган бир эшик бўлгани ҳолда, Қуръон ва иймон аҳли учун зиндони дунёдан бўстони бақога ва имтиҳон майдонидан жаннатлар боғига ва ҳаёт заҳматидан Раҳмоннинг раҳматига очилган бир эшикдир.

Ва ул ваҳший арслон ҳам мунис бир хизматкорга айланиши ва итоатли бир от бўлиши эса - шунга ишорадирки, ўлим:

Залолат аҳли учун барча дўст-ёрларидан аламли бир абадий айрилиқдир.

Ҳам ўзининг дунёвий ёлғон жаннатидан чиқиш ва ваҳшат ва ёлғизлик ичра мозор зиндонига кириш ва қамалиш бўлгани ҳолда, ҳидоят аҳли ва Қуръон аҳли учун нариги оламга кетган эски дўсту ёрларига қовушмоққа василадир.

Ҳам ҳақиқий ватанларига ва абадий саодат мақомларига киришга воситадир.

Ҳам дунё зиндонидан жаннатлар бўстонига чорланишдир.

Ҳам Раҳмони Раҳиймнинг фазлидан, ўз хизмати эвазига ажру мукофот олишга навбатдир.

Ҳам ҳаёт вазифасининг машаққатидан озод этилишдир.

Ҳам ибодат ва имтиҳоннинг таълим ва таълимотини битиришдир.

Алҳосил: Кимда ким фоний ҳаётни асосу мақсад қилса, зоҳиран бир жаннат ичида бўлсада, маънан жаҳаннамдадир. Ва кимда ким боқий ҳаётга жиддий юзланса, икки дунё саодатига сазовордир. Дунёси нақадар ёмон ва изтиробли бўлса-да, дунёсини жаннатнинг кутиш салони ҳукмида кўргани учун ёқтиради, бардош қилади, сабр ичида шукр этади.

 اَللّٰهُمَّ اجْعَلْناَ مِنْ اَهْلِ السَّعَادَةِ وَالسَّلاَمَةِ وَالْقُرْاٰنِ وَاْلاِيمَانِ اٰمِينَ { اَللّٰهُمَّ صَلِّ وَسَلِّمْ عَلٰى سَيِّدِناَ مُحَمَّدٍ وَعَلٰۤى اٰلِهِ وَصَحْبِهِ بِعَدَدِ جَمِيعِ الْحُرُوفَاتِ الْمُتَشَكِّلَةِ فِى جَمِيعِ الْكَلِمَاتِ الْمُتَمَثِّلَةِ بِاِذْنِ الرَحْمٰنِ فِى مَرَايَا تَمَوُّجَاتِ الْهَوَاۤءِ عِنْدَ قِرَاۤئَةِ كُلِّ كَلِمَةٍ مِنَ الْقُرْاٰنِ مِنْ كُلِّ قَارِئٍ مِنْ اَوَّلِ النُّزُولِ اِلٰى اٰخِرِ الزَّمَانِ وَارْحَمْناَ وَوَالِدَيْناَ وَارْحَمِ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِعَدَدِهَا بِرَحْمَتِكَ يَاۤ اَرْحَمَ الرَّاحِمِينَ { اٰمِينَ وَالْحَمْدُ ِللهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ

* * *

ТЎҚҚИЗИНЧИ СЎЗ

 

  بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

فَسُبْحَانَ اللهِ حِينَ تُمْسُونَ وَحِينَ تُصْبِحُونَ { وَلَهُ الْحَمْدُ فِى السَّمٰوَاتِ وَاْلاَرْضِ وَعَشِيًّا وَحِينَ تُظْهِرُونَ

Эй биродар! Мендан намознинг шу муайян беш вақтга махсуслигининг ҳикматини сўрамоқдасан. Жуда кўп ҳикматларидан ёлғиз биргинасига ишора қиламиз.

Ҳа, ҳар бир намознинг вақти, муҳим бир инқилобнинг бошланишидир. Шунингдек, азим бир Илоҳий тасарруфнинг ойнаси ва ул тасарруф ичида, барча Илоҳий эҳсонларнинг биттадан акс этадиган замонидир ва шу сабабдан Қодийри Зулжалолга ўша вақтларда янада зиёда тасбеҳ ва таъзим қилмоқ, ҳадсиз неъматларининг икки вақт ўртасида тўпланган захираси учун шукр ва ҳамд этмоқ маъносида ибодат қилишга - намозга амр этилгандур. Бу нозик ва чуқур маънони бир оз фаҳмламоқ учун қуйидаги "Беш Нукта" (Нозик сир)ни нафсим ила бирга тингламоқ лозим.

БИРИНЧИ НУКТА: Намознинг маъноси, Жаноби Ҳақни поклаб ёд этмоқ, унга таъзим ва шукр қилмоқдир. Яъни, Жалоли ҳузурида сўзи ва ҳаракати ила "Субҳаноллоҳ" деб, "ни муқаддас тутмоқ...

Ҳам Камоли қаршисида лафзан ва амалан "Аллоҳу Акбар" деб таъзим қилмоқ...

Ҳам Жамоли қаршисида қалбан ва тил ва бадан ила "Алҳамдулиллоҳ" деб шукр этмоқдир.

Демак, Тасбеҳ ва Такбир ва Ҳамд намознинг мағзлари ҳукмидадир. Шунинг учун намознинг ҳар бир ҳаракат ва зикрларида бу уч нарса бордир. Ҳам шунинг учун намоздан сўнг намознинг маъносини таъкид ва қувватлаш ниятида бу муборак калималар ўттиз уч мартадан такрорланади. Намознинг маъноси бу мухтасар хулосалар ила таъкидланади.

ИККИНЧИ НУКТА. Ибодатнинг маъноси, банданинг даргоҳи Илоҳийда ўз қусурини ва ожизлиги ва фақирлигини кўриб, камоли Рубубиятнинг ва қудрати Самадониянинг ва раҳмати Илоҳиянинг олдида ҳайрат ва муҳаббат ила сажда этмоғидир. Яъни, Рубубиятнинг салтанати ибодат ва итоатни истаганидек, Рубубиятнинг муқаддаслиги, поклиги ҳам истайдики, банда ўз қусурини кўриб, истиғфор ила ва Раббини барча нуқсонлардан пок ва мубарро* ва аҳли залолатнинг ботил фикрларидан муназзаҳ* ва аъло ва коинотнинг барча қусурларидан муқаддас ва юксак эканини тасбеҳ ила "Субҳоналлоҳ" дея эълон этсин.

Ҳамда Рубубиятнинг камоли қудрати эса, банда ўз заифлигини ва махлуқотнинг ожизлигини кўриш орқали Самадоний қудратнинг азаматли асарлари қаршисида таҳсин ва ҳайрат ичра "Аллоҳу Акбар" деб ҳузу ила рукуга бормоғини, унга илтижо ва таваккул этмоғини истар.

Ҳам Рубубиятнинг бениҳоя раҳмат хазинаси истарки, банда ўз эҳтиёжини ва бутун махлуқотнинг фақирлиги ва эҳтиёжларини савол ва дуо ила изҳор этсин ва Роббининг эҳсон ва инъомларини шукр ва сано ила "Алҳамдулиллоҳ" ила эълон қилсин.

Демак, намознинг ҳаракат ва зикрлари бу маъноларни ўз ичига олгандур ва шунинг учун тарафи Илоҳийдан тайинлангандур.

УЧИНЧИ НУКТА. Инсон - бу улкан оламнинг кичик бир намунаси ва Фотиҳаи шарифа - Қуръони Азимушшоннинг бир мунаввар тимсоли бўлгани сингари, Намоз ҳам бутун ибодат навларини ўз ичига олган бир нуроний мундарижадир. Ва бутун махлуқот синфларининг хилма-хил ибодатларига ишора қилган бир муқаддас харитадир.

ТЎРТИНЧИ НУКТА. Ҳафталик бир соатнинг сония, дақиқа, соат ва кунларини кўрсатувчи миллари бир-бирларига қандай боғлиқ бўлсалар, бир-бирларига қандайин ўхшаш бўлсалар ва қанчалик бир-бирларининг ҳукмида бўлсалар;.

Шунга ўхшаб, Жаноби Ҳақнинг улкан соати бўлмиш бу олами-дунёнинг сонияси ўрнидаги кеча ва кундузнинг айланиб туриши, дақиқалар ўрнидаги йиллар, соатлари ўрнидаги олам умрининг даврлари, бир-бирига шундай ўхшайдилар ва бир-бирининг шунчалик ҳукмидадирлар ва бир-бирини эслатадилар. Масалан:

Бомдод вақти кун чиққунга қадардир. Баҳорнинг аввал замонига, ҳам инсоннинг она қорнига тушган онларига, ҳам Самовот ва Ернинг олти кунда яратилишидан биринчи кунига ўхшайди ва шуни эслатади. Ҳамда улардаги Илоҳий фаолиятни хотирлатади.

Пешин вақти ёз мавсумининг ўртасига, ҳам ёшликнинг камолига, ҳам дунё умридаги инсоннинг илк яратилиш даврига ўхшайди ва шунга ишора қилади. Ҳамда улардаги Раҳматнинг зуҳурини ва неъматнинг файзларини хотирлатади.

Аср вақти куз мавсумига ҳам кексалик вақтига ҳам охирзамон Пайғамбарининг (Алайҳиссалоту Вассалом) Саодат Асрига ўхшайди. Ҳамда улардаги Илоҳий фаолиятни ва Раҳмоний инъомларни хотирлатади.

Шом вақти куз мавсумининг охирида жуда кўп махлуқотнинг йўқолиб кўздан ғойиб бўлмоғини, ҳам инсоннинг вафотини, ҳам дунёнинг қиёмат бошланишидаги харобиятини хотирлатиш билан, Жалолий тажаллиётни англатади ва инсонни ғафлат уйқусидан уйғотади, танбеҳ беради.

Ҳуфтон вақти зулмат олами наҳор оламининг бутун асарларини қора кафани ила беркитмоғини, ҳам қишнинг оппоқ кафани ила ўлган ернинг юзини ўрамоғини, ҳам вафот этган инсоннинг орқасида қолган асоратининг ҳам вафот этиб, унутилиш пардаси остига кирмоғини ва ҳам имтиҳон уйи бўлган бу дунёнинг бутунлай беркилмоғини хотирлатиш билан Қаҳҳори Зулжалолнинг жалолли тасарруфотини эълон қилади.

Тун вақти қишни, ҳам қабрни, ҳам Барзох оламини фаҳмлатиш билан инсон руҳи Раҳмати Раҳмонга қай даража муҳтож эканини инсонга хотирлатади.

Ва тундаги таҳажжуд намози эса, қабр кечасида ва барзох қоронғилигида нақадар фойдали бир чироқ эканини билдиради, танбеҳ беради. Ҳамда бутун бу инқилоблар ичра Жаноби Мунъими Ҳақиқийнинг бениҳоя неъматларини хотирлатиш орқали қай даража ҳамду-санога лойиқ эканини эълон этади.

Иккинчи бомдод эса қиёматнинг тонгини эслатади. Ҳа, бу кечанинг тонги ва бу қишнинг баҳори нақадар маъқул ва лозим ва қатъий бўлса, қиёмат тонги ҳам, Барзохнинг баҳори ҳам шу қадар қатъийдир.

Демак, бу беш вақтнинг ҳар бири, бир муҳим инқилобнинг боши эканини ва буюк инқилобларни хотирлатгани каби, Қудрати Самадониянинг ҳар кунги азим тасарруфларининг ишораси ила, ҳам йиллик, ҳам асрий, ҳам даҳрий* Қудратнинг мўъжизаларини ва Раҳматнинг ҳадяларини хотирлатади.

Демак, фитратнинг асл вазифаси ва ибодатнинг асоси ва қатъий қарз бўлган фарз намози, бу вақтларга лойиқдир ва жуда муносибдир.

БЕШИНЧИ НУКТА. Инсон фитратан ғоят заифдир. Ҳолбуки ҳар нарса унга Ҳужум қилади, уни ранжитади ва алам беради. Ҳам ғоят ожиздир. Ҳолбуки, балолари ва душманлари жуда кўпдир. Ҳам ғоят фақирдир. Ҳолбуки эҳтиёжлари жуда кўпдир. Ҳам танбал ва иқтидорсиздир. Ҳолбуки, ҳаётнинг таклифлари ғоят оғирдир. Ҳам инсонийлиги уни коинот ила боғлаган. Ҳолбуки, севганларининг, кўникиб қолган нарсаларининг завол ва фироқлари доимо уни ранжитади. Ҳам ақл унга юксак мақсадлар ва боқий меваларни кўрсатмоқда. Ҳолбуки, қўли қисқа, умри қисқа, иқтидори қисқа, сабри қисқадир.

Бундай бир вазиятда руҳнинг, бомдод вақтида бир Қодийри Зулжалолнинг, бир Раҳийми Зулжамолнинг даргоҳига ниёз ила, намоз ила мурожаат этиб, арзи-ҳол этмоғи, тавфиқ ва мадад истамоғи нақадар даркор ва олдидаги кундуз оламида бошига келадиган, зиммасига юкланадиган ишларга, вазифаларга бардош бермоқ учун нақадар лозим бир суянч нуқтаси экани яққол англашилади.

Ва пешин вақтида-ки, у вақт кундузнинг камолга етиб, заволга мойиллиги ва кундалик ишларнинг такомил замонлари ва машғул бўлган ишларнинг тазйиқидан вақтинчалик бир истироҳат вақтидир ва Илоҳий инъомларнинг кўринган бир онидир. Шундай онда инсон руҳи у тазйиқдан қутулиб, у ғафлатдан сидирилиб, у маъносиз ва боқий бўлмаган нарсалардан чиқиб, Қайюми Боқий бўлмиш Мунъими Ҳақиқийнинг даргоҳига бориб, қўл боғлаб, неъматларининг якунига шукр ва ҳамд этиб ёрдам исташи ва Жалол ва Азамати олдида руку ила ожизлигини изҳор этиши ва безавол камоли ва бемисол жамоли қаршисида сажда этиб, ҳайрат ва муҳаббат ва камтарлигини эълон қилиши маъносидаги пешин намозини ўқимоқ - нақадар гўзал, нақадар хуш, нақадар лозим ва муносиб эканини англамаган инсон, инсон эмасдир!

Аср вақтида-ки, у вақт ғамгин куз мавсумини ва кексаликнинг маҳзун ҳолатини ва охирзамоннинг аламли мавсумини эслатади ва хотирлатади. Ҳам кундалик ишларнинг натижаланган замони, ҳам у кунда сазовор бўлган сиҳат ва саломатлик ва хайрли хизмат каби Илоҳий неъматларнинг бир буюк якун топган замони, ҳам у улкан Қуёшнинг ботмоққа мойиллик кўрсатмоғининг ишораси ила инсон бир мусофир маъмур ва ҳар нарса ўткинчи, беқарор эканини эълон қилмоқ замонидир.

Эндиликда абадиятни истаган ва абад учун яратилган ва эҳсон учун чексиз муҳаббатини изҳор этган ва фироқдан алам топган инсон руҳи, туриб, таҳорат олиб, бу аср вақтидаги намозини ўқимоқ учун Қадийми Боқий ва Қайюми Сармадийнинг даргоҳи Самадониясига муножотини арз этиб, заволсиз ва бениҳоя раҳматининг илтифотига илтижо этиб, беҳисоб неъматлари қаршисида шукр ва ҳамд этиб, рубубиятнинг иззати қаршисида камтарона сажда қилиб, ҳақиқий бир қалб тасаллиси ва руҳнинг роҳатини топиб, кибриёсининг ҳузурида ибодатга камарбаста бўлиш маъносидаги аср намозини ўқимоқ - нақадар юксак бир вазифа, нақадар муносиб бир хизмат, фитрат қарзини нақадар жойида адо этиш, балки ғоят хуш бир саодатга эришиш эканини инсон бўлган англаб етади!

Шом вақтида-ки, у замон ҳам қишнинг бошланиши олдидан ёз ва куз оламининг нозанин ва гўзал махлуқотининг ҳазинона видолашиб кўздан ғойиб бўлиш замонини эслатади.

Ҳам инсон вафоти туфайли барча севганларидан аламли бир фироқда айрилиб, қабрга кириш замонини хотирлатади.

Ҳам дунёнинг ўлим онидаги зилзиласи ичра вафот этган барча аҳолисининг бошқа оламларга кўчиши ва бу имтиҳон уйи чироғининг сўндирилиш замонини эслатади, хотирлатади ва бу заволда ғойиб бўладиган маҳбубларга сиғинганларга шиддат ила танбеҳ берадиган бир замондир.

Хуллас, шом намози учун бундай бир вақтда фитратан бир Жамоли Боқийга муштоқ ойна бўлган инсон руҳи, бу азим ишларни қилган ва бу буюк оламларни айлантирган, ўзгартирган Қадийми Ламязал* ва Боқийи Лоязалнинг* арши азаматига юзини қаратиб, бу фонийларнинг устида "Аллоҳу Акбар" дея, улардан қўлини тортиб, Мавло хизмати учун қўл боғлаб, Доими Боқийнинг ҳузурида қиёмда туриб, "Алҳамдулиллоҳ" дейиш ила қусурсиз камоли, мислсиз жамоли ва бениҳоя раҳмати қаршисида ҳамду сано этиб:

 اِيَّاكَ نَعْبُدُ وَاِيَّاكَ نَسْتَعِينُ

  дейиш бирла муовинсиз Рубубияти, шериксиз Улуҳияти ва вазирсиз Салтанати қаршисида ибодатини арз этиб ёрдам исташ; ҳам бениҳоя кибриёси, ҳадсиз қудрати ва ожиз бўлмаган иззати қаршисида рукуга бориб, бутун коинот билан бирга заифлиги ва ожизлигини, фақирлигини ва ҳақирлигини изҳор этиб:

 سُبْحَانَ رَبِّىَ الْعَظِيمُ

деб Рабби Азиймини барча нуқсонлардан поклаб, ҳам заволсиз Жамоли Зоти, ўзгармас Сифати Қудсияси, бебадал Камоли Сармадияти қаршисида сажда қилиб, ҳайрат ва камтарлик ичра тарки мосиво* ила муҳаббат ва ибодатини эълон этиб, бутун фонийларга бадал тариқасида бир Жамийли Боқий, бир Раҳийми Сармадийни топиб,

 سُبْحَانَ رَبِّىَ اْلاَعْلٰى

  дейиш билан завол ва қусурдан пок бўлган Рабби Аълосини тақдис* қилиш...

Сўнгги ташаҳҳудда ўтириб, барча махлуқотнинг муборак таҳийёт*ларини ва саловоти тоййиба*ларини ўз номидан У Жамили Ламязал ва Жалили Лоязалга ҳадя этиб ва Расули Акрамига салом бермоқ ила байъат*ини янгиламоқ ва амрларига итоатини изҳор этмоқ. Ҳамда иймонини янгиламоқ ва нурлантирмоқ учун бу коинот қасрининг ҳикматли интизомини кўриб, Сониъи Зулжалолнинг яккаю-ягоналигига гувоҳлик бериш...

Ҳам Салтанати Рубубиятининг даллоли ва рози бўладиган амалларини билдирувчи ва Китоби Коинот оятларининг таржимони бўлмиш Муҳаммади Арабий Алайҳиссалоту Вассаломнинг Рисолатига шаҳодат этиш маъносидаги шом намозини ўқимоқ - нақадар азиз, лазиз бир хизмат, нақадар хуш ва гўзал бир ибодат, нақадар жиддий бир ҳақиқат ва бу фоний меҳмонхонада боқий бир суҳбат ва доимий бир саодат эканини англамаган одам, қандай қилиб одам бўла олади!

Ҳуфтон вақтида-ки, у вақт кундузнинг уфқдаги асарлари ҳам йўқолиб, тун олами бутун коинотни қоплайди ва

  مُقَلِّبُ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ

бўлган Қодийри Зулжалолнинг у оппоқ саҳифани бу қора саҳифага айлантирмоғидаги Раббоний Тасарруфот ила ёзнинг зийнатланган яшил саҳифасини қишнинг совуқ ва оқ саҳифасига айлантирмоғидаги

 مُسَخِّرُ الشَّمْسِ وَالْقَمَرِ

бўлган Ҳакийми Зулкамолнинг Илоҳий ижроотини хотирлатади.

Ҳам замон ўтиши билан қабр аҳлининг орқасида қолган асарлари ҳам, бу дунёдан алоқаси узилиб, бутунлай бошқа оламга ўтмоғидаги "Ҳаёт ва Ўлимнинг Холиқи"нинг Илоҳий фаолиятини эслатади.

Ҳам тор ва фоний ва ҳақир дунёнинг тамоман хароб бўлиб, азим сакароти ила вафот этиб, кенг ва боқий ва азаматли охират оламининг очилишида "Ер ва Самовот Холиқи"нинг Жалолий тасарруфотини ва Жамолий тажаллиётини хотирлатади.

Ҳам бу Коинотнинг Ҳақиқий Маъбуди ва Маҳбуби ул Зот бўла олурки, кеча ва кундузни, қиш ва ёзни, дунё ва охиратни бир китобнинг саҳифалари сингари осонлик билан варақлайди, ёзади, бузади, алмаштиради. Хуллас, буларнинг ҳаммасига ҳукми ўтадиган бир Қодийри Мутлақ борлигини исботлайдиган бир вазиятдир.

Хуллас, бениҳоя ожиз, заиф ва бениҳоя фақир, муҳтож ва бениҳоя бир истиқбол зулматига чўмаётган ва туганмас ҳодисалар ичида чайқалаётган инсон руҳи Ҳуфтон намозини ўқиш учун шу маънодаги ҳуфтон вақтида Иброҳим алайҳиссалом сингари

 لاَۤ اُحِبُّ اْلاٰفِلِينَ

деб Маъбуди Ламязал, Маҳбуби Лоязалнинг даргоҳига намоз ила илтижо этиб ва бу фоний оламда, фоний умрда ва қоронғи дунёда ва қоронғи истиқболда бир Боқийи Сармадийга муножот қилиб, бир онлик бир боқий суҳбат, бир неча дақиқалик бир боқий умр ичра дунёсига нур сочадиган, истиқболни ёритадиган, мавжудотнинг ва аҳбобининг фироқ ва заволидан пайдо бўлмиш яраларига малҳам сурадиган Раҳмони Раҳиймнинг илтифоти Раҳматини ва нури ҳидоятини кўриб сўрамоқ...

Ҳам вақтинчалик уни унутган ва кўздан яширинган дунёни у ҳам унутиб, дардларини қалбининг йиғиси ила даргоҳи Раҳматига тўкиб, ҳам эҳтиётан ўлимга ўхшаш уйқуга кирмасдан аввал, сўнгги бандалик вазифасини бажо келтириб, кундалик амал дафтарини чиройли хотима ила ёпиш учун Намозга турмоқ, яъни, барча фоний севганларининг ўрнига бир Маъбуд ва Маҳбуби Боқийнинг, ожиз махлуқотларга тиланчилик қилиш ўрнига бир Қодийри Кариймнинг, ёмонлигидан қўрққан барча зиёнкорлардан халос бўлиш учун бир Ҳафийзи Раҳиймнинг ҳузурига чиқмоқ...

Ҳам Фотиҳа ила бошламоқ, яъни ҳеч бир нарсага ярамаган, қусурли, фақир махлуқларни ўринсиз мадҳ этиб, улардан миннатдор бўлиш ўрнига бир Комили Мутлақ ва Ғанийи Мутлақ ва Раҳийм ва Карийм бўлмиш Раббул Оламийнни мадҳу-сано этмоқ...

Ҳам  اِيَّاكَ نَعْبُدُ  хитоби даражасига юксалмоқ, яъни кичиклиги, ҳечлиги, кимсасизлиги билан бирга, азал ва абад Султони бўлмиш Молики Явмиддинга боғланиш билан бу коинотда нозли бир меҳмон ва аҳамиятли бир вазифадор мақомига кириб,

  اِيَّاكَ نَعْبُدُ وَاِيَّاكَ نَسْتَعِينُ

дейиш билан бутун махлуқот номидан коинотнинг буюк жамоати ва азим жамиятидаги ибодат ва дуоларни Унга тақдим этмоқ...

Ҳам

 اِهْدِناَ الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ

дейиш билан истиқбол қоронғилиги ичра Абадий Саодатга олиб борадиган нуроний йўл бўлмиш сироти мустақиймга ҳидоят истамоқ...

Ҳам ҳозирда уйқуга кетган ўсимликлар ва ҳайвонот каби кўздан яширинган қуёшлар, ҳушёр юлдузлар ҳар бири биттадан аскар сингари амрига бўйсунган ва бу олам меҳмонхонасидаги биттадан чироғи ва хизматкори эканларидан Зоти Зулжалолнинг буюклигини тафаккур этиб, "Аллоҳу Акбар" деб рукуга бормоқ...

Ҳам бутун махлуқотнинг улкан саждасини фикрлаб, яъни, бу кечада уйқуга кетган махлуқот каби, ҳар йилда, ҳар асрдаги мавжудот навлари, ҳатто ер, ҳатто дунё, ҳар бири биттадан мунтазам лашкар, балки биттадан итоатли аскар сингари كُنْ فَيَكُونُамри ила дунёдаги ибодат вазифасидан озод этилган, яъни ғайб оламига жўнатилаётган он, завол вақтида сўнгги бор жойнамозида ниҳоят даражада интизом ила "Аллоҳу Акбар" деб сажда этганларидек...

Ҳам كُنْ فَيَكُونُамридан келган бир тирилтириш ва уйғотиш ила яна баҳорда қисман айнан ўзи, қисман мисли бўлиб қайта тирилиб, қиёмда туриб, Мавло хизматига камарбаста бўлганларидек, бу кичик инсон уларга иқтидо қилиб, Ул Раҳмони Зулкамолнинг, Ул Раҳийми Зулжамолнинг даргоҳи ҳузурида ҳайратолуд бир муҳаббат, бақоолуд бир камтарлик, иззатолуд бир ҳақирлик бирла "Аллоҳу Акбар" деб саждага бормоқ, яъни бир нави Меърожга чиқиш маъносидаги ҳуфтон намозини ўқимоқ нақадар хуш, нақадар гўзал, нақадар ширин, нақадар юксак, нақадар азиз ва лазиз, нақадар маъқул ва муносиб бир вазифа, бир хизмат, бир ибодат, бир жиддий ҳақиқат эканини албатта англадинг.

Демак, бу беш вақт ҳар бири биттадан азим инқилобнинг ишоралари, Роббимизнинг улкан ижроотининг белгилари ва барча Илоҳий инъомларнинг аломатларидирлар ва шунинг учун бурч ва қарз бўлган фарз Намозининг у вақтларга хос бўлиши ниҳоят даражада ҳикматлидир...

  سُبْحَانَكَ لاَ عِلْمَ لَنَاۤ اِلاَّ مَا عَلَّمْتَناَ اِنَّكَ اَنْتَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ

اَللّٰهُمَّ صَلِّ وَسَلِّمْ عَلٰى مَنْ اَرْسَلْتَهُ مُعَلِّماً لِعِبَادِكَ لِيُعَلِّمَهُمْ كَيْفِيَّةَ مَعْرِفَتِكَ وَالْعُبوُدِيَّةِ لَكَ وَمُعَرِّفاً لِكُنُوزِ اَسْمَاۤئِكَ وَتَرْجُمَاناً ِلاٰيَاتِ كِتَابِ كَاۤئِنَاتِكَ وَمِرْاٰةً بِعُبوُدِيَّتِهِ لِجَمَالِ رُبُوبِيَّتِكَ وَعَلٰۤى اٰلِهِ وَصَحْبِهِ اَجْمَعِينَ وَارْحَمْناَ وَارْحَمِ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ اٰمِينَ بِرَحْمَتِكَ يَاۤ اَرْحَمَ الرَّاحِمِينَ

* * *

  

Ўн тўртинчи Сўзнинг хотимаси

 

   بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

اِنَّ الصَّلٰوةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَاباً مَوْقوُتاً

"Ғофил каллага бир тўқмоқ ва бир ибрат дарсидир.

Эй, ғафлатга шўнғиб ва бу ҳаётни тотли кўриб ва охиратни унутиб, дунёга толиб бўлган бадбахт нафсим! Биласанми, нимага ўхшайсан? Туяқушга... Овчини кўради, учолмайди; бошини қумга суқади, токи овчи уни кўрмасин. Каттакон гавдаси ташқарида. Овчи уни кўради. Фақат у кўзини қум ичига беркитган, кўрмас.

Эй нафс бу мисолга боқ!

Дунёга ҳирс қўйиш, азиз лаззатни аянчли аламга қандай қилиб айлантирганини кўр.

Масалан, шу қишлоқда (яъни Барлада) икки одам яшайди. Бирининг юздан тўқсон тўққиз дўсту ёри Истамбулга кетиб, чиройли ҳаёт кечирмоқдалар. Фақат биттаси бу ерда қолган. У ҳам у ерга кетади. Шунинг учун бу одам Истамбулга муштоқ, у ерни ўйлайди, дўст-ёрларига қовушмоқ истайди. Агар унга: "Сен ҳам у ерга бор!" дейилса, севиниб кулиб кетади.

Иккинчи одам эса юздан тўқсон тўққиз дўстлари бу ердан кетган. Бир қисми маҳв бўлган. Бир қисми на кўрадиган, на кўринадиган ерларга бош уриб кетган. Уларни донг-дараксиз йўқолиб кетган деб ўйлайди. Бу бечора одам уларнинг барчаси ўрнига ёлғиз бир мусофирга кўникиб тасалли топишни истайди. Шунинг билан ул аянчли айрилиқ аламини беркитишни истайди.

Эй нафс! Аввало Ҳабибуллоҳ, сўнгра бутун дўсту ёрларинг қабрнинг нариги тарафидадирлар. Бу ерда қолган бир-иккитаси эса, улар ҳам кетмоқдалар. Ўлимдан чўчиб, қабрдан қўрқиб, юзингни ўгирма. Мардона қабрга боқ, тингла, нима талаб қилар экан! Эркакчасига ўлимнинг юзига кул, боқ нима истайди! Зинҳор ғофил бўлиб, иккинчи одамга ўхшама!

Эй нафсим! Демаки: "Замон ўзгарган, аср бошқа, ҳар ким дунёга шўнғиган, ҳаётга кўнгил қўйган, маишат дардида сархушдир." Чунки, ўлим ўзгармаётир. Фироқ бақога айланиб кетмаётир. Башарий ожизлик, инсоний фақирлик ўзгармаётир, аксинча зиёдалашмоқда. Инсон сафари битмаётир, аксинча суръат пайдо этмоқда.

Яна демаки: "Мен ҳам ҳар ким кабиман." Чунки, ҳар ким сенга қабр эшигига қадар ҳамроҳлик қилади. Ҳар ким мен билан мусибатда бирга бўлади деган тасалли қабрнинг нариги тарафида жуда асоссиздир.

Ҳам ўзингни бебош ҳисоблама! Зеро шу дунё меҳмонхонасида ҳикмат назари ила боқсанг, ҳеч бир нарсани ғоясиз, низомсиз кўрмайсан. Қандай қилиб сен низомсиз, ғоясиз қолишинг мумкин? Содир бўлаётган зилзилалар каби бу коинот ҳодисалари тасодиф ўйинчоғи эмас.

Масалан, Заминга ўсимликлар ва ҳайвонот навларидан кийдирилган бир-бирининг устида, бир-бирининг ичида ғоят мунтазам ва ғоят нақшинкор либослар, бошдан охирига қадар ғояларла, ҳикматларла зийнатланган, жиҳозланганини кўрганинг ҳолда ва ғоят олий ғоялар ичра камоли интизом ила мажзуб Мавлавий каби давр этиб айлантираётганини билганинг ҳолда, қандай қилиб Ер куррасининг Бани Одам, бохусус аҳли иймон орасидан ёқтирмаган бир қисм ғафлатли ҳолларининг маънавий юкидан елка силкитмоққа ўхшаш зилзила (Изоҳ) каби ўлимолуд ҳаётий ҳодисаларини, (бир динсизнинг тарқатгани каби) ғоясиз, тасодифий деб ҳисоблаб, бутун мусибатзадаларнинг аламли талофатларини бадалсиз, беҳуда кетган деб кўрсатиб, мудҳиш умидсизликка туширадилар. Ҳам улкан бир хато, ҳам улкан бир зулм қиладилар.

------------------------------------------------------------

(Изоҳ): Измирнинг зилзиласи муносабати билан ёзилди.

-------------------------------

Балки бундай ҳодисалар бир Ҳакийми Раҳиймнинг амри билан аҳли иймоннинг фоний молини садақа ҳукмига айлантириб боқийлаштирмоқдир. Ва куфрони неъматдан келган гуноҳларга каффоратдир.

Қачонлардир бир кун келажак, бу итоаткор замин, ўз юзининг зийнати бўлмиш инсоний асарларни ширколуд, ношукр кўриб, чиркин деб топади. Холиқнинг амри ила буюк бир зилзила билан бутун ер юзини сидиради, тозалайди. Аллоҳнинг амри ила аҳли ширкни жаҳаннамга тўкади. Аҳли шукрга: "Қани, жаннатга марҳамат қилинг," дейди.

* * *

  

ЎН ТЎРТИНЧИ СЎЗНИНГ ИЛОВАСИ

Шу сура қатъиян ифода этадики, Ер курраси ҳаракат ва зилзиласида ваҳий ва илҳомга биноан амр остида тебранади. Баъзан эса титрайди

(Маънавий ва аҳамиятли бир тарафдан, ҳозирги зилзила муносабати ила берилган олти-етти кичик саволга, яна маънавий эслатма ёрдамида берилган жавоблар қалбга келди. Батафсил ёзишни неча бор ният қилсамда, изн берилмади. Фақат қисқача ва хулоса тарзида ёзилади.)

Биринчи Савол: Бу буюк зилзиланинг моддий мусибатидан кўра аламли, маънавий бир мусибат бўлмиш, шу зилзила давомидаги қўрқув ва маъюсликлар бутун мамлакатда аксарият халқнинг тунги истироҳатини бузиб, даҳшатли бир азоб бериши недандур?

Яна маънавий жавоб: Шундай дейилдики: Рамазони Шарифнинг таровиҳ вақтида, камоли севинч ва сурур ила, сархушларча ғоят ҳаваскорона қўшиқларнинг ва баъзан қизларнинг товушлари ила бу муборак Ислом марказининг ҳар бурчагида радио орқали жозибадорона эшиттирилиши натижада бу қўрқув азобини берди.

Иккинчи Савол: Нима учун бу самовий тўқмоқ кофирларнинг мамлакатида уларнинг бошларига келмаяпти? Бу бечора мусулмонларга келмоқда?

Алжавоб: Буюк хатолар ва жиноятлар, кечиктирилиб катта марказларда, кичик жиноятлар эса тезлаштирилиб кичик марказларда берилгани каби, муҳим бир ҳикматга биноан, куфр аҳлининг жиноятларининг асосий қисми, Маҳшаргоҳдаги Буюк Маҳкамага қолдирилиб, аҳли иймоннинг хатоларининг жазоси эса қисман бу дунёда берилади. (Изоҳ)

-------------------------

(Изоҳ): Ҳамда Рус каби миллатлар, ҳукми тугаган ва ўзгартириб юборилган бир динни тарк этиш билан, ҳақ ва абадий ва ҳукми тугамаган бир динга ҳиёнат қилиш даражасида Аллоҳни ғазаблантирмаганидан, ҳозирчалик замин уларни қўйиб буларга шиддатланмоқда.

--------------------

Учинчи Савол: Баъзи шахсларнинг хатоси туфайли келган бу мусибат, мамлакатда бир даража умумий шакл олганининг сабаби недур?

Алжавоб: Умумий мусибат аксариятнинг хатолари туфайли юзага келади. Бунга биноан, у золим шахсларнинг ҳаракатларига аксарият инсонлар ўз хатти-ҳаракатлари билан ва ёки уларни маъқуллаш билан ва ёки уларга ён босиш билан тарафдор бўлгани туфайли, маънан иштирок этадилар, оммавий мусибатга сабабчи бўладилар.

Тўртинчи Савол: Модомики бу зилзила мусибати, хатоларнинг натижаси ва гуноҳларнинг каффорати экан, маъсумларнинг ва бегуноҳларнинг у мусибат ичра ёниши недандур? Аллоҳнинг адолати бунга қандай йўл қўяди?

Яна маънавий тарафдан:

Алжавоб: Бу масала тақдир масаласига тааллуқли бўлгани учун, Рисолаи Қадарга ҳавола қилиб, бу ерда ёлғиз шунинг ўзи айтилди:

яъни: "Шундай бир бало ва мусибатдан сақланингизки, у келган вақт фақатгина золимларга хос бўлиб қолмай, маъсумларни ҳам ёқади."

Бу оятнинг сири шудирки: Бу дунё бир тажриба ва имтиҳон майдонидир, таклиф ва мужоҳада диёридир. Имтиҳон ва таклиф шуни тақозо этадики, ҳақиқатлар яширин қолиб, то мусобақа ва мужоҳада ила Абу Бакрлар Аълои-Иллиййинга чиқсинлар ва Абу Жаҳллар асфали софилинга тушсинлар. Агар маъсумлар бундай мусибатларда соғлом қолсайди, Абу Жаҳллар айнан Абу Бакрлар (Р.А.) каби таслим бўлиб, мужоҳада ва маънавий тараққиёт эшиги ёпиларди ва таклиф сири бузиларди.

Модомики, мазлумнинг золим ила баробар мусибатга тушмоғи Илоҳий ҳикматга биноан лозим экан. Ажабо, ул бечора мазлумнинг раҳмат ва адолатдан ҳиссаси недур?

Бу саволга жавобан дейилдики: Ул мусибатдаги ғазаб ва шиддат ичра уларга бир раҳмат жилваси бор. Чунки у маъсумларнинг фоний моллари, улар номидан садақа бўлиб, боқий бир мол ҳукмига ўтгани каби, фоний ҳаётлари ҳам боқий бир ҳаёт қозонтирадиган даражада бир нави шаҳидлик ҳукмида бўлиб, нисбатан оз ва вақтинчалик бир машаққат ва азобдан, буюк ва доимий бир ютуқни қозонтирган бу зилзила улар учун айни ғазаб ичра бир раҳматдир.

Бешинчи Савол: Одил ва Раҳийм, Қодийр ва Ҳакийм бўлган Зот нечун хусусий хатоларга хусусий жазо бермай, улкан бир унсурни, яъни ерни ҳужум қилдиради. Бу ҳол раҳматининг жамолига ва қудратининг шумулига қандай қилиб мувофиқ келади?

Алжавоб: Қодийри Зулжалол ҳар бир унсурга кўп вазифалар берган ва ҳар бир вазифа кўп натижалар беради. Бир унсурнинг биргина вазифасида, биргина натижаси чиркин ва ёмон ва мусибат бўлса-да, бошқа хайрли натижалари бу натижани ҳам хайрга айлантиради. Агар бу биргина чиркин натижа вужудга келмаслиги учун, инсонга қарши шиддатланган у унсур, ул вазифадан ман этилса, у вақт ул натижалар ададича хайрлар тарк этилади ва керакли бир хайрни қилмаслик ёмонлик бўлгани туфайли, ул хайрлар ададича ёмонликлар қилинган бўлади. То биргина ёмонлик келмасин дея бундай қилиш, ғоят чиркин ҳамда ҳикмат ва ҳақиқатга хилоф ва қусурдир. Қудрат ва ҳикмат ва ҳақиқат, қусурдан покдирлар. Модомики, бир қисм хатолар, унсурларни ва ерни ғазабга келтирадиган даражада улкан бир исён экан ва кўп махлуқотларнинг ҳуқуқига бир ҳақоратли тажовуз экан, албатта у жиноятнинг ҳаддан ташқари чиркинлигини кўрсатмоқ учун, улкан бир унсурга, умумвазифалари ичра, "Уларни тарбиялаб қўй," дея амр берилиши айни ҳикмат ва адолат ва мазлумларга айни раҳматдир.

Олтинчи Савол: Зилзила, ер курраси ичидаги маъданлар инқилобининг натижаси эканини аҳли ғафлат жар солиб, худди тасодифий ва табиий ва мақсадсиз бир ҳодиса назари билан қарайди. Бу ҳодисанинг маънавий сабабларини ва натижаларини кўрмайдики, кўзлари очилса. Улар суянган моддий жиҳатнинг бир ҳақиқати борми?

Алжавоб: Залолатдан бошқа ҳеч бир ҳақиқати йўқдур. Чунки ҳар йили эллик миллиондан зиёда нақшдор, мунтазам либосларни кийган ва янгилаб турган ер куррасининг устидаги минглаб навлардан биргинаси: масалан, пашша тоифасининг ҳадсиз вакилларидан бир вакилининг юзлаб аъзоларидан биргина аъзоси бўлмиш қанотининг, мақсад ва ирода ва хоҳиш ва ҳикмат жилвасига сазоворлиги ва унга нисбатан лоқайд қолмагани ва ўз-ўзига ташлаб қўймагани кўрсатадики:

Ҳадсиз жонзотларнинг бешиги ва онаси ва паногоҳи ва ҳомийси бўлган улкан ер куррасининг аҳамиятли фаолият ва аҳволигина эмас, балки ҳеч бир нарсаси, кичик бўлсин, катта бўлсин, Илоҳий ирода ва ихтиёр ва мақсаддан ташқарида бўлмайди. Бироқ Қодийри Мутлақ, ҳикматининг тақозоси ила, зоҳир сабабларни ўз тасарруфига парда қилади. Зилзилани ирода қилган вақт, баъзи бир маъданни ҳаракатга буюриб, оташлантиради. Борингки, маъданларнинг инқилоблари ҳам бўлсин, барибир Илоҳий амр ва ҳикмат ила бўлади, бошқача тарзда бўлмайди. Масалан, бир одам бир милтиқ ила бировни отди. Отган одамга ҳеч эътибор бермай, бутун диққат-назар фақат милтиқнинг ичидаги порохнинг ўт олиш нуқтасигагина қаратилса, бечора ўлдирилган одамнинг ҳуқуқини бутунлай зое қилиш бўлиб, нақадар аблаҳлик ва девоналик бўлса, айнан шунинг каби, Қодийри Зулжалолнинг итоатли бир хизматкори, балки бир кемаси, бир тайёраси бўлган ер куррасининг ичида содир бўлган ва ҳикмат ва ирода ила йиғилган бир бомбани, "афлат ва туғён аҳлининг кўзини очмоқ учун ўт оч," дея буюрилган Раббоний амрни унутмоқ ва табиатга йўймоқ, аҳмоқликнинг энг жирканчидир.

Олтинчи саволнинг давоми ва изоҳи: Аҳли залолат ва динсизлар маслакларини муҳофаза қилиш ва аҳли иймоннинг уйғонишига тўсиқ бўлиш учун шундайин ғариб бир қайсарлик ва ажиб бир аҳмоқлик кўрсатадиларки, инсонни инсон бўлганига пушаймон қилдиради. Масалан: Бу охирги вақтларда инсонларнинг бир даража оммавий шакл олган зулмли, зулматли исёнидан, коинот ва барча унсурлар қизишганидан, ҳамда ер ва самовот Холиқи ҳам хусусий бир Рубубияти (тарбиякунандалиги) билан эмас, балки бутун коинотнинг, бутун оламларнинг Робби ва Ҳокими бўлган жиҳати билан, умумий ва кенг кўламда ўзини билдириб, бутун коинотда ва Рубубиятнинг умумий доирасида инсониятни уйғотмоқ ва даҳшатли туғёнидан воз кечирмоқ ва улар танишни истамаган коинот Султонини танитмоқ учун мислсиз, тўхтатиб бўлмайдиган сув, ҳаво ва электрдан, зилзилани, тўфонни ва оммавий урушлар каби умумий ва даҳшатли офатларни чиқариб, улар билан инсониятнинг юзига уриб, у билан Ҳикматини, Қудратини, Адолатини, Қайюмиятини, Иродасини ва Ҳокимиятини жуда зоҳир бир суратда кўрсатгани ҳолда, инсон суратидаги бир қисм аҳмоқ шайтонлар, у умумий Раббоний ишоралар ва Илоҳий тарбияларга нисбатан аблаҳона бир инкор ила қарши чиқиб дейдиларки: "Табиат ишидур; бир модданинг портлашидир, тасодифийдур. Қуёшнинг ҳарорати билан электрнинг тўқнашувидирки, Амриқода беш соат бутун машиналарни тўхтатиб қўйган ва Қастамўну вилоятининг осмонида ва ҳавосида самони қизартириб, ёнғин суратини берган," дея маъносиз сафсата сотмоқдалар. Залолатдан келган ҳадсиз бир жаҳолат ва динсизликдан келиб чиққан чиркин бир қайсарлик туфайли билмайдиларки, сабаблар фақат баҳонадирлар, бир пардадирлар. Тоғдек бир арча дарахтининг жиҳозларини тўқимоқ ва етиштирмоқ учун бир қишлоқ катталигида юз фабрика ва дастгоҳ зарур экан, улар кичик бир данакни кўрсатиб: "Мана бу дарахт шундан чиққан," дея Сонеънинг у арчада кўрсатган минглаб мўъжизасини инкор қилгани сингари, баъзи зоҳирий сабабларни кўрсатади. Холиқнинг ихтиёр ва ҳикмат билан юритаётган жуда буюк бир Рубубият фаолиятини йўққа чиқаради. Баъзан ғоят чуқур ва билиб бўлмайдиган ва жуда аҳамиятли, минг жиҳатда ҳикматли бўлган бир ҳақиқатга илмий бир ном беради. Гўё у ном ила моҳияти англашилиб, оддийлашиб, маъносиз бўлиб қолгандек.

Хуллас кел! Аблаҳлик ва аҳмоқликнинг ниҳоясиз даражаларига боқки, юз саҳифа ила таърифланса ва ҳикматлари баён этилса ҳам, тамоман билиниши қийин бўлган чуқур ва кенг бир номаълум ҳақиқатга бир ном беради, маълум бир нарсадек "Бу фалондур," дейди. Масалан, қуёшнинг бир моддаси билан электрнинг тўқнашувидир.

Ҳам бир умумий ирода ва ихтиёр ва бутун навларга ҳокимликнинг биттадан унвонлари бўлган ва "Одатуллоҳ" номи билан ёд этилган, фитрий қонунларнинг бирини, хусусий ва қасдий бир Рубубият ҳодисаси қилиб кўрсатиб, уни умумий қонунлардан ажратиб қўяди. Бу ажратиш билан ихтиёрий иродадан унинг муносабатини кесади. Сўнгра тутиб тасодифга, табиатга ҳавола қилади. Абу Жаҳлдан ҳам зиёда нодонлик кўрсатади. Бамисоли, бир аскарнинг ва ё бир қўшиннинг жангда қозонган зафарини, фақатгина аскарлик низоми ва қонунига боғлаб, қўмондонидан, подшоҳидан, ҳукуматидан ва мақсадли ҳаракатлардан алоқасини кесган бир одам сингари, осий бир девона бўлади.

Ҳамда мевадор бир дарахт бир данакдан яратилгани каби, ғоят мўъжизакор бир уста, тирноқдек бир ўтин парчасидан юз килолик турли хил таомларни, юз аршин хилма-хил газмолларни чиқарса, бир одам у ўтин парчасини кўрсатиб: "Бу ишлар табиий ва тасодифий тарзда бундан чиққан," дея ул устанинг ажиб санъатларини, ҳунарларини йўққа чиқарса, қай даража аҳмоқлик бўлса, айнан шунингдек...

Еттинчи савол: Ер билан боғлиқ бу ҳодиса, бу мамлакатнинг Исломий аҳолисига тегишли эканини ва уларни нишонга олганини, қандай англаса бўлади ва нима учун Арзинжон ва Измир тарафларига кўпроқ ҳужум қилмоқда?

Алжавоб: Бу ҳодиса ҳам шиддатли қишда, ҳам қоронғу кечада, ҳам даҳшатли совуқда, ҳам Рамазоннинг ҳурматини ўрнига қўймаган бу мамлакатга махсус бўлиши ҳамда талофатларидан кейин ҳам ўзига келмаган ғофилларни енгилгина уйғотмоқ учун у зилзиланинг давом этиши каби кўп белгиларининг далолати ила бу ҳодиса аҳли иймонни нишонга олиб, уларга қараб, намозга ва ниёзга уйғотмоқ учун силкинмоқда ва ўзи ҳам титрамоқда.

Бечора Арзинжон каби ерларда кўпроқ силкинишининг икки жиҳати бор:

Бири: Хатолари оз бўлгани туфайли покламоқ учун тезлатилди.

Иккинчиси: Ундай ерларда қувватли ва ҳақиқий иймон қўриқчилари ва Исломият ҳомийлари оз ва ё тамоман мағлуб бўлган пайтда, динсизлар у ерда кучли бир фаолият марказини таъсис қилгани туфайли энг аввал у ерларни калтаклаганининг эҳтимоли бор.

* * *

 

ЙИГИРМА БИРИНЧИ СЎЗ

 (Икки Мақомдир)

 Биринчи Мақом

    بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

اِنَّ الصَّلٰوةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَاباً مَوْقوُتاً

Бир замон ёши, қомати, мартабаси катта бир одам менга деди:

"Намоз яхши. Лекин ҳар куни беш мартадан ўқиш кўплик қилади. Такрорланиб туриши зериктиради?"

У зотнинг ул сўзидан хийла вақт ўтгандан сўнг нафсимга қулоқ солдим. Эшитдимки, айни сўзларни сўйламоқда. Ва унга боқдим, кўрдимки, бу дарсни у танбаллик қулоғи ила шайтондан олмоқда. Шунда англадимки: У зот ул сўзни бутун нафси аммораларнинг номидан айтгандек ва ёки айттирилгандек. Шунда мен ҳам дедим:

"Модомики, нафсим амморадир. Нафсини ислоҳ қилмаган бошқаларни ислоҳ қилолмас. Бас, шундай экан, нафсимдан бошлайман.

Дедим: Эй нафс! Тубсиз жаҳолат ичра, танбаллик тўшагида, ғафлат уйқусида сўзлаган бу сўзингга жавобан "Беш танбеҳ"ни мендан эшит...

Биринчи танбеҳ: Эй бадбахт нафсим! Ажабо, умринг абадийми? Келажак йилга, балки эртагача яшаб қола олишингга ҳеч бир қатъий ҳужжатинг борми?! Сенга зерикиш берган нарса ўзингни абадий деб ўйлашингдир. Бу дунёга кайфу-сафо учун келиб, унда абадий қоладигандек нозланасан. Агар умринг оз эканини, ҳамда фойдасиз кетаётгани англасайдинг, албатта унинг йигирма тўртдан бирини, абадий ҳаётнинг ҳақиқий саодатига сабаб бўладиган гўзал ва хуш, роҳат ва раҳмат келтирадиган бир хизматга сарфламоқ, зерикиш у ёқда турсин, балки жиддий бир иштиёқ ва хуш бир завқни уйғотишга сабаб бўлар эди!

Иккинчи танбеҳ: Эй маишатпарвар нафсим! Ажабо, ҳар куни нон ейсан, сув ичасан, ҳаводан нафас оласан, сенга улар зерикиш берадими? Бермайди. Чунки эҳтиёж такрорланиб турганидан зерикиш эмас, балки лаззат оласан.

Шундай экан, хонаи жисмимда сенинг ҳамроҳларинг бўлмиш қалбимнинг озуқаси, руҳимнинг оби ҳаёти ва Раббоний ҳис-туйғуларимнинг ҳавои-насимини жазб ва жалб этган Намоз ҳам сени зериктирмаслиги керак.

Ҳа, бениҳоя таассурот ва аламларга маъруз ва мубтало ҳамда бениҳоя лаззатларга ва орзу-умидларга мафтун ва ошиқ бўлган бир қалбнинг қут ва қуввати, ҳар нарсага қодир бир Раҳийми Кариймнинг эшигини илтижо ила қоқиш билан қўлга киритилиши мумкин.

Ҳа, бу фоний дунёда камоли суръатла фироқ фарёдини кўтариб кетган жуда кўп мавжудотлар билан боғлиқ бир руҳнинг оби-ҳаёти эса ҳар нарсага бадал бўлмиш бир Маъбуди Боқийнинг, бир Маҳбуби Сармадийнинг чашмаи раҳматига намоз ила юзланиш билан ичилиши мумкин.

Ҳа, яратилишидан абадиятни истаган ва абад учун яратилган ва азалий ва абадий бир Зотнинг ойнаси бўлган ва ниҳоятда нозик ва латофатли ва нурли бир латифаи Раббония бўлган, бу инсон деб аталувчи онгли бир сир, бу қайғули, эзувчи ва сиқувчи, ўткинчи ва зулматли ва бўғувчи дунёвий аҳвол орасида албатта танаффусга ғоят муҳтождир. Ва фақат намознинг деразаси орқалигина нафас олмоғи мумкин!

Учинчи танбеҳ: Эй сабрсиз нафсим! Ажабо, ўтган кунлардаги ибодатнинг қийинчилигини ва намознинг машаққатини ва мусибат заҳматини бугун ўйлаб, изтироб чекиш ва келажак кунлардаги ибодат вазифасини ва намоз хизматини ва мусибат аламини бугун тасаввур қилиб, сабрсизлик кўрсатиш ақлданми?

Бу сабрсизлигинг бир эсанкираган қўмондоннинг ишига ўхшайдики, душман ўнг қанот кучини ҳам сўлга, яъни бу қўмондоннинг ўнг тарафига ташлаб, шу қанотда катта куч тўплаганига ва бу қанотда душманнинг яна янги бир кучи бор бўлишига қарамай, у қўмондон муҳим бир кучини ўнг қанотга юборади, марказни заифлаштиради. Ҳам сўл қанотида душманнинг аскари қолмаганига қарамай, сўл қанотга ҳам катта бир куч юборади ва "Ўт оч!" буйруғини беради. Марказни бутунлай заифлаштиради. Душман ҳам ишни англаб, марказга ҳужум қилади ва уни тор-мор этади.

Ҳа, сен шу ношуд қўмондонга ўхшайсан. Ахир, ўтган кунларнинг заҳмати бугун раҳматга айланган. Алами кетиб, лаззати қолган. Кулфати кароматга қўшилиб, машаққати савобга айланган. Шундай экан, ундан зерикиш эмас, балки янги бир шавқ ва бир завқ ва жиддий бир ғайрат билан давом этмоқ лозим бўлади. Модомики, келажак кунлар ҳали келмаган экан, ҳозирданоқ уларни ўйлаб зерикиш ва ноумид бўлиш, худди келгуси кунлардаги очлик ва сувсизлик учун бугундан бошлаб бақириб-чақириш каби бир телбаликдир.

Модомики, ҳақиқат шундай экан, оқил бўлсанг, ибодат жиҳатида фақат бугунингни ўйла. Ва "Унинг бир соатини ҳақи жуда катта, кулфати жуда оз, хуш ва гўзал ва юксак бир хизматга сарф этмоқдаман," де. Шунда сенинг аччиқ бир тушкинлигинг тотли бир ғайратга айланади.

Хуллас, эй сабрсиз нафсим! Сен уч хил сабрга буюрилгансан.

Бири - тоат устида сабрдир.

Иккинчиси- маъсият (гуноҳ)дан тийилишда сабрдир.

Учинчиси - мусибатга сабрдир.

Ақлинг бўлса, бу учинчи танбеҳдаги мисолда кўринган ҳақиқатни ўзингга раҳбар қил. Мардона "Ё Собур!" деб уч сабрни зиммангга ол. Жаноби Ҳақнинг сенга берган сабр қувватини агар янглиш йўлда сочиб юбормасанг, у ҳар машаққатга ва ҳар мусибатга кифоя бўла олади. Шу қувватга таян!

Тўртинчи танбеҳ: Эй эсанкираган нафсим! Ажабо, бу ибодат вазифаси натижасизми ё ҳақи озмики, сенга зерикиш бермоқда?

Ҳолбуки, бир одам сенга бир қанча пул берса ва ёҳуд сени қўрқитса, шомга қадар сени ишлатади ва берилиб ишлайсан.

Ажабо, бу дунё меҳмонҳонасида ожиз ва фақир қалбингга қут ва барака ва албатта борадиган манзилинг бўлган қабрингда озуқа ва зиё, ҳар ҳолда маҳкаманг бўлган Маҳшарда ҳужжат ва барот ва хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам устидан ўтиладиган Сирот Кўпригида нур ва буроқ бўладиган Намознинг ҳеч натижаси йўқми ёки ҳақи озми?!

Бир одам сенга юз сўмлик бир ҳадя ваъда қилса, юз кун сени ишлатади. Ҳолбуки, у ваъдасидан қайтиши мумкин, лекин сен у одамга ишонасан, берилиб ишлайсан.

Ажабо, ваъдадан қайтиши маҳол бўлган бир Зот, Жаннат каби бир мукофотни ва абадий саодат каби бир ҳадяни сенга ваъда қилса, жуда оз бир вақт ичида жуда гўзал бир вазифада сени ишлатса, лекин сен хизмат қилмасанг ва ё хоҳиши йўқ дангаса каби ёки зерикиш ила чала-ярим хизматинг билан Уни ваъдасини туҳматга қўйсанг ва ҳадясини қадрига етмасанг, жуда шиддатли бир жазога ва даҳшатли бир азобга лойиқ бўлишингни ўйламаяпсанми?

Бу дунёдаги ҳибсдан қўрқиб, энг оғир ишларда берилиб хизмат қилганинг ҳолда, нариги дунёда жаҳаннам каби бир абадий ҳибснинг хавфи сенга энг енгил ва латиф хизмат учун ғайрат бермаяптими?

Бешинчи танбеҳ: Эй дунёпараст нафсим! Ажабо, ибодатдаги тушкунлигинг ва намоздаги қусуринг дунёвий машғулиятларнинг кўплигиданми? Ва ёҳуд тирикчилик дардининг машғулиятлари ила вақт топа олмаганингданми? Ажабо, биргина дунё учун яратилганмидингки, бутун вақтингни унга сарфлаяпсан?

Сен истеъдод жиҳатида бутун ҳайвонотдан устунлигингни ва дунё ҳаёти учун керакли нарсаларни топиб-тутишда иқтидор жиҳатида бир чумчуққа ҳам етиша олмаслигингни биласан. Бундан нима учун англамаяпсанки, асл вазифанг ҳайвон каби чираниш эмас, балки ҳақиқий бир инсон каби ҳақиқий бўлган доимий ҳаёт учун саъй-ҳаракат қилишдир.

Шу билан бирга, дунёвий машғулотлар деган ишларнинг кўпи сенга оид бўлмаган ва сен бекордан-бекор аралашган ва аралаштирган маъносиз, фойдасиз машғулиятлардир. Энг муҳимини ташлаб қўйиб, гўё минглаб йил умринг бордай, ҳеч кераксиз маълумот билан вақт ўтказмоқдасан. Масалан: "Зуҳалнинг атрофидаги ҳалқаларнинг кайфияти қандай ва Амриқо товуқлари қанчадир?" каби қийматсиз нарсалар билан қийматли вақтингни ўтказмоқдасан. Ўзингча, гўё фалакиёт илмидан ва статистика фанидан бир камол олмоқдасан...

Агар десанг:

"Мени намоздан ва ибодатдан қолдирган ва тушкунликка туширган ундайин кераксиз нарсалар эмас, балки тирикчилик дардининг зарурий ишларидир."

Унда мен ҳам сенга айтаманки:

Агар кунига юз тийин олиш шарти билан ишласанг, сўнгра биров келиб: "Кел, ўн дақиқагина бу ерни қаз, юз сўм қийматида бир олмос ва бир зумрад топасан" деса, сен унга: "Йўқ, бормайман, чунки бу ўн дақиқа учун кундалик иш ҳақимдан ўн тийин олиб ташланади, маошим камайиб қолади" десанг, нақадар телбаларча бир баҳона бўлишини албатта биласан.

Худди шунинг каби, сен бу боғингда ўз маошинг учун ишламоқдасан. Агар фарз намозини тарк этсанг, бутун саъй-ҳаракатингнинг самараси фақат дунёвий ва аҳамиятсиз, баракотсиз бир маош билан чекланиб қолади. Агар сен истироҳат ва танаффус вақтингни руҳнинг роҳатига, қалбнинг танаффусига мадор бўлган намоз учун сарфласанг, шунда баракотли дунёвий маош билан бирга сенинг ухровий маошингга ва зоди охиратингга аҳамиятли бир манба бўлган икки маънавий маъдан топасан.

Биринчи маъдан: Боғингдаги (Изоҳ) сен етиштирган хоҳ гулли, хоҳ мевали ҳар бир ўсимлик ва дарахтнинг тасбеҳларидан гўзал бир ният қилиш билан бир ҳисса оласан.

--------------------------------------------------------------------

(Изоҳ): Бу мақом бир боғда бир кишига бир дарсдирки, бу тарз ила баён этилган.

-----------------------------------------

Иккинчи маъдан: Ҳам бу боғдан чиққан маҳсулотдан, ҳайвон бўлсин, инсон бўлсин, сигир бўлсин, пашша б.ўлсин, харидор бўлсин, ўғри бўлсин, ким еса, у сен учун бир садақа ҳукмига ўтади, фақат шу шарт биланки, сен ҳақиқий Раззоқ номи билан ва Унинг изни доирасида сарфласанг ва Унинг молини Унинг махлуқотига берадиган бир тақсимотчи маъмур назари билан ўзингга боқсанг...

Хуллас, боқ, намозни тарк этган одам нақадар катта бир зиёнга учрайди. Нақадар аҳамиятли бир бойликни қўлдан беради ва саъй-ҳаракатига жуда катта шавқ берган ва ишида буюк бир маънавий қувват билан таъминлаган у икки маъдандан маҳрум бўлади, ҳам хонавайрон бўлади. Ҳатто кексайган сари боғдорчиликдан зерикади, тушкунликка тушади. "Нима кераги бор" дейди. "Мен барибир дунёдан кетяпман, нима учун бу қадар заҳмат чекмоғим лозим?" дейди, ўзини танбалликка солади. Лекин аввалги одам: "Янада зиёда ибодат билан бирга ҳалол саъй этмоққа ҳаракат қилай. Токи қабримга янада зиёда ёруғлик юборай. Охиратимга янада зиёда захира тайёрлай," дейди.

Алҳосил: Эй нафс! Билки, кечаги кун сенинг қўлингдан чиқди. Эртанги кунга эса сенинг қўлингда ҳужжат йўқки, эга бўлсанг. Шундай экан ҳақиқий умрингни бугунги кун деб бил. Лоақал куннинг бир соатини эҳтиёт ақчаси каби, ҳақиқий истиқбол учун ташкил этилган бир охират сандиқчаси бўлган бир масжидга ва ё бир жойнамозга ата.

Ҳам билки, ҳар янги кун сенга, ҳам ҳар кимга янги бир оламнинг эшигидир.

Агар намоз ўқимасанг, сенинг у кунги оламинг зулматли ва паришон бир ҳолда ўтади. Сенга қарши Олами Мисолда шаҳодат этади. Зеро ҳар кимнинг ҳар кунда шу олам ичида бир махсус олами бор. Ҳам у оламнинг кайфияти у одамнинг қалбига ва амалига тобедир.

Бамисоли, ойнада кўринган муҳташам бир сарой ойнанинг рангига боғлиқ бўлади. Қора бўлса, қора кўринади, қизил бўлса, қизил кўринади. Ҳам унинг сифатига боғлиқдир. У ойна шишаси текис бўлса, саройни гўзал кўрсатади, нотекис бўлса, чиркин кўрсатади. Энг нозик нарсаларни қўпол кўрсатгани сингари, сен қалбинг ила, ақлинг ила, амалинг ила, кўнглинг ила ўз оламингнинг шаклини ўзгартирасан. Ё ўзингга қарши ёки ўз фойдангга шаҳодат эттира оласан.

Агар намоз ўқисанг, у намозинг ила у оламнинг Сони_и Зулжалолига юзлансанг, бирдан сенга қарашли оламинг нурланиб кетади. Худди намозинг бир электр чироғи ва намозга ниятинг унинг тугмасини босилиши каби, у оламнинг зулматларини тарқатади. Ва дунёвий остин-устунликлардаги аралаш-қуралашлик, паришонлик ичидаги ўзгаришлар ва ҳаракатлар ҳикматли бир интизом ва маънодор бир Қудрат ёзуви эканини кўрсатади.

  اَللهُ نُورُ السَّمٰوَاتِ وَاْلاَرْضِ

ояти-пуранворидан бир нурни сенинг қалбингга сочади. Сенинг у кунги оламингни у нурнинг акс этиши ила ёритади. Сенинг фойдангга нуроният ила шаҳодат эттиради.

Асло демаки:

"Менинг намозим қаёқда-ю, намознинг шу маънодаги ҳақиқати қаёқда!"

Зеро бир хурмо данаги бир хурмо дарахти каби ўз дарахтини таърифлайди. Фарқ ёлғиз ихчамлиги ёки батафсиллигида бўлгани каби, сенинг ва менинг каби бир омининг - гарчи ҳис қилмаса ҳам - намози буюк бир валийнинг намози каби, шу нурдан ва шу ҳақиқатдан бир ҳиссаси бор, гарчи ўзинг англамасанг ҳам. Фақат даражаларига кўра очилиши ва нурланиши хилма-хилдур.

Бамисоли, бир хурмо данагидан, то мукаммал бир хурмо дарахтига қадар қанчадан-қанча мартабалар бўлади...

Худди шунингдек, намознинг даражаларида ҳам янада кўп мартабалар бўлади. Фақат барча у мартабаларда шу нуроний ҳақиқатнинг асоси бор...

  اَللّٰهُمَّ صَلِّ وَسَلِّمْ عَلٰى مَنْ قَالَ (اَلصَّلٰوةُ عِمَادُ الدِّينِ) وَعَلٰۤى اٰلِهِ وَصَحْبِهِۤ اَجْمَعِينَ

* * *

("Ишоратул-Иъжоз"дан.)

 

 يَآاَيُّهَا النَّاسُ اعْبُدُوا رَبَّكُمُ الَّذِى خَلَقَكُمْ وَالَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ { اَلَّذِى جَعَلَ لَكُمُ اْلاَرْضَ فِرَاشاً وَالسَّمَآءَ بِنَآءً وَاَنْزَلَ مِنَ السَّمَآءِ مَآءً فَاَخْرَجَ بِهِ مِنَ  الثَّمَرَاتِ رِزْقاً لَكُمْ فَلاَ تَجْعَلُوا للهِ اَنْدَاداً وَاَنْتُمْ تَعْلَمُونَ

Яъни: "Эй инсонлар! Сизни ва сиздан аввалгиларни яратган Раббингизга ибодат қилингизки, тақво мартабасига восил бўласиз. Ва яна Раббингизга ибодат қилингизки, ерни сизга тўшак, самони биноингизга том қилган ва сизларга ризқ бўлсин, дея ердан мева ва бошқа озуқаларни чиқариш учун самодан сувларни туширган. Шундай экан, Аллоҳга мисл ва шерик келтирмангиз. Билингизки, Аллоҳдан бошқа маъбуд ва холиқингиз йўқдир."

МУҚАДДИМА

Ақоидий ва иймоний ҳукмларни қувватли ва мустаҳкам қилиб, малака ҳолига келтирган фақат ибодатдир. Ҳа, Аллоҳнинг амрларини қилмоқ ва наҳийларидан тийилмоқдан иборат бўлган ибодат билан виждоний ва ақлий бўлган иймоний ҳукмлар тарбиялаб ва қувватлаб турилмаса, асарлари ва таъсирлари заиф бўлиб қолади. Бу ҳолга Ислом оламининг ҳозирги вазияти шоҳиддир.

Ва шунингдек, ибодат, дунё ва охират саодатларига васила бўлгани каби, маош ва маода, яъни дунё ва охират ишларини тартибга солишга ҳам сабабдир. Ҳамда шахсий ва умуминсоний камолотга ҳам воситадир. Ҳамда Холиқ ила банда орасида жуда юксак бир нисбат ва шарафли бир робитадир.

Ибодатнинг дунё саодатига васила

эканини изоҳ этган жиҳатлар.

Биринчиси: Инсон барча ҳайвонлардан мумтоз ва мустасно ўлароқ, ажиб ва латиф бир табиатда яратилган. У табиати туфайли инсонда хилма-хил майллар, орзулар юзага келган. Масалан, инсон энг мунтаҳаб нарсаларни истайди, энг гўзал нарсаларга майл кўрсатади, зийнатли нарсаларни орзу қилади. Инсониятга лойиқ бир маишат ва бир шараф ила яшамоқ истайди.

Шу майлларнинг тақозосига биноан, ейиш, кийиш ва бошқа эҳтиёжларини истаганича гўзал бир шаклда қўлга киритишда кўп санъатларга (яъни ҳунарларга) муҳтож. У санъатларга салоҳияти етмагани учун, бошқа инсонлар билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўладики, ҳар бири меҳнатининг самараси билан олди-берди суратида ўзаро ёрдам қилсин. Ва шу аснода эҳтиёжларини таъминлай олсин.

Аммо инсондаги "шаҳват", "ғазаб", "ақл" ҳислари Сониъ тарафидан чеклаб қўйилмаганидан ва инсоннинг жузи ихтиёри билан тараққий этмоғини таъминлаш учун бу ҳислар ўзига ҳавола қилинганидан, муомалада зулм ва тажовузлар юзага келади. Бу тажовузларнинг олдини олмоқ учун, инсон жамияти меҳнатларининг самараларини олди-берди қилишда адолатга муҳтождир.

Локин, ҳар бир шахснинг ақли адолатни идрок этишдан ожиз бўлгани туфайли, юксак бир ақлга эҳтиёж бордирки, ул юксак ақлдан истифода қилсинлар. Бундай юксак ақл фақат қонун шаклида бўлади. Бундай бир қонун - фақатгина Шариатдир.

Сўнгра, ул Шариатнинг таъсирини, ижросини, татбиқини таъминлайдиган бир маржиъ, бир соҳиб лозимдир. У маржиъ ва у соҳиб эса - фақатгина Пайғамбардир.

Пайғамбар бўлган зотнинг эса, зоҳиран ва ботинан халққа бўлган ҳокимиятини давом эттирмоқ учун, моддий ва маънавий устунликка ва имтиёзга эҳтиёжи бўлгани каби; Холиқ билан бўлган муносабат ва алоқасини кўрсатмоқ учун эса, бир далилга эҳтиёжи бордир. Бундай бир далил эса - фақатгина мўъжизалардир.

Сўнгра, Жаноби Ҳақнинг амрларига ва наҳийларига итоат ва бўйсунишни таъмин ва таъсис этмоқ учун, Сониънинг азаматини зеҳнларда тасбит этиш, яъни ўрнаштириш учун эҳтиёж бордир. Бу тасбит эса - фақатгина ақоид ила, яъни иймоний ҳукмларнинг тажаллиси (юзага чиқиши) билан бўлади.

Иймоний ҳукмларни қувватлаш ва ўстириш - фақатгина такрорланиб янгиланиб турган ибодат билан бўлади.

Иккинчиси: Ибодат фикрларни Сониъи Ҳакиймга қаратмоқ учундир. Банданинг Сониъи Ҳакиймга бўлган юзланиши, итоат ва бўйсунишини натижа қилиб беради. Итоат ва бўйсуниш эса бандани мукаммал интизом остига киритади. Банданинг интизом остига кирмоғи ила ҳикматнинг сири очилади. Ҳикмат эса коинот саҳифаларида порлаган санъат нақшлари ила юзага чиқади.

Учинчиси: Инсон худди бир ўзак сингари, бутун хилқатнинг низомларига ва фитрат қонунларига ва коинотдаги Илоҳий қонунларнинг шуълаларига бир марказдир. Бинобарин, инсон у қонунларга боғланмоғи ва алоқа қилмоғи ва уларнинг этакларига ёпишиб маҳкам тутмоғи лозим бўладики, умумий жараённи таъмин этсин. Ва олам табақаларида айланаётган ғилдиракларга зид равишда ҳаракат қилиб, у ғилдиракларнинг чархлари остида эзилмасин.

Бунга ҳам, фақатгина ул амр ва наҳийлардан иборат бўлган ибодат билан эришилади.

Тўртинчиси: Амрларни адо этиш, наҳийлардан тийилиш соясида, бир шахс ижтимоий ҳаётда кўп мартабалар билан муносабат пайдо қилади ва боғланади. Бохусус, диний ҳукмлар ва умумий манфаатлар хусусида, бир шахс бир тоифа ҳукмига ўтади. Яъни, жуда кўп ҳуқуқлар, мартабалар, иршодлар, таълимлар, ислоҳлар сингари вазифалар бир шахсга юкланади. Агар бу амрни адо этган, наҳийлардан тийилган ул шахс бўлмаса, у вазифалар поймол бўлади.

Бешинчиси: Инсон Исломият соясида, ибодат туфайли барча мусулмонларга нисбатан собит бир муносабат пайдо қилади ва қувватли бир алоқа ва боғланиш ҳосил қилади. Булар эса, тебранмас бир биродарликка, ҳақиқий бир муҳаббатга сабаб бўлади. Зотан ижтимоий ҳаётнинг камолига ва тараққиётига илк ва энг биринчи поғона, биродарлик ила муҳаббатдир.

Ибодатнинг шахсий камолотга сабаб эканининг изоҳи.

Инсон жисман кичик, заиф ва ожиз бўлиши билан бирга, ҳайвонотдан саналса-да,

жуда юксак бир руҳга эгадир;

ва жуда буюк бир истеъдодга моликдир;

ва беҳисоб даражада майллари бордир;

ва чексиз орзулар соҳибидир;

ва сон-саноқсиз фикрлари бордир;

ва ҳудудсиз шаҳват ва ғазаб сингари ҳис-туйғулари бордир;

ва шундай ажойиб бир табиати бордирки, гўё барча навлар ва оламларга мундарижа қилиб яратилгандек.

Мана бундай бир инсоннинг ул юксак руҳини кенгайтирадиган омил - ибодатдир.

Истеъдодларини очган - ибодатдир.

Майлларини саралаб поклаган - ибодатдир.

Орзуларини амалга оширган - ибодатдир.

Фикрларини кенгайтирган ва интизом остига олган - ибодатдир.

Шаҳвоний ва ғазабий ҳисларини ҳад остига олган - ибодатдир.

Зоҳирий ва ботиний аъзоларини ва туйғуларини кирлатган табиат ғуборларини кетказган - ибодатдир.

Инсоннинг тақдирида ёзилган камолотига етказган - ибодатдир.

Банда билан Маъбуд орасида энг юксак ва энг латиф бўлган нисбат - фақатгина ибодатдир.

Ҳа, инсон камолотининг энг юксаги, шу нисбат ва муносабатдир.

Эслатма: Ибодатнинг руҳи ихлосдир. Ихлос эса қилинадиган ибодат фақат буюрилгани учун қилинмоғидир. Агар бошқа бир ҳикмат ва бир фойда ибодатга иллат (яъни, асосий ғоя) қилинса, у ибодат ботилдир. Фойдалар, ҳикматлар фақатгина муражжиҳ (ибодатнинг афзаллигини англатувчи) бўла олади, иллат бўлолмайди.

ЛУҒАТ

 

аҳбоб - севимли инсонлар

аҳли Завқ -

аҳли Кашф -

байъат - боғлиқлигини эълон қилмоқ

барзох - икки дунё ораси; қабр

даҳрий - давр ва замонга оид

иллат - асосий сабаб

Жалол - ҳайбатли

Ламязал - заволсиз

Лоязал - завол топмас

мубарро - соф

мубоҳ - савоби ҳам, гуноҳи ҳам йўқ амал.

муназзаҳ - пок

нафси саркаш - исёнкор, қайсар, кеккайган, осий нафс.

Самадоний - Самад бўлган Аллоҳга оид.

тақдис - муқаддас кўрмоқ

Рубубият - Аллоҳнинг бутун махлуқотини бошқариши, тарбия ва парвариш қилиши.

тажаллиёт - кўриниш, намоён бўлиш

тарки мосиво - Аллоҳдан ўзга ҳамма нарсани тарк қилиш

ташаҳҳуд - намозда ўтирганда шаҳодат келтириш

таҳийёт - саломлар; маънавий ҳаёт ҳадялари

тоййиба - гўзал, хуш нарсалар

Улуҳият - ибодат ва итоат қилишга лойиқ ягона зот.

ўққа - 1кг-282гр.га тенг бўлган оғирлик ўлчови.